loader

МУАЛЛИФ МУҚАДДИМАСИ

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ، وَسَلَامٌ عَلَى عِبَادِهِ الَّذِينَ اصْطَفَى

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳга ҳамду сано ва танлаб олган бандаларига саломлар бўлсин

Ҳамдлар (б)ўлсун ул меҳрибон Парвардигоримиз зоти беҳамто (тенги-ўхшаши йўқ, яккаю ягона)сиғаки, биз мазлум туркистонлик бандалариға муҳожирлик сифатин навозиш (марҳамат) айлади. Худо ва Расул ризолари учун ватанидин жудо бўлғонларға Ҳарамайни шарифайн иқомат (истиқомат)ларин насиб этди. Ер юзинда адолат ва диндорлик ила шуҳрат топқон давлат Саудия риояти (ҳимояси)да золимлардин паноҳ берди.
Алҳамду лиллоҳ, бизлар бугун мусулмондурмиз. Иншааллоҳ, мусулмон яшаймиз ва мусулмон ўлурмиз. Ҳар бир мусулмон ўз пайғамбари ва диний раҳбари ҳазрати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам(нинг) ғулом (хизматкор)ларию жоннисор (фидокор) ошиқлари бўлур. Маҳбубин ҳар лаҳза ёд этур, тарих ҳаётларин (сийратларини) ўқур ё эшитур. Ҳар нечук қийматлик нарсасин ул жаноб хушнудликлари учун қурбон берур. Дунёнинг аълодин аъло мартабаю даражаларин Саййидул кавнайн (икки олам сарвари) ва Расулус-сақалайн (инсу жинлар пайғамбари) соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларин адно (энг қуйи) даража(даги) ғуломлик (хизматкорлик)лариға баробар кўрмас. Кеча-ю кундуз ул Махдуми ҳар ду жаҳон (икки олам махдуми), Маҳбуби Холиқи кавну макон (бутун оламлар Яратувчисининг ҳабиби) суннатлариға амалда бўлур. Динларида бўлмағон одату бидъатлардин ўзин сақлар, дину иймонин душмани бўлғон нафсу шайтон шарр (ёмонлик)ларидин Худосин паноҳиға қочур. Бу икки душман макридин нажот бергувчи Қуръони карим ва Аҳодиси шарифа тиловату мутолаалариға жону дили ила машғул бўлур. Мана бу тариқада ҳаёт кечиргувчи мусулмон, иншааллоҳ, Парвардигорин раҳматиға ва Маҳбубин (суюкли пайғамбари) шафоатиға мустаҳиқ (ҳақли) бўлур.
Роббул оламин (бутун оламлар Парвардигори) жалла шаънуҳу (шаъни буюк) даргоҳиға беҳисобу беадад шукрлар арз этурмизки, биз муҳожирлар ўртамизда диний, адабий ва ахлоқий дарсларимиз ҳамиша жорийдур. Халқимиз, алҳамду лиллоҳ, тарбия ва иршод (насиҳат) ҳалқалариға диллари ила шомил (дохил) бўлурлар. Уламолардин ҳар лаҳза истифодада турурлар (фойда олурлар). Эрлардин хотунлар ва хотунлардин эрлар сабқат (мусобақа, пешқадамлик) этурлар. Эшитган сабоқлариға мумкин қадар амал қилмакға саъй(-ҳаракат) қилурлар. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам сийрати муборакаларин ва саҳобаи киром аҳволи шарифаларин эшитсалар, вужудлари ларзон, кўзлари гирён бўлур.
Бу ожиз (камина) ўтган сана одатдагича ёз кунларида Тоифи шарифда  бўлдум. Туркистонликлар буюк масжидларида субҳу шом (бомдод ва шом намозларидан кейин) икки вақт дарси умумий давом этди. Кечлик дарсда аксарият ҳамшира (сингил)ларимиз тарафларида бўлуб, дарс асносида сийрати муборакадин баён берилганда, ажиб ва ғариб таассур(от)лар сезилур эрди. Бу ҳолатни мушоҳада этгач, банда (камина) алар учун бир мухтасар сийрати набавийя ёзуб, туҳфа этмакни ваъда қилғон эрдим. Мана бул қўлумизда турган китоб ўшал ваъда этулуб, алҳамду лиллоҳ, вафо қилунғон китобдур. Номин “Нурул басар” (кўз нури) ёхуд сийрату хойрил башар (энг яхши инсон сийрати) соллаллоҳу алайҳи васаллам қўюлди. Аллоҳ таоло караму иноятидин умид шулдурки, бу асари ожизонани туркистонлик биродарларим ва ҳамшира (сингил)ларим учун бир нав раҳбари тариқ (йўлбошчи) ва ниъмар-рафиқ (яхши ҳамроҳ) айлагай.
