loader

Умайр ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу

Умайр ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг очиқ мўъжизалари қаршисида лол қолган ва дарҳол иймонга келиб, Исломни қабул этган саҳобийдирлар.
    Умайр Исломга кирмасдан аввал қурайшлик мушриклардан бўлиб, жасур, яхши жанг қиладиган кимса эди. Бадр ғазотида мушриклар сафидан жой олган бўлиб, мушриклар уни мусулмонлар сонини, ёрдамчи кучлари бор ёки йўқлигини билиш учун юбордилар. Қавми ёнига қайтиб келгач, кўрганларини худди мусулмон каби нақл этди:
– Эй Қурайш жамоаси! Уларнинг сони оз. Ортларида ёрдам берадиган кучлари йўқ. Бироқ уларнинг ҳар бирини ўлимга тик қараган ҳолда кўрдим. Сизлардан бирингизни ўлдирмай туриб уларнинг бирортаси жон бермайди. Уларнинг сони қадар сизлардан ўладиганлар бўлса, жангнинг нима аҳамияти қолади? Шунга кўра қарор чиқаринглар!..
    Бу сўзларни эшитган Қурайш катталарининг баъзилари саросимага тушди. Ҳатто кўнгилларидан жанг қилмай ортга қайтиш фикри ҳам ўтди. Бироқ “Қурайшнинг шайтони” деб танилган Абу Жаҳлнинг кибр ва ғурури устун чиқди. Жанг оташи ёқилди. Бошларига келадиган балога на ўзи ва на қавми тўсиқ бўлолмади. Қурайш мағлубиятга учраб ортга қайтди. Умайр ибн Ваҳб ҳам яраланган ҳолда Маккага келди. Ўғли эса асир олиниб Мадинада қолди.
***
Вақт ўтгач Умайрнинг яралари битди. Бироқ Исломга бўлган душманлиги баттар ортди. Ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳобларига берган азобларини ўйлаб ўғлини қийноққа солишларидан қаттиқ қўрқаётган эди. Бир куни амакиваччаси Савфон ибн Умая билан Каъбанинг Ҳижр деган ерида ўтириб Бадрдаги фалокат ва асирлар ҳақида суҳбатлашаётган эдилар. Савфон:
– Бадрдан сўнг ҳаётнинг маъниси қолмади, – деди.
Умайр ҳам унинг фикрини тасдиқлади ва шундай деди:
– Агар шу қарзларим, бола-чақамни боқиш ташвиши бўлмаганда эди, Мадинага бориб Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ўлдирардим. Унинг қўлида ўғлимнинг асирлиги бу иш учун баҳона бўларди.
Савфон жуда бой эди. Бадрда йўқотган яқинлари учун интиқом олишни хоҳларди. Умайрнинг бу сўзларини эшитгач, фурсатни бой бермай унга:
– Умайр! Агар Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ўлдирсанг, сенинг барча қарзларингни тўлайман. Оиланг, болаларингни ўзимнинг оилам билан бирга ўлгунимча боқаман. Мол-давлатим уларнинг барига етади, – деди.
    Умайрнинг истаги ҳам шу эди:
– Келишдик бўлмаса, – деди. – Фақат бу келишувимизни ҳеч ким билмасин, ҳеч кимга оғиз оча кўрма, – деб сир сақлашини тайинлади.
***
    Умайр қиличига заҳар суркади ва туясига миниб Мадина томон кетди. Масжиди Набавияга яқин бир жойда туясини чўктирди. Умар розияллоҳу анҳу унинг туясидан тушиб, қиличини тақиб олган ҳолда масжидга кетаётганини кўргач:
– Бу Аллоҳнинг душмани Умайр-ку! Бу ерга бирор ёмонлик қилиш учун келган, – дедилар ва дарҳол Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб уларни бундан хабардор қилдилар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Уни менинг ёнимга келтиринг, – деб буюрдилар.
Умар розияллоҳу анҳу ортларига қайтиб, Умайрнинг ёнига келдилар, унинг ёқасидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Умайрни бу ҳолатда кўргач:
– Уни қўйиб юбор Умар! Сен эса яқинроқ кел, эй Умайр! – дедилар.
Ўрталарида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Эй Умайр! Бу ерга нима учун келдинг?
– Ўғлим қўлингизда асир. Бир яхшилик қилиб уни қўйиб юборсангиз, деб келдим.
– Бўйнингга нега қилич тақиб олдинг?
– Бундай қилични боридан йўғи яхши! Бизга нима фойдаси тегибди. Бадрда бирор фойда бердими?!
