Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруд ва салавотлар бўлсин!
«Олим одам ҳар илмдан нимадир билиши ва бир илмда ҳамма нарсани билиши лозим», дейди ҳакимлар. Яъни ҳақиқий олим инсон бирор соҳани маҳкам тутиб, ўша илмнинг икир-чикирларигача, атрофлича ўзлаштириши лозим. Муҳтарам Абдул Азим Зиёуддин домлани ана шундай хислатга эга кишилардан, десак, хато бўлмайди. Бу гап менинг гапим эмас, аслида, бу эътирофни устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман. У киши ўзаро суҳбатларнинг бирида бизда маълум бир соҳани маҳкам ушлаб, ўша бўйича мутахассис бўлган кадрлар етишмаслигини айта туриб: «Абдул Азим домлада тарихни ўрганишга қобилият, иқтидор ва тоқат юқорилигини кўриб, у кишини сийрат бўйича кўпроқ шуғулланиб, мутахассис бўлишлари кераклигини таъкидлагандик. Мана, ҳозир у киши шу соҳада энг етук олимларимиздан бўлиб етишдилар», деганлари ҳамон ёдимда. Дарҳақиқат, муҳтарам домламиз юртимиздаги кўпчилик илм аҳлидан фарқли равишда, бир соҳани, аниқроғи, сийрат илмини чуқур ўрганиб, шу бўйича чин маънода мутахассис бўлиб ном чиқарди ва бутун ҳаракатлари шу илм атрофида кечмоқда.
Абдул Азим домланинг фаолияти ҳамиша сийрат илмига боғлиқ бўлганидан одатда у киши билан суҳбатимиз ҳам беихтиёр ушбу мавзуга доир бўлади. Мен у кишидан сийрат илмида илмий-оммабоп, хусусан, ёш авлодни тарбиялашда қўлланма бўладиган асарлар яратишни ва бошқа шу каби янги қадамлар ташлашни сўраб юрардим. Бугун ўша илтимосларга бир жавоб сифатида тайёрланган ушбу китобни кўриб бағоят қувониб кетдим. Аллоҳ Ўзи у кишини дунёю охират яхшиликлари билан мукофотласин!
Бу асар улуғ ватандошимиз, Олтинхонтўра номлари билан танилган олим Саййид Маҳмуд Тарозий (1895-1991) раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб бўлиб, уни муаллиф ўз ватандошларига атаб ёзганлар. Бу ҳақда ўзлари шундай деганлар:
“Халқимиз, алҳамду лиллоҳ, тарбия ва иршод ҳалқалариға диллари ила шомил бўлурлар. Эшитган сабоқлариға мумкин қадар амал қилмакға саъй қилурлар. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам сийрати муборакларин ва саҳобаи киром аҳволи шарифларин эшитсалар, вужудлари ларзон, кўзлари гирён бўлур”.
Саййид Маҳмуд Тарозий Туркистон диёрининг фахри, юксак илмий даражаси, гўзал ахлоқи, улуғ фазилатлари, хусусан, халқсеварлиги, ватанпарварлиги билан машҳур бўлган. У киши бутун умрини эл-юрт озодлиги, равнақи учун бағишлади, илм-маърифат зиёсини таратди. Даҳрийлик тузумининг қаттол сиёсати сабаб она ватанини тарк этишга мажбур бўлиб, ўзга юртларда мусофирликда ҳаёт ўтказган бўлса-да, қалби ватан билан ҳамнафас эди.
Олтинхон Тўра Тарозий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида ёшлигимиздан эшитиб юрган бўлсак-да, бу улуғ зотни кўрмаган, ҳатто кўришишни ўйламаган ҳам эдик. 1990 йили ҳаж сафари асносида устозимиз Шайх ҳазратлари билан бирга у кишини зиёрат қилиш насиб бўлди. Ўшанда Олтинхон Тўра Қуръони Каримга ёзган тафсирлари, имом Термизийнинг «Аш-шамоилул-Муҳаммадия»сининг таржимаси ва ушбу «Нурул-басар» асаридан бир неча минг нусхани бизга топшириб, халқимизга етказишни сўрагандилар. Биз китобларни олиб келиб, ўша пайтдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қарамоғидаги мадрасаларга ва бошқа китобхонларга тарқатганмиз. Аммо мазкур асарлар эски ўзбек тилида ва туркий ҳарфда битилгани учун ундан фақат маълум даражада саводли толиби илмлар фойдалана оларди. Қуръони Каримга қилинган ўша туркий тафсирнинг кирил алифбодаги табдили олимларимиз тарафидан кам ададда бўлса-да, нашр қилинди. Аммо «Нурул-басар» китоби чорак асрдан бери ўзининг ана шундай жонкуяр тадқиқотчисини, ноширини кутиб турганди. Ушбу хизматга муваффақ бўлгани билан Абдул Азим Зиёуддин жанобларини муборакбод этамиз!
Олтинхон Тўра раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб имом Нававийнинг «Риёзус-солиҳин» китобининг изоҳли таржимаси, Имом Аъзамнинг «Ал-фиқҳул-акбар» асарининг изоҳли таржимаси ҳам илм аҳлига маълум. Муаллифнинг қўлингиздаги сийратга доир асарининг кенг оммага тақдим этилиши яна бир катта ютуқ, албатта.
«Нурул-басар» китоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратларига бағишланган бўлиб, ўтган асрнинг 60-йилларида эски ўзбек тилида битилган. Бу асар ўзбек тилида ёзилган сийрат китобларининг биринчиларидан ҳисобланади. Аммо асарнинг тили ва ёзуви бугунги ўзбек ўқувчиларга қулай бўлмаганидан, шундай қимматли манбадан халқимиз бебаҳра эди. Унинг сийрат илми мутахассиси тарафидан кирил ҳарфига табдил қилиниб, керакли изоҳлар билан нашр этилиши алоҳида эътиборга лойиқдир. Китоб билан танишган ҳар бир зийрак ўқувчи бунга амин бўлади.
Бу китобда инсониятни залолат қоронғулигидан ҳидоят ёруғлигига бошлаган, оламларга раҳмат ва поклик нурини таратган, инсониятни икки дунё саодатига эриштирувчи халоскор Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаёт йўллари битилган.
Уламоларимиз диний асарларни ўқиганда унга ўзига хос руҳий ҳозирлик кўриб ўқишни тавсия этадилар. Хусусан, инсоният учун илоҳий намуна бўлган жаноб Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш одатдаги китоб ўқиш эмас, балки оламларга раҳмат бўлган зотнинг ҳаётларига назар солишдир. Бу сийратни ўқиган киши ўқиганини уқмоғи, уққанида яшамоғи лозим.
Абдулҳаким қори Комилжон ўғли,
“Носирхон” жоме масжиди имом-хатиби