Усмон ибн Авфон розияллоҳу анҳу жаннат башорат қилинган саҳобаларнинг учинчилари ҳисобланади. Улар Баъни Уммая қабиласига мансуб бўлиб, насаблари Абдулманнофда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади. Фил воқеасидан олти йил кейин Маккада дунёга келганлар.
Оналари Арва бинти Қурайза бинти Робиа бинти Ҳабиб бинти Абдул Шамс бўлиб, бувиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари, яъни Абдулмутталибнинг қизлари Байдодир. Усмон розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Абдуллоҳ бўлиб, уларни Абу Амр ва Абу Лайло деб ҳам аташарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келган пайтларда Усмон розияллоҳу анҳу ўттиз тўрт ёшда эдилар. Улар илк иймон келтирганлардан бўлиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ишонган дўстларидан эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг воситаларида Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом, Талха ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар билан бирга Усмон ибн Авфон розияллоҳу анҳу ҳам Исломга киргандилар.
Усмон розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг самимий дўсти бўлганлар.
***
Усмон розияллоҳу анҳу мусулмон бўлишларидан аввал тижорат билан шуғулланар эдилар. Бой савдогарлардан бўлиб, жамиятнинг обрўли ва севимли кишиларидан эдилар. Юксак эътиборга сазовор бўлиб, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг яқин дўсти эдилар. Муҳим ишларда улар билан маслаҳатлашар ва фикрларини олардилар. Жоҳилия давридаги ёмон ва разил ишларга аралашмасдилар.
Мусулмон бўлишлари ҳақида Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай дейдилар:
– Менинг башоратчи бир холам бор эди. Бир куни ўша холам хасталаниб қолди ва зиёрат қилиш учун бордим. Менга холам шундай деди:
– Эй Усмон! Сен шундай бир қизга уйланасанки, на у сендан аввал бирор эркакни кўрган бўлади, на сен ундан аввал бирор аёлни кўрган бўласан. У қиз жуда гўзал ва солиҳа бўлади. Менимча, бу қиз Пайғамбар қизи бўлса керак!
Холамдан эшитган сўзларим мени қаттиқ хайратга солди. Чунки ҳали Пайғамбар кимлигини ҳам билмасдим. Бундай гап сўзларнинг дараги ҳам бўлмаган пайтда холам бу гапни қаердан чиқарганларидан хайратда эдим. Яна шуни ҳам билардимки, холам бекорга бирор гап айтмасди ва кўп гапирмасди. Мени ўйга толганимни кўрган холам, сўзида шундай давом этди:
– Ташвишланма, Ўша кимсага Аллоҳдан ваҳий кела бошлади. Сен уни топишда қийналмайсан.
– Хола, сирли нарсалар ҳақида сўзлаяпсиз. Гапларингиздан хайратга тушяпман. Илтимос бироз тушунтириброқ гапиринг, мен ҳам билай.
– Муҳаммад ибн Абдуллоҳга пайғамбарлиги билдирилди. Энди халқни ҳақ динга даъват қила бошлади. Кўп вақт ўтмай сен унинг динига кирасан. Унинг дини бутун оламни ойдинлатади.
Холамнинг сўзлари бутун ақлу хаёлимни банд этди. Ҳар доим муҳим масалаларда маслаҳат сўрайдиган дўстим Абу Бакрнинг хузурига йўл олдим. Холамнинг сўзларини унга оқизмай томизмай етказдим. Сўзларимни диққат билан тинглаган Абу Бакр менга шундай деди:
– Холанг тўғри сўзлабди. Эй Усмон, сен ақлли одамсан. Кўрмайдиган, эшитмайдиган, фойда ёки зарар келтира олмайдиган нарсага қандай қилиб топиниб бўлади? Бутни қандай қилиб илоҳ дейиш мумкин?
– Эй Абу Бакр! Мен ҳам шу мантиқсизлик ҳақида ўйлардим, бироқ ҳеч чора топа олмасдим.
– Ташвишланма, энди бизга тўғри йўлни кўрсатувчи зот келди. Мен унинг Пайғамбар эканлигига ишондим ва иймон келтирдим. Кел сени ҳам унинг ҳузурига олиб борай, сен ҳам иймон келтир.
Бирга Расулуллоҳнинг хузурларига бордик. Менга шундай марҳамат қилдилар:
– Эй Усмон! Аллоҳ сени Жаннатга меҳмонга таклиф қилмоқда, сен ҳам бу даъватни қабул қил. Мен бутун инсониятни хидоятга бошлаш учун юборилдим.
Расулуллоҳнинг табассум билан самимий тарзда қилган ушбу даъватларидан сўнг, дарҳол шаҳодат калимасини келтирдим ва мусулмон бўлдим.
Кейинроқ Расулуллоҳга Шомга борган пайтим кўрган тушим ҳақида сўзлаб бердим. Тушимда “Эй инсонлар, уйғонинглар! Аҳмад Маккада зухур этди”, деган нидони эшитгандим. Кейин эса Маккага келган пайтим холам менга Расулуллоҳ ҳақларида хабар қилганди.
***
Усмон розияллоҳу анҳу иймон келтирганларини эшитган амакиси Ҳакам ибн Абул-Ос уларни қийноққа солиб қамаб қўяди, агар эски динига қайтмаса, озод қилмаслигини айтиб дўқ уради. Усмон розияллоҳу анҳу абадий занжирбанд бўлиб ётса ҳам динидан қайтмасликларини айтгач, амакиси чорасиз ҳолда уларни озод қилади.
Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо билан бирга турмуш қурадилар. Баъзи тарихшуносларининг маълумотларига кўра, улар Исломдан олдин турмуш қурганлар.
***
Макка мушриклари томонидан мусулмонларга берилаётган озор ва азиятлар чидаб бўлмас ҳолга келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан бир қанча мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат учун йўл оладилар.
Усмон розияллоҳу анҳу рафиқалари Руқайя розияллоҳу анҳо билан бирга Ҳабашистонга илк ҳижрат қилган мусулмонлар орасида бўлганликлари тарихчилар томонидан қайд этилади.
Қурайш мушриклари иймон келтирибди, деган ёлғон хабарни олган Ҳабашистондаги мусулмонларнинг бир қисми ортга қайтишади. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам ортга қайтганлар билан эдилар. Бироқ улар Маккадаги вазиятни кўргач, яна чорасиз ҳолда ортга қайтишга мажбур бўладилар.
Кетишларидан аввал Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб шундай дейдилар:
– Ё Расулуллоҳ! Бир марта ҳижрат қилдик. Бу ҳижратимиз Нажоший
юртига қилган иккинчи ҳижратимиз бўлади. Бироқ сиз биз билан бирга эмассиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга:
– Сизлар Аллоҳ ва мен учун ҳижрат қилганлардансизлар. Бу икки
ҳижрат тамоман сизларникидир, деб жавоб берадилар.
Усмон розияллоҳу анҳу:
– Шунинг ўзи биз учун кифоя, ё Расулуллоҳ! – дейдилар.
***
Усмон розияллоҳу анҳу иккинчи ҳижратдан сўнг Ҳабашистонда оз муддат қоладилар ва Маккага қайтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат амрини олганларидан сўнг, Усмон розияллоҳу анҳу бошқа мусулмонлар қаторида Мадинага ҳижрат қилдилар.
Улар Мадинада Ҳасан ибн Собитнинг укаси Авс ибн Собитнинг уйида меҳмон бўлдилар. Ҳасан ибн Собит уларни жуда яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди.
Усмон розияллоҳу анҳу аёллари Руқайя розияллоҳу анҳо хаста бўлганликлари сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнлари билан Бадр жангигага қатнашмадилар.
Руқайя розияллоҳу анҳо қўшин Бадрда бўлган пайт вафот этдилар. Мусулмонларнинг зафари ҳақидаги хушхабар Мадинага етиб келганда Руқайя розияллоҳу анҳо онамиз тупроққа қўйилгандилар. Усмон розияллоҳу анҳу Бадр жангида қатнаша олмаган бўлсалар-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Бадр аҳлидан санаб, ўлжадан улуш ажратдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу мушриклар ва Ислом душманлари билан бўлиб ўтган барча жангларда қатнашдилар.
Руқайя розияллоҳу анҳо вафот этгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳуга кейинги қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳони бердилар. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Умму Кулсум розияллоҳу анҳо онамиз ҳам бу фоний дунёни тарк этдилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган эдилар:
– Агар қирқта қизим бўлганда ҳам бирининг ортидан иккинчисини бир дона ҳам қолмагунга қадар Усмонга берган бўлардим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккита қизлари билан турмуш қурганликлари учун Усмон розияллоҳу анҳуга икки нур соҳиби маъносидаги “Зиннурайн” деган лақаб берилди.
***
Зотур-риқо ва Ғатафон сафарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўрниларига Мадинага вакил қилиб қолдирдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг Ҳабашистонга ҳижрати асносида Руқайя розияллоҳу анҳудан дунёга келган ўғли Абдуллоҳ Мадинага қилинган ҳижратнинг тўртинчи йилида бир хўрознинг юз-кўзини тилиб олганлиги туфайли хасталаниб, охири вафот этди. Абдуллоҳ вафот этганда олти ёшда эди.
Ҳижратнинг олтинчи йилида мусулмонлар Умра қилиш мақсадида Макка томон йўл оладилар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам улар орасида эдилар. Бироқ Макка мушриклари мусулмонларни шаҳарга киритмасликка қарор қилгандилар.
Худайбияда тўхтаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга мақсадлари фақатгина умра қилиш эканини билдиришни истадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳуни уларнинг ёнига юбориш фикрини билдирганларида, Умар розияллоҳу анҳу бир неча асослар келтириб, Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзларидан кўра лойиқроқ эканини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам элчилик вазифасини Усмон розияллоҳу анҳуга топширдилар.
Аввал элчи қилиб юборилган Ҳирош ибн Уммая ал-Каъбани Маккаликлар ўлдирмоқчи бўлган эдилар. Мушрикларнинг ғазаб билан бундай ҳаракат қилишлари элчиликни таҳликали ҳолга тушириб қўйганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳуга шундай дедилар:
– Бориб Қурайшга хабар қилки, биз бу ерга ҳеч қим билан жанг қилиш мақсадида келмадик. Фақатгина Байтни зиёрат қилиб, унга ҳурмат кўрсатиб, келтирган қурбонликларимизни сўйиб ортга қайтамиз.
Усмон розияллоҳу анҳу Маккага бориб барча гапни Макка мушрикларига билдирдилар. Бироқ улар:
– Бунга асло рози бўлмаймиз, Маккага кира олмайсизлар, – деган жавобни бердилар.
Уларнинг рад жавоби Ислом қароргоҳига Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлиги шаклида етиб борди. Усмон розияллоҳу анҳунинг ортга қайтмаётганликлари бу хабарнинг ҳақиқат эканига асос бўлаётгандек эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида келган барча мусулмонларни ўлимни бўйниларига олиб мушриклар билан жанг қилишга чақирдилар. Байъат ур-Ризвон номи билан тарихда қолган бу байъатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўллари устига чап қўлларини қўйиб:
– Усмон Аллоҳ ва Расулининг иши учун кетганди, – дедилар ва унинг номидан ҳам байъат қилдилар. Бундан хабар топган мушриклар чорасиз ҳолда сулҳ таклифига ўтдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу бу орада Маккадаги чорасиз қолган мусулмонлар билан кўришиб, яқинда амалга ошадиган Макка фатҳи ҳақида хабар қилиб, уларга таскин бердилар.
Мушриклар Усмон розияллоҳу анҳуга агар истаса Каъбани тавоф қилиши мумкинлигини айтганларида, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф этмагунларига қадар тавоф этмасликларини айтдилар.
Ҳудайбияда бўлган мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
– Усмон Байтуллоҳга борди, уни тавоф этди, у қанчалар бахтиёр, – деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Байтуллоҳни биз тавоф этмагунимизча, Усмон ҳам тавоф қилмайди, – дедилар.
***
Усмон розияллоҳу анҳу Мадинага қилинган ҳижратдан сўнг доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлиб, улардан айрилмасликка ҳаракат қилардилар. Саҳобаларнинг энг бойларидан бўлганлиги сабабли, улар бошқалардан ортиқ даражада Исломга ва мусулмонларга ҳар томондан моддий ёрдам берардилар. Айниқса, кофирларга қарши юришларда Ислом қўшинига жуда катта моддий кўмак бердилар.
Ислом манбаларида Жайш ул-усро деб ном олган Табук сафарида уларнинг қўшинга кўп миқдорда моддий ёрдам берганликлари алоҳида эътироф этилади. Бу сафарда Усмон розияллоҳу анҳу қўшиннинг учдан бирининг моддий таъминотини зиммаларига олганлар.
Ушбу сафарда аскарлар сони ўттиз минг кишини ташкил этганини ҳисобга олсак, бу маблағнинг қанчалик катта миқдорда экани англашилади. Улар жанг ҳозирлиги пайтида аскарларга керакли жиҳозлари билан тўққиз юз элликта туя, юзта от ва ўн минг динор берганлар. Уларнинг бу сахийлигидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Эй Аллоҳим! Мен Усмондан розиман, Сен ҳам рози бўл! – деб дуо қилдилар ва шундай марҳамат қилдилар:
***
Усмон розияллоҳу анҳу Видо ҳажи пайтида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга алоқадор бир қанча масалаларда Усмон розияллоҳу анҳуга мурожаат қилардилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, Усмон розияллоҳу анҳу уларга байъат қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврларида умматга доир идоравий ишларни улар билан масалаҳатлашиб амалга оширардилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафотларидан аввал Умар розияллоҳу анҳуни халифа этиб тайинлаш тўғрисидаги маълумотни ҳам Усмон розияллоҳу анҳу ўз қўллари билан ёздилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Усмон уларга ёзганларини такрор ўқиттирганларидан сўнг маълумотни муҳрладилар.
Усмон розияллоҳу анҳу бир ёнларида Умар розияллоҳу анҳу, бир ёнларида Усайд ибн Саид ал-Қурайзий билан бирга оломон олдига чиқдилар ва:
– Қоғозда ёзилган кишига байъат қиласизларми? – деб сўрадилар. Улар:
– Ҳа, – деб қабул қилдилар.
***
Халифа Умар розияллоҳу анҳу яралангач, халифа бўладиган кимсани тайинлаш мақсадида олти кишидан иборат ҳакам тузилди.
Улар Али, Усмон, Саид ибн Абу Ваққос, Абдураҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар эди.
Мажлис давомида тўрт саҳоба Али ва Усмон розияллоҳу анҳумларнинг номзодларига овоз беришга келишдилар.
Ҳакамлар бошлиғи Абдураҳмон ибн Авф катта жамоани тўплаб уларнинг фикрларини сўрадилар ва кўп овоз олган номзодни аниқлагандан сўнг, Али розияллоҳу анҳуни ёнларига чақирдилар ва улардан Аллоҳнинг китоби, Расулининг суннати ва Абу Бакр, Умарларнинг сўзларига ҳамоҳанг иш юритиш-юритмаслигини сўрадилар.
Улар Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бир қадам ҳам четга чиқмаслигини таъкидладилар. Яна шу савол Усмон розияллоҳу анҳуга берилиб, улардан ҳам айни жавоб олинди.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуни халифа деб эълон қилдилар ва уларга биринчи бўлиб байъат қилдилар.
Усмон розияллоҳу анҳуга иккинчи бўлиб байъат қилган киши Али розияллоҳу анҳу бўлдилар. Улардан сўнг барча мусулмонлар халифага байъат қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифа бўлишлари хижрий 23 йил, зулҳижжа ойининг бошларида бўлди.
