loader

Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу

Мадинага Ислом динини ўргатиш учун келган Мусъаб ибн Умайр бу ерда  шижоат ва ғайрат кўрсатиб, кўплаб мадиналикларни Исломга киришларига сабаб бўлдилар. Фаолиятларини юритиш учун Саъд ибн Муознинг ҳолаваччаси Асъад ибн Зуроранинг уйларига жойлашган эдилар. Шунинг учун Саъд ибн Муоз ўша пайтдаги араблар одатига кўра қариндошининг меҳмонига қарши ҳаракат қила олмади. Бироқ қабила раиси сифатида бу ишни ё у ёқлик, ё бу ёқлик қилишни хоҳларди. Шу мақсадда қабила оқсоқолларидан бири Усайд ибн Ҳузайрга шундай деди:
– Сен ишнинг кўзини биладиган, ҳеч кимсанинг ёрдамига муҳтож бўлмаган одамсан. Заифларимизнинг эътиқодларини бузиш учун юртимизга келган бу одамни қилаётган ишидан қайтар! Асъад ибн Зурора қариндошим бўлмаганда бу ишни ўзим ҳал қилган бўлардим.
    Шундан сўнг Усайд ибн Ҳузайр Мусъаб ибн Умайр яшаётган уйга бориб шундай деди:
– Сени биз тарафга келишингга сабаб нима? Заифларимиз эътиқодларини бузишми? Агар яшашдан умидинг бўлса, бу ердан тинчгина туёғингни шиқиллат!
    Мусъаб ибн Умайр унга мулойимлик билан жавоб бердилар:
– Аввал бироз ўтир, сўзимни тингла! Ёқса қабул қиласан, ёқмаса тинглашдан воз кечасан.
    Мусъаб ибн Умайр Қуръони каримдан оятлар ўқидилар, Ислом динини тушунтирдилар. Уларнинг ҳушмуомаласи, инсон қалбини ларзага солувчи сўзлари ва хуш овози билан ўқиган оятларидан лол қолган Усайд ибн Ҳузайр шундай деди:
– Булар қанчалар гўзал, қанчалар буюк сўзлар. Ислом динига кириш учун нима қилишим керак?
Шундан сўнг Усайд ибн Ҳузайр шаҳодат калимасини келтириб Ислом билан шарафландилар. Қалблари ҳузур ичида бўлган ҳолда Мусъаб ибн Умайрга шундай дедилар:
– Ортимда бир одам бор. Мен бориб уни ҳам сизнинг ёнингизга юборай. Агар у мусулмон бўлса, Мадинада унинг қавмидан иймон келтирмаган бирор киши қолмайди.
Сўнг ўрнидан тезда туриб тўғри Саъд ибн Муознинг ёнига йўл олдилар ва мусулмон бўлганини айтдилар. Буни кўрган Саъд ғазабланиб  Мусъаб ибн Умайрнинг ҳузурларига югурди. Ёнларига боргач жаҳл билан қўпол сўзлар айта бошлади. Мусъаб ибн Умайр эса ҳар доимгидек мулойимлик ва хушмуомалалик билан Саъдни сўзларини тинглашга даъват этдилар ва унга ҳам Ислом динини тушунтирдилар. Қуръони каримдан оятлар ўқир эканлар ғазаб билан келган Саъднинг юзи борган сари ўзгараверди ва шу ернинг ўзида мусулмон бўлди. Қалбида туйган ҳолат ва роҳатнинг шавқи билан дарҳол қавми ёнига бориб уларга ҳам мусулмон бўлганларини айтди ва сўзларини шундай якунлади:
– Барчангиз Иймон келтирмагунингизча сизлардан эркак ва аёлларингиз билан гаплашиш менга ҳаром бўлсин!
    Шундан сўнг қавмининг барчаси бирваракайига Ислом динини қабул этди. Ўша куни Саъд розияллоҳу анҳунинг қабилаларидан иймон келтирмаган бирор кимса қолмаганди.
***
Усайд ибн Ҳузайр бутун куч-қувватлари ва моддий-маънавий имкониятларини Ислом йўлида сарф этдилар. Мадиналик мусулмонлардан етмиш беш киши билан бирга иккинчи Ақоба байъатида қатнашдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мусулмонлар орасидан танлаган ўн икки вакилдан бири ҳам Усайд ибн Ҳузайр эдилар.