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайта сўрадилар:
– Менга  ростини сўзла! Бу ерга нима учун келдинг?
– Фақат шунинг учун келдим, деди Умайр сўзида қатъий.  
Умайрдан эшитган жавобларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Хўш, ундай бўлса, Каъба яқинидаги ерда Савфон ибн Умая билан келишувингиз нима эди? Бадрда қудуққа отилган кимсалар ҳақида гаплашдингиз. Сўнг сен:
– Агар қарзларим ва фарзандларим бўлмаганда бориб Муҳаммадни ўлдирардим, – дединг. Савфон эса қарзингни тўлашни, болаларингни боқишни бўйнига олди. Сен эса мени ўлдиришни мақсад қилиб келдинг, – дедилар.
Умайр эшитган сўзларидан лол бўлиб қолганди. Ранги бўзариб кетди. Қўрқувдан титраб аранг сўзлади:
– Бу ҳақда фақат Савфон иккимиз гаплашгандик. Ёнимизда бошқа ҳеч ким йўқ эди. Аниқ ишондимки, сизга бу хабарни фақат Аллоҳ билдирган. Демак, сиз Аллоҳнинг Расулисиз. Мусулмон бўлишим учун мени сизнинг ҳузурингизга юборган Аллоҳга ҳамд бўлсин!
    Сўнг шаҳодат келтириб Ислом ила шарафландилар. Икки олам Сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига:
– Биродарингизга динини ва Қуръонни ўргатинг. Асирини эса озод қилинг, – дедилар.
    Қисқа муддатда динини яхши ўрганган Умайр розияллоҳу анҳу Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн олиб Маккага қайтдилар.
***
Савфон ибн Умая Маккада Қурайшнинг мажлисларига қатнашар ва:
– Яқинда Бадрнинг изтиробини унуттирадиган бир хабар бераман сизларга, – деб эълон қиларди.
Умайрнинг қайтишлари кечиккач, ҳавотирланиб йўловчи қабилалардан улар ҳақда суриштира бошлади. Умайрнинг Исломга кирганларини эшитди, бироқ ишонолмади.
Умайр розияллоҳу анҳунинг Исломга кириб, Маккага қайтишлари катта ҳодиса бўлди. Улар Исломни ёйиш учун кўп ҳаракат қилдилар. Бир қанча мушрик уларнинг воситаси билан Исломга кирди. Макка фатҳидан сўнг Савфон розияллоҳу анҳунинг ҳам иймон келтиришига сабаб бўлдилар.

***
Уҳуддан аввал Мадинага ҳижрат қилдилар. Барча ғазотларда қатнашдилар. Умар розияллоҳу анҳу даврларида Амр ибн Осга юборилган ёрдамчи кучга қўмондонлик қилдилар.
Искандария фатҳида буюк жасорат ва қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Бошқа баъзи шаҳарларнинг ҳам фатҳларида иштирок этган Умайр ибн Ваҳб  Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги йилларида вафот этдилар.   
Итоатда тенгсиз зот
(Умайр ибн Саъд розияллоҳу анҳу)
Умайр ибн Саъд розияллоҳу анҳуни мусулмонлар “Тенги йўқ зот”, дер эдилар. Фазилат, англаш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат борасида Умайр розиялоҳу анҳунинг олдиларига тушадиганлар кам эди.
Оталари Саъд Ал-Қорий Бадрда ва ундан кейинги жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдилар. Қодисия жангида шаҳид бўлгунга қадар аҳдида собит қолдилар. Саъд розияллоҳу анҳу ўғли Умайр розияллоҳу анҳу бирга бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бергандилар.
***
Умайр розияллоҳу анҳу мусулмон бўлган кунидан эътиборан Аллоҳнинг уйига жойлашган тақводорлардан бўлдилар. Намозда олд сафда бўлиб, савоб олиш учун ҳаммадан аввал келиб кутардилар. Юришларда ҳам илк сафларда жанг қилар эдилар. Бундан ташқари яхшилик, хайр ва тақволарини орттириш учун масжидда этикоф ўтирардидар. Кўп тавба қилиб, гуноҳлари учун йиғлардилар. Ўзларини Аллоҳга бағишлаган эдилар. Ҳар карвон ва ҳар жамоа билан бирга Аллоҳ учун йўлга тушардилар.
Аллоҳ асҳобнинг кўнглини Умайр розияллоҳу анҳуга нисбатан севги билан тўлдирганди. Улар саҳобаларнинг кўз қорачиғи, кўнгилларининг султони эдилар.
