Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта, Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо сураси, 36).
Аллоҳ таоло Ўзини бир, якка ва ёлғиз деб билиш, улуғлаш қаторида қуйидагиларга яхши муносабатда бўлишни буюрди:
Ота-онага – уларга меҳрибонлик ила яхши муносабатда бўлиш, қўпол муомала қилмаслик, ҳузурларида баланд овозда гапирмаслик ва қул ҳўжайинига итоат этгандай итоаткор бўлиши лозим.
Қариндош-уруғларга – улар билан алоқани мустаҳкамлаш, уларга яхши муносабатда бўлиш лозимлиги ҳам таъкидланмоқда.
Етимларга – уларга меҳр-шафқат кўрсатиб, бошларини силаш лозим.
Мискинларга – имкони бўлса, уларга хайр-эҳсон қилиш, бўлмаса, яхши сўз сўзлаш даркор.
Қариндош қўшни – насабда ёки динда қариндош бўлган қўшни. Унинг иккита ҳақи бор. Мабодо ҳам динда, ҳам насабда қариндош бўлса, унинг учта ҳақи бўлади.
Бегона қўшни – насабда ёки динда қариндош бўлмаган қўшни.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнининг ҳақи хусусида шундай деганлар: «Жаброил менга қўшни ҳақида тўхтовсиз васият қилаверганидан яқинда қўшнини ҳам меросхўр деб атаса керак, деб ўйладим» (Муттафақун алайҳ).
Ҳамроҳ – сафардаги йўлдош бўлиб, унинг қўшнилик ва ҳамроҳлик ҳақлари бор.
Йўловчи мусофир – мусофир то кўзлаган манзилига етиб олгунича, унга таом ва бошпана бериш вожиб.
Қўлларингиздаги қулларингиз – қул (чўри)ларнинг ризқини яхшилаб, хатоларини афв этиш лозим.
Зеро, Аллоҳ Ўзининг кўрсатмаларига амал қилишдан бўйин товлайдиган мутакаббир ва У берган неъматлар сабабли бошқа бандалардан ўзини устун қўювчи мақтанчоқ кимсаларни суймас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан кетиш олдидан, сўнгги касаллик чоғларида намоз ва қул-чўриларга яхши муносабатда бўлиш ҳақида васият қилиб: «Намоз, намоз (яъни, намозга қаттиқ эътибор беринглар). Қўл остингиздагилар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар», деган эдилар (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилишларича, яхши ҳулқ – бахт, ёмон ҳулқ эса – кўнгилсизлик (бахтсизлик).
Яна бир ҳадиси шарифда: «Ёмон хулқли киши жаннатга кирмайди», дейилган (Термизий ривояти).
Абу Масъуд Бадрий айтадилар: «Бир қулимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан: «Эй Абу Масъуд, билиб қўй», деган овоз эшитилди. Fазабдан овозни англамай қолдим. Менга яқин келгач, қарасам у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот: «Абу Масъуд, билиб қўй, сен бу ғуломдан қудратли бўлсанг, Аллоҳ сендан қудратлидир», дедилар. «Энди биронта ҳам қулни урмайман, дедим».
Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятида: «У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан қўлимдан қамчи тушиб кетди», дейилган. Яна бир ривоятда: «Ё Расулуллоҳ, у Аллоҳнинг розилиги учун озоддир», деган эдим, у зот: «Агар шундай қилмаганингда, шубҳасиз, дўзах оловида куйган бўлардинг», дедилар», дейилган (Муслим ривояти).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Кимки қулини қилмаган иши учун жазолаб урса ёки калтакласа, уни озод қилиш билангина шу гуноҳи ювилади» (Муслим ривояти).
Ҳаким ибн Ҳизом розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дунёда одамларни азоблайдиган кимсаларни Аллоҳ, албатта, жазолайди» (Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки зулм қилиб қамчи урса, қиёмат кунида ундан қасос олинади» (Баззор ва Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Хизматкорни неча марта афв этиш лозим?» деб сўрашган эди, «Ҳар куни етмиш маротаба», деб жавоб бердилар (Абу Довуд, Термизий ривояти).
