(Ғариб ривоятга кўра) ҳазрат рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик маснади (мартабаси)ға мушарраф бўлушларидин етти сана илгари кўзлариға бир ажиб нур кўрула бошлади. Қачон шул нурни кўрсалар, табиатлари ниҳоятда хуш бўлур эрди. Ул нурда на овоз бўлур эрди ва на сурат бўлур эрди.
Бу ҳолатда давом этуб, ёшлари ўттуз тўққузға тўлуб, олти ой зиёда бўлғонда (балки, қамарий ҳисоб билан тўлиқ қирқ ёшга етганларида), ваҳйи осмонийнинг муқаддимаси бўлғон рўъёи солиҳа ва содиқа (тўғри ва рост туш) даври шуруъ бўлди (бошланди), яъни кечқурун нима нарсани тушларида кўрсалар, уйғоқликларида ўшал нарса тамом ўзи кўрулур эрди. Бу ҳам ваҳийнинг бир навъи эрди. Лекин бу ҳолат олти ой давом этди, яъни мавлид (туғилган ой)лари рабиъул аввалдин бошлануб, Қуръони карим нозил бўлғон рамазони муборак ойлариғача бўлуб турди.
Бу аснода (пайғамбарликдан икки йил олдин) ҳазрати Набий карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатлари хилвати гўзинлик (ихтиёр, талаб, хоҳлаш)ға ниҳоятда берилган эрди. Халқдин алоҳида турушни суяр эрдилар. Шунинг учун Маккаи Мукаррамани иҳота қилғон (ўраб олган) тоғларнинг бири бўлғон Ҳиро тоғиға (рамазон ойида) чиқуб, анда бир (кичик) ғорни ихтиёр қилғон эрдилар. Ул мақом ғоятда баланд, хушҳаво ва хилват бир мақом эрди. Ул ердин Каъбаи шарифа кўрунуб турур эрди. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ул мақомда муддатлар (рамазон ойларида) иқомат қилдилар. Маккадин волидамиз ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳо бир муддатға етадурган озуқларин тайёр қилуб юборур эрдилар. Баъзи кунларда жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Маккаға тушуб, тўйганларича Каъбаи шарифни тавоф қилуб, кейин тайёр қилунғон таом ва сувларин олуб кетур эрдилар.