loader

Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳу

Ҳузайфа ибн Яман саҳобалар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдошлари бўлишдек шарафга эришган саҳобалардандирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга саҳобалар орасида аралашиб юриб, яширин фитналар чиқаришга уринган мунофиқларнинг ким эканликларини бирма-бир билдирганлар.
Бундан ташқари кейинчалик юзага келадиган ҳодисларни ҳам хабар қилганлар. Саҳобалар уларга ўзгача эҳтиром ва ҳурмат кўрсатардилар. Чунки Ҳузайфа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирган сирлар билан тўла эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сир тутилиши керак бўлган бир қанча нарсаларни Ҳузайфага айтганлар.
Ҳузайфа ибн Ямандан шундай ривоят қилинади:
– Ҳандақ жанги энг қизғин паллага етган пайтлар бир куни ярим тунда асҳоби киромдан бир қанчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Шундай бир кеча эдики, ҳали бундан қоронғуроқ кеча кўрмагандик. Бу зулмат етмагандек кўкда қўрқинчли чақмоқ чақиб қаттиқ шамол бошланди. Бу пайтда мушрик қўшини саросимага тушиб, ўзаро ўртада тушунмовчилик келиб чиққан эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга уларнинг ушбу ҳолларини хабар қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда бироз намоз ўқиганларидан сўнг ёнимга келдилар. Совуқдан ва очликдан силлам қуриб чўккалаб ўтириб олгандим. Менинг қўлимдан ушлаб дедилар:
– Бориб кўрчи, бу қавм нима қилаётган экан. Ёнимга қайтиб келгунингга қадар уларга ўқ ва тош отма. Найза ва қилич урма. Сен менинг ёнимга қайтиб келгунингга қадар совуқдан иссиқдан азият чекмайсан, асир олиниб, қийноққа ҳам солинмайсан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан англадимки, менга ҳеч қандай зарар етмайди. Қиличим ва ёйимни олиб кетишга ҳозирландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен учун шундай дуо қилдилар: “Аллоҳим, уни олдидан, ортидан, ёнидан, устидан, остидан ҳимоя қил!”.
Мушриклар томон юра бошладим. Гўё ҳаммомда кетаётгандек эдим. Ичимда на бир қўрқув, на совуқдан жунжикиш ва на очлик ҳисси бор эди. Ниҳоят мушрикларнинг қароргоҳига бордим. Раислари Абу Суфён ва бошқа мушриклар олов ёқиб унинг бошида исинардилар. Абу Суфён бу вақтда ҳали мусулмон бўлмаганди. Дарҳол хаёлимга Абу Суфённи ўша ерда тинчитиш фикри келди. Ўқдонимдан бир ўқни чиқариб ёйимга жойладим. Оловнинг ёруғидан фойдаланиб уни ўлдирмоқчи бўлдим. Энди отмоқчи бўлиб турган пайтим Расулуллоҳнинг “Менинг ёнимга қайтгунингга қадар бирор ўқ отмайсан”, деб буюрганларини эсладим ва уни ўлдиришдан воз кечтим.
Шундан сўнг ўзимда бир жасорат топдим.  Мушриклар ёнига кириб оловнинг атрофига ўтирдим. Жуда қаттиқ шамол кўтарилиб Аллоҳ таолонинг кўзга кўринмас қўшини, яъни фаришталар уларга керакли жазони бераётгандилар. Бўрон уларнинг қурол аслаҳаларини остин-устун қилар, гулханларини сўндирар ва чодирларини йиқитарди.
Бир пайт мушрик қўшини қўмондони Абу Суфён ўрнидан туриб деди:
– Ичингизда айғоқчи-жосуслар бўлиши мумкин, диққат қилинглар, ҳамма ёнидагининг ким эканига боқсин. Ҳамма шеригининг қўлидан тутсин.
Абу Суфён ораларига бегона кишининг кирганини сезгандек эди. Дарҳол қўлларимни узатиб, икки ёнимда ўтирган кишиларнинг қўлларидан тутиб, улардан исмларини сўрадим. Шу тарзда мени таниб қолишларини олдини олдим. Ниҳоят Абу Суфён:
– Эй Қурайшликлар! Сизлар туриш керак бўлган ерда эмассизлар. Отлар, туялар қирилиб ўла бошлади. Очарчилик ҳамма жойни қамраб олди. Бўрондан бошимизга келаётган балоларни кўриб турибсиз. Дарҳол бу ердан кетингиз, мана мен кетяпман, – деб туясига минди.
Мушрик қўшини паришон ҳолда тўпланиб Макка томон ҳаракат қилди. Шамол туфайли уларнинг устиларига ёғаётган тош ва қум овозларини эшитардим.
