Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динини яширин тарғиб этаётган вақтлар эди. Бир неча киши мусулмон бўлганди. Шу орада Ҳолид ибн Саид бир туш кўрди. Тушида Жаҳаннамнинг четида турар экан, отаси келиб уни Жаҳаннамга қулатмоқчи бўлди. Шу пайт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб унинг белидан тутиб, Жаҳаннам тубига тушишидан асраб қолдилар. Ҳолид Фарёд кўтариб уйғонди ва ўзига ўзи шундай деди:
– Валлоҳи бу туш ҳақиқат.
Ташқарига чиққан эди, Абу Бакрга дуч келди. Уларга туши ҳақида сўзлаб берди. Абу Бакр шундай дедилар:
– Кўрган тушинг хайрли бўлсин! Бу киши Аллоҳ таолонинг Пайғамбаридир. Дарҳол унинг ёнига бор ва айтганларини бажар. Сен Ул зотга эргашиб, йўлларидан бор. Улар эса тушингда кўрганингдек сени жаҳаннамдан асрайдилар.
Ҳолид ибн Саид ҳамон кўрган туши таъсирида эди. Вақтни бой бермай дарҳол Ажёд деган жойга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига йўл олди. Уларнинг ҳузурларига бориб шундай деди:
– Эй Муҳаммад! Сиз инсонларни нимага даъват қиляпсиз?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб жавоб бердилар:
– Мен инсонларни тенги ва шериги бўлмаган ягона Аллоҳга ва менинг Унинг қули ва Пайғамбари эканимга иймон келтиришларига; эшитмайдиган, кўрмайдиган, ҳеч қандай зарар ва фойда бера олмайдиган; ўзларига топинганларни ҳам топинмаганларни ҳам билмайдиган бир неча тош бўлакларига сиғинишдан воз кечишга даъват қиламан.
Шундан сўнг Ҳолид ибн Саид:
– Мен шаҳодат қиламанки, Аллоҳдан бошқа топинадиган илоҳ йўқдир ва яна шаҳодат қиламанки, Сиз Аллоҳ таолонинг Пайғамбарисиз, – деб мусулмон бўлдилар.
Уларнинг мусулмон бўлишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда қувонтирди. Ҳолид ибн Саид аёллари Умайяга Ислом дини ҳақда сўзлаб бердилар. Аёллари ҳам дарҳол Исломни қабул қилдилар. Укаларини ҳам Исломга даъват қилдилар. Укалари Амр ибн Саид ҳам мусулмон бўлдилар.
Исломнинг энг катта душманларидан бўлган Абу Уҳайҳо ўғли Ҳолид ибн Саиднинг мусулмон бўлганларидан хабар топди. Макканинг бир ерида ёлғиз ҳолда намоз ўқиётганларини эшитгач, фарзандларидан мусулмон бўлмаганларини жўнатиб уларни олиб келтирди. Ҳолид ибн Саидга Исломдан дарҳол воз кечишларини буюрди. Уриб-калтаклаб, шундай деди:
– Сен Муҳаммадга эргашдингми? Наҳотки унинг ўз қавмига қарши ҳаракат қилиб, келтирган дини билан бутларимизни ва ота-боболаримизни айблаётганини кўрмаётган бўлсанг!
Ҳолид ибн Саид шундай жавоб бердилар:
– Аллоҳга қасамки, Улар тўғри сўзламоқдалар. Ўлсам ҳам бу диндан қайтмайман.
Абу Уҳайҳо қаттиқ ғазабланди. Қўлидаги таёқ билан Ҳолид ибн Саиднинг бошларига хумордан чиққунга қадар урди, сўнг шундай деб бақирди:
– Эй залил, ноқобил ўғил! Истаган ерингга бор! Қасамки, сенга бир бурда нон ҳам бермайман.
– Сиз менинг нафақамни кессангиз, Аллоҳ таоло менга кун кечиришим учун ризқимни эҳсон қилади.
Шундан сўнг отаси бошқа ўғилларига деди:
– Агар сизлардан бирортангиз у билан гаплашадиган бўлсангиз ундан ҳам баттарроқ аҳволга соламан.
Ҳолид уйнинг ертўласига қамаб қўйилди. Уч кун офтоб тиғи остига оч ва сувсиз ҳолда қолдилар. Ҳолид ибн Саид пайт пойлаб, ертўладан қочиб қутилдилар.
