loader

Хотиб ибн Абу Балто розияллоҳу анҳу

Асҳобнинг муҳожирларидан ва Бадр жанги қатнашчиларидан бўлган Хотиб ибн Абу Балтонинг кунялари Абу Муҳаммад ва Абу Абдуллоҳдир. Хотиб ибн Абу Балтонинг Ямандаги Қаҳтоний қабиласи ёҳуд Нажм ибн Одий қабиласига мансуб эканликлари қайд этилган.   
Хотиб ёшликларида Ямандан Маккаи Мукаррамага келадилар. Бу ерда уйланиб, бир неча фарзанд кўрадилар. Хотиб ибн Абу Балто мусулмон бўлишлардан аввал машҳур шоир ва яхши суворий эдилар.
Ҳижратдан аввал Ислом билан шарафланадилар. Маккалик мусулмонлар билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал Мадинага ҳижрат қиладилар. Мадинада бир муддат Ансорийлардан Мунзир ибн Муҳаммаднинг уйларидан меҳмон бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хотибни Ансордан Ҳолид ибн Роҳила ила қардош деб эълон қиладилар.
Хотиб ибн Абу Балто кучли иймон соҳиби бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари боис ўзларини уларга таслим этгандилар.
Бадр, Уҳуд, Ҳандақ жангларида ва Байъати Ризвон, Ҳудайбия сулҳларида қатнашдилар. Бадр жанги мусулмонлар ва мушриклар ўртасида бўлиб ўтган илк жанг эди. Бу жангда қатнашган асҳоби киром кўрсатган жасорат, сабр, фидокорлик ва Расулуллоҳга бўлган итоатлари туфайли Аллоҳ таоло Бадр жангида қатнашган 313 саҳобийнинг жаннатга эришишларини хабар берган. Хотиб ибн Абу Балто ҳам ушбу мужда насиб этган саҳобийдирлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 1400 га яқин асҳоблари билан бирга ҳаж нияти ила Мадинадан йўлга чиққандилар. Хотиб ҳам улар орасида эдилар. Бундан хабар топган Макка мушриклари уларни Маккага киргазмасликка қарор қилишди. Элчи қилиб жўнатилган Усмондан хабар келмагач, бу ердаги мўминлар жонларини фидо қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўришга сўз бергандилар. “Байъати Ризвон” номи берилган ушбу ҳодисани Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Фатҳ сураси 18-оятида хабар қилиб, улардан рози бўлганини бирдиради. Ушбу оят маъно таржимаси қуйидагича:
لَقَدْ رَضِيَ اللَّهُ عَنِ الْمُؤْمِنِينَ إِذْ يُبَايِعُونَكَ تَحْتَ الشَّجَرَةِ فَعَلِمَ مَا فِي قُلُوبِهِمْ فَأَنزَلَ السَّكِينَةَ عَلَيْهِمْ وَأَثَابَهُمْ فَتْحاً قَرِيباً {18}
“(Эй Муҳаммад!) Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан – улар дарахт остида Сизга байъат (қасамёд) қилаётган вақтларида – рози бўлди. Бас, У уларнинг дилларидаги нарса (садоқат)ни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни (Хайбар жангидаги) яқин ғалаба билан мукофотлади” (Фатҳ сураси, 18-оят).
    Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Дараҳт остида мен билан сўзлашганларнинг ҳеч бири Жаҳаннамга кирмайди.
Хотиб ибн Балто ҳижратнинг еттинчи йилида Яҳудийларга қарши бўлиб ўтган Ҳайбар ғазотида буюк жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатган суворийлардан бири эдилар.
Улар гўзал ва таъсирли нутқ соҳиби эдилар. Сўзларини тинглаганлар маст бўлар ва ушбу сўзлар таъсирига тушардилар. Келишган, юзлари гўзал эди. Кўзлари кулиб турар, тиллари ширин эди. Яхши шоир эдилар.  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг олтинчи йили Макка мушриклари билан сулҳ тузганларидан сўнг Мадина атрофидаги олти ҳукмдорга мактуб йўллаб уларни Ислом динига даъват қилдилар. Ҳар бир ҳукмдорга жўнатилган элчи асҳобнинг энг саралари бўлиб, улар кўринишлари ва сўзлари энг гўзал саҳобийлар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хотиб ибн Абу Балтони Миср қироли Муқовқисга жўнатдилар. Ундан аввал Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан сўрадилар:
– Эй асҳобим! Мукофотини Аллоҳ таолодан кутиб, шу мактубни Миср ҳукмдорига ким олиб боради?
Хотиб дарҳол ўрнидан сакраб турдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Мен олиб бораман.
Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:  
– Эй Хотиб! Бу вазифани Аллоҳ таоло сен учун муборак қилсин!
Хотиб ибн Балто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мактубни олдилар ва хайрлашиб уйларига кетдилар. Сафар учун улов ҳозирладилар. Оиласи билан хайрлашиб йўлга чиқдилар.
Мисрнинг Искандария шаҳрига кетдилар ва ҳукмдор саройини шу ердан топдилар. Эшик оғаси ичкарига қўйишдан аввал мақсадларини сўради. У Хотибни ҳурмат-иззат қилиб, илтифот кўрсатди ва кўп куттирмади. Муқовқис ўша пайтда одамлари билан мажлис қилаётган эди. Хотиб Муқовқис мажлис қилаётган ерга кирдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини қўлларига олиб унга кўрсатдилар. Муқовқис мактубни кўргач, одамларига Хотиб ибн Балтони ёнига келтиришларини буюрди. Ҳузурига келгач, Муқовқис Хотибдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мактубларини олди. Мактубда шундай ёзилган эди:
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм, Аллоҳнинг қули ва расули Муҳаммаддан Қитбнинг (Қадимги Миср ҳалқининг) бошлиғи Муқовқисга. Аллоҳ таолонинг ҳидоятига тобеъ бўлганларга салом бўлсин. Мен сени Исломга даъват қиламан. Мусулмон бўл, омонлик топасан. Аллоҳ таоло Сенга икки карра ажр берсин. Агар юз ўгирсанг, бутун Қитбнинг гуноҳи сенинг бўйнинггадир.
Эй китоб аҳли, сизнинг ва бизнинг орамизда бўлган ҳақ сўзга келинглар! Аллоҳ таолодан бошқасига ибодат қилмайлик ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик. Аллоҳ таолони қўйиб баъзиларимиз баъзиларни Парвардигор деб топинмасинлар! Агар бу сўздан юз ўгирсалар, “Шоҳид бўлингизки, биз Мусулмонмиз!” денглар!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактублари ўқилгач Муқовқис Хотибга:
– Хайрлиси бўлсин! – деди. Сўнгра у қўмондонларини, давлат одамларини тўплади ва ҳазрат Хотиб ибн Балто билан шундай суҳбат қилди:
– Мен билишни истаган нарсаларимни сендан сўрайман ва бу хусусда сен билан гаплашаман.
– Бемалол сўрайвер.
– Сени жўнатган зот ҳақиқатан Пайғамбар бўлса, ўзининг юртидан ҳайдаб чиқарган ва бошқа бир ерда яшашга мажбур этган қавмини нега дуоибад  қилмади?
– Сен Исо ибн Марямнинг Пайғамбар эканига ишонасан, шундайми? Исо алайҳиссалом қавми уни ушлаб, ўлдирмоқчи бўлганда ҳам уларни доибад қилмади ва Аллоҳ таоло Исони осмонга кўтарди. Мукофот берди. Ҳолбуки, у қавмининг ҳалок бўлиши учун Аллоҳ таолога дуо қилиши мумкин эди-ку!
Хотибнинг жавобига нисбатан Муқовқис ҳеч қандай сўз топа олмади ва Хотибга  жавобини уч марта такрорлатди. Сўнг шундай деди:
– Жуда гўзал жавоб бердинг. Ҳақиқатан сен, ҳикмат соҳиби бўлган зотнинг ёнидан келган ҳаким бир кишисан.
    Хотиб ибн Балто ҳазрат Мусо давридаги Фиръавнни назарда тутиб Муқовқисга шундай дедилар:
– Сендан аввал бу ерда бир ҳукмдор бор эди. У халқига: “Энг буюк илоҳ менман!” деб илоҳликка даъво қилди. Аллоҳ таоло эса уни дунё ва охират азоблари билан жазолади. Сен эса ўшандан ибрат олгинда, бошқасига ибрат бўлма!
– Биз учун бир дин бор. Биз бу динимизни ундан кўра хайрлироғи келмагунча ташламаймиз.
– Сен боғлиқ бўлган динингдан кўра хайрлироқ дин бу, ҳеч шубҳасиз, Ислом динидир. Биз сени Аллоҳ таолонинг шу охирги динига даъват қиламизки, Аллоҳ таоло у билан динини тамомлаб, уни инсонларга кифоя қилди. Бошқаси бўлмайди.
Бу Пайғамбар, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз сен учун эмас, балки бутун инсониятни Исломга даъват қилиш учун юборилдилар.
Аллоҳга қасамки, Мусо алайҳиссаломнинг Исо алайҳиссалом ҳақидада хушхабар бериши, худди Исо алайҳиссаломнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғриларида ҳушхабар бериши кабидир.