Кучли иймони, софлиги, сокинлиги, хушхулқи ва заковати Умайр розияллоҳу анҳу билан ўтирган ва уларни кўрган ҳар бир инсоннинг севгисини қозонарди.  Ҳеч нимани ва ҳеч кимни динидан афзал кўрмасдилар.
***
Бир куни уйларига яқин қариндоши бўлган Жулас ибн Сувайд ибн Самит келиб шундай деди:
– Агар ўша одам тўғри сўзлаётган бўлса, биз эшаклардан ҳам ёмон эканмиз, – деди. Жулас “ўша одам” деб Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутаётганди. Жулас Исломга қўрққанидан кирганди.
Бу сўзни эшитган Умайр ибн Саъд қаттиқ ғазабландилар, бироқ нима қилишини билмай саросимага тушдилар. Ғазабларига сабаб, мусулмонликни даъво қилган бир одамнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёмон сўз айтгани эди. Саросимага тушганликларига сабаб, эшитиб қабул қила олмаганларига нисбатан масъулият ҳисси эди. Эшитганларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтсинми? Ёки сукут сақлаб, эшитганларини унутсинми? У ҳолда залолатдан ҳидоятга эришишига сабаб бўлган, зулматдан ойдинликка чиқарган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган вафо қаерда қолади?!
Буларни ўйлаб тез ўзларини қўлга олдилар ва ҳақиқий тақво соҳибларига хос йўлни танладилар. Жулас ибн Сувайдга дедилар:
– Эй Жулас! Сен менинг энг яқин ва яхши кўрган қариндошимсан, бундан ташқари сенинг бошингга бирор бало келишини ҳеч истамайман. Ҳозир бир гап айтдингки, агар бу ҳақда айтсам, сенга зарар келади. Сукут сақласам диним ҳалок бўлади. Бироқ диннинг ҳаққи вафоли бўлишдан афзалроқ. Шунинг учун айтганларингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказаман.
    Шу тариқа Умайр розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ қўрқуви билан тўлган қалблари бироз енгил тортди. Бу билан Умайр Жуласга тавба қилиб, сўзини қайтиб олиш имконини берган эдилар. Бироқ Жулас бундай қилмади. Агар тавба қилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб ўтган ишларни айтишга ҳожат қолмасди.
Шундан сўнг Умайр розияллоҳу анҳу:
– Мени сенинг гуноҳингга шерик қилувчи бирор оят тушмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар қилай, – деб у ердан тез кетдилар.
    Бўлиб ўтган ишдан хабар топган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жуласни олиб келиш учун одам жўнатдилар. Жулас бўлиб ўтган ишларни инкор қилди, бунинг устига Аллоҳ номига қасам ичди.
    Шу он ҳақ ва ботилни бир биридан ажратувчи ояти карима нозил бўлди:
يَحْلِفُونَ بِاللّهِ مَا قَالُواْ وَلَقَدْ قَالُواْ كَلِمَةَ الْكُفْرِ وَكَفَرُواْ بَعْدَ إِسْلاَمِهِمْ وَهَمُّواْ بِمَا لَمْ يَنَالُواْ وَمَا نَقَمُواْ إِلاَّ أَنْ أَغْنَاهُمُ اللّهُ وَرَسُولُهُ مِن فَضْلِهِ فَإِن يَتُوبُواْ يَكُ خَيْراً لَّهُمْ وَإِن يَتَوَلَّوْا يُعَذِّبْهُمُ اللّهُ عَذَاباً أَلِيماً فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَمَا لَهُمْ فِي الأَرْضِ مِن وَلِيٍّ وَلاَ نَصِيرٍ {74}

“(Ёмон сўз) айтмадик, деб Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Ваҳоланки, куфр сўзини айтганлар ва ислом (динини қабул қилган)ларидан кейин (яна) куфрга қайтганлар ҳамда ета олмаган нарсаларига қасд қилганлар. Аллоҳ ва (Унинг) Расули уларни (Пайғамбар ва саҳобаларини) фазли (ўлжалар) билан бойитиб қўйгани учунгина (мунофиқлар) уларни ёқтирмадилар. Бас, агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши. Борди-ю, бош тортсалар, Аллоҳ уларни ҳам бу дунё, ҳам охиратда аламли азоб билан азоблагай. Ер (юзи)да уларга на бир дўст ва на ёрдам берувчи бор” (Тавба сураси, 74-оят).
Жулас ўзининг қилган хатосини тасдиқ этувчи ва тавба қилишига имкон берувчи оятдан сўнг, тавбв қилди. Умайр розияллоҳу анҳунинг бу ҳаракатлари Жулас учун яхшилик ва барокот бўлди. Шундан сўнг Жулас динини гўзаллаштирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умайрга яқин келдилар ва унинг қулоғига шундай деб шивирладилар:
– Эй йигит! Қулоғинг вазифасини адо этди ва Роббинг сени тасдиқлади!