Кунлардан бир куни қўлларида мисвок тутиб турган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматкорини чорладилар. У сусткашлик қилган эди, у зот: «Агар қасос олиш хафви бўлмаганида, ана шу мисвок билан сенга озор берган бўлардим», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг қора танли чўриси бор эди. Бир куни у зот чўрисига қамчи кўтардилар-да: «Агар қасос бўлмаганида, сени, албатта, савалар эдим. Лекин сени ҳақингни тўла қилиб берадиган Зотга сотаман. Аллоҳнинг розилиги учун озодсан», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда-ким пок қулини бадном қилса (зинокор деб туҳмат қилса), унга қиёмат кунида ҳад жорий қилинади. Магар айтгани рост бўлса (жазоланмайди)» (Муттафақун алайҳ).
Бир ҳадиси шарифда: «Қулга таоми ва кийимидан берилади ҳамда тоқати етмайдиган ишга буюрилмайди», дейилган (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қулларингиздан ўзингизга маъқул келганларига ейдиган нарсангиздан едиринглар, киядиган нарсангиздан кийдиринглар. Маъқул келмаганларини эса сотиб юборинглар, Аллоҳнинг бандаларини азобламанглар» (Абу Довуд ривояти).
Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу Мадоин шаҳрининг амири бўлиб турган даврида ҳузурларига бир жамоат ташриф буюрди. У хамир қориб турган эди. «Чўрингизга хамир қордирсангиз бўлмайдими?» дейишган эди, у зот розийаллоҳу анҳу: «Уни бир ишга жўнатган эдик. Унга яна бир ишни жамлаб қўйишни маъқул топмадик», деб жавоб бердилар.
Салафлардан бири айтган экан: «Қулингни ҳар бир гуноҳи учун ураверма-да, хатоларини эсингда сақлаб юр. Агар Аллоҳга осийлик қилса, уни ур ва сенга қилган итоатсизликларини эслат».
Фасл
Қул ва чўрини фарзанди ёки укасидан жудо қилиш уларга қилинган энг катта ёмонликдир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Кимда-ким она билан болани бир-биридан жудо қилса, қиёмат кунида Аллоҳ уни суйганидан жудо қилади (Термизий, Ҳоким ривояти).
Али розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга икки ака-ука ғуломларимни сотишни буюрдилар. Мен уларни бошқа-бошқа кишига сотдим. Буни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилган эдим: «Иккаласини битта одамга сот», дедилар» (Аҳмад ривояти).
Қул, чўри ва ҳайвонларни оч қолдириш ҳам катта зулмдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Қарамоғидагиларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади» (Ҳоким, Абу Довуд, Насоий ривояти).
Ҳайвонни қаттиқ уриш ёки қамаб қўйиб, қаровсиз қолдириш ёхуд тоқатидан ортиқча нарсани юклаш ҳам катта зулмдир.
«Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир» (Анъом, 38), ояти тафсирида қуйидагилар айтилган: «Қиёмат кунида инсонлар тўпланиб турган вақтда жами ҳайвонларни олиб келиб, улар орасида ҳукм қилинади. Ҳаттоки шохли қўчқордан шохсиз қўчқорнинг ўчи олиб берилади, ҳаттоки майда чумолидан бошқа бир чумолининг қасоси олиб берилади. Сўнг уларга: «Тупроққа айланинглар!» дейилади. Ана шунда кофир: «Қанийди, мен ҳам тупроққа айлансам», дейди».
Бу тафсир ҳайвонларнинг ўзаро, шунингдек, ҳайвонлар билан инсонлар орасида ҳукм қилиниши далилдир. Бинобарин, инсон биронта ҳайвонни ноҳақ урса ёки ташна-оч қолдирса ва ё тоқатидан ташқари нарсани юкласа, ўша ҳайвон қиёмат кунида ундан қасос олади.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф юқоридаги фикримизга далил бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бир аёл мушук сабабли азобга гирифтор бўлди. Уни қамаб қўйган эди, ўлиб қолди ва у сабабли дўзахга кирди. Уни қамаганига яраша едириб ичирмади. Уни қўйиб юбормади ҳамки, ердаги ҳашоротлардан териб ерди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бир киши сигир етаклаб кетаётган эди. Бир вақт унинг устига миниб олди-да, урди. Шунда сигир: «Биз бу иш учун эмас, ер ҳайдаш учун яратилмаганмиз», деди» (Муттафақун алайҳ).
