loader

АҚАБАИ СОНИЯ БАЙЪАТИ(Иккинчи Ақаба байъати)

Ансори киром иккинчи сана (келаси йил, яъни нубувватнинг ўн учинчи йили) ҳам одатлариға мутобиқ мавсимда ҳаж учун Маккаға келдилар. Бу дафъа келган азизлар етмиш уч нафар эр киши ва икки нафар хотун кишидин иборат эрдилар.
Булар ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила кечқурун Ақаба қошида жам бўлушға қарор бердилар. Кечқурун ваъда қилунғон соатда ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббос ила етуб келдилар. Ул кунларда Аббос розияллоҳу анҳу Исломға дохил бўлмаган эрдилар. Ўз рағбатлари ила келуб, бўлган воқеани кўруб турдилар.
Мажлис бошланишдин муқаддам ҳазрати Аббос бу сўзни қилдилар: “Эй Хазраж жамоаси, сизларға маълумдурки, Муҳаммад алайҳиссалом ўз қариндошлари Бани Ҳошим ўрталарида муҳтарам бир зотдурлар. Бизлар агарчи динлариға дохил бўлмасак ҳам, душманлардин ўз паноҳимизда олуб келдук ва ҳамиша шул тариқа фидокор турурмиз. Иззатлариға, оромлариға ҳеч бир тарафдин ташвиш етгали қўймасмиз. Энди, бу жаноб бизларни ташлаб, сизларға боруб қўшулмакчидурлар. Агар сизлар ваъдаларингизға вафо қилуб, бу жанобни ўз ҳимояларингизда сақлаёлсангизлар ва мухолиф (душман)ларидин паноҳ бера олсангизлар, олуб боринглар. Агар бу нарсани уҳдаси (уддаси)дин чиқа олмай, душманлар қўллариға тутуб берадурган бўлсангизлар, қўюнгларки, ўз ватанида ўз ақраболари ила баробар турсун, саргардон этманглар.
Ансори киром дедилар: “Жаноб Аббос сўзларин эшитдук, энди, ё Расулаллоҳ, ўзлари сўз қилсунлар ва ўзлари учун бизлардин нима аҳду паймон олмоқчи бўлсалар, олсунлар.
Кейин ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз қилдилар, Қуръони каримдин тиловат қилдилар, Худо тарафиға даъват, Ислом дини учун тарғиб бердилар ва дедиларки: “Мен сизлардин шул нарсаға байъат олурманки, сизлар ўз хотунларингиз ва авлодларингизни қандоғ ҳимоя қилсаларингиз, мени ҳам шундоғ ҳимоя этурсизлар”.
Жанобдин бу сўзни эшиткан замонлари алардин ҳазрати Баро ибн Маърур розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларин тутуб туруб дедилар: “Оре, қасам ул Худо номиғаки, ўзларин ҳақ Набий қилуб юборубдур, биздин байъат олсунлар. Бизлар қасам Худоғаки, ҳарбий одамлардурмиз, бу сифат бизларға ота-боболаримиздин меросдур”.
Ҳазрати Баро сўзлари тамом бўлғон замон ҳазрати Абул Ҳайсам ибн Таййаҳон дедилар: “Ё Расулаллоҳ, бизлар ила яҳудлар ўртамизда муоҳадамиз (иттифоқчилигимиз) бордур. Биз боруб, шул муоҳадани бузурмиз. Бу ишни қилсак, кейин Аллоҳ таоло ўзлариға карам қилуб, душманларға ғолиб келсалар, ул ҳолда бизларни ташлаб, яна ўз ватан ва ўз қавмлариға қайтуб келсалар, бизнинг ҳолимиз нечук бўлур?”
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни эшитуб, табассум қилдилар ва марҳамат қилдиларки: “Ҳаргиз мундоғ бўлмас. Мен сизлардин бўлдум, сизлар мендин бўлдингизлар. Сизларнинг дўстларингиз менинг дўстум бўлур ва душманларингиз менинг душманим бўлур”.
Кейин жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аларға дедилар: “Ичларингиздин ўн икки нафар нақиб, яъни масъул, зиммадорни менга сайлаб беринглар”. Алар филҳол ўн икки адад нақиб (уруғ раҳбарлари) сайлаб бердилар. Тўққуз нақиб Хазраж жамоасидин ва уч нақиб Авс жамоасидин бўлдилар.
Хазраждин бўлғон нақиблар бу ҳазарот (ҳазратлар)дурлар:
1) Асъад ибн Зурора;
2) Саъд ибн Рабиъ;
3) Абдуллоҳ ибн Равоҳа;
4) Рофеъ ибн Молик ибн Ажлон;
5) Баро ибн Маърур;
6) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром;
7) Убода ибн Сомит;
8) Саъд ибн Убода;
9) Мунзир ибн Амр ибн Хунайс.
Авсдин бўлғон нақиблар бу ҳазаротдурлар:
1) Усайд ибн Ҳузайр;
2) Саъд ибн Хайсама;
3) Рифоъа ибн Абдулмунзир.
Кейин жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: “Нақиблар ҳаммалари ўз қавм (уруғ)ларин тарафларидин кафилдур ва мен мусулмонлар тарафларидин кафилдурман”.
Шул мажлисда ҳаммадин аввал қўл узатуб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллариға байъат берган (бир ривоятга кўра) ҳазрати Баро ибн Маърур бўлдилар. Бул кишидин кейин қолғонлари байъат бердилар.
Кейин жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаммаларингиз жой-жойларингизға қайтинглар”.
Шул соатда алардин ҳазрати Аббос ибн Убода ибн Назла дедилар: “Ё Расулаллоҳ, сизни ҳақ пайғамбар қилуб юборган Холиқ номиға қасамёд этуб дермизки, агар ижозат берсангиз, эрта Минодагиларға қиличларимиз ила ҳамла қилурмиз”. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу нарсаға маъмур бўлмадук (буюрилмадик). Ўз жойларингизға тарқалинглар”.
Кейин ҳаммалари ўз ерлариға ёнуб (қайтиб) кетдилар. Ўшал кеча ўтгандин кейин, кундузи (эрталаб) Қурайш катталари жам бўлуб, ансори киром манзиллариға боруб дедилар: “Эй Хазраж жамоаси, бизларға хабар етдики, сизлар бизнинг биродаримиз Муҳаммадни олғони ва анга мадад беруб, бизлар ила урушгали келубдурсизлар. Бизлар сизлар ила ўртамизда уруш бўлушни ниҳоятда ёмон кўрурмиз”. Бу сўзни эшитган замон хазражийларнинг мушриклари туруб дедиларки: “Бизлар қасам ичиб дермизки, бу сўзнинг вужуди йўқдур (бўлиши мумкин эмас), бизлар бу нарсани билмадук”. Мушрик хазражийларнинг бу сўзлари рост эрди. Чунки кечқурун бўлуб ўтган воқеадин буларнинг хабарлари йўқ эрди. Ҳар нарса қилган бўлсалар, мусулмонлар қилуб эрдилар.

Орқага Олдинга