***
Усайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида иштирок этдилар. Уҳуд жангида Авс қабиласининг байроғи Усайдда эди. Улар бу жангда жасорат ва шижоат ўрнаги бўлдилар. Баданларининг етти жойидан оғир яраланган эдилар. Аскарлар Мадинага қайтишгандан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг ортга қайтиб, Мадинага ҳужум қилишлари мумкинлигини инобатга олиб, Билол розияллоҳу анҳуга
– Расулуллоҳ душманни таъқиб этишингизни амр қиляптилар, – деб аскарларга эшиттиришларини  буюрдилар. Шу пайтда Усайд розияллоҳу анҳу яраларини боғлатмоқчи бўлиб тургандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини эшитгач  шундай дедилар:
– Эшитдим, Аллоҳ Расулининг амрига бўйсунаман!
Сўнг Усайд ибн Ҳузайр қуролларини қўлларига олдилар. Жароҳатланганларига ҳам қарамай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруғи уларга барча дард ва жароҳатларини унуттирганди.
***
Уҳуд жангидан сўнг бир куни маккаликлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун бир бадавийни катта пул эвазига ёлладилар. Бадавий Мадинага келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаердаликларини аниқлади. Улар бу пайтда Абдулашал қавми ёнида эдилар. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суҳбатларини мароқ билан тингларкан, мажлисга ўша бадавий кириб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бадавийнинг ҳолатидан шубҳаланиб, саҳобаларига шундай дедилар:
– Бу одамнинг нияти ёмон, суиқасд қилмоқчи.
Бироздан сўнг бадавий яқинлашиб сўради:
– Абдулмутталибнинг набираси қай бирингиз?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Абдулмутталибнинг набираси менман, – деб жавоб бердилар.
Бадавий ёмон мақсадини амалга ошириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бораркан, Усайд ибн Ҳузайр унинг кийимидан ушлаб ортга тортдилар. Бир онда бадавийнинг кийими ичига яширган ханжари кўринди. Усайд розияллоҳу анҳу бадавийнинг ёнига бориб унга бир мушт туширдилар. Бадавий:
– Мени кечиринг, бир қошиқ қонимдан кечинг, – деб ёлворди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бадавийга дедилар:
– Менга тўғрисини айт, бу ерга нима учун келдинг? Агар тўғрисини айтсанг, тўғрилигинг сенга фойда беради. Ёлғон гапирсанг, бу сен учун яхши бўлмайди. Зотан қилмоқчи бўлган ишингдан хабарим бор.
    Шундан сўнг бадавий мушриклар томонидан ёлланганини тан олди. Оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини ўлдириш мақсадида келган бадавийга:
– Мен сени қўйиб юбораман. Қаерга борсанг бор, ёки сен учун хайрлироқ бўлганини танла, деб марҳамат қилдилар ва уни Исломга даъват этдилар.
Бадавий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу олийжанобликлари қаршисида ҳеч иккиланмай:
– Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Сиз эса Аллоҳ таолонинг Расулисиз, – деб мусулмон бўлди.
***
    Ҳандақ ғазоти узайиб кетгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилалардан ташкил топган мушрик қўшинини ортга чекинишга мажур қилмоқчи эдилар. Бунинг учун ғатафонликларнинг қўмондони Уяйна ибн Ҳисн билан Ҳорис ибн Авфга шундай хабар жўнатдилар:
– Мусулмонлар билан жанг қилишдан воз кечиб, юртларига қайтиб кетсалар, уларга Мадинанинг  бир йиллик меваларининг учдан бирини бераман.
Бироқ Ғатафон қабиласи бу шартга рози бўлмай, маҳсулотнинг тенг ярмини олишни хоҳлашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларида қатъий тургач, рози бўлишди. Ўн кишилик ҳайъат билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдилар.
Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашаётганларида Усайд ибн Ҳузайр бир масала билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдилар. Уяйна ибн Ҳисннинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршисида беадаблик билан оёқ узатиб ўтирганини кўргач, бунга индамай қараб тура олмадилар ва баланд овозда:
– Йиғиштир оёқларингни! Расулуллоҳнинг ёнида оёқларингни нима учун узатиб ўтирибсан? Агар Расулуллоҳнинг ҳузурларида ўтирмаганингда, мана шу найзамни санчиб сени ўлдирган бўлардим, – дедилар.
    Ғатафон қўмондонининг нима мақсадда келганидан хабар топгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб ҳурмат оҳангида:
– Ё Расулуллоҳ! Бу Аллоҳ таолодан келган бир амр бўлса, уни бажаринг. Агар бу ишнинг остида эзгу бир ният бўлса, истаганингизни қилинг. Бирор эътирозимиз йўқ, дедилар.