Макка мушрикларининг мусулмонларга қилаётган зулми кундан-кунга ортиб борарди. Адоғи кўринмаётган бу қийноқлар ва азиятлар барчани жондан тўйдиргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишлари учун изн бердилар. Зеро у ерда тинч яшашлари мумкин эди.
Ҳолид ибн Саид аёллари билан бирга ҳижрат қилаётган вақтда отаси қаттиқ хасатланиб, ётоққа миҳланди. Шу ҳолида ҳам:
– Бу хасталикдан қутулиб оёққа турсам, Маккада бирор кимса бутлардан бошқасига итоат қилмайди, – дер эди. Бироқ хасталик уни сўнгги манзилга олиб кетди.
Ҳабашистонга ҳижрат қилиш учун Маккадан чиққан илк мусулмонлар Ҳолид ибн Саид ва аёллари бўлди. Улар билан бирга қурайшлик мусулмонлардан бир қанчаси Ҳабашистонга йўл олди. Ўн йилдан ортиқ у ерда қолдилар. Фарзандлари Саид ва қизи Умму Ҳолид ўша ерда туғилиб-ўсишди.
Ҳолид ибн Саид, укалари Амр ибн Саид ва Жаъфар ибн Абу Толиб Ҳабашистондан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига, Мадинага келдилар. Бу пайтда Ҳайбар фатҳи бўлаётганди. Ўлжалардан бир ҳисса Ҳолидга ҳам ажратилди.
Шундан сўнг Ҳолид ибн Саид аввал Умрат-ул қазога, кейинроқ Макка фатҳига, Хунайн жангига, Тоиф ва Табук сафарларига қатнашдилар. Бироқ Бадр ва Уҳуд жангларида қатнаша олмаганларидан қаттиқ ҳафа эдилар. Бу қайғусини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганларида улар:
– Хафа бўлишингга ҳожат йўқ! Бошқалар бир марта ҳижрат қилган бўлишса, сизлар икки марта ҳижрат қилдингиз, – деб Ҳолид ибн Саиднинг кўнглини кўтардилар.
Ҳолид ибн Саид илк мусулмонлардан бўлиш билан бир қаторда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга котиблик ҳам қилардилар. Қизлари Умму Ҳолид ҳам оталарининг Ҳадича, Абу Бакр, Али ва Зайд ибн Ҳориса, Саъд ибн Абу Ваққосдан кейинги олтинчи мусулмон бўлганларини айтганлар.
Ҳолид ибн Саид Мадинаи Мунавварага келганларидан сўнг ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли ёзишув ва мактуб ишларини уларга топширдилар.
Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Тоифда яшайдиган Бани Сақифдан келган ҳайъат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларида бўлиб ўтган ёзишмаларни ва сулҳ келишувини Ҳолид ибн Саид ёзгандилар. Кейинчалик Ҳолид ибн Саид Мадинада закот бўйича маъмур, Яманга волий бўлдилар. Ҳолид Ямандаги вазифаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига қадар давом эттирдилар.
Абу Бакрнинг халифалик йилларида Исломдан чиққан, “Намоз ўқиймиз, бироқ закот бермаймиз”, деган гуруҳларга қарши муҳорабаларга қатнашиб, муртадларнинг ва бузғунчиларнинг ҳаракатларини бостириш бўйича вазифа олдилар.
Византия ва Ярмуқда қаттиқ жангларда бўлдилар. Қирқ олти минг кишилик Ислом қўшинига қарши икки юз қирқ минг кишилик Рим қўшини бор эди. Юз минг душман аскари ўлдирилди, уч минг мусулмон шаҳид бўлди. Бу орада халифа Ҳолид ибн Саидга қўшиннинг бир қисмига қўмондонлик қилиш вазифасини топширдилар. Бўлиб ўтган жангларнинг бирида Ҳолид ибн Саиднинг ўғиллари Саид ибн Ҳолид шаҳид бўлдилар.
Шомнинг олинишида ва Фиҳл муҳорабасида қаҳрамонларча жанг қилган Ҳолид ибн Саид 635 йилда Ислом қўшини билан бирга Маржи Сафар деган ерга келдилар. Эртасига душман устига юриш қилинди. Ҳолид ибн Саид дарҳол олд сафларга ўтиб солиша бошладилар. Душман аскарларидан бири ўзига олишиш учун бир жангчи сўради. Ҳолид ибн Саид дарҳол ўртага югуриб чиқдилар ва душман аскари билан солиша кетдилар. Шу майдонда Ҳолид ибн Саид розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.