loader

Ҳолид ибн Валид розияллоҳу анҳу

Ҳолид ибн Валид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “Қандай хайрли қул”, деб таъриф берилган саҳобий ҳисобланадилар.
Насаблари: Ҳолид ибн Валид ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Маҳзум. Оналарининг исмари Лубоба бўлиб, Маймуна онамизнинг яқин қариндошлари эди. Ҳолиднинг лақаби Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Муто жангида кўрсатган қаҳрамонлиги сабабли “Аллоҳнинг қиличи” деб мақтаган эдилар. Кунялари Абу Сулаймон бўлиб, ҳижрий еттинчи йилда мусулмон бўлдилар.
Ҳолид ибн Валиднинг туғилган саналари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Макканинг обрў-эътиборли оилаларидан бири бўлган Баъни Маҳзум оиласида дунёга келганлар. Қўшинга қўмондон бўлиш Ҳолид ибн Валид уруғларининг имтиёзи бўлиб, Уҳуд жанги ва Ҳудайбия сулҳи асносида Ҳолид ибн Валид Қурайш қўшини қўмондонларидан бири эди.
Ҳудайбия сулҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умра учун Маккага боргач, Ҳолиднинг аввал мусулмон бўлган акалари Валиддан укалари ҳақида сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Валидга Ҳолид каби бир инсоннинг мушриклар орасида юриши ақлга сиғмайдиган иш эканини билдирдилар.
Валид укаларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илтифотларини билдирувчи бир мактуб жўнатдилар. Шундан сўнг Ҳолид мусулмон бўлиш учун Маккадан Мадина томон йўлга чиқдилар. Йўлда Амр ибн Осга дуч келиб, мақсадлари бир экани маълум бўлгач, манзилга икки биродар бирга келдилар ва мусулмон бўлдилар.
Ҳолид ҳижрий саккизинчи йилда бўлиб ўтган Муто жангига оддий аскар сифатида қатнашдилар. Қўшин қўмондонлари кетма-кет шаҳид бўлавергач, асҳоблар маслаҳатлашиб қўмондонликни Ҳолид ибн Валидга топширдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада ўтирган жойларида жангда шаҳид бўлган қўмондонлар ҳақда асҳобга хабар бердилар ва охирида қўмондонлик Аллоҳнинг қиличларидан бирига насиб этганини айтдилар. Шу воқеадан сўнг Ҳолид Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) дея танилдилар. Ҳолид ибн Валид қўмондонликка олган қўшинини душманга мағлуб эттирмай, Мадинага қайтариш вазифасини уддалай олдилар.
Ҳолид ибн Валид Макка фатҳида суворийлар қўмондони эдилар. Қўшиннинг ўнг қанотини назорат қилар ва Макка фатҳи пайтида мусулмонларга қарши чиққан кичик гуруҳлар билан олишардилар.
Ҳунайн ғазотида Ҳолид ибн Валид буюк жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатдилар. Ҳатто бу жангда яраланган ҳолда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан шифо топдилар.
Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Наҳладаги Уззо бутини йиқитиш вазифасини Ҳолид ибн Валидга топширдилар. Ҳолид ибн Валид Уззо бутини  ер билан яксон қилиб ортга қайтдилар.
Тоифни қамал қилишда иштирок этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Думат-ул Жандалнинг насроний амири Укайдирнинг устига Ҳолид ибн Валидни жўнатдилар. Ҳолид Укайдирни ов қилаётган вақт қўлга туширдилар ва таслим бўлмаган укасини ўлдирдилар. Яна бир укаси ва Укайдирни асир олиб ўлжалар билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳузурларига келтирдилар.
Ҳижрий ўнинчи йили Ҳолид ибн Валид Нажронга Баъни Ҳорисни Исломга даъват қилиш учун юборилди. Уларни уч кун Исломга даъват қилдилар. Ниҳоят Нажрон ҳалқи мусулмон бўлди.
Абу Бакр халифа бўлганларидан сўнг Ҳолид ибн Валидни ёлғончи пайғамбарлар устига юбордилар. Улар ёлғончи Пайғамбар Тулайҳа ибн Ҳувайлидни Бузоҳада мағлуб қилдилар, сўнг Баъни Тамим устига юриш қилиб Малик ибн Нувайро қўмондонлигидаги қўшин билан олишдилар.
Маликни қуролини ташлашига қарамай асир олдилар ва ўлдирдилар. Умар Ҳолиднинг бу ишини ҳатолигини айтиб танбеҳ бердилар.
