Вақтики, жаноб Саййидул анбиё соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ёшлари (қамарий ҳисобда) қирқға тўлуб, бир кун (балки, олти ой) ўтуб эрди, жаноб саййидуно Жибрил (Жаброил) алайҳиссалом Парвардигор жалла шаънуҳу (шаъни буюк) тарафидин нубувват башоратин келтурдилар. Ул замон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғори Ҳирода эрдилар. Тарих милодий олти юз ўнға тўлғон эрди.
Ҳазрати Жибрил бу жанобға боқиб: {اقرأ} “Иқроъ”, яъни “ўқу”, дедилар. Жаноб рисолатмаоб: {ما اقرأ} “Ма ақроъ”, деб жавоб бердилар, яъни мен ўқуёлмайман. Кейин Жибрил алайҳиссалом бу жанобни маҳкам бир сиқиб, қўюб юбордилар. Яна аввалғидек: {اقرأ} “Иқроъ”, дедилар. Жаноб аввалғи жавобни бердилар. Кейин Жибрил алайҳиссалом яна бир бор сиқиб, қўюб юбордилар, яна: {اقرأ} “Иқроъ”, деб учунчи бор яна сиқиб, қўюб юбордилар ва бу беш оятни ўқуб эшитдурдилар:
إقرأ باسم ربك الذي خلق، خلق الإنسان من علق، إقرأ وربك الأكرم، الذي علم بالقلم، علم الإنسان ما لم يعلم
“Ўқуғил, ул Парвардигоринг номи илаки, яратди. Яратди инсонни қуюқ қонлардин. Ўқуғил ва Парвардигоринг ҳаммадин зиёда карамликдур. Ул зотки, илм ўргатди қалам ила. Таълим берди инсонға ул нарсаники билмас эрди” .
Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу беш оятни тамом ёд қилуб олдилар, сўнгра хавфланғон ҳолда ғори Ҳиродин тушуб, ўз уйлариға боруб: “Мени ўраб қўюнглар”, деб амр қилдилар. Ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳо ўраб қўйдилар.
Бироз ётуб, хавфу даҳшатлари кўтарилгандин кейин, бўлуб ўтган воқеани хотунлариға баён қилдилар ва дедиларки: “Мен ўз жонимдин қўрқдим”. Бу сўзлариға жавобан Хадийжа онамиз дедилар: “Эй ҳабиб, ҳаргиз қўрқмасунлар! Аллоҳ таоло жанобларин ҳеч бир вақт хору расво этмас, мағмум (ғамгин) ва маҳзун қилмас. Чунки ўзлари қариндошлариға шафқатлик, ожизлар юкларин кўтаргувчи, мушкилларин осон этгувчи, мискиннавоз (камбағалпарвар), меҳмонпарвар ва аҳли ҳақларға додрас (ёрдамчи)дурлар. Худойи меҳрибон ҳамиша ўзлариға мададкордур”.
Жаноб Хадийжа розияллоҳу анҳо шунчалик тасалли берганларидин кейин ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни баробар олуб, амакизода (амакивачча)лари Варақа ном бир олим ҳузуриға бордилар. Бу одам ёши улуғ, ўзи насроний бўлғон бир доно (билимдон) киши эрди. Кўзлари ожиз бўлиб қолғон эрди.
Бу зотға Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган воқеаларин ўз забонларидин баён қилунди. Бу сўзни эшитган замон Варақа дедики: “Бу сиз кўрган зот ўшал фариштадурларки, ҳазрати Мусо алайҳиссаломға ҳам тушар эрдилар. Эй кошки, сизни қавмингиз чиқарур вақтларида мен навжувон (ёш йигит) бўлсам эрди”. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Оё (наҳотки), менинг қавмим мени ватанимдин чиқарурларми?” Варақа деди: “Оре (ҳа), ҳеч ким сиз келтурган (илоҳий) таълимни келтирмади, магар анга ибтидода ҳамма душман бўлур. Кошки, сизнинг бу ватандин ҳижрат қиладурган замонингизда мен тирик бўлсам, ниҳоятда улуғ хизмат қилур эрдим”.
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳо иккилари бу сўзни эшитуб, уйлариға қайтдилар. Аммо Варақа бечора зиёда муддат яшаёлмай, (иккинчи ваҳий келмасдан) вафот қилуб кетди.
Кейин уч йил (балки, бир ой атрофи, нари борса қирқ кун)ғача ваҳий силсиласи банд бўлуб (келмай) турди. Бу фурсатда ҳазрат рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий учун истиъдод (ҳозирлик)лари ниҳоятда юқори мақомға етуб, шавқлари кўб зиёда бўлди.
Ўзлари дебдурлар: “Бир кун кетуб туруб эрдимки, осмон тарафидин бир овоз келди. Осмонға боқсам, ўшал ғори Ҳироға келган зот кўзумга кўрулдилар. Бу дафъа ҳам қўрқдим, лекин аввалғидек эмас, бироз енгилроқ қўрқдим”.
Кейин ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дафъада ҳам уйлариға боруб, чодир (ёпинчиқ)ларға ўралуб ётуб эрдилар, бу оятлар нозил бўлди:
يا ايها المدثر قم فانذر و ربك فكبر و ثيابك فطهر و الرجز فاهجر
“Эй чодирға ўралғувчи! Ўрнингдин тур ва қўрқут, ва Парвардигорингни улуғла, ва киюмингни пок тут, ва нопокликдин узоқ бўл” .
Шундин кейин ваҳий силсиласи кет ва кет кела бошлади. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халқни Худо тарафиға (махфий) даъват қила бошладилар ва (уч йил ўтиб, ошкора даъват бошланганидан кейин) мушриклар тарафларидин кулфату азият бўрони ёға бошлади.
Бу мақомда бироз мулоҳаза қилмак лозимдурки, ҳазрати Жибрил алайҳиссалом биринчи мулоқотларида нима учун жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уч бор сиқиб, қўюб юбордилар ва ҳар бир сиқғонларида, жаноб ниҳоятда қийналур эрдилар? Мундаги ҳикмат шул эрдики, шул тариқа тарбия баракатида жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳониятлари башариятлариға ғолиб бўлсун ва зоти алийя (олий)лари оёти раббония (илоҳий оятлар)ни талаққийси (қабул қилиши) учун истиъдод (ҳозирлик) пайдо қилсунлар, андин кейин Холиқ ила халқ ўрталарида восита бўлсунлар.
Жибрил алайҳиссаломни кўруб, ул зотдин ваҳий олғондин кейин бир неча соат юракларин ўйнаши тобшурулган масъулиятни нечук таҳаммул эта (кўтара) олурман ва бу улуғ вазифани қандоғ анжом бера (адо қила) олурман, деб қилғон хавфларидин пайдо бўлғон бир ҳолат эрди. Ҳақиқатда, бу жанобға тафвиз этулган (топширилган) рутба (мартаба) рутбаларнинг ҳаммадин буюги бўлуб, таҳаммули (бажариш) ҳар қандоғ инсон учун оғирдин-оғир бир вазифа эрди. Анинг учун нақадар фикр ва нақадар ҳайратда қолунса, ҳақлиғ эрдилар. Лекин бу буюк шарафни карам (икром) қилғон меҳрибон Парвардигорлари Ўзи ҳар бир соат (лаҳза)да ул жанобға нигоҳбон (ҳимоячи бўлиб) турди, ниҳоятда санжидалик (пухталик) ила охириға еткузулди.