Аниқки, бизнинг сени Қуръони каримга даъват қилишимиз сенинг яҳудийларни Инжилга даъват қилганинг кабидир. Билганингдек, ҳар Пайғамбар ўзини англаб идрок эта оладиган бир қавмга юборилади ва ўша қавмнинг ушбу Пайғамбарга итоат этиши амр қилинади.
Мана сен ҳам ушбу Пайғамбарга етишганлардан бирисан. Биз сени Исо ҳам хабар берган Муҳаммад алайҳиссаломнинг динига даъват қиламиз.
Хотиб очиқ шаклда Исломга даъват қилганидан сўнг Муқовқис деди:
– Мен бу Пайғамбарнинг ҳолига боқдим, амрларида ва таъқиқларида ақлга сиғмайдиган бирор нарса кўрмадим. Аминманки, бу одам сеҳргар эмас. Коҳин ва ёлғончи ҳам эмас. Пайғамбарлик аломатларидан баъзиларини унда  топдим. Яширин бўлган нарсаларни юзага чиқариш ушбу аломатлардандир. Баъзи сирлардан хабар бериш ҳислати ҳам бор. Яна бироз ўйлаб кўрай.
Муқовқис Хотиб ибн Абу Балтони Мисрда беш кун меҳмон қилди. Иззат эҳтиром кўрсатди. Бир кеча Хотибни ҳузурига чақиртириб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида яна бир неча саволлар сўради. Ёнларида араб тилини биладиган Таржимондан бошқа ҳеч кимса йўқ эди. Уларнинг ўрталарида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– У ҳақда сўрайдиган саволларимга тўғри жавоб берасанг. Асҳоби орасидан сени танлаб юборганини биламан. Мен сендан уч нарсани сўрайман.
– Истаган нарсангни сўра, мен сенга фақат ростини айтаман.
– Муҳаммад инсонларни нимага даъват қилмоқда?
– Фақат Аллоҳ таолога ибодат қилишга даъват қилмоқдалар. Бир кунда беш маҳал намоз ўқишни амр қилмоқдалар. Рамазон рўзасини тутишни, Каъбани ҳаж қилишни, берилган сўзда туришни буюрмоқдалар. Қон ва ўлган ҳайвон гўштини ейишни ман қилганлар.
– Унинг шакл-шамоилини, кўринишини менга таърифла!
Хотиб ибн Балто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шакл-шамоилларини қисақача таъриф этдилар. Бир қанчасини санамагандилар. Бунга жавобан Муқовқис шундай деди:
– Айтмаган баъзи сифатларинг қолди. Яъни кўзларида бироз қирмизилик, елкасида Пайғамбарлик муҳри бор. Ўзи улов минади, хурмо ва оз гўшт солинган таом билан кун кечиради. Амакилари ва амакиваччалари томонидан қўриқланади.
– Ҳа, булар ҳам Ул зотнинг сифатларидир.
– Мен янги пайғамбар чиқишини билардим. Бироқ уни Шомдан чиқади, деб ўйлардим. Чунки аввалги пайғамбарларнинг бари у ердан чиққанди. Гарчанд охирги Пайғамбарнинг Арабистондан чиқишини китобларда ўқиган бўлсамда. Аллоҳнинг китобида сифатлари ёзилган пайғамбарнинг чиқиши ҳам шу даврга тўғри келади. Биз унинг васфини:
“Икки опа-сингилни бир никоҳ остида бирлаштирмайди, ҳадяни қабул қилади, бироқ садақани олмайди, фақирлар ва йўқсиллар билан бирга ўтиради”, деб ўқидик. Унинг динини қабул қилиш борасида қибтийлар менга бўйинсунмайдилар. Мен салтанатимдан ҳам айрилолмайман. Мен қибтийларга на бундан сўз оча оламан, на бирортасининг бу суҳбатимиздан хабар топишини истайман.
Муқовқис араб тилини биладиган котибини чақирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай жавоб ёздирди:
“Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадга, Қибтийлар султони Муқовқисдан, Сизга саломлар бўлсин.  Жўнатган мактубингизни ўқидим. У ерда зикр этилган нарсани ва даъватни англадим. Мен ҳам бир Пайғамбарнинг келишини билардим. Бироқ уни Шомдан чиқади, деб ўйлардим. Элчингизга эҳтиром кўрсатдик. Сизга қибтийларнинг ёнида катта қийматга эга бўлган икки жория билан кийиш учун уст бош юбораман. Минишингиз учун битта улов ҳадя қилмоқдаман”.