***
Маълумки, мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳу волийларни танлашга ҳаёт-мамот масаласи каби ёндашар, уларни амир ва волий бўлишдан қочган, фақатгина мажбурликдан рози бўлган, тўғри сўзли, ишончли ва Аллоҳдан қўрқадиган зоҳид кишилардан танлардилар.
Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган шу сўзлар одамларнинг тилларидан тушмасди:
– Амири бўлмаган бир жамоа ичида уларнинг амири каби. Амири бўлган жамоа ичида эса улардан истаган бири каби ҳаракат қилган одамни истайман. На уст бошида, на емагида ва на масканида инсонлардан ажралиб турмаган, одамларга намозни ўқитган, ораларида ҳақ ила улуш берган ва уларга адолат билан ҳукм қилиб эшигини доим очиқ тутган волий истайман.
Шунча қатъий тартиблар қаршисида Умайр ибн Саъд Ҳумусга волий этиб тайинландилар. Умайр розияллоҳу анҳу бундан қутулишни истадилар, бироқ халифа Умар уларни бунга мажбур қилдилар.
Умайр Аллоҳдан хайр сўраб вазифасига киришдилар. Ҳумусда бир йил умр кечирган бўлсаларда, Мадинага закот юбормадилар, ҳаттоки халифага бир марта ҳам мактуб жўнатмадилар.
Шундан сўнг Умар котибини чақириб:
– Умайрга биз тарафга келишини сўраб ёз, – деб буюрдилар.
***
Мадина кўчаларида узоқ муддатли йўл азобидан қаттиқ ҳориб, қадамларини зўрға ташлаб келаётган, усти чанг ва сочлари ёйилган бир одам кўринди. Ўнг елкасида идиш-товоқ солинган бир ҳалта, чап елкасида эса кичик бир меш бор эди. Озғин ва заиф танаси билан бир асога суянганча келарди. Бу одам Умар розияллоҳу анҳунинг мажлисларига келдилар ва:
 – Эй мўминлар амири сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, – деди.
Умар розияллоҳу анҳу саломга алик олдилар ва йўловчининг ҳолига раҳми келиб сўрадилар:
– Эй Умайр аҳволинг қандай?
Умайр розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:
– Кўриб турганингиздек, соғлигим ва дунё учун керакли матоҳларни ортимдан судраб юрибман.
– Ёнингда нима бор?
– Ёнимда емагим, идиш тровоқларим солинган қопча ҳамда ичиш ва таҳорат учун мешда сув бор. Суяниш ва душман келса, ҳимояланиш учун таёғим бор. Аллоҳга қасамки, дунё менинг истакларимга тобе бўлган мана шу нарсалардан иборат ҳолос.
– Пиёда келдингми?
– Ҳа.
– Миниш учун уловини берадиган бирор кимса топа олмадингми?
– Улар бермадилар, мен ҳам сўрамадим.
– Сенга топширган вазифамизни нима қилдинг.
– Мени юборган жойингизга бордим. Аҳолисидан солиҳ кишиларни тўпладим. Уларга моллар ва закотларни тўплаш вазифасини топширдим. Тўплаганлари ҳамоноқ молларни керакли шаклда тақсимладим. Агар улардан бирор нарса қолганда, уни сизга келтирардим.
– Бизга ҳеч нарса келтирмадингми?
– Яхшилик келтирдим.
Умар хайрат билан баланд овозда котибига хитоб қилдилар:
– Умайрнинг хизмат вазифаси вақтини узайтиринг.  
Умайр розияллоҳу анҳу бунга эътироз билдириб, энди ўзлари учун яшамоқчи эканликларини айтдилар.
***
    Умайр ибн Саъд нафс ва ўткинчи дунё устидан ғалаба қозонган зотлардан эдилар. Бу улуғ зотга волийлик вазифаси топширилганда Аллоҳга бўлган муҳаббати ва қўрқуви туфайли фақатгина хайрли ишларда бардавом бўлдилар. Ҳумусга волий бўлган вақтларида жамоатга юзланиб:
– Ислом мустаҳкам девор ва қалин эшикдир. Унинг девори адолат, эшиги эса ҳақдир. Девор йиқилиб эшик синса, Ислом мағлуб бўлади. Ҳокимиятнинг соғлом бўлиши эса қилич билан чопиш, қамчи ила уриш дегани эмас.

Орқага Олдинга