Абу Сулаймон Дороний айтадилар: «Бир марта эшакка миниб, икки-уч маротаба урдим. Шунда эшак бошини кўтариб менга қаради-да: «Эй Абу Сулаймон, бу иш учун қиёмат куни қасос олинади. Хоҳласанг кўп ур, хоҳласанг кам», деди. Шундан кейин бирон нарсани урмайман, дедим».
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо Қурайш ёшлари ёнидан ўтдилар. Улар бир қушни осиб қўйиб, уни мўлжалга олишаётган, қушнинг эгасига хато кетган ҳар бир ўқни беришга келишишган эди. Ибн Умарни кўришгач, тарқалиб кетишди. У зот: «Бу ишни ким қилди? Бу ишни қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жонли нарсани нишонга олган кимсани лаънатлаганлар», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чорва ҳайвонларини ўлдириш учун сақлаб туришдан қайтарганлар (Муттафақун алайҳ).
Илон, чаён, сичқон ва қутурган ит каби шариатда ўлдиришга изн берилган жониворларни ўлдираётганда ҳам, қийнамасдан бир дафъада ўлдириш лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирон нарсани ўлдирсанглар, унга яхшилик қилинглар. Агар бирон жонлиқни сўйсанглар, унга ҳам яхшилик қилинглар. Сўядиганингиз пичоғини ўткирлаб олсин ва қурбонлигини роҳатлантирсин», деганлар (Муслим ва бошқалар ривояти).
Шунингдек, жониворни ёқиб ўлдириш ҳам мумкин эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга фалончи ва фалончини ёқиб юборишни буюрган эдим. Ваҳоланки, олов билан фақат Аллоҳ азоблайди. Шунинг учун уларни топсангизлар, ўлдиринглар», деганлар (Бухорий ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Бир вақт кичкина қуш кўриб қолдик. Унинг иккита жўжаси бор эди. Жўжаларини олиб қўйган эдик, тепамизда гир айланиб уча бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар-да, айтдилар: «Ким буни боласи сабабли безовта қилди? Боласини унга қайтаринглар», дедилар. Сўнг биз ёндирган чумоли уясига кўзлари тушиб: «Бунга ким ўт қўйди?» деб сўрадилар. «Биз», деган эдик, «Парвардигордан бошқанинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ», дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Мазкур ҳадис олов билан майда ҳашоратларни ҳам ўлдириш мумкин эмаслигига ҳужжатдир.
Фасл
Бирор бир жониворни бекордан-бекорга ўлдириш макруҳдир.
Шарид розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки биронта чумчуқни бекордан-бекорга ўлдирса, қиёмат куни у Аллоҳга: «Эй Раббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирон-бир мақсад – фойда учун ўлдирмади», дея чуғурлайди», деганларини эшитдим» (Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).
Қушларни жўжа очиш даврида овлаш ҳам, ҳайвонларни онаси кўз ўнгида сўйиш ҳам макруҳдир.
Иброҳим ибн Адҳам айтганларки: «Бир киши бузоқни онаси олдида сўйган эди, Аллоҳ унинг қўлини қуритиб қўйди».
Қул-чўрини озод қилиш фазилати ҳақида
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки бир мусулмон қулни озод қилса, Аллоҳ унинг ҳар бир аъзоси эвазига бунинг аъзосини, ҳаттоки фаржи эвазига фаржини дўзахдан озод этади» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси бир мусулмон киши бошқа бир мусулмон кишини озод қилса, у (қул) унинг дўзахдан халос бўлишига тўлов бўлади. Қулнинг ҳар бир аъзоси унинг аъзосига бадал бўлади. Қайси бир мусулмон киши иккита муслима аёлни озод қилса, улар унинг дўзахдан халос бўлишига тўлов бўлади. Уларнинг ҳар бир аъзоси унинг аъзосига кифоя қилади (бадал бўлади). Қайси бир муслима аёл бир муслима аёлни озод қилса, у (чўри) унинг дўзахдан халос бўлишига тўлов бўлади. У (чўри) унинг ҳар бир аъзосига (бадал бўлади)» (Термизий ривояти).