Муқовқис бундан бошқа на бирор иш қилди, на мусулмон бўлди. Хотиб ибн Абу Балтога деди:
– Дарҳол мамлакатингга, Пайғамбаринг ёнига қайт! Унинг учун икки жория, миниш учун иккита улов, минг мисқол олтин, йигирма тақим Мисрда қилинган нафис уст бош ва бошқа ҳадялар юборилишини амр қилдим. Сен учун ҳам юз динор ва беш тақим уст-бош берилишини айтдим. Тезроқ бу ердан кет! Қибтийлар бу ерга нима мақсадда келганингни билмасинлар, сендан бирор оғиз сўз эшитмасинлар!
Муқовқис Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга алоҳида биллур бир қадаҳ, хушбўй асал, бош кийим, Миср матоси, мушк, бир қути сурма, гул ёғи, тароқ, мисвок, ойна, игна ва иплар ҳам ҳадя этди.
Муқовқис Хотибдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақда:
– Сурмадан фойдаланадими? – деб сўраганда, Хотиб шундай жавоб бергандилар:
– Ҳа, ойнага қарайдилар, сочларини тарайдилар, сафарда, ойнани, сурмадонни, тароқни, мисвокни ёнларидан айирмайдилар.
Муқовқиснинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилиб юборган икки жориясидан бири  Мория ва унинг синглиси Ширин эди. Хотиб уларга йўлда мусулмон бўлишни таклиф қилганларида улар рози бўлиб мусулмон бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Морияга уйландилар. Ўғиллари Иброҳим Мориядан туғилган эдилар. Ширинни эса асҳобларидан “Шоири Набий” бўлган Ҳассон ибн Собитга бердилар.
Оқ тукли ҳачирга “Дулдул”, эшакка эса “Уфайр” ёки “Яъфур” номи берилди. Ўша пайтга қадар Арабистонда оқ тукли ҳачир бўлмаганди. Мусулмонлар кўрган оқ тукли илк ҳачир Дулдул бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя қилиб юборилган биллур қадаҳда сув ичардилар.
    Муқовқис юборган ҳадялардан бири табиб эди. Табиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб шундай деди:
– Ҳожам! Муқовқис мени Сизга хизмат қилиш учун юборганди. Хасталарингизни даволамоқчиман.  
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабул қилдилар. Табибга бир уй бердилар. Ҳар куни яхши таом билан сийладилар.
Кунлар, ойлар ўтди. Бирор мусулмон табиб ёнига беморликдан шикоят қилиб келмади. Табиб уялганидан келиб деди:
– Ҳожам! Бу ерга табиблик қилиш учун келгандим. Бугунга қадар бирор хаста келмади. Бекор ўтирдим, еб ичдим, дам олдим. Изн берсангиз энди кетсам.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб дедилар:
– Ўзинг биласан! Агар яна қолсанг, меҳмонга хизмат қилиш, уни сийлаш мусулмонларнинг асосий вазифасидир. Кетмоқчи бўлсанг оқ йўл!
Фақат шуни билгинки, бу ерда йиллаб қолсанг ҳам сенга ҳеч кимнинг иши тушиб олдингга бормайди. Чунки асҳобим хаста бўлмайди. Ислом дини хаста бўлмаслик йўлини кўрсатади. Асҳобим тозаликка қаттиқ риоя қилади. Очиқмагунча бирор нарса емайди ва дастурхондан қорни тўймай туради.
***
Муқовқис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юборган мактубларига эҳтиром кўрсатиб, ушбу муборак мактубни фил тишидан ясалган қути ичига солади ва қутини муҳрлаб бир жориясига беради.
Бу мактуб милодий 1850 йилда Мисрнинг Аҳмин ҳудудида эски бир черковдаги Қибт китоблари орасидан топилган ва Усмонлилар подшоҳи Султон Абдулмажид томонидан сотиб олиниб, Истанбулдаги Тўпқопи Саройига, Муқаддас омонатлар бўлимига қўйилган. Ҳозиргача шу ерда муҳофаза қилиб келинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг, Абу Бакр даврларида Хотиб Мисрга қайта элчи қилиб юборилдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотларидан сўнг Умар даврларида ҳам бу вазифани жуда гўзал тарзда бажарган Хотиб Муқовқис билан бир сулҳ имзолади. Ушбу сулҳ Мисрни фатҳ этган Амр Ибн Ос даврларига қадар амалда бўлди.
Хотиб ибн Абу Балто розияллоҳу анҳу милодий 650 йили Мадинада вафот этдилар. Жаноза намозини Усмон ўқидилар ва Баъқи қабристонига дафн этилдилар.

Орқага Олдинга