loader

Хадича бинт Хувайлид

Хадича бинт Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусай Қурашия Асадия (р.а.). Расулуллоҳнинг биринчи аёллари ва фарзандларининг онаси, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси. Лақаблари Тоҳира (Покиза), жоҳилият даврида Умму Ҳинд деб номланган. У зот ҳижратдан тахминан 68 йил, «Фил воқеаси»дан ўн беш йил илгари Маккада, обрўли оилада таваллуд топганлар.
Оталари Хувайлид ибн Асад ибн Қусай ибн Абдулуззо.
Оналари Фотима бинт Зоида ибн Жундуб ибн Ҳарам ибн Равоҳа.
Сийра китобларида олий ҳимматли, ҳассос табиатли, дунёқараши кенг, тақводор ва покиза аёл бўлган деб келтирилади.
Хадичанинг олдинги турмушидан Ҳола исмли ўғил ва Ҳинд исмли қиз фарзандлари бўлган. Расулуллоҳ билан бўлган никохдан эса Қосим, Абдуллоҳ исмли ўғил, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотима исмли қиз фарзандлар кўрганлар.
Манбаларда Хадича бинт Хувайлид (р.а.) Қурайшнинг обрў-эътиборли аёлларидан бўлгани қайд этилади. У киши ўн беш ёшида биринчи марта Абу Ҳола ибн Зирора Тамимийга турмушга чиқадилар. Абу Ҳола вафот этиб, бева қолгач, иккинчи марта Атиқ ибн Обид ибн Абдуллоҳ Махзумийга турмушга чиқадилар. Лекин иккинчи турмушлари ҳам бузилади. Шунга қарамай, Хадича бинт Хувайлид 25 ёшларида Қурайш аёлларининг саййидаси бўлдилар.
Айрим ривоятларга кўра, бир куни Хадича (р.а.) туш кўрадилар. Тушларида ҳовлиларига қуёш тушиб, ўрнаша-ди. У ҳовлининг ҳамма томонини чиройига тўлдириб, ҳар тарафга зиё сочади. Чўчиб уйғониб кетадилар. Эрталаб диний китоблардан хабардор амакиваччалари Варақа ибн Навфалнинг олдига бориб, кўрган тушларини сўзлаб берадилар. Шунда Варақанинг вужуди қувончга тўлган ҳолда, виқор васевинч билан: «Эй амакимнингқизи! Суюнчи бер! Агар Аллоҳ тушингни ўнгидан келтирса, ҳовлингга нубувват зиёси кирадиган бўлибди!», дейди. Хадича Варақадан набийларнинг хотами ва унинг сифатлари ҳақида сўраб билиб оладилар ва Аллоҳ таолодан ўша тушнинг ўнгидан келишини сўраб, ўз ҳовлиларидан нубувват зиёси таралиши иштиёқида ёнадилар. Шу сабабли, ўша тушни кўрган кунларидан бошлаб, совчи қўйган эркакларнинг сифатларини яхшилаб сўраб-суриштира бошлайдилар.
Хадича (р.а.) шарафли ва бой-бадавлат аёл бўлиб, ўз карвонларини Шомга юборар ҳамда ўз тижорати учун эркак-ларни ёллар ва уларга тенг шерикликка мол берар эдилар.
Ўша вақтда бўлажак Пайғамбар Муҳаммад (алайҳис-салом) ҳам Хадичанинг ғуломи Майсара билан йўлга чиқиб Шомга борадилар. Ана шу сафардан сўнг Хадича У зотнинг оддий одам эмаслигини сезадилар, У зотдаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва шу каби бошқа хислатлар ўзига ром этади. Шундан сўнг Хадича У зотга одам юбориб, қирқ ёшида йигирма беш ёшдаги йигитга турмушга чиқадилар.
Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг илк ояти нозил бўлиб, Пайғамбар (алайҳис-салом) қўрқиб кетганларида ҳам У зотни тинчлантириб, қўллаб-қувватлаган Хадича бинт Хувайлид (р.а.) бўлдилар. Бу оқила аёл илк ваҳий ҳақидаги гапларини эшитиб, Расулуллоҳ (алайҳис-салом)ни ўз ама-киваччалари, қадимги илоҳий китоблар билимдони Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига етаклаб бордилар ва У зотнинг охирзамон Пайғамбари бўлганлари хушхабарини тасдиқлатдилар.
Хадича бинт Хувайлид (р.а.) Пайғамбар (алайҳис-салом) га жуфти ҳалол бўлиш билан бирга, исломни қабул қилиб, Аллоҳ таоло ва Расулига имон келтирган биринчи одам ҳисобланадилар.
Машҳур тарихчи Иззуддин ибн Асир бу ҳакда шундай дейди: «Хадича Аллоҳнинг яратганлари ичида биринчи мусулмон экани уламолар ижмосидир. Ундан олдинга тушадиган эркак ҳам, аёл ҳам йўқ».
Имом Байҳақий ҳам бу фикрни тасдиқлаб: «Ушбу умматдан энг аввал мусулмон бўлгани Хадича бинт Хувайлиддир», деган.
Ибн Исҳоқ эса: «Хадича энг аввал Аллоҳга ва унинг Расулига имон келтирган, У зотнинг Аллоҳ ҳузуридан келтирган нарсасини тасдиқ қилган ва Набий (алайҳис-салом)га ишларида вазир бўлган эди», деб ёзган.
Ибн Исҳоқ Оиша (р.а.)дан ривоят қилади: «Аллоҳ ўз набийсини нубувват ила икром қилганда Хадича ва унинг қизлари исломга келдилар».
Бошқа бир ривоятда: «Руқайя онаси Хадича исломга кирганда у ҳам қабул қилди ва аёллар байъат берганда у ҳам байъат берди. Опа-сингиллари исломга кирганда Умму Кулсум ҳам имон келтирди ва улар байъат берганда, у ҳам байъат берди», дейилади.