***
Усмон розияллоҳу анҳу давлат идорасини қўлга олган пайтларида Ислом фатҳлари тезлик билан давом этар, давлат ҳудуди кундан-кунга кенгайиб борарди.
Умар розияллоҳу анҳу даврларида Сурия, Фаластин, Миср ва Эрон Ислом ҳудудига қўшилганди. Умар розияллоҳу анҳунинг одилона бошқаруви барча ҳудудлардаги тинчликни таъминлар эди.
Усмон розияллоҳу анҳу ҳам тизимни шу шаклда давом эттириб, Ислом фатҳларини кўпайтиришга ҳаракат қилдилар. Арманистон, Шимолий Африка ва Қибрисни фатҳ этиб, Эрондаги фитналарни бостирдилар ва марказий бошқарув нуфузини янгитдан таъсис этдилар.
Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида идоравий ишларда секин-аста баъзи ўзгаришлар рўй бера бошлади. Янги халифа Умар розияллоҳу анҳунинг васиятларига биноан улар тайинлаган волийларни бир йил жойларида қолдирдилар. Сўнг биринчи бўлиб Куфа волийси Муғийра ибн Шубани вазифасидан озод этиб, ўрнига Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни тайинладилар. Саъд розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳу томонларидан бошқарувга тайинланган илк волий эди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг Миср волийлигидан олиниб, ўрнига Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳнинг тайинланиши баъзи чигалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди.
***
Искандария халқи Византия императори Ҳераклитга мусулмонлар қўлидан қутқаришини сўраб мактуб йўллашди ва мусулмонларга қарши курашиш учун етарли аскарлари йўқлигини билдирдилар.
Византия императори Мануэл қўмондонлигида катта қўшин юбориб Искандарияни ишғол этди. Византияликлардан чекинган Кипти халқи Усмон розияллоҳу анҳудан ёрдам сўраб элчи жўнатганларидан сўнг улар Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни яна Мисрга қайтардилар. Амр розияллоҳу анҳу жангда Мануэлни ўлдириб, душманни катта талофатга учратдилар ва Искандария шаҳрини ўраган қалъа деворини буздилар.
Шу йилнинг ўзида сулҳни бузган Рай халқи устига Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳазратлари қўмондонлигида сафар уюштирилиб, Дайлам томонга юрилди.
***
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Байтул молдан қарз олиб, олган қарзларини тўлай олмагач, Усмон розияллоҳу анҳу уларни вазифаларидан озод қилиб, ўрнига она бир укаси бўлган Валид ибн Уқбани Куфа волийлига тайинладилар.
Валид беш йил Куфа волийси бўлди. Бир куни сархуш бўлганлиги сабаб бомдод намозини жамоага тўрт ракат ўқитди. Адашганини айтганларга:
– Сизлар учун кўпайтирдим, – деди.
Бундан хабар топган Усмон розияллоҳу анҳу унга жазо бериш мақсадида Али розияллоҳу анҳуга мурожаат қилдилар. Али розияллоҳу анҳу уни Абдуллоҳ ибн Жаъфарга қамчилаттирдилар.
Бу воқеадан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Валид ибн Уқбани вазифасидан озод қилиб, Саид ибн ал-Ос ибн Уммаяни ўрнига волий этиб тайинладилар.
***
Ҳижрий йигирма олтинчи йилда Масжид ул Ҳаромни кенгайтириш ишларини бошланди. Масжид ул Ҳаром атрофидаги ерлар сотиб олингани учун, катта бир ҳудуд юзага келди.
Усмон розияллоҳу анҳу Масжиди Набавиянинг кенгайтирилишига эҳтиёж туғилганини кўргач, у ерни янгитдан безакли тошлар билан барпо эттирдилар. Тош устунлар қўйдириб, шифтни бир ҳил навдаги дарахт билан ёптирдилар. Масжидни уч юз олтмишга бир юз эллик метрга етказдилар.
Ҳижрий ўттизинчи йилда Саид ибн ал-Ос Табаристонга юриш қилди. Ушбу ҳудуддаги ғазотларда иштирок этган Саид бир қанча шаҳарларни фатҳ этди. Ҳуросон, Тус, Сароҳас, Марв, Байҳак шулар жумласидандир.
Усмон розияллоҳу анҳу Қуръони каримни кўплаб шаҳарларда ўқилаётган пайтда юзага келган ихтилофларга чек қўйиш ҳаракатига тушдилар. Қуръони каримнинг оятлари биринчи бўлиб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида тўпланган эди.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бошчилигида олиб борилган изланишдан сўнг Қуръони карим бир китоб ҳолига келтирилган эди. Ушбу илк китоб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотларидан сўнг Умар розияллоҳу анҳунинг қўлларига ўтган ва улар шаҳид этилганларидан сўнг Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳунинг қўлларида қолган эди.
Озарбайжонга сафар пайтида қўшин орасида қироат ҳусусида юзага келган ихтилоф қўшин қўмондони Ҳузайфа ибн Яманни қўрқувга солди ва халифадан мусулмонларга ишончли шаклда ўқишлари мумкин бўлган мусҳафнинг кўпайтирилишини сўрадилар. Ҳафса розияллоҳу анҳу онамизнинг қўлларида бўлган мусҳаф келтирилиб кўпайтирилди ва барча вилоят ва шаҳарларга тарқатилди. Булардан бошқа нусхаларнинг барчаси тўпланиб йўқ қилинди.
Ўша пайтларда саҳобаларнинг кўпчилиги ёруғ дунёни тарк этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари камайиб бораётган эди.
Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлган, Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумлардан сўнг ўзларига ўтган муҳрни Мадинадаги Арис қудуғига тушириб юбордилар. Уни топган одамга катта миқдорда мукофот ваъда қилдилар.
Барча уринишларга қарамай муҳр топилмади. Усмон розияллоҳу анҳу қаттиқ ғамга ботдилар. Йўқолган муҳрдан умидларини узгач, бошқа муҳр ясаттирдилар. Шаҳид этилгунларига қадар қўлларида бўлган ушбу муҳр кимнинг қўлида қолгани ҳақида маълумот йўқ.
***
Ислом фатҳлари кўпайиб, олинган ўлжалар миқдори ортавергач, мусулмонлар бойиб, тўкин-сочин ҳаёт бошланган эди. Бу Исломга уйғун бўлмаган бир қанча ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлиб, ул зоти шарифдан таълимот олган бир қанча саҳобалар бу ҳолатдан қўрқувга тушар ва инсонларга доимий насиҳатда бўлар эдилар.
Улардан бири ўзининг зуҳд ва тақвоси билан шуҳрат қозонган ва моддий борлиқлардан воз кечган саҳоба Абу Зар Ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу эдилар. Улар Шомда Муовиянинг ишларини танқид қилганликлари ва ўз тушунчаларини очиқ айтганликлари сабабли Мадинага чақирилди.
Абу Зар розияллоҳу анҳу Мадинага келганларида фикрларини Усмон розияллоҳу анҳу ҳам такрорладилар. Шундан сўнг Халифадан изн сўраб Мадинага яқин бўлган Рабозага бориб ўша ерга жойлашдилар.
***
Византияга қарши курашда қозонилган энг катта зафарлардан бири Лотус Саворий денгиз жангидир. Абдуллоҳ ибн Саъд қўмондонлигидаги Ислом қўшини Искандария ерида Византия императори Константин қўмондонлигидаги катта қўшин билан жанг қилди. Византияликларнинг маълумотларига кўра уларнинг қўшини беш юздан ошиқ (баъзи маньаларда саккиз юзгача) кемаларда келган. Ислом лашкарлари келган кемалар сони эса икки юзтани ташкил этарди. Бўлиб ўтган жангда Византияликлар катта талофат қўриб, мағлубиятга учрадилар. Константин Силжияга яширинишга мажбур бўлди.
