loader

Сеҳр

Сеҳргар, шак-шубҳасиз, кофирдир. Аллоҳ таоло айтади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102).
Малъун шайтоннинг одамларга сеҳр ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади – уларни мушрикка айлантириш.
Аллоҳ таоло Ҳорут ва Морут ҳақида хабар бериб шундай дейди:

«Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. – Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг орасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларига ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг Китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара сураси, 102).
Кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – иссиқ-совуқ ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.
Сеҳргарнинг жазоси – ўлим. Чунки у Аллоҳга куфр келтирган ёки шунга яқинроқ иш қилган бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалокат қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар (Бухорий, Муслим ривояти).
Ҳар бир банда Аллоҳ таолодан қўрқиши ва дунё-ю охиратини куйдириб юборадиган бунингдек ишлардан сақланиши лозим.
Жундаб розийаллоҳу анҳу айтган эдилар: «Сеҳргарнинг жазоси – қилич билан чопиб ташлаш».
Бажола ибн Убда айтади: «Умар розийаллоҳу анҳудан вафот этишларидан бир йил олдин мактуб олдик. Унда, «Сеҳргар эркагу сеҳргар аёлнинг ҳар бирини ўлдиринглар», дейилган эди (Аҳмад, Абу Довуд ривояти).
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мендан ўзга илоҳ йўқ. Сеҳр қилган ва сеҳр қилдирган, фол очган ва фол очдирган, шумланган ва шумлантирган кимсалар Мендан эмас» дейди», деб айрим китобларда ўқидим».
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу: «Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир», деганлар.
Абу Мусо розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: «Маст қилувчи нарсага одатланиб қолган кимса, қариндош-уруғлар билан алоқани узган кимса ва сеҳрни тасдиқловчи кимса» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Албатта, дам солиш (афсун ўқиш), тумор тақиш ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Кимки тумор ёки мунчоқ тақиб, бу кўз тегишидан сақлайди, деб эътиқод қилса ширк келтирган бўлади.
Иссиқ-совуқ Аллоҳ таоло битган тақдирга таъсир этади, деб эътиқод қилишади. Бу эса ширкдир.
Хитобий розийаллоҳу анҳу айтадилр: «Агар Қуръон ёки Аллоҳ таолонинг исмлари билан дам солса, бу мубоҳдир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розийаллоҳу анҳумоларга дам солиб: «Сизларни Аллоҳнинг тўлиқ калималари ила ҳар бир шайтону ҳашаротдан ва ҳар бир ёмон кўздан Ўз паноҳида сақлашини сўрайман», дер эдилар» (Ҳоким ривояти).
Аллоҳ паноҳ сўралгувчи зот, суянишга лойиқ зот ҳам Удир.

Орқага Олдинга