loader

МЎЪЖАЗ, АММО МУҲИМ ҚЎЛЛАНМА

Юртимиз мустақилликка эришганидан буён Ислом динини асл манбалари асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун кетма-кет имкониятлар яратилмоқда. Шу маънода ҳозирги пайтда барча илмлар қатори, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш борасида ҳам қатор китоблар нашр этилиб, ёзилган асарлар устида тадқиқотлар, илмий баҳслар олиб борилмоқда, илмий мақолалар, рисолалар чоп этилмоқда.
Тошкент ислом институтининг катта ўқитувчиси Саидаҳмедов Абдул Азим Зиёуддин ўғли томонидан Саййид Маҳмуд Тарозийнинг “Нурул басар” асари замонавий кирилл алифбосига ўгирилиши Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари билан мўъжаз тарзда танишиш истагидаги китобхонлар учун муҳим манба ва қўлланма бўлади, дейиш мумкин.
Асарни табдил қилиш жараёнида Абдул Азим Зиёуддин кўп йиллар давомида Тошкент ислом институти талабаларига “Сийрат” фанидан дарс бериш жараёнида орттирган билими ва сермаҳсул тажрибаси қўл келгани аниқ.
Амалга оширилган табдилнинг ютуғи шундаки, “Нурул басар” асарининг лексик ўзига хослиги сақлаб қолинган ҳолда, замонавий ўқувчи учун тушуниш қийин бўлган сўзлар муқобили ёки изоҳи Абдул Азим Зиёуддин томонидан матннинг ўзида қавс ичида берилган.
Ҳар бир саҳифа остида географик номлар, тарихий саналар, исмлар, воқеаларга аниқлик киритилиб, кўпчилик олимлар томонидан эътироф этилган маълумотлар қайд этиб ўтилгани мазкур китобнинг илмий қадр-қийматини янада оширади.
Аллоҳ таоло ушбу китобни юртимиз китобхонлари учун хайрли ва манфаатли қилсин.

Уйғун Ғофуров,
Тошкент ислом институти ректори

Орқага Олдинга