Бу зафардан сўнг Византия мусулмонларга нисбатан денгиз йўлидаги устунлигини йўқотиб, Ислом лашкарларининг Истамбул томон боришларига қаршилик қилиш учун кучлари қолмаган эди.
***
Усмон розияллоҳу анҳу ўн икки йил халифалик қилдилар. Бунинг илк олти йили сокин тарзда ҳеч қандай шикоят ва фитналарсиз кечди. Қурайшликлар уларни Умар розияллоҳу анҳудан ҳам кўпроқ севиб, ҳурмат қилди. Чунки ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу шариат олдида ҳеч кимни аямасдилар, ҳеч кимнинг фикрига қарамасдилар. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудаги меҳрибонлик ва юмшоқлик инсонларга нисбатан раҳмдилроқ бўлишга чорлар ва бундан кўпчилик ўз манфаати йўлида фойдаланиб қоларди.
Шу сабабли кўпгина вилоятлардаги волийлар ўзбошимчалик билан иш кўра бошладилар. Кўпайиб бораётган шикоятларни кескин қарорлар билан ҳал қилмаслик секин-аста фитналарнинг содир бўлишига олиб келди.
Андалусиядан Ҳиндистонга қадар ерларни эгаллаган халифаликда турли дин ва ирқларга мансуб кишилар умргузаронлик қилишарди. Улар имкон бўлиши билан ўзларини мағлубиятга учратган Ислом давлатига қарши фитналар содир этиш пайида эдилар.
Яҳудийлар эса Ислом давлатини парчалаб йўқ қилиш мақсадида бу диннинг асосий тамойилларини нишонга олгандилар. Улардан бири ўзини мусулмон деб кўрсатиб муслумонлар орасига нифоқ солган Абдуллоҳ ибн Сабаъдир. Абдуллоҳ ибн Сабаъ яманлик яҳудий бўлиб, самимий кимсаларнинг ҳақли шикоятларидан фойдаланиб инсонларни ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга қарши қайрарди.
Яна бир томондан “Рижати Муҳаммад” (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг такрор қайтишлари) тушунчасини илгари суриб, Пайғамбар ортидан халифалик мақоми Али розияллоҳу анҳуга оид экани ва буни Аллоҳ таолонинг ўзи белгилиб қўйгани ҳақидаги янглиш тушунчалар билан Шиа мазҳабини юзага келишига сабабчи бўлади.
Унга кўра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг халифа бўлган Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумлар бу ишлари билан Али розияллоҳу анҳунинг ҳақини паймол этган эмиш.
Абдуллоҳ ибн Сабаъ Куфа, Басра ва Шомда инсонларни гижгижларкан, Абу Зар розияллоҳу анҳунинг ҳақли танқидларига қарши уларга тухмат уюштирди. Орадан оз муддат ўтиб фитна ўз кучини кўрсатди ва Усмон розияллоҳу анҳунинг атрофидагилар ҳам Абу Зар розияллоҳу анҳуга нисбатан танқидий назар билан қарай бошладилар.
Усмон розияллоҳу анҳуга қилинган энг катта айблов улар томонидан қариндошларининг волий этиб тайинланиши, уларга доимо эҳсонлар бериб, қилаётган ишларини тафтиш этмаслиги эди.
Али розияллоҳу анҳу ушбу мавзуда ўзларига қилинган шикоятлар сабабли ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга мурожаат қилганларида шундай дегандилар:
– Муғийра ибн Шуъбани Умар волий этиб тайинлаганини билмайсанми?
Али:
– Биламан, – деб жавоб берганларида:
– Шундай экан, нима учун қариндошларимни ва яқинларимни волий
этиб тайинлаганим учун мени айблайсан? – дедилар.
Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу:
– Умар волий этиб тайинлаган одамини қаттиқ назорат қилар, унинг
энг кичик хатолари учун ҳам қаттиқ сўроққа тутар ва энг ёмон жазоларни берарди. Сиз эса бундай қилмаяпсиз, – деб жавоб қайтарди.
***
Усмон розияллоҳу анҳу вилоятлардаги бошқарув тизимига оид шикоятлар ва буларнинг сабабини ўрганиш учун тафтишчилар тайинладилар.
Муҳаммад ибн Масламани Куфага, Усома ибн Зайдни Басрага, Абдуллоҳ ибн Умарни Шомга ва Аммор ибн Ёсирни Мисрга юбордилар. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ташқари барчалари ишларини тамомлаб ортларига қайтдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу ноҳақликларни бартараф этиш ва илдиз ота бошлаган, уммат учун катта талофатларга сабаб бўлиши мумкин бўлган фитнанинг олдини олиш мақсадида бор куч ғайратини ишга солдилар. Улар келиб тушган шикоятларни яхшилаб ўрганар, ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бошчилигидаги катта саҳобалар билан кенгаш ўтказардилар.
***
Мисрдан Мадинага Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳнинг ғайриқонуний ишларидан шикоят қилиб келган гуруҳ ортларига қайтаётганларида Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ томонидан таъқиб остига олиниб, улардан баъзиларининг ўлдирилиши вазиятнинг чигаллашишига олиб келди.
Шундан сўнг Мисрдан олти юз кишидан иборат гуруҳ Мадинага келиб, Масжиди Набавияда намоз вақтида Абдуллоҳ ибн Саъднинг устидан саҳобаларга шикоят қилдилар.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Ойша ва Али розияллоҳу анҳумлар бирга Усмон розияллоҳу анҳунинг хузурларига бориб, Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳни лавозимидан озод қилиб, жазолашини сўрадилар.
Усмон розияллоҳу анҳу мисрликлардан уларга волий этиб кимни тайинлашларини сўрадилар. Улар Муҳаммад ибн Абу Бакрни исташларини айтдилар. Халифа Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳуни уларга волий этиб тайинладилар.
Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу Мисрдан келганлар ва бир гуруҳ саҳобалар билан бирга Мадинадан йўлга чиқдилар. Мадинадан уч кунлик узоқликдаги бир жойга етгач, гўё таъқиб этилаётган кимса каби туясини тез ҳайдаб бораётган одамга кўзлари тушди. Ўша кимсани ушлаб сўроққа тутдилар ва Абдуллоҳ ибн Саъдга хат олиб кетаётганини аниқладилар. Ундан ким эканлиги сўралганда, баъзан Усмон розияллоҳу анҳунинг, баъзан эса Марвон ибн Ҳакамнинг қули эканини айтарди.
Ёнидаги мактубни очиб ўқиганларида шундай сўзлар ёзилганини кўрдилар: “Муҳаммад ибн Абу Бакр билан фалончи-фалончилар сенинг хузурингга етиб боришлари билан уларни ўлдир”. Ушбу сўзлар ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг муҳрлари билан муҳрланган эди.
Улар дарҳол Мадинага қайтиб бориб, Усмон розияллоҳу анҳунинг уйларини ўраб олдилар. Али розияллоҳу анҳу ёнларига Муҳаммад ибн Масламани олиб, бирга Усмон розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар.
Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳудан мактубдаги муҳр босилган сўзарни ким ёзганлигини сўрадилар. Халифа бундай мактубдан умуман хабарлари йўқлигини ва ҳеч кимга ёздирмаганликларини айтдилар. Муҳаммад ибн Маслама ҳам Усмон розияллоҳу анҳунинг тўғри гапираётганларини таъкидлаб, бу ишни Марвон қилган бўлиши мумкинлигини айтди. Ёзувни ўрганиб чиқиб, Марвон ибн Хакамга оид эканлигини билдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу жуда сахий, муҳтож ва эҳтиёжманд кимсаларга ёрдам қилишни севувчи кимса бўлганликлари ва гўзал ахлоқлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни жуда яхши кўрардилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг кўпчилиги қатнашаётган бир мажлисда суҳбат қурар эканлар:
– Ҳамма ўз дўстининг ёнига борсин, – деб буюрдилар.
Ҳамма ўз дўстининг ёнига кетди. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуни ёнларига олиб:
– Сен бу дунёда ва оҳиратда менинг яқинимдирсан, деб марҳамат қилдилар.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо онамиз шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ бир куни истироҳат қилаётган эдилар. Шу пайт отам Абу Бакр ичкарига кириш учун изн истади. Рухсат берилгач, ичкарига кирди. Расулуллоҳ ҳолатларини ўзгартирмадилар. Сўнг Умар изн олиб ичкарига кирди. Яна ҳолатларини ўзгартирмадилар. Ёнбошлаган ҳолда улар билан суҳбат қилдилар.
Бироздан сўнг Усмон эшик ёнига келиб ичкарига кириш учун изн сўради. Расулуллоҳ ўтирдилар. Усмонни шу тарзда қабул қилдилар.
Барчалари кетгандан сўнг сўрадим:
– Отам Абу Бакр ва Умар келишганда ҳолатингизни ўзгартирмадингиз, бироқ Усмон келганида ўтириб олдингиз. Бунинг сабаби нима?
Аллоҳнинг Расули шундай жавоб бердилар:
– Ҳатто фаришталар ҳаё қиладиган кимсадан мен қандай қилиб ҳаё қилмай!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Бир ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Емишлар тугаб, аскарлар очлик ёқасида турган эдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолга воқиф бўлгач, шундай марҳамат қилдилар:
– Аллоҳ таоло сизларги қуёш ботмасдан ризқ юборади.
Усмон бу сўзни эшитишлари биланоқ:
– Расулуллоҳнинг ҳар бир сўзлари муҳаққақ тўғри чиқади, – деб, емак излашга тушди. Бу ризқнинг келишига сабаб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мамнун этиш истагида эди.
Бир ерда тўрт туяга ортилган озиқ овқат топди. Буни катта маблағ эвазига сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келтирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмондан сўрадилар:
– Эй Усмон булар нима?
– Усмондан Аллоҳ Расулига ҳадя.
Саййиди Коинотнинг айтганлари кечикмасдан амалга ошган эди. Мўминлар севиниб, мунофиқлар маҳзун бўлдилар. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўлларини очиб шундай дуо қилдилар:
– Эй Роббим! Усмонга кўплаб ажрлар бер!
Усмон розияллоҳу анҳу муҳтожларга яхши емакларни берар, ўзлари эса уйда сирка ва зайтун ёғи ердилар. Йўлга чиққанларида туяларининг орқасига хизматчиларини ҳам олардилар.
Мадинага хижрат қилган пайтлари сувдан қийналар эдилар. Румо қудуғидан бошқа қудуқда ичиладиган сув йўқ эди. Бу қудуқ эса бир яхудийга тегишли бўлиб, у мусулмонлар азобланиши учун қудуқдан ҳар доим ҳам сув бермас эди. Сув берадиган кунларида ҳам катта маблағ эвазига сотар, фақирлар эса сотиб ололмаганликлари сабабли чанқоқдан қийналар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатдан қаттиқ эзилардилар. Қудуқни сотиб олиб, мусулмонларнинг фойдаланишлари учун топширадиган кимсанинг ажри Жаннат эканини тез тез уқтириб, очиқчасига Жаннатни ваъда қилардилар. Бу хушхабарни эшитган Усмон розияллоҳу анҳу дарҳол яхудийнинг ёнига йўл олиб, қудуқни савдолаша бошладилар.
Яҳудий мусулмонлар ушбу қудуқни сотиб олишга мажбур эканликларини билиб, тўлаш мумкин бўлмаган миқдордаги катта маблағни сўради. Усмон розияллоҳу анҳу бундан қайғуга ботсалар-да, қандай бўлмасин, ушбу қудуқни сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мамнун этиш ниятида эдилар. Яҳудийга:
– Сен сўраган маблағ менда йўқ. Бироқ сенга бир таклифим бор. Кел сен билан шерикликда бу қудуқни ишлатамиз. Шу тарзда қудуқ сенинг қўлингдан бутунлай чиқмайди, қудуқнинг ярим ҳиссасини менга сот. Қудуқни бир кун сен, бир кун мен ишлатаман, – дедилар.
Яҳудий бу таклифнинг натижаси қаерга боришини ўйламай, суюниб кетди ва таклифни қабул қилди. Ўн икки минг дирҳамга қудуқнинг ярим ҳиссасини берди.
Қудуқ бошида бир кун яҳудий, бир кун Усмон розияллоҳу анҳу туриб сув тарқатардилар. Яҳудий ҳамон сувни қимматга сотар, Усмон розияллоҳу анҳу эса текинга тарқатардилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг навбатлари келган вақтда икки кунга етарлик миқдорда сув олардилар ва Уларнинг кейинги навбатлари келгунга қадар сувга эҳтиёжлари бўлмасди. Шунинг учун яхудийнинг навбати келган вақт қудуқ бошига бирор кимса сув сўраб бормайдиган бўлди.
Яҳудий қудуқ бошида мақсадсиз туришдан чарчади ва Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб, қудуқнинг қолган ярмини ҳам ўша нарҳда сотиш истагини билдирди. Бироқ унинг таклифини Усмон розияллоҳу анҳу қабул қилмадилар. Орадан оз вақт ўтгач, камроқ нарҳ сўради, яна Усмон розияллоҳу анҳу қудуқнинг ярмига эҳтиёжлари йўқлигини айтиб уни қайтардилар. Улар биладиларки, барибир яҳудий қудуқни мажбуран сотар эди. Чунки унинг бундан ўзга чораси йўқ эди. Кейинчалик яҳудийнинг оҳ-воҳларига чидай олмай, арзон нархда қудуқ ярмини сотиб олдилар.
Шу тарзда қудуқ бутунлай мусулмонларнинг эҳтиёжлари учун хизмат қилишга топширилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хабарни эшитиб жуда суюндилар.
Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини олиш учун ҳеч қачон фурсатни қўлдан бой бермасдилар.
Бир куни улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уйларига таклиф этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
– Ёлғиз мени таклиф этяпсанми?
– Асҳобингиз ҳам келишлари мумкин, деб жавоб бердилар Усмон розияллоҳу анҳу.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуни асҳобларига хабар бериш учун жўнатдилар. Ўзлари эса Али розияллоҳу анҳу билан билан бирга Усмон розияллоҳу анҳунинг уйлари томон юра бошладилар.
Усмон розияллоҳу анҳу узоқдан туриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳар бир қадамларини санаб турардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етиб келганларидан сўнг ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудан нима сабабдан бундай қилганини сўрадилар ва улардан шундай жавоб олдилар:
– Ё Расулуллоҳ! Ҳар бир қадамингиз учун бир қул озод қиламан.
Усмон розияллоҳу анҳу ҳар бир санаган муборак қадамлари учун бир қулни озод қилдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо билан турмуш қурдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя ва Умму Кулсум розияллоҳу анҳумолар аввал Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайба билан унаштирилганди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келиб, инсонларни мусулмон бўлишга даъват қила бошлаганларидан сўнг, Абу Лаҳаб уларга душманлик қила бошлади. Унинг ўғиллари ҳам душманлик қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига уйланишни рад этдилар. Улар бу билан Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни оғир аҳволда қолдиришни истадилар. Руқайя розияллоҳу анҳо Усмон розияллоҳу анҳога ниқоҳландилар. Руқайя розияллоҳу анҳо онамиз Бадр жанги вақтида вафот этгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳони ҳам Усмон розияллоҳу анҳога никоҳлаб берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳ ўқилаётганларида, Усмон розияллоҳу анҳуни жуда мақтадилар. Тўйдан сўнг қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳо шундай дедилар:
– Эй менинг кўзларимнинг нури бўлган Отажоним! Усмонни ғоятда мадҳ этгандингиз, бироқ мақтаганингизчалик эмас-ку?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларига шундай дедилар:
– Эй қизим! Усмондан ҳаттоки кўкдаги фаришталар ҳаё қилади. Усмонни қаттиқ ҳурмат қил, чунки асҳобим орасида аҳлоқи менга энг яқин бўлгани у дир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларига шундай марҳамат қилгандилар:
– Мен Аллоҳ таолонинг ҳузурида Усмоннинг душманларига душманман.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларига шундай дегандилар:
– Барча ўтган пайғамбарлар ўз умматлари орасидан бирор уммати билан фахрланади, мен эса Усмон ибн Авфон билан фаҳрланаман.
