Иккинчи сана (келаси йил), яъни нубувватнинг ўн иккинчи йили Мадинадин ансори киромнинг ўн икки нафарлари ҳаж мавсимида Маккаи Мукаррамаға келдилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила Ақабада жам бўлдилар. Ўшал ерда ҳаммалари давлати иймонға мушарраф бўлдилар. Алардин (Ҳудайбия сулҳидан кейин) хотунлардин олунадурган байъат олунди. Ҳаммалари тубандаги шартлар ила байъат бердилар:
1) бизлар танҳо Аллоҳ таолонинг Ўзиға ибодат қилурмиз, ҳеч кимни Анга шерик қилмасмиз;
2) бизлар ўз ҳалолимиздин бошқа хотунлар ила ношаръий алоқа қилмасмиз ва ўғурлик қилмасмиз;
3) бизлар ўз авлодларимизни ўлдурмасмиз;
4) бизлар ҳеч кимға ёлғон туҳмат қилмасмиз ва чақимчилик қилмасмиз;
5) бизлар ҳар бир яхши ишни қилмакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға итоатда бўлурмиз.
Бу ҳазарот (ҳазратлар) Мадинаға ёнмакчи (қайтмоқчи) бўлғонларида, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам аларға Исломни таълим бермак учун ҳазрати Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшуб бердилар.
Бу жаноб Маккаи Мукарраманинг давлатманд хонадонларидин бирларин ёлғуз суюмлик фарзанди эрдилар. Кўчаларда яхши отларға минуб юрур эрдилар. Олдиларидин ва орқаларидин ғулом (қул)лар юрур эрдилар. Бир бор кийган либослари икки юз рупия (балки, дирҳам – кумуш танга)дин кам бўлмас эрди. Вақтики, Меҳрибон Парвардигор бу жанобни дини Исломға мушарраф қилди, дунё роҳатларидин ва жисмоний тажаммул (пардоз, зебу зийнат, ясаниш)лардин алоҳида бўлуб, руҳоний ҳолатларин тараққий этдура бошладилар.
Мадинаға келганларида Мадинанинг диний устози бўлуб, шуҳрат олдилар. Лекин кийган либослари кўҳна бир чодир (чойшаб) парчаси бўлуб, анинг икки тарафин тиконлар ила қўшуб олур эрдилар. Қўшхона (меҳмонхона)лари жаноб Асъад ибн Зурора уйлари эрди. Ул уйда беш вақт намозда аларға имом бўлуб турдилар. Ислом диниға дохил бўлган мадиналик саҳобаларға аҳкоми динияларин таълим берур эрдилар.