loader

Ҳусайин ибн Али розияллоҳу анҳу


    Умму Ҳорис ҳазратларидан шундай ривоят қилинади:
–Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бир туш кўрганимни ва кўрган тушимдан қаттиқ қўрққанимни арз этдим. Ул зот сўрадилар:
– Тушингда нима кўрдинг?
– Сизнинг вужудингиздан бир парча эт кесиб менинг вужудимга қўшдилар, – дедим.
Сўнг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Яхши туш кўрибсан. Фотима бир ўғил кўради ва у сенинг ёнингда қолади.
Бир муддат ўтиб Ҳусайин дунёга келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлгач, муборак юзларини асҳобларига ўгирардилар. Қайғули кимсаларни кўрсалар ғамгин бўлардилар.
Ўша куни бомдод намозидан сўнг муборак юзларини ўгирмай туриб Алини чақирдилар. Биргаликда масжиддан чиқдилар. Саҳобалар қаерга нима сабабдан кетаётганликларини тушуна олмадилар. Қайтиб келишар, деб кутдилар.
Иккиси Фотиманинг уйларига боришди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига эшикда туриб ҳеч кимни ичкарига қўймасликни буюрдилар. Ҳусайин туғилган, фаришталар қутлаш учун келгандилар.
Абу Бакр ўтира олмай, Алининг уйлари томон йўл олдилар. Сўнг Умар, кейин эса Усмон ва бирма-бир барча саҳобалар Алининг уйларига бордилар.
Абу Бакр эшикда турган Алидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаерда эканликларини сўрадилар. Алидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уй ичида эканликларини билган Абу Бакр дедилар:
– Изн берсанг, мен ҳам кирсам.
– Аллоҳнинг Расули бандлар.
– Менинг ичкарига кирмаслигимни сенга буюрдиларми?
– Йўқ, бироқ тўрт юз йигирма тўрт минг фаришта келди.
Абу Бакр хайратдан ёқа ушладилар ва туриб қолдилар. Бир оздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқдилар ва  барчани ичкарига киришга даъват қилдилар. Саҳобалар ичкарига кирдилар. Алининг фаришталар сони ҳақидаги сўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Алидан:
– Фаришталар сонини қандай билдинг, – деб сўрадилар.
Али шундай жавоб бердилар:
– Фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келдилар. Барчаси бир тилда сўзлашдилар ва сонларини билдирдилар.
    Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
– Аллоҳ ақлингни зиёда қилсин, эй Али!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Ҳусайин туғилган пайтида уларнинг қулоқларига:
– Бу бола жаннат ёшларининг саййидларидандир, – деб шивирлагандилар.
Усома ибн Зайд бир куни тунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганликларини ва Ул зот:
– Булар менинг ўғилларимдир, қизимнинг ўғилларидир. Аллоҳим, мен уларни яхши кўраман, Сен ҳам уларни сев ва уларни севганларни ҳам сев, – деб дуо қилганларини ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳусайин мендан, мен ҳам Ҳусайинданман, Аллоҳ таоло Ҳусайинни яхши кўрганни севади, – деб марҳамат қилдилар.
Ҳусайин шундай дейдилар:
– Бобомнинг ҳузурларига боргандим. Убай ибн Каъб ҳам ўша ерда эдилар. Бобом менга:
– Марҳабо, эй Абу Абдуллоҳ, эй кўклар ва ернинг безаги, – дея хитоб қилдилар. Убай ибн Каъб ҳазратлари:
– Ё Расулуллоҳ! Кўклар ва ер учун Сиздан бошқа безак ҳам борми? – деб сўрадилар.
Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Албатта! – дедилар.   
Ҳусайин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эдилар. Оналарининг ёнларига боришни истадилар. Ёмғир ёғаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар: Ҳусайин уйларига етиб олгунларига қадар ёмғир тиниб турди.
Ҳусайиннинг болаликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал севгиси ва ғамҳўрликлари остида кечди. Минг афсуски, бу ҳол узоққа чўзилмади. Оламлар Сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам фоний дунёни тарк айладилар. Ҳусайин кейинги илм ва одобни оталари Алининг ёнларида олдилар.
Ҳусайиннинг юзлари қоронғу кечада атрофни ёритарди. Пиёда ҳолда йигирма беш марта ҳажга бордилар. Ҳамроҳлари уловларга минсаларда, Ҳусайин минмасдилар. Жуда сахий зот эдилар. Шундай дер эдилар:
– Бу дунёда биродарига яхшиликни ўзидан аввал истаган мўмин, нариги дунёда бундан яхшироғини топади.
Асҳоби киромдан Диҳёи Калбий доим тижорат учун сафарга бориб келардилар. Жуда кўркам зот эдилар. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Диҳёнинг қиёфасида келардилар.
Жаброил алайҳиссалом Фахри Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдилар. Ўша пайтлари ҳали кичик бола бўлган Ҳасан ёки Ҳусайиндан бирлари Жаброил алайҳиссаломни кўрдилар. Дарҳол укасининг ёнига бориб дедики:
– Диҳё бобомизнинг ёнларида ўтирибди, юр борамиз.
Югуришиб масжидга кирдилар. Иккиси Жаброил алайҳиссаломнинг тиззаларига ўтирдилар. Қўлларини Жаброил алайҳиссаломнинг қўйнига суқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набираларининг бу ҳаракатидан хижолат тортиб, уларни койимоқчи бўлдилар.
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уялганларини кўргач дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Нега хижолат тортасиз. Фотима таҳажжуд намозларини ўқиётган пайтлари Ҳақ таоло мени юборади. Мен эса уларнинг бешикларини тебратаман. Шунинг учун Фотима намозларини бемалол ўқийди.
Баъзан буларнинг оналари намоздан сўнг ухлаб қолса, болалар йиғлашади. Ҳақ таоло яна мени юборади, оналари уйғонмасин, деб бешикларини тебратаман. Болаларнинг бу ҳаракатларини менга нисбатан одобсизлик, деб ҳисобламанг. Уларнинг ёнимга келиб, қўйнимга қўл суқишларининг ҳеч қандай хижолатли жойи йўқ.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Эй биродарим Жаброил! Уларни айбга буюрманг. Яна тинтишда давом этмасинлар, дея койимоқчи бўлгандим. Чунки асҳобимдан Диҳё исмли бир одам бор. У кўп сафарга чиқади. Ҳар қайтишида буларга ҳадя келтиради. Шу боис болалар сизни Диҳё деб ўйлаб чўнтагингизга қўл суқдилар.
Кейин Жаброил алайҳиссалом:
– Ё Роббий! Мени Ҳабибинг ёнида уялтирма! – деб дуо қилдилар. Ўтирган ерларидан Жаннатга қўл узатгандилар, бир бош узум билан бир дона анор пайдо бўлди.
Ҳасан узумни, Ҳусайин эса анорни олдилар. Болалар меваларни еб турган вақтида бир тиланчи келиб уларга деди:
– Эй аҳли байт! Шу узум ва анордан менга ҳам беринглар!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқли набиралари тиланчига мевалардан бермоқчи бўлгандилар Жаброил алайҳиссалом уларни тўхтатиб шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Бу тиланчи шайтондир! Жаннат мевалари унга ҳаромқилингани боис, ҳийла қилиб ундан емоқчи бўлди.

Орқага Олдинга