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Усмон розиялоҳу анҳуга туҳмат қилган бир одамнинг жанозасини ўқимаганлар.
Ислом дини ёйила бошлагач, мусулмонлар кўпайиб, ҳар тарафдан Мадинага келишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари мусулмонлар учун торлик қила бошлади. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга буюрдилар:
– Бизнинг масжидимизни бир зра (ярим метр) кенгайтирган Жаннатга киради.
Усмон розияллоҳу анҳу дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Мол-мулким Сизга фидо бўлсин! Масжидни кенгайтиришни ўз зиммамга оламан.
Шундан сўнг улар масжидни 40 зра, яъни 20 метрга кенгайтирдилар ва барча ҳаражатларини ўзлари кўтардилар. Шу вақтда ушбу оят нозил бўлди:
إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللّهِ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلاَةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلاَّ اللّهَ فَعَسَى أُوْلَـئِكَ أَن يَكُونُواْ مِنَ الْمُهْتَدِينَ {18}
“Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига Иймон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба сураси, 18-оят).
***
Усмон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котибларидан бўлиб, чиройли ёзар ва гўзал нутққа эга эдилар. Қироатлари қувватли бўлиб, Қуръони каримни кўп ўқир ва тез ёд олар эдилар. Намознинг бир ракатида Қуръони каримнинг барча сураларини ўқиган тўрт кишидан бири саналардилар. Қуръонни жуда кўп ўқиганликлари сабабли қўлларида икки мусҳаф эскирган эди.
Ўн икки йил халифалик мақомида бўлган Усмон розияллоҳу анҳу жуда жасур инсон эдилар. Ҳеч қандай фалокат қаршисида саросимага тушмасдилар. Шу сабабли халифалик йиллари муваффақиятли келиб, айниқса, илк халифалик йиллари Ислом тарихининг олтин даври сифатида тарихга кирди.
Уларнинг халифалик даврида бир қанча ерлар фатҳ этилиб, Ҳуросон, Ҳиндистон, Моварауннаҳр, Кафказ, Қрим яримороли ва Шарқий Африканинг бир қанча ерлари Ислом давлати ҳудудларига қўшиб олинди.
Усмон розияллоҳу анҳу ҳар кимга ўзига лойиқ вазифани берар эдилар. Улар тайин этган волийлар аскарликда ва мамлакатни фатҳ этишда энг маҳоратлаи кишилар эди. Ислом мамлакатлари ғарбда Испания, шарқда Қобул ва Балҳга қадар кенгайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга келажакда юзага келадиган фитналар ҳақида сўзлаб берардилар. Ўша пайт бир одам ўраниб олган ҳолда ўтиб қолди. Шунда Сарвари Олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
– Ўша фитнали кунларда бу шахс ҳидоят устида бўлади.
Барча туриб ўша кимсага қаради. У киши Усмон ибн Авфон розияллоҳу анҳу эдилар. Уларни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатиб сўрадилар:
– Ё Расулуллоҳ, назарда тутган одамингиз Усмонми?
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Ҳа, – деб жавоб бердилар.
Халифалик чоғларида Усмон розияллоҳу анҳу адолат билан иш юритишга ҳаракат қилардилар. Кунларнинг бирида бир йигитчанинг қулоғидан қаттиқ тортдилар. Йигитчанинг қулоғи оғриди ва деди:
– Эй мўминлар амири! Ҳар ким бир-биридан ҳаққини оладиган қиёмат кунини ўйланг!
Бу сўз ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга қаттиқ таъсир қилиб, унга шундай дедилар:
– Эй йигитча, келиб сен ҳам менинг қулоғимдан торт, бир биримизда ҳаққимиз қолмасин.
Йигитча келиб Усмон розияллоҳу анҳунинг қулоқларидан тортди, улар ўспиринга қараб:
– Яна бироз торт, деб буюрганларида, у:
– Сиз қиёмат куни ҳисобидан қўрқдингиз, мен ҳам ўша кундан қўрқаман, деб жавоб берди.
Усмон розияллоҳу анҳу айтадилар:
– Ўнта нарса қаттиқ зое кетибди: савол сўралмаган олим, амал қилинмаган илм, қабул қилинмаган ҳақиқат, фойдаланилмаган қурол, ичида намоз ўқилмаган масжид, ўқилмаган мусҳаф, Аллоҳ йўлида эҳсон қилинмаган мол, минилмаган восита, дунё истовчининг ақлидаги зуҳд илми, ичида оҳират озуқаси бўлмаган узун умр.
Борган сари Ислом сарҳадлари кегайиб, мусулмонлар сони кўпаярди. Буни кўролмаган мунофиқлар мусулмонлар орасига фитна илдизларини ёя бошладилар. Яҳудийлар ва бошқа Ислом душманлари мусулмонларни бир бирларига гиж-гижлаш учун биргаликда кечаю кундуз ҳаракат қилардилар.
Уларнинг бошида яманлик яхудий Абдуллоҳ ибн Саъба турарди. У Мисрда фитначи кимсаларни тўплаб, қурган ташкилоти билан жоҳил ва ақлсиз киптийларни йиғиб, дунё матоҳлари билан алдади ва йўлтўсарлар тўдасини ташкил этди. Ўн уч минг кишилик ушбу босқинчилар тўдаси Мадинага бостириб келиб, Халифа ўрнидан олиб ташламоқчи бўлдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг уйларини ўраб олдилар.
Ҳасан ва Хусайн, Талҳа ва Усмон розияллоҳу анҳумларнинг эшикларида навбатма-навбат пойлоқчиликка турардилар. Усмон розияллоҳу анҳу уйининг атрофини ўраб олган осийларга дедилар:
– Бошлиқларингиздан икки киши менинг ёнимга келсин.
Улар келгач, халифа Усмон розияллоҳу анҳу сўрадилар:
– Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ташриф буюрганларида мусулмонлар сувсизликдан ўлаётганди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Румо қудуғини сотиб олиб, мусулмонларга текин сув тарқатган кимсага жаннат ваъда қилдилар. Ушбу ваъдаларидан сўнг қудуқни сотиб олиб, мусулмонларга сувни текин тарқатган мен эмасми?
– Ҳа сен эдинг.
– Очликда қолган Ислом аскарларини таъминлаган мен эмасми?
– Ҳа сенсан.
– Масжид торлик қилган пайт Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаннатдан кўшк истаганлар фалончининг арсосини сотиб олиб, масжидни кенгайтиради”, – деб марҳамат қилганларида, ўша арсони сотиб олиб масжидга қўшган мен эмасми?
– Ҳа сенсан.
– Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар ва мен Савр тоғида ўтирган тоғ силкина бошлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Эй Савр тоғи тўхта! Сенинг устингда бир Пайғамбар, бир сиддиқ ва икки шаҳиддан бошқа кимса йўқдир”, – деб марҳамат қилмадиларми?
– Сўзларинг рост. Айнан шундай бўлган.
Усмон розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳу акбар! – деб такбир айтдилар, сўнг, – Шоҳид бўлингларки, мен шаҳидман, – дедилар.
Шу орада осийлар деворларни бузиб ичкарига кирдилар. Усмон
розияллоҳу анҳу Қуръони каримни ўқир эканлар, уларнинг устига бостириб келиб шаҳид қилдилар. Оҳирги нафасларини чиқараркан, шундай дуо қилдилар:
– Ё Роббий! Уммати Муҳаммадни ихтилоф ва фитнадан асра!