Банда (камина) бу сана, яъни 1383 ҳижрия (милодий 1963 йил) ёз мавсимида ҳасбал-одат (одатга кўра), яна зиёрати аҳбоб қасдида Тоиф шаҳриға бордим. Азизлар иштиёқда турган эканлар, меҳмонимиз дам олсун, демасдан, ҳаммалари бил-иттифоқ тафсиру ҳадисларин олуб, маъҳуд (одатланган) масжидлариға ҳозир бўлдилар. Бу улуғ истиқбол (кутиб олиш) ва шондор (шонли) харидор (ихлосманд)ликларин кўргач, (мен) ночиз (нотавон) биродарлари би-ъавниллаҳи ва карамиҳ (Аллоҳнинг мадади ва марҳамати ила) икки вақт масжидда, бир вақт ғарибхона (мусофирхона)да дарсу иршод (тарбия) ҳалқасиға ҳасбал-мақдур (баҳоли қудрат) машғул бўлдум. Алҳамду лиллоҳ, тўрт ойлик бир муддатда Қуръони карим аввалларидин беш пора ва ҳадиси набавийдин “Риёзус-солиҳийн” китобининг тўрт хумси (бешдан тўрт қисми, яъни саксон фоизи) мудораса (дарс) бўлуб ўтди. Аллоҳ таоло биз муҳожир бандаларин ҳамиша мундоғ иҳсосу шуъур (ҳис-туйғу)лардин маҳрум этмасун. Ўз тоатида ва Расулин итоатларида ҳусни (гўзал) хотима насиб айласун.
Бу сана зуҳур этмиш (зоҳир бўлган) ҳалқаи илм баракотидин бири, балки улуғи шулдурки, тамоми аҳли ҳалқа дину ахлоқ тарафиға моил бўлганликларидин аллома Забийдий (Ҳанафий)нинг  “Тажриди сариҳ” ном(ли) “Бухорийи шариф”ға қилган мухтасарларин ва имом Нававийнинг “Риёзус-солиҳийн”ларин ўз тилимиз туркистончаға таржимаю таҳшия (изоҳ) қилунушин талаб (илтимос) этдилар ва бу хизмати жалила (буюк хизмат)ни бажармак шарафин бу ҳақир (ожиз, бечора, яъни камина) зиммасиға юкладилар. Агар Аллоҳ таоло инояти ила бу нарса вужудға чиқуб қолса, аларни зебо (хушбичим) бир ҳажмда, ниҳоятда хушхат (ҳуснихат) ва камғалат (хатосиз) қилуб босдуруб, ҳижрат оламидаги муҳожир биродарларға баҳосиз (текин), лиллоҳ (Аллоҳ учун) тарқатмакни жамоа бошлиғлари ўз зиммалариға олдилар. Аллоҳ таоло ёзгувчи ва босдиргувчи зотларни ўз паноҳида асраб, мундоғ улуғ ёдгор (маънавий мерос)ларни тездин вужудға чиқишлариға ҳаммамизни муваффақ айлагай.
Ушбу муносабат ила сўз охирида бу арз (баён)ни ҳам биродарларға қилурманки, ҳикмат надур(ки,) Тоифда муқим муҳожир биродарларимиз ҳаммалари аҳли карам (саховатли), меҳмоннавоз, ғариб (мусофир)парвар зотлардурлар. Илм мажлисин яхши кўрурлар, уламоларни эҳтиром этурлар, аҳли салоҳ (солиҳ кишилар)ни дўст тутурлар, меҳмоннавозликда бойлари фақирлари ила мусобақа этурлар. Хусусан, Баладун-Набий (Пайғамбар шаҳри) соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварадин бир биродарлари боруб қолса, Ҳабибимиз ҳамсоя (қўшни, ҳамшаҳар)лари келубдурлар деб, молу жонларини қурбон (фидо) қилурлар. Кўзлариға тўтиё, балки нуру зиё этурлар. Бу нарсани иймони содиқ, муҳаббати Худо ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам демасак, нима ном берурмиз? Бу мумтоз сифатларда машааллоҳ, эрлару хотунлар баробардурлар. Хотунларнинг караму (саховатпешалигу) диндорликларин далили шулдурки, қўлумиздаги “Нурул басар” китоби бир солиҳа ҳамширамиз (синглимиз) ҳиммати ила босилуб, нашр этулмакдадур, жазаҳаллоҳу хойрон (Аллоҳ мукофотласин). Тоифдаги ватандошларимизнинг бу қадар диний ва адабий тараққийлари учун бош сабаб, андаги заъим (етакчи)лару жамоа бошлиғларин диндору карамфармо (саховатга буюрувчи) бўлушларидур. Алар шул қадар инсоният (инсонийлик) ва мурувватлик улуғлардурларки, бир муҳтож биродарларин ҳузну (маҳзунлигу) ғамдин қутқазмай, ҳаргиз ором олмаслар. Ҳамдардлик йўлида на дўконлариға боқурлар ва на маконлариға. Қайси бир диний ва миллий муҳим (иш) пайдо бўлса, ҳаммадин аввал ўзлари қадам қўюрлар, сўнгра бошқа биродарларға далолат этурлар. Ниятлари холис, ўзлари мухлис бўлғонлик жиҳатларидин, ҳамиша ҳар бир қадам қўйғон ишларида, алҳамду лиллоҳ, вақти комёб (хушбахт, саодатманд, муроду мақсадларига эришган) бўлурлар. Аллоҳ таоло ҳар тоифаға шундоғ художўй сардорларни заомат (етакчилик)ларин насиб этсун, омийн.
Энди, ҳазрати Парвардигор таъйиди (мадади) ила Ўз карами (марҳамати)ға эътимод этуб (суяниб), бу муборак мухтасар сийрати шарифаға шуруъ қилурмиз (киришурмиз).

Ҳижрий 1383 йил, жумодус-соний (милодий 1963 йил, октябр).
Мадинаи Мунаввара.
Ходимул қавм Саййид Маҳмуд Тарозий уфия анҳу (гуноҳлари афв этилсин).

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР