loader

Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу

Мадиналиклардан етмиш эркак ва икки аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган иккинчи Ақоба байъатида Ҳабиб ибн Зайд ва оталари Зайд ибн Осим ҳам бор эдилар. Оналари Нусайба бинти Каъб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк байъат берган икки аёлдан бири эдилар. Иккинчи аёл ҳам Ҳабибнинг ҳолалари эдилар.
Ҳабиб ибн Зайд мана шундай шарафли оиланинг фарзанди, иймон ва Ислом қон-қонига сингиб кетган мўмин эдилар. Мадинага ҳижратдан сўнг ҳеч бир жанг ва дин йўлидаги бирор вазифани қолдирмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлдилар.
Ислом қуёши ер юзини ёритишни бошлаган пайтларда одамларни залолатга бошлаган икки ёлғончи пайғамбарлик даъвоси билан ўртага чиқди. Бири Санода бўлиб, исми Асвад ибн Каъб ал-Ансий эди. Иккинчиси эса Ямомада бўлиб, исми Мусайламат-ул Каззоб эди.
Бу икки олчоқ ўз қабилаларида Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюрган вазифаларини адо этиш учун келган мўминларга ва ўша ерларга юборилган Ислом элчиларига аҳолини қарши қайраб, бу ҳам етмагандек ҳаддиларидан ошиб пайғамбарлик даъвоси билан чиқдилар ва ер юзида фисқу фасод уруғларини ёя бошладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ёлғончи Мусайламанинг элчиси келди ва у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги сўзлар ёзилган мактубни узатди:
“Аллоҳнинг элчиси Мусайламадан Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадга салом бўлсин. Сиз билан бирга Пайғамбарликка шерик қилиндим. Ер юзининг ярми бизники, ярми эса Қурайшникидир. Бироқ Қурайш жанговар қавмдир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам котиб саҳобийлардан бирини чақиртирдилар ва Мусайламага шундай жавоб ёздирдилар:
“Раҳмон ва Раҳийм бўлган Аллоҳ номи ила. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан ёлғончи Мусайламага. Салом ҳидоятга тобеъ бўлганларга бўлсин. Ер юзи Аллоҳникидир. Қулларидан истаганига беради ва оқибат тақво соҳиблариникидир!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларида нурафшон тонг каби нур бор эди. Пайғамбарликни мулк деб ўйлаган ва ер юзининг ярми билан инсониятнинг ярмини исташдек сурбетликка борган Баъни Ҳанифа олчоғининг ёлғони фош фош бўлганди.
Мусайламанинг элчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак хатларини келтирди. Мусайлама эса тўқиб олган фисқу фасодини ёйишда, мўминларга азият бериб одамларни уларга қарши қайрашда давом этди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бу қилаётган аҳмоқона ишини ташлашини насиҳат қилувчи бир мактуб юборишга аҳд қилдилар.
Ҳабиб Мусайламани адашган йўлдан қайтишига сабаб бўлиш истагида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажариш учун одамлар билан йўлга тушдилар.
Йўловчилар кўзлаган манзилга етиб келдилар. Ёлғончи Мусайлама нури кўзларни қамаштириб юборадиган мактубни очди. Уни ўқигач, залолат ва кибрда ҳаддидан ошиб кетди.
Мусайламада на ақл бор эди, на аслзодалик. Шу сабаб араблар одати бўйича элчиларга кўрсатиладиган ҳурмат-эътибордан ҳам бехабар эди. У каззобда мардликдан асар ҳам бўлмагани сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларини ўлдиришдек разилликка борди.
Тақдир бу буюк дин учун ўзини қурбон қилган ва бошқаларга улуғ намуна бўлган шахс сифатида Ҳабиб ибн Зайдни танлаган эди.
Ёлғончи Мусайлама қавми учун муҳим кун бўлган бир кунда қавмини бир ерга тўплади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиси Ҳабиб ибн Зайд золимлар қўлида шиддатли азоблар чеккан ҳолда келтирилди. Улар Ҳабибни ўлимдан қўрқиб Мусайламага Иймон келтиришига ишонишганди. Азоблаганларининг сабаби ҳам шу эди аслида. Шу тарзда бу омадсиз олчоқ алдаганларининг қаршисида мўжиза кўрсатгандек бўларди.
Мусайлама Ҳабибга шундай деди:
– Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига шаҳодат келтирасанми?
– Ҳа, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига шаҳодат келтираман.
Юзи қўрқувдан сарғайган Мусайлама саволда давом этди:
– Мени ҳам Аллоҳнинг элчиси эканимга шаҳодат келтирасанми?
Ҳабиб Мусайламага нафрат тўла нигоҳлари билан қарадилар ва дедилар:
– Мен карман, эшитмаяпман.
Мусайламадаги қўрқув, адоват ва пасткашликка алмашди. Кўзлаган режаси чиппакка чиққанидан ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Ёлғони йўлида Ҳабибга чектирган азоблари ўзининг зарарига бўлди ва мўжизасига гувоҳ қилиш учун тўплаган қавми олдида шарманда бўлди.
Кейин у бўғизланган ҳўкиз каби ўкириб жаллодини чақирди. Жаллод Ҳабибга қилич билан зарба берди.
Буюк қаҳрамон Ҳабиб ибн Зайд эса мисли кўрилмаган бу шиддатли исканжа қаршисида:
– Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, – деб шаҳид бўлдилар.
Ўша онда Ҳабиб розияллоҳу анҳу жонини қутқариш мақсадида “Ҳа”, десалар на иймонлари камаярди, на Исломга зарар етарди. Бироқ ота-онасию холаси билан бирга Ақоба байъатида иштирок этган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган бу буюк иймон эгаси ҳаётининг сўнгги дамида каззоб одамнинг хоҳлаган гапини айтишни истамади.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қадрли элчисининг шаҳидлик хабари келганда Ул зот Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг нури ила Мусайламанинг келажакда қандай тақдир кутаётганини кўраётгандек эдилар.
Ҳабиб розияллоҳу анҳунинг оналари Нусайба ўғилларининг хунини олиш учун кун санардилар. Охири Мусайламанинг шахсан ўзидан ўғлининг қасосини олишга, найзани унинг жирканч танасига суқишга онт ичдилар.
Қисқа муддатдан сўнг Ямома жангига қарор берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халифаси Абу Бакр Сиддиқ Мусайлама катта қўшин тўплаган Ямомага Ислом қўшинини ҳозирладилар. Нусайба ҳам аскарлар билан бирга йўлга чиқдилар. Ўнг қўлларида қилич, чап қўлларида найза тутган ҳолда:
– Аллоҳнинг душмани Мусайлама қаерда? – деб жанг майдонига отилди. Мусайлама ўлдирилиб, Ислом байроқлари юқори кўтарилганда ҳазрат Нусайба муборак таналари қилич ва найза яралари билан тўла, суюкли ўғилларининг қасосини олгандилар.

Орқага Олдинга