Улуғ саҳобалардан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Уйи атрофи ўраб олинган пайт Усмоннинг ёнига бордим. Менга шундай деди:
– Бу кеча тушимда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. Орамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Усмон сени қамалга олдилар шундайми?
– Ҳа, ё Расулуллоҳ!
– Сени сувсиз қолдирдилар, шундайми?
– Ҳа, ё Расулуллоҳ!
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга сув узатдилар ва мен сувни олиб ичдим. Ўша сувнинг салқинлигини ҳамон кўксимда ҳис қилиб турибман. Шундан сўнг менга марҳамат қилдилар:
– Истасанг сени улар устидан ғолиб қилайлик ёки истасанг ифторни бизнинг ёнимизда қил!
– Ё Расулуллоҳ! Мен сизнинг ёнингизда ифторлик қилишни истайман! – дедим.
***
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларидан чиққач, исёнчиларга шундай хитоб қилдилар:
– Тарихда ўлдирилган ҳар пайғамбар учун етмиш минг аскар ўлдирилган, ўлдирилган ҳар бир Халифа учун ўн беш минг киши қатл этилган. Келинглар, бу ишдан воз кечинглар. Йўқса оҳиратда бунинг жазоси шиддатли бўлади. Усмоннинг сизларда кўп ҳақлари бор.
Бироқ осийлар уларнинг сўзларини тингламай, ҳақорат қилдилар.
***
Усмон розияллоҳу анҳу фарзанд кўрсалар чақалоқни еттинчи куни қучоқларига олардилар. Улардан бунинг сабаби сўралганда шундай жавоб бергандилар:
– Қалбимга унга нисбатан муҳаббат тушишини истайман. Агар у вафот этса, сабр ва матонатдан оладиган ажр савобим кўпроқ бўлади.
***
Бир йили Мадинада иқтисодий танглик юзага келди. Ўша пайт Усмон розияллоҳу анҳунинг Шомдан устига буғдой ортилган юз туя карвонлари келгач, саҳобалар ундан сотиб олиш мақсадида карвон ёнига бордилар. Усмон розияллоҳу анҳу уларга шундай дедилар:
– Сиздан яхшироқ нарҳ берадиган ҳаридорим бор, ўша кимсага сотмоқчиман.
Саҳобалар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб арз қилдилар:
– Очарчилик пайтида шундай қилиши яхшими?
Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёвлари бўлишдек шарафга эришган ва жаннатда ул зоти шарфига шерикдир. Сизлар унинг сўзларини янглиш англаган бўлсангиз керак, юринглар, ёнига бирга борамиз.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб вазиятни тушунтирдилар ва дедилар:
– Эй Усмон! Саҳобалар сенинг бу сўзингдан хафа бўлибдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:
– Ҳа, эй Расулуллоҳнинг халифаси. Улардан яҳшироқ бир ҳаридор бирга етти юз берди. Улар эса бирга етти берардилар. Биз бу буғдойни бирга етти юз бериб олувчига бердик.
Юз туя буғдойни Мадинадаги фақирлар ва саҳобаларга тарқатиб, юз туяни сўйиб йўқсинларга едирдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса бундан жуда суюндилар ва Усмон розияллоҳу анҳунинг пешоналаридан ўпдилар.
Абдуллоҳ ибн Салом дейди:
– Биродарим Усмон билан саломлашгани ҳузурига бордим. Унинг ҳовлиси қуршовда эди. Уйига кирдим.
– Хуш келибсан, эй биродарим, – дея Усмон мени қарши олди. – Бугун кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. Мана шу дарча олдида туриб:
– Эй Усмон! Сени қуршовга олишдими? – дедилар.
– Ҳа, – дедим.
– Сени чанқатиб қўйишдими? – дедилар.
– Ҳа, – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир челак сув узатдилар, қонгунча ичдим. Ҳатто ҳозир ҳам кўкракларим ва кифтларимда шу сувнинг сизиб оқаётганини ҳис этяпман. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга дедилар:
– Хоҳласанг, улар устидан ғолиб бўласан. Хоҳласанг, биз билан бирга ифтор қиласан.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ифтор қилишни ихтиёр этдим.
Бас, ўша куни Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилди.
Абдуллоҳ ибн Салом Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлими олдидан қонга беланиб ётганига гувоҳ бўлган кишилардан сўради:
– Қонларга беланиб ётган Усмон сўнгги нафасларида нима деди?
– Аллоҳим! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини бирлаштир, деб уч марта такрорлаганини эшитдик, – дейишди.
– Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Аллоҳ бу умматни ҳеч қачон бирлашмасликка чақирганида эди, то қиёматгача улар бирлашолмаган бўларди, – деди Абдуллоҳ ибн Салом.
Улуғлардан ривоят қилинади:
– Усмон розияллоҳу анҳу ярадор қилинганида, соқоллари қонга бўялган ҳолда дедилар:
– Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор! Дарҳақиқат, мен ўз жонимга зулм қилгувчилардан бўлиб қолдим. Аллоҳим! Улардан ҳимоя эт. Барча ишларимда Ўзингдан кўмак сўрайман. Менга сабр бер.
Иброҳим ибн Абдураҳмон Маҳзумийдан:
– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифа этиб тайинланганларида халқ орасига чиқиб, бир хутба бердилар. Аллохга ҳамд ва сано айтганларидан сўнг:
– Эй инсонлар! Катта ва қийин ишнинг биринчи марта бўйнимга тушиши оғирлик қилади. Бундан кейин бир қанча кунлар келади. Омон қолсам, мунтазам ваъз қилиб тураман. Хатиб бўлмасак ҳам, Аллохринг ёрдами билан ўрганиб кетамиз, – дедилар.
Бадр ибн Усмон амакисидан:
– Усмон ибн Аффон розияллоху анху биродарлари – шўро аъзолари томонидан халифа этиб тайинлангач, ташқарига чиқдилар. Жуда хафа ва беҳол эдилар. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам минбарларига чиқиб, олдин Аллоҳга ҳамду сано, Аллоҳнинг расулига саловот айтганларидан сўнг:
– Сизлар ўткинчи бир дунёдасизлар ва умрингизнинг қолган қисмини кутяпсизлар. Ўлмасингиздан аввал қўлингиздан келадиган ишнинг энг яхшисини қилишга шошилинг. Зинҳор унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устида бино бўлган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ وَاخْشَوْا يَوْماً لَّا يَجْزِي وَالِدٌ عَن وَلَدِهِ وَلَا مَوْلُودٌ هُوَ جَازٍ عَن وَالِدِهِ شَيْئاً إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُورُ {33}
“Эй инсонлар! Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна шундай бир кундан қўрқингизки, (у кунда) бирор ота ўз боласи томонидан (гуноҳни) ўта олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирор нарсани ўта олувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин ва сизларни алдамчи (шайтон) Аллоҳ (кечаверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин” (Луқмон сураси, 33-оят).
Сиздан олдингилардан ибрат олинг. Сўнг ишланг ва ғафлатда қолманг. Дунёда еб-ичган, бетакрор уйлар ва ҳашаматли кошоналар қурган, умрларининг ярмидан кўпини кайфу сафода ўтказган дунёнинг ўғиллари, биродарлари қаерда? Дунё уларни улоқтириб юбормадими? Аллоҳ таоло дунёга қанча эътибор берган бўлса, сиз ҳам шунча қиймат беринг. Охират учун ишланг. Аллоҳ таоло дунё ва охират ҳаёти ҳақида бундай тамсил ишлатади:
وَاضْرِبْ لَهُم مَّثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاء أَنزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ فَأَصْبَحَ هَشِيماً تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُّقْتَدِراً {45} الْمَالُ وَالْبَنُونَ زِينَةُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَالْبَاقِيَاتُ الصَّالِحَاتُ خَيْرٌ عِندَ رَبِّكَ ثَوَاباً وَخَيْرٌ أَمَلاً {46}
“(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир. Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Роббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир” (Каҳф сураси, 45–46-оятлар).