Пайғамбар (алайҳис-салом) Хадича бинт Хувайлид (р.а.)ни жуда эъзозлар, эҳтиромлари чексиз эди. Расулуллоҳ ҳижратдан кейин ҳам қачон қўй сўйсалар, «Хадичанинг дугоналарига юборинглар», деб унинг яқинларига ҳам эҳтиром кўрсатиб юрганлар.
Оиша (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда ҳам бунинг ис-боти келади: «Набий (алайҳис-салом)ни Хадичадан рашк қилганим каби бошқа аёлларидан рашк қилмаганман. Албатта, мен уни кўрмаганман. Лекин, У зот оламдан ўтган бу аёлни кўп зикр қилар, қачон қўй сўйсалар, унинг бир аъзосини кесиб Хадичанинг дугоналарига юборар эдилар». Бошқа бир ривоятда: «Гоҳида У зотга: «Гўё дунёда Хадичадан бошқа аёл йўқдек», дер эдим. У зот: «У (Хадича) ундоҳ бўлган, бундок, бўлган. Ундан мен фарзанд кўрганман», деб кўп ёдга олар эдилар».
Яна бир ҳадисда Оиша (р.а.)дан шундай ривоят қилинади: «Набий (алайҳис-салом)га У зотнинг аёлларидан бирортаси борасида Хадичага рашк қилганимдек рашк қилмадим. (Бу рашк) У зот уни кўп эслаганлари учундир. Мен уни ҳеч кўрмадим. Чунки у менга уйланишларидан уч йил аввал вафот этган эди».
Анас (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, «Буни фалончи аёлнинг уйига олиб бориб беринглар, у Хадичанинг дугонаси эди», дер эдилар».
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: «Жаброил Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мана, Хадича ҳузурингизга келди. Қўлида бир идиш бор. Унда егулик ёки ичимлик бор. Қачон ҳузурингизга келганда унга Раббиси азза ва жалладан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатдаги ҳасаб (говак маржон)да шовҳин-сурони ҳам, машаҳҳати ҳам йўқуй башоратини беринг», деди».
Али (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг «Дунё аёлларининг энг яхшиси Марям бинт Имрондир. Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадича бинт Хувайлиддир», деганларини эшитдим».
Оиша (р.а.) дедилар: «Хадичанинг синглиси Ҳола бинт Хувайлид Расулуллоҳнинг ҳузурларига кириш учун изн сўради. У зот бундан Хадичанинг изн сўрашини эслаб, орзиқиб кетдилар ва: «Аллоҳим, (келган одам) Ҳола бинт Хувайлид бўлсайди», дедилар. Мен рашк қилиб: «Қурайшнинг милклари қизил, тишлари тўкилиб тушган кампирларидан бирини (яъни Хадичани) нимасини эслайсиз?! Унинг ўлганига анча бўлди. Аллоҳ сизга унинг ўрнига ундан кўра яхшисини берган!» дедим».
Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ уйда Хадича (р.а.) ни эслаб, унинг ҳаққига мақтовларни чиройли қилар эдилар. Бир куни У зот Хадича (р.а.)ни яна эсладилар. Шунда рашким келиб: «У кампир бўлган, Аллоҳ ундан яхшисини сизга берди-ку», дедим. У зот ғазабланиб, сўнг: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, менга Аллоҳ ундан яхшисини бермади. Одамлар мени инкор этишганда, у менга имон келтирди, мени ёлгончига чиқарган пайтларида мени тасдиқ қилди, мени маҳрум қилган пайтда у ўз моли билан ёрдам берди, Аллоҳ таоло бошқа аёллардан эмас, ундан менга фарзанд берди», дедилар. Шунда Оиша (р.а.): «Мени авф этинг. Бу кундан кейин сиз ёмон кўрадиган бирор нарса билан Хадичани зикр қилмайман», дедилар».
Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Олам аёлларидан Марям бинт Имрон, Хадича бинт Хувайлид, Фотима бинт Муҳаммад ва Фиръавннинг аёли Осиё (ибрат олиш учун) сенга кифоя қилади», дедилар».
Пайғамбарликнинг еттинчи йилида Расулуллоҳ (алайҳис-салом) бошлиқ мусулмонлар ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғлари аъзолари қамалда қолдилар. Қамал уч йил давом этиб, у ниҳоясига етиши билан, яъни пайғамбарликнинг ўнинчи йили Хадича (р.а.) касал бўлиб, ётиб қолдилар. Пайғамбар (алайҳис-салом) ёнларидан жилмай қараб ўтирар, аммо дардлари кун сайин оғирлашиб борар эди.
Хадича бинт Хувайлид (р.а.) ҳижратдан тахминан уч йил аввал, олтмиш беш ёшларида бу дунёни тарк этдилар. Бу Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва ислом уммати учун катта жудолик эди. Мазкур йилни Расулуллоҳ «ҳузн», яъни «қайғу йили» деб атаганлар. Зеро, бу йилда Расулуллоҳ (алайҳис-салом) ўзларининг энг яқин икки суянчиқлари - Хадича бин Хувайлид ва амакилари Абу Толибдан айрилган эдилар.
Расулуллоҳ (алайҳис-салом) Хадича бинт Хувайлидни ўз қўллари билан Макканинг юқори томонидаги Ҳажун қабристонига дафн этганлар.

"101 улуғ саҳоба" китобидан

Орқага Олдинга