    Усайд бу билан Аллоҳнинг Расули амалга оширишни орзу қилган бир ишни, нафслари истамасада таслимият билан қабул қилганди.
    Усайд ибн Ҳузайрнинг бу сўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севинтириб, ўша ердаги саҳобаларга ғайрат берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғатафонликлар билан сулҳ тузишдан воз кечдилар.
    Уяйна ибн Ҳисн билан Ҳорис ибн Авф умидсизликка тушган ҳолда, ғамгин бўлиб у ердан кетдилар. Асҳобнинг ихлос, сабр ва матонатларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига кўра ҳаракат қилишдан воз кечмаганликларини кўргач, Мадинани ҳеч қандай йўл билан олиш мумкин эмаслигига амин бўлдилар. Қароргоҳларига бордилар. Қабиладошлари натижани сўрагач, шундай эътироф этдилар:
– Масалани ҳал қила олмадик. Биз жуда дунёқараши кенг, Пайғамбарлари йўлида жонларини севинганча фидо этишга тайёр бўлган бир қавмни кўрдик. Биз ҳам маҳв бўлдик, қурайшликлар ҳам маҳв бўлдилар. Қурайшликлар ҳам Муҳаммадга ҳеч нарса қила олмай ортларига қайтадилар. Муҳаммад эса Баъни Қурайза яҳудийларининг устига бостириб боради.
    Шундай қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлаганлари амалга ошди. Ғатафонликлар жанг қилишдан воз кечиб юртларига қайтдилар.
***
Усайд ибн Ҳузайр Макка фатҳида ҳам иштирок этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан жой олдилар. Ҳунайн ва Табук ғазотларида Авс қабиласи байроқдори бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
– Қандай яхши одам! – деган мақтовларига сазовор бўлган ҳазрат Усайд ибн Ҳузайрнинг овозлари жуда гўзал эди. Бу овозда Қуръони каримни ўқишни бошлаганларида умуман бошқа бир оламга саёҳат қилардилар.
Бир куни хурмо дарахти остида Бақара сурасини ўқиётган эдилар. Ёнларида боғлиқ турган отлари бирдан орқа оёқларида тик  турди. Ҳазрат Усайд ўқишни тўхтатдилар, от ҳам тинчланди. Яна ўқишда давом этгандилар, от ҳам олд оёқларини кўтарди. Усайд жим бўлдилар, от ҳам тинчланди. Шундан сўнг бошқа ўқимадилар. Отининг ёнига бордилар, бошини кўтариб самога боқдилар. Бирдан хайратдан донг қотдилар. Чунки боши устида сояга ўҳшаш бир туман ичида бир нималар қандил каби ёғду сочиб турарди.
Усайд тонг отар-отмас дарҳол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига югурдилар ва ҳолатни хабар қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
– Эй Ҳузайрнинг ўғли! Биласанми, улар нима?
– Йўқ, ё Расулуллоҳ!
– Улар фаришталар эди. Сенинг Қуръони карим ўқиганингни эшитаётган эдилар. Агар ўқишда давом этганингда улар сени тонгга қадар эшитар, инсонлар эса уларни томоша қилардилар. Улар инсонлардан яшириниб ҳам ўтирмасдилар.
Усайд ибн Ҳузайр илмдан бирор нима ўрганиш учун баъзан кечгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбат қилардилар. Ўша масалани ўрганиб олмагунларича кўнгиллари тинчимасди.
Усайд Қуръони карим ўқишдан ва тинглашдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлишдан жуда катта завқ олардилар. Бир сўзларида буни шундай ифода қилганлар:
– Энг улуғ истагим, умримни уч ҳол билан кечириш ва бу ҳоллардан ҳеч қачон айрилмасликдир. Булар: Қуръони карим ўқиган ва тинглаган пайтимдаги ҳолим. Расулуллоҳнинг хутбаларини, суҳбатлариини тинглаган пайтдаги ҳолим ва бирор жанозани кўргандаги ҳолим.
Ойша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади:
– Ансордан уч зот борки, фазилат жиҳатдан ҳеч ким улардан аввал саналмасди. Буларнинг уччаласи ҳам Баъни Абдулашалдан бўлиб, Саъд ибн Муоз, Усайд ибн Ҳузайр ва Аббад ибн Бишрлар эди.
    Усайд розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 20 йили Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида вафот этдилар. Жаноза намозини Умар розияллоҳу анҳунинг шахсан ўзлари ўқидилар.

Орқага Олдинга