Усмон розияллоҳу анҳу хутбани тугатдилар ва минбардан тушдилар. Халқ ҳам уларга эргашди.
Урва розияллоҳу анҳудан:
– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир хутбаларида:
– Эй инсонлар! Бу иш менга топширилди. Мен ҳам қабул қилдим. Шуни билингизки, мен ўзимдан олдингиларнинг йўлидан бораман ва ўзбошимчалик билан ҳаракат қилмайман.
Аллоҳнинг Китоби ҳамда Пайғамбарининг суннатидан кейин сиз ҳақингизда уч нарсани қилишга мажбурман. Мендан аввалгилар ўрнатган ва сизлар ҳам амал қилишингиз керак бўлган ҳукмларга риоя қилиш, қоида билан белгиланмаган нарсалар ҳақида билимли ва диёнатли кишилар билан маслаҳатлашиш, айб иш қилиб, жазога лойиқ бўлмагунингизча сизга тегинмаслик.
Унутмангки, дунё ҳаёти безакли ва жозибали ҳаётдир. Бир неча кимсалар унинг тўрига тушдилар. Зинҳор унга майл кўрсатманг ва унга бел боғламанг. Зеро, дунё ишониладиган нарса эмас, – дедилар.
***
Мужоҳиддан:
– Усмон розияллоху анху бир хутбаларида:
– Эй инсон фарзанди! Билки, сен дунёга оёқ босар-босмас, сенинг жонингни олиш билан вазифалантирилган ўлим фариштаси ортингдан қолмаяпти ва атрофингдаги инсонларни бир-бир домига олар экан, сенинг навбатинг келишини сабрсизлик билан кутмокда. Аниқки, кутилмаганда сени ҳам тутиб олади. Шундай экан, сергак бўл ва доимо охиратда кетмоққа тайёр тур, ғафлатда қолма. Зеро, сен ундан ғофил бўлсанг-да, у сендан ғофил бўлмас.
Эй инсон ўғли! Агар сен ўзингни унитиб, охиратга тайёр бўлмасанг, бошқа биров сенинг ўрнингга тайёргарлик кўрмас. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам, Аллоҳга қайтасан. Бинобарин, ўз тайёргарлигингни ўзинг кўр, ўзингдан бошқага буюрма, вассалом, – дедилар.
Ҳасан розияллоҳу анҳудан:
– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир хутбаларида Аллоҳга ҳамду сано айтгач:
– Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг! Зеро, Аллоҳ қўрқуви инсон учун бойликдир. Инсонларнинг энг ақллиси шуки, ўзини бошқара олади, ўлимдан кейинги ҳаёт учун ишлайди ва қабр зулматига қарши Аллоҳнинг нурини қўлга киритади. Қул бу дунёда кўзлари бўла туриб, кўр ҳолда ҳашр этилишдан қўрқсин. Ақлли кимсага қисқа ва маъноли бир сўз кифоядир. Кар кишиларга эса бақириб гапириш керак.
Билингизки, Аллоҳ бир киши билан бирга экан у одам ҳеч нарсадан кўрқмайди. Аллоҳ бировга қарши бўлдими, у кимса учун бирор умид манбаи топилмас, – деди.
***
Ҳасан розияллоҳу анҳудан:
– Усмон розияллоҳу анҳу бир кун минбарда туриб:
– Эй инсонлар! Яширин ҳолларингизда Аллоҳдан қўрқинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
– Ҳаётим измида бўлган Аллоҳга қасам, хоҳ яхши, хоҳ ёмон иш бўлсин, ким яширинча бир иш қилса, Аллоҳ у ишни бир кўйлак каби унга кийдирди”, – дея марҳамат қилганларини эшитдим, – дедилар ва сўзларини давом эттириб қуйидаги оятни ўқидилар:
يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاساً يُوَارِي سَوْءَاتِكُمْ وَرِيشاً وَلِبَاسُ التَّقْوَىَ ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آيَاتِ اللّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ {26}
“Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар” (Аъроф сураси, 26-оят).
Аббад ибн Зоҳирдан:
– Усмон розияллоҳу анху бир хутбаларида:
– Аллоҳга қасам, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда ва ҳазарда (муқимликда) ҳамроҳ бўлардик. Бизнинг касалларимизни кўришга борардилар, ўликларимизни жанозага тайёрлар эдилар, биз билан бирга жангда қатнашардилар, камини ҳам, кўпини ҳам биз билан баҳам кўрардилар. Бугун эса баъзи кимсалар ул зотни кўрмагандирлар, – деди.
***
Имом Молик амакиси Абу Суҳайлдан, Абу Суҳайл эса отаси Моликдан ривоят қилади:
– Усмон розияллоҳу анҳу бир хутбасида бундай дедилар:
– Болаларни пул топишга мажбурламанг, мажбурласангиз ўғрилик қилишади. Ҳунари йўқ жорияларни ҳам пул топишга мажбурламанг. Улар иш тополмагач, номусларини пул топиш воситаси қилишга мажбур бўлишади. Аллоҳ таоло иффатли бўлишингизни буюраётган экан, иффатингизни бузманг. Егуликлардан чиройли ва ҳалолларини танланг.
Зайд ибн Салтдан:
– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир хутбаларида:
– Қимордан сақланинг. Менга сиздан баъзи кимсаларнинг уйида тавла (нарда) борлиги хабари келди. Кимнинг уйида тавла бўлса, ёқиб юборсин ёки синдирсин, – дедилар.
Усмон розияллоҳу анҳу бошқа бир хутбаларида:
– Эй инсонлар! Тавла ҳақида ўтган сафар сизга бир неча сўз айтган эдим. Бугунга қадар бирортангиз уйингиздан тавлани чиқарганингизни кўрмадим. Қарорим шуки, ўтин йиғдирайин ва кимнинг уйида тавла топсам, у уйни оловга берайин, – дедилар.
Абдураҳмон ибн Ҳумайднинг озод қилган қули Салимдан:
– Усмон розияллоҳу анҳу Минода намозни қаср қилмай қисқартирмай адо қилдилар, шундан сўнг:
– Эй инсонлар! Намознинг Минода қисқартирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва икки халифасининг суннатидир. Бироқ бу йил ҳажга кўп кишилар келишди. Агар намозни икки ракат ўқисам, уларнинг намозни икки ракат деб ўйлашларидан қўркдим, – деди.
Саид ибн Мусайбдан:
– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир хутбасида бундай дедилар:
– Бани Қайнуқо номли яҳудий қабиласидан хурмо сотиб олардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитдилар ва менга:
– Эй Усмон! Сотиб олаётганингда ҳам ўлчаб ол, сотаётганингда ҳам ўлчаб сот дедилар.
Бадр ибн Усмон амакисидан:
– Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу охирги хутбаларида:
– Аллоҳ таоло сизга дунёни у билан охиратни қидиришингиз учун берган. Унга мойиллик билдиришингиз учун эмас. Шубҳа йўқки, дунё ўткинчидир, охират эса абадийдир. Сиз абадий ҳаётни фоний ҳаётга алмашдингиз. Чунки эртами-кеч дунё ҳаёти тугайди. Ва қайтиш Аллоҳгадир.
Аллоҳдан қўрқинг. Чунки Аллоҳдан қўрқиши инсонни Аллоҳ азобидан асрайдиган қалқон ва Унинг севгисини қозониш учун воситадир. Аллоҳнинг азобидан сақланинг ва жамоатдан ажралиб турли хил гуруҳларга бўлин- манг. Аллоҳ бу ҳақида шундай дейди:
وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ{103}
“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси, 103-оят).