Мушрик қўшини чекиниши билан мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига қайтдим. Йўл ярмига етганимда  қаршимдан бошларига оппоқ бош кийим кийиб олган суворий кўринишидаги хилқатлар чиқди. Менга шундай дедилар:
– Расулуллоҳга хабар бер. Аллоҳ таоло душманни паришон қилди!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимда бир шолча устида намоз ўқиётган эдилар. Бироқ мен қайтганимда кетишдан аввалги совуқ ва очликдан титрашим, яна бошланганди.
Ҳузайфа ва Абу Ҳурайра шундай дейдилар:
– Сарвари Олам соллаллоҳу алайҳи васаллам оламнинг яратилишидан бошлаб йўқ бўладиган кунга қадар бўлган ва бўладиган кўплаб нарсаларни бизга билдирдилар. Булар орасидан билдирилиши лозим бўлганларини сизларга билдирдик. Лозим бўлмаганларини сақладик, билдирмадик.
Ҳузайфа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида бўлиб ўтган Ҳандақдан кейинги жангларнинг барига қатнашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг Абу Бакр уларни қўшин қўмондони этиб тайинладилар. Диндан қайтганлар билан жанг қилиш учун Ҳузайфа қўмондонлигидаги қўшинни Уммонга юбордилар. Улар ўзларига ҳамроҳ бўлган Икрима билан биргаликда Уммон халқини Исломга қайтардилар.
Шундан кейин Уммонда аввал закотларни тўпловчи, кейин эса волий этиб тайинландилар. Кейинчалик Ироқ ва Шом тарафларда бўлиб ўтган жангларда қатнашдилар.  Ироқ ва Эрон фатҳида иштирок этдилар.
Ниҳованд жангида Нуъмон ибн Мукаррин шаҳид бўлгач, Ислом байроғини Ҳузайфа қўлларига олиб Ҳамадон, Рай ва Дайнурани фатҳ этдилар.
Жазиранинг фатҳида қатнашиб, Нусайбинга волий этиб тайинландилар. Умар янги волий тайинлаган пайтларида ўша ернинг халқига мактуб жўнатиб шундай деб ёздилар: “Эй Нусайбин халқи! Мен юборган волийнинг барча амрларига бўйсунинг. Барча истагини бажаринг!”
Ҳузайфа бу шаҳарда узоқ вақт қолдилар. Вазифаларини нуқсонсиз адо этишга ҳаракат қилардилар. Хусусан, мусулмонларга ваъз ва насиҳат қилардилар. Бир куни шундай дедилар:
– Эй мўминлар! Фитна аввало қалбларда илдиз отади. Ҳаттоки сув қўшилмаган шароб ҳам фитна қадар инсон қалбини бузиб айнита олмайди. Сизлар фитна томон борманглар. Аллоҳга қасамки, фитна инсонларни тошқин чўпни қандай суриб кетса шундай суриб кетади!
Жамоадгилардан бири савол берди:
– Эй Ҳузайфа! Фитнадан қандай қилиб қутуламиз?
– Дуо қилган омон қолади.
– Қанйи пайтда дуо қилайлик?
– Намоздан кейин. Чунки қуллари чиройли таҳорат олиб, намозга турган пайтда Аллоҳ таоло намоз ўқиганларга йўналади. Мана шундай пайтда дуо қилинг! Агар сизлар хайрли кимсалар бўлишни истасангиз ўткинчи бўлган дунё учун охиратни тарк этмангиз!
Ҳузайфа Мадойин  шаҳрида узоқ муддат волий бўлдилар. У ернинг халқи Ҳузайфанинг бошқарувидан жуда мамнун бўлиб, волийни яхши кўрар ва эъзозлардилар.
Бир куни оқшомда Умардан хабар келди. Энди халифа Ҳузайфанинг Мадинага қайтишларини истаётган эдилар.
Буйруқни бажариш учун ҳозирлик кўрилди, рози-ризолик бериб, халқ билан хайрлашдилар ва йўлга чиқдилар.
Ҳузайфанинг қайтишларини кутиб олиш учун чиққанлар орасида халифа ҳам бор эдилар. Узоқдан қоралари кўрингач, халифа диққат билан боқдилар.  Кўрдиларки, Мадойин волийси қандай кетган бўлса, шундай қайтаётган эди. Шунча йилдан сўнг ҳам ўша улови устида ва ўша оддий кийимларда. Қучоқлашиб кўришдилар.  Халифа қувонч ила:
– Сен менинг инимсан. Мен эса сенинг оғангман, – дея ҳурматларини билдирдилар.
Умар халифалик даврларида Ҳузайфанинг бир жаноза намозини ўқимаганларини кўриб улардан сўрадилар:
– Нима учун жаноза намозини ўқимадинг?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдошлари бўлган Ҳузайфа шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бу одамнинг мунофиқ эканлигини билдиргандилар, шу сабабдан ўқимадим.
– Аллоҳнинг Расули мунофиқлар орасига Умарни ҳам киритдиларми, эй Ҳузайфа?
– Йўқ.
– Ундай бўлса, бошқарувчиларим орасида мунофиқлар борми?
