Ҳар бир мусулмон учун билмак лозимдурки, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти муборакалари икки даврға бўлунур:
Биринчи: ҳаёти маккийяларики, анинг (салкам) ўн уч санаси нубувват ва рисолат замонасидур.
Иккинчи: ҳаёти маданийяларики, бу тамом ўн санадин иборатдур, тамоми нубувват ва рисолат замонасидур.
Қуръони карим сувари (сураи) карималари ҳам шул муносабат ила икки навға тақсим этулур: ҳижрати шарифаларидин илгари нозил бўлғонларини “Маккийя” дейилур ва ҳижратдин кейин нозил бўлғонларин “Маданийя” дейилур.
Суралар мажмуъи бир юз ўн тўрт сура бўлуб, мундин йигирма учи (балки, йигирма саккизи ) маданийя суралардур. Номлари будур: Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анфол, Тавба, (Раъд,) Ҳаж, Нур, Аҳзоб, Қитол (Муҳаммад), Фатҳ, Ҳужурот, (Раҳмон,) Ҳадид, Мужодала, (Ҳашр,) Мумтаҳана, Саф, Жумъа, Мунофиқун, Тағобун, Талоқ, Таҳрим, (Инсон, Баййина, Залзала) ва Наср.
Мана бу суралардин бошқа суралар маккийядурлар. Маккий суралар ҳаммалари икки муҳим мазмунға иршод (ишора) этур.
Биринчи: ибодат Аллоҳ таолонинг ҳаққидур, ани танҳо Аллоҳ таолоға қилмак лозимдур. Аллоҳ таолодин бошқа маъбудлар ҳаммаси ботилдур. Аларға ўзлариға мустақил ҳам ибодат қилуб бўлмас ва Аллоҳ таолоға шерик қилуб туруб ҳам ибодат мамнуъ (ман этилган)дур.
Иккинчи: бу дунёдин бошқа алоҳида бир кун бордурки, анда ўлган инсон тиргузулур, маҳшарға ҳозир этулур ва муҳосаба (ҳисоб-китоб) учун Худо ҳузурида тўхтатилур. Иймони ва яхши амаллари бўлса, азобдин нажот берилуб, жаннатға дохил қилунур. Худо қилмасун (кўрсатмасин), иймон ва амали солиҳдин дафтари холи бўлса, ул ҳолда жаннатдин бенасиб бўлур ва азоб учун дўзахға ташланур.
Маккий сураларда бу икки мазмунға мутааллиқ (тааллуқли) ниҳоятда равшан ва мудаллил (далолат қилувчи) баёнлар бордур.
Маданий сураларда бу мазмунлардин бошқа Ислом динин зарурий аҳкомлари ҳам бордур. Ғараз (мақсад) қиёмат куниғача мусулмонлар учун диний, ахлоқий, сиёсий, ижтимоий ва инфиродий (якка шахсларга оид) заруриётлари ижмолу тафсил (қисқа-ю муфассал) ила мукаммал Қуръони каримда алҳамду лиллоҳ, мавжуддур. Мусулмонлар ҳеч бир замон ва иқлимда Қуръони каримдин бошқа бир осмоний ё инсоний китобға муҳтож эмасдурлар.