loader

Ўз жонига қасд қилиш

Аллоҳ таоло айтади: «Бир-бирларингизни (яъни, мўмин-мўминни) ўлдирмангиз» (Нисо сураси, 29).
Яъни, ҳиндларнинг жоҳилларига ўхшаб, ўзингизни-ўзингиз ўлдирмангиз ёки ўзингизни ