Усмон ибн Маъзун розияллоҳу анҳу Мадинада вафот этган илк муҳожир ва Баъқи қабристонига дафн этилган илк саҳобадирлар. Улар илк мусулмонлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дорул-Арқамга жойлашмасларидан аввал Исломни қабул қилдилар. Жоҳилия даврида ҳам кўзи поку ўзи пок, олийжаноб инсонлардан эдилар. Ўша даврда ҳам ичкилик ичмасдилар ва доим:
– Ақлни кетказувчи, мендан одамларни устимдан кулдирувчи нарсани ҳеч қачон ичмайман, – дердилар.
Усмон ибн Маъзуннинг Исломга киришлари Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг “Муснад” китобларида шундай берилади:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Маккада уйлари ёнида ўтирган эдилар. Усмон ибн Маъзун ҳам ўша ердан ўтиб қолдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга табассум ила боқдилар. Икки олам Сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:
– Бироз ўтирмайсанми? – дедилар.
Улар келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршисига ўтирдилар. Суҳбатлашаётган чоғларида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда ўзгача ҳол юз берди. Гўё уларнинг қаршисида кимдир нималарнидир тушунтирар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса “Тушундим” дегандек бошларини қимирлатиб қўярдилар. Бу ҳолат бироздан сўнг ўтиб кетди.
Усмон бу ҳолдан хайратланиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима бўлганини сўрадилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига Аллоҳнинг элчиси Жаброил алайҳиссалом келганини ва қуйидаги оятни олиб тушганини айтдилар:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ {90}
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).
Бу оят Усмон ибн Маъзуннинг қалбларида иймон нури порлашига сабаб бўлди. Ўша ернинг ўзида Исломга кирдилар. Исломнинг илк кунларида Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳеч иккиланмай иймонга келишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда қувонтирди. Усмон ибн Маъзун оилаларига ҳам Исломни англатдилар ва улар ҳам мусулмон бўлишди.
Усмон ибн Маъзун ҳам мушрикларнинг ваҳшиёна тажовузларига дучор бўлдилар. Бироқ иймонларига футур етказишларига асло йўл қўймадилар. Охир-оқибат Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Улар Ҳабашистонга ҳижрат қилган илк мусулмонлар гуруҳига бош бўлдилар. У ерда тинч яшаётган илк муҳожирлар ҳар он Маккадан бирор хушхабар кутардилар. Икки Олам Сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганларига қаттиқ изтиробда эдилар.
Қурайшликнинг исломга киргани тўғрисида хабар келди. Буни эшитган мусулмонлар дарҳол Маккага қайта бошладилар. Бироқ, минг афсуски, Маккага яқин келганларида бу хабарнинг ёлғонлигидан хабар топдилар.
Ўртада кенгашиб шундай қарорга келдилар: ҳар ким бирор танишининг ҳимоясига киради ва шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида қолади. Баъзилар ҳимоя қиладиган одам топди, баъзилари яширин ҳолда Маккага кирди. Усмон ибн Маъзун Валид ибн Муғийранинг ҳимоясига кирдилар. Бироқ иймонга келганлар бир мушрикнинг ҳимоясига киришни ҳеч ҳазм қила олмадилар. Шу сабаб барчасининг кўнгли ғаш эди.
Виждон азобида қолган Усмон ибн Маъзун бир куни шундай қарорга келдилар:
– Менинг дўстларим Аллоҳ йўлида азият ва уқубат чекаркан, бир мушрикнинг ҳимоясида хотиржам яшаш мен учун уят! – деб Валид ибн Муғийранинг ёнига бордилар ва унга:
– Эй Абу Абдушамс! Энди сенинг ҳимоянгни қабул қилмайман, – дедилар.
Валид ибн Муғийра:
– Нима учун, эй укамнинг ўғли? – деб сўради.
– Менга Аллоҳнинг ҳимояси кифоя. Ундан бошқасининг ҳимосига эҳтиёжим йўқ, – деб жавоб бердилар Усмон ибн Маъзун.
– Ундай бўлса, Каъбага бор ва ўша ерда бу гани ҳаммага ошкор қил.
Биргаликда Каъбага бордилар. Усмон ибн Маъзун у ерда:
– Мен Аллоҳдан бошқасининг ҳимоясида бўлишни истамайман. Валид ибн Муғийранинг ҳимоясини энди қабул қилмайман, – деб эълон қилдилар ва Валиднинг ҳимоясидан чиқдилар.
Усмон қурайшликлар тўпланган ерга боргандилар. Машҳур араб шоирларидан бири бўлган Лабид шеър ўқир экан:
– Шубҳасиз Аллоҳдан ўзга ҳар нарса ботилдир! – деди.
Усмон ибн Маъзун эса:
– Тўғри сўзладинг, – дедилар. Лабид:
– Ҳар нарса мутлақо йўқ бўлажак! – деган эди ҳазрат Усмон:
– Сўзинг ёлғон. Жаннат неъматлари йўқ бўлмайди, – дедилар.
Лабид қурайшликлардан ўпкаланиб:
– Сизнинг мажлисингизда бундай кишилар бўлмасди. Нима бўлди сизларга? – деди.
Шу пайт Абдуллоҳ ибн Умая исмли бир мушрик Усмон ибн Маъзуннинг кўзига қаттиқ бир мушт туширди. Буни кузатиб турган Валид ибн Муғийра:
– Ҳимоямни рад этамаганингда бундай бўлмасди, – деди. Унга жавобан Усмон:
– Аллоҳ йўлида бу кўзимга ҳам мушт тушса, асло ғам чекмайман, шубҳасиз, мен сендан кўра кучли Зотнинг ҳимоясиданман. Менга қанча азият берсалар ҳам бу йўлдан қайтмайман, – дедилар.
Саъд ибн Абу Ваққос ҳам ўша мажлисда эдилар. Биродарларига қилинган бу зулмга чидай олмай ўша мушрикнинг кўзига жуда қаттиқ зарб билан мушт туширдилар. Абдуллоҳ ибн Умаянинг юз кўзлари қонга булғанди. Ўзи лойиқ бўлган жазони олди.
Усмон ибн Маъзун розияллоҳу анҳу Маккадалик пайтларида бошларига келган бало ва мусибатларни сабр ила қарши олдилар, ҳеч нолимадилар.
Оламлар Сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Мадинага ҳижрат изни берилгач ака-укалари, аёллари Ҳавла бинти Ҳаким ва ўғиллари Соиб билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар. Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмонни Абул Ҳайсам билан биродар қилдилар.
Усмон ибн Маъзун учун дунё ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди. Тунлари намоз ўқир, кундузлари рўза тутардилар. Ҳар нарсани ташлаб Аллоҳга йўналган обид ва зоҳид киши эдилар.
Усмон ибн Маъзун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан бирга ўтирган пайтлари масжидга кирдилар. Эгнидаги уст-боши тери парчаси билан ямалган эди. Фаҳри Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга маҳзун боқдилар ва:
– Сизлардан бирингиз кетаркан бошқа, келаркан бошқа кийим кийган, ёнингиздан бир идиш олиниб бошқаси қўйилганда, Каъбани безантирган каби уйларингизни безатган кунингиз қандай бўлар экансиз, ажабо?! – дедилар.
Бу инжу донаси каби сўзларни тинглаган Усмон ибн Маъзун янада соддароқ яшашни бошладилар. Ҳаттоки шариат изн берган нарсалардан ҳам қоча бошладилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
– Мен сенинг учун чиройли ўрнак бўла олмайманми? Кўзларингнинг, танангнинг, оилангнинг сенда ҳаққи бор. Намоз ўқи, бироқ шу билан бирга ётиб ухла, рўза тут, бироқ баъзан тутма. Эй Усмон! Аллоҳ таоло мени инсонларни қийнаш учун эмас, балки амал қилиш осон бўлган бир дин ила юборди, – дедилар.
Усмон ибн Маъзун тарки дунё қилган обидлардан эмас, балки ҳаётларини гўзал амаллар ила тўлдирган обидларидан бўлдилар.
***
Ҳақ йўлида тинмасдан ҳаракат қилган, хайрли ишларда бардавом бўлган, фидокорликлар кўрсатган Усмон ибн Маъзун розияллоҳу анҳу ҳижратдан ўттиз ой кейин абадий оламга кўчдилар. Ўша пайтда ҳали мусулмонларнинг қабристони йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина атрофига чиқдилар ва Баъқини қабристон бўлганини айтдилар.
Усмон ибн Маъзун розияллоҳу анҳу Мадинада илк вафот этган ва Баъқи қабристонига илк дафн этилган муҳожир бўлдилар. Аёллари ҳазрат Усмон ибн Маъзун розияллоҳу анҳунинг қабри бошида:
– Эй Абу Соиб! Жаннат сенга офият бўлсин! – дедилар.
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Аллоҳ ва Расулини севарди, десанг кифоя, – деб марҳамат қилдилар.
Жасадни ювиш ва кафанлашга ҳозирлик кўришдан аввал Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳунинг пешоналаридан ўпарканлар кўз ёшларини тута олмадилар – Эй Абу Соиб! Аллоҳ сени раҳмат қилсин деб дуо қилдилар.