loader

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА

Қадимги Туркистон ўлкасидан етишиб чиққан, милодий XX асрнинг машҳур уламоларидан бўлмиш саййид Маҳмуд ибн саййид Назир Тарозий Туркистоний ҳазратлари 1895 йили Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистонга туташ Тароз (ҳозирги Жамбул) шаҳрида туғилганлар.
Ўзбек халқи орасида Олтинхонтўра номи билан машҳур бўлган бу зотнинг оталари саййид Назир ҳам мураттаб қори, ҳам ҳадис илмининг билимдони бўлган. Қатағон йилларида ҳибсга олиниб, бедарак кетган.
Саййид Маҳмуд Тарозий ёшликлариданоқ ноёб истеъдод ва ўткир қобилиятга эга бўлганлар. Ҳофиз Бедил ва Саъдий Шерозий асарларидан кўп нарсаларни ёд олганлар. Шунингдек, Қуръон қироатига ҳам моҳир бўлганлар.
У киши дастлабки илмни оталаридан олганлар. Сўнг Шайх Носирхонтўра Косонийдан ва бошқа ўз даврининг етук уламоларидан таълим олганлар. Шунингдек, Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида, кейинчалик Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрганлар. У киши Қуръон, ҳадис, ақида, сийрат ва бошқа шаръий илмларни ўрганиш билан бир қаторда, арабий, туркий ва форсий тилларни ҳам пухта эгаллаганлар.
Саййид Маҳмуд ҳазратлари Тарозда мактабдорлик, сўнг мадрасада мударрислик қилганлар. Олим сифатида шуҳрат топиб, номлари атрофдаги Туркистон, Чимкент, Сайрам томонларда ҳам машҳур бўлган.
Шуҳратлари бутун Туркистон ўлкасига ёйила бошлаган саййид Маҳмуд Тарозий Фарғона водийининг Қўқон ва Наманган шаҳарларидаги аҳли илмлар билан алоқада бўлганлар, ҳатто наманганлик аҳли илмлардан бирининг қизига уйланганлар.
Шўро ҳукумати диндорларни таъқиб ва тазйиқ остига олганда, кўплаб уламолар қатори у киши ҳам 1930 йили ўз ватанларидан чиқиб кетишга мажбур бўладилар. Дастлаб, Афғонистонга ўтиб, Қобулда истиқомат қиладилар. У ердан муборак ҳаж сафарига бориб, кейин Ҳиндистонга ўтиб кетадилар ва Бомбайнинг мусулмонлар яшайдиган маҳалласида муқим туриб қоладилар. У киши шаҳардаги маҳаллий масжидлардан бирига имом-хатиб этиб тайинланадилар. Шу тарзда Бомбайда ўн йил яшайдилар. Кейин Ҳиндистондаги сиёсий нотинчликлар туфайли Арабистонга бориб ўрнашадилар.
Саййид Маҳмуд Тарозийнинг 40 йилдан ортиқ давом этган сўнгги илмий-исломий ва адабий-маърифий фаолиятлари муқаддас шаҳарлар – Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварада кечади.
Дастлаб, Маккада хусусий мактаб очиб, ватандошларимизнинг фарзандлари ва маҳаллий аҳолининг болаларига дарс бера бошлайдилар. Кейинчалик у кишининг кенг қамровли олим эканликлари Арабистонда ҳам маълум бўлиб, ҳукумат томонидан Ҳарами шарифда дарс беришга таклиф қилинадилар. У кишининг олимлик истеъдоди, араб тилини чуқур билишлари, нотиқликлари ҳақидаги хабар Саудия Арабистони подшоҳигача етиб боради. Олимлик фаолиятларини эътиборга олиб, у кишини Ҳарами шарифга мударрисликка тайинлайди. Шундай қилиб, у киши бир неча йил мана шу мартабали лавозимда хизмат қиладилар.
Саййид Маҳмуд Тарозий ҳазратлари ватандошларимизнинг эътироф қилишларича, туркистонлик муҳожирларнинг ҳам муфтийи, ҳам ҳақиқий маънавий суянчиғи эдилар. Ҳамюртларининг мусофир юртда бирон ҳаётий муаммоси бўлса, у киши подшоҳ ёки шаҳар амири қабулигача бемалол кириб, арз ва илтимос қила оладиган даражада обрў қозонган эдилар.
Ул кишининг улкан илмий ва адабий мерослари зиё аҳлига яхши таниш. Булар:
-     Қуръони карим маъноларининг Туркистон тилига изоҳли таржимаси;
-     «Нурул басар» номли ушбу сийрат китоби;
-     Имом Нававийнинг «Риёзус-солиҳин» китобининг изоҳли таржимаси;
-     Имоми Аъзамнинг «Ал-фиқҳул акбар» китобининг изоҳли таржимаси;
-     Абу Ийсо Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» асарининг изоҳли таржимаси ва бошқалар.
Саййид Маҳмуд Тарозий юртимиз мустақиллиги эълон қилинишидан атиги икки ой олдин 1991 йил 26 июн куни, шамсий ҳисобда 95, қамарий ҳисобда 98 ёшларида вафот этадилар. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Омийн.

Орқага Олдинга