– Ҳа, битта мунофиқ бор. Бироқ исмини айтмасликка сўз берганман.
Ҳузайфа Умарнинг ёлворишларига қарамай ўша мунофиқнинг исмини айтмадилар. Кейинчалик ўша мунофиқ ҳазрат Умар тарафларидан узоқлаштирилди.
Шундан сўнг Умар Ҳузайфа иштирок этмаган бирор жанозага бормадилар. Чунки Ҳузайфанинг жанозага бормасликларини ўша майитнинг мунофиқ эканлигига ишорат деб билардилар.
Умар ҳузурларида бўлган саҳобалардан сўрадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақдаги сўзларини хотирида сақлаб қолган борми?
Ораларидан Ҳузайфа дедилар:
– Эй мўминлар амири! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу мавзудаги сўзлари менинг ёдимда турибди. Улар шундай деган эдилар:
– Киши оиласи, моли, фарзандлари ва қўшниси сабабли фитнага дучор бўлади. Бундай гуноҳларга рўза тутиш, намоз ўқиш, яхшиликка ундаш ва ёмонликдан қайтариш каффорат бўлади.
– Мақсадим бу эмас, денгиз каби тўлқинланадиган фитна ҳақида сўраяпман.
– Эй мўминлар амири! Сиз учун бундан қўрқадиган бирор сабаб йўқ. Сизнинг даврингиз билан бу фитнанинг орасида ёпиқ эшик бор.
– Эй Ҳузайфа! Бу эшик синадими ёки очиладими?
– Эй мўминлар амири! У эшик синади.
Бу жавобдан сўнг ҳазрат Умар:
– Ундай бўлса, уммати Муҳаммад қиёматга қадар бирика олмайди, – деб қайғуга ботдилар.
Кейинчалик Ҳузайфадан ўша эшикнинг нима эканлиги сўралганда шундай жавоб бердилар:
– Ўша эшик Умарнинг ўзи эди.
Умарнинг бу ҳақда билган-билмаганликлари ҳақда сўралганда шундай жавоб бердилар:
– Умар буни ўз исмини билгандек биларди.
Ҳузайфа шундай дейдилар:
– Ҳамма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақда сўрарди. Мен эса келгусида юзага келадиган фитналар ҳақда сўрардим. Чунки буларнинг шаррига тушиб қолишдан қаттиқ қўрқардим. Дедимки:
– Ё Расулуллоҳ, биз мусулмон бўлишдан аввал ёмон одамлар эдик. Аллоҳ таоло Сизнинг шарафингиз ила Ислом неъматини, яхшиликларини бизларга эҳсон қилди. Бу саодатли кунлардан кейин яна ёмон даврлар келадими?
– Ҳа, келади.
– Ўша ёмон кунлардан кейин яна хайрли кунлар келадими?
– Ҳа, келади. Бироқ у давр булғанган бўлади.
– Булғанган нима дегани?
– Менинг суннатимга амал қилмайдиган ва менинг йўлимни тутмайдиган кимсалар юзага келади. Ибодат ҳам қиладилар, гуноҳ ишларни ҳам қилаверадилар.
– Ўша хайрли замондан кейин яна ёмон давр келадими?
Ўша кунларни кўрсам, мен нима қилай?
– Бир четга чекин. Уларга ҳеч аралашма, ўлгунингга қадар ёлғиз яша.
Ҳузайфа Усмоннинг халифалик даврларида Озарбайжон ва Арманистоннинг фатҳига жўнатилдилар. Бу ерлардаги хизматлари билан бир қаторда яна бир муҳим хизматлари Қуръони карим нусҳаларининг кўпайтирилишига сабаб бўлишларидир. Чунки улар Озарбайжон ва Арманистон тарафларга борганларида одамларнинг Қуръони каримни ўз шевалари ва тилларига мослаган ҳолда қироат қилаётганларининг гувоҳи бўлдилар. Кейин ҳазрат Усмонга бу ҳақда хабар қилинди. Усмон Қуръони карим нусхаларини кўпайтириб, маълум марказларга жўнатдилар.

Ҳаётининг кўп қисми жангларда кечган Ҳузайфа Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилган пайтда Мадинада эдилар. Улар анча кексайиб қолгандилар.
Тўртинчи халифа Алининг илк халифалик кунларида хасталандилар. Кексалик ўз кучиини кўрсатаётган эди. Мусулмонлар тўп-тўп бўлиб зиёратларига келишарди.
Али халифалигининг қирқинчи куни милодий 656 йилда Ҳузайфа сирлари билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қовушдилар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётган пайт шундай дуо қилгандилар:
– Ажал ҳам етиб келди. Пушаймонлик фойда бермади. Аллоҳим фақирлик ва хасталикдан мен учун хайрли бўлганини бер. Ўлим мен учун яшашдан хайрлироқ бўлса, Сенга етишгунга қадар ўлимни менга осон қил.

Орқага Олдинга