Ёш бўлишига қарамай, ансорийлар уларга қаттиқ ҳурмат-эҳтиром ва эътиборига сазовор бўлган ёш йигитлардан бири Қайс ибн Саъд ибн Убода эдилар. Улар арабларнинг энг сахий ва энг олийнасаб оиласидан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
– Аниқки, сахийлик бу оиланинг энг қадрли жиҳатларидандир.
Ансордан бўлган ушбу ҳазражлик саҳоба, доимо иззат-ҳурматда бўлган оиланинг фарзанди эдилар. Гўзал аҳлоқлари эса наслдан-наслга мерос бўлиб ўтганди. Улар Ҳазражнинг раиси Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Саъд мусулмон бўлишлари билан ўғиллари Қайснинг қўлидан тутдилар:
– Бу сизнинг хизматчингиздир, эй Аллоҳнинг Расули! – деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келтирдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қайсда гўзал фазилат ва қобилиятни кўрдилар. Уларга яқинлашдилар ва ўзларига ҳам яқин тутдилар. Қайс эса бу яқинликни доимо муҳофаза қилдилар ва бунга муносиб бўлдилар.
Улар ҳийла, маҳорат ва заковат борасида шундай доно эдиларки, бу ҳақда ҳазрат Қайснинг ўзлари шундай дейдилар:
– Ислом бўлмаганда шундай бир тузоқ қурар эдимки, бутун араб жамоаси жам бўлса ҳам уни англашга ва ўхшашини топишга кучлари етмасди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур саҳобаларидан бўлган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Қайснинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлиги, давлат ҳавфсизлиги бошлиғининг давлат бошлиғига яқинлиги каби эди.
Исломдан аввал инсонлар ҳазрат Қайсни доноликлари учун ҳурмат қилишар, уларнинг ақли ҳеч қачон панд бермаслигига ишонар эдилар. Мусулмон бўлгач Ислом уларга инсонларнинг катта-кичиклигига қараб эмас, балки ихлосларига қараб муомала қилишни ўргатди. Бутун вужудлари билан Исломга ўзларини бахшида қилган саҳобий бўлдилар.
Қайснинг боболари сахийликда Мадинада донг таратган инсонлардан бўлиб, кундузи мусофирларга емак тарқатар, кечаси эса бошпанасиз йўловчиларни уйларига таклиф қилар эдилар. Шу сабаб одамлар орасида шундай гап юрарди:
– Ким таомланиш ва ётиш учун жой қидираётган бўлса, Дулайм ибн Ҳорисанинг кўшкига борсин.
Мана шу эски кўшк Қайсда сахийлик фазилатини шакллантирганди.
Абу Бакр ва Умар Қайснинг меҳмондўстлиги ҳақида ўзаро суҳбатлашиб шундай дегандилар:
– Агар бу йигитни сахийлиги ила ёлғиз қолдирсак, аниқки отасининг молини шу йўлда тугатарди.
Қайс бир куни танг аҳволда қолган бир қариндошларига ҳисобида қарз бердилар. Қарзни тўлаш фурсати етгач, қарздор Қайснинг ҳузурларига қарзни келтирди, бироқ Қайс уни қабул этмай шундай дедилар:
– Биз берган нарсамизни қайтиб олмаймиз.
Сахий инсонда қаҳрамонлик ва жасурлик ҳам бўлади. Агар бир инсон сахийлик қилсаю бироқ жасур бўлмаса, демак унинг фитратида сахийлик йўқ. Бу фақатгина риё ва кибр сабаб вужудга келган ҳаракат бўлади ҳолос.
Қайс бир қўллари билан сахийликнинг ипини тутган бўлсалар, иккинчи қўллари билан қаҳрамонликнинг қўлидан қаттиқ тутгандилар. Қаҳрамонликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган барча жангларда эътироф этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ҳам бўлиб ўтган жангларда катта жасорат кўрсатдилар.
Сиффин, Жамол ва Наҳравон жангларида Қайс энг жасур қаҳрамонлардан бирлари бўлдилар. Ансорнинг байроғини баланд кўтариб шундай деб ҳайқирардилар:
– Бу Жаброил бизга ёрдам қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларини ўраган байроғимиздир.
Кучли заковат соҳиби бўлган Қайс Мадинаи Мунавварада ҳижрий эллик тўққизинчи йилда вафот этдилар.