Бироз вақт ўтиб Мусайламат-ул Каззобга қарши сафарга чиқдилар ва уни Ямома чегарасидаги Ақроба деган ерда мағлуб этдилар.
Ёлғончи Пайғамбарлар билан бўлган жангдан сўнг закот беришдан бош тортган қабилалар устига юриш қилдилар. Уларни ҳам мағлуб этдилар.
Ҳижрий ўн иккинчи йили Ҳолид эронликларга қарши қўшинга қўмондон бўлдилар. Икки ой давомида Эрон қўшинларини мағлуб этиб, Фрот дарёси атрофини халифалик давлати тасарруфига  киритдилар.
Шом чегарасида византияликларнинг қўшин ҳозирлаганликлари тўғрисида хабар келгач, халифалик марказидан Ҳолидга Ироқ ҳудудидаги қўшин қўмондонлигини Мусаннага топшириб, Шомга кетиши амр қилинди. Улар ҳижрий ўн учинчи йили Византияликларни Ажнодайнда мағлуб этиб, Шомга йўл олдилар.
Ҳолид шаҳарни қамалга олиб, ҳижрий ўн тўртинчи йилнинг ражаб ойида Дамашқ шаҳрини забт этдилар. Кейин эса Ҳумусни фатҳ этдилар.
Ярмуқ жангида византияликларни мағлуб этдилар. Қуддусни қамалга олдилар, сўнг шаҳар таслим бўлди. Бутун Шом минтақаси мусулмонларнинг қўлига ўтди.
Ҳижратнинг 17 йилида Умар Ҳолид ибн Валидни қўмондонликдан олдилар. Умар узоқни кўра оладиган ақлли инсон бўлганликлари сабабли инсонлар Ислом фатҳлари ва муваффақиятларини Ҳолид ибн Валид номи билан боғлаб қўяётгани ва зафарларга фақат уларнинг кучи билан эришилмоқда, деган нотўғри қарашлар юзага келиши мумкинлигидан хавфсирагандилар.
Умар Ҳолид ибн Валидни илтифот ва иззат икром билан кутиб олдилар. Уларга идора ишларни топширдилар. Ҳоли бир йилча волийлик қилдилар сўнг истефо олдилар.
Ҳолиднинг энг катта орзулари жанг пайти шаҳид бўлиш эди. Аллоҳ йўлида жанг қилаётган вақт Ҳолид ўзини Аллоҳга яқин ҳис қилардилар. Бу ҳақда Ҳолиднинг ўзлари шундай дейдилар:
– Мен Аллоҳ йўлида жанг қилаётган вақтимдаги завқни ҳаттоки никоҳ кечасида ҳам ололмайман.
Ҳолид ибн Валид Эрон устига юриш қилаётганларида уларга шундай хабар жўнатдилар:
– Сизлар дунёни қандай севсангиз, охиратни шундай севадиган бир қўшин билан устингизга келяпман.
Ҳолид ширк ва куфрга қарши қаттиқ турардилар. Мусулмон бўлганларидан бир йил ўтиб, Уззо бутини йиқиш учун борганларида Уззога қараб шундай мазмундаги шеърни айтдилар:
– Эй Уззо, бу келиш сенга таъзим учун эмас, сени инкор қилиш учундир. Чунки мен кўрдимки, Аллоҳ сени ҳеч қандай қийматсиз ҳолга солиб қўйди.
Ҳолид нафақат жасур қўмондон, балки турли фазилат ва ақл- заковат борасида ҳам етук эдилар. Фурсат топган заҳоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўларди. Мадинада Ул зоти шарифнинг атрофларида бўлган илму ирфон асҳоблари орасида Ҳолиднинг ҳам бўлганликлари манбаларда қайд этилади. Уч тўрт масала юзасидан фатво берганликлари ҳам  ривоят қилинган.
Ҳолид розияллоҳу анҳунинг Буҳорий, Муслим ва бошқа ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ўн саккизта ҳадислари келтирилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳолиднинг шижоат ва жасоратини турли вақтларда турлича мадҳ этганлар. Макка фатҳидан сўнг мусулмонлар ҳар тарафдан тўпланиб Маккага кирган пайтларида Ҳолид кўриндилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Абу Ҳурайрадан сўрадилар:
– Бу келаётган одам ким?
– Ҳолид ибн Валид, – деб жавоб бердилар Абу Ҳурайра.
Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
– У Аллоҳнинг қандай хайрли бир қулидир.  
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан буюк ҳурматлари ва муҳаббатлари бўлган Ҳолид Ул зоти шарифнинг исмларига саловат қўшилмай айтилганда қаттиқ хафа бўлардилар.
Жангларда қозонган ғалабаларини  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак соқолларидан уч тўрт донасини ён чўнтакларида олиб юрганликлари билан боғлаганлар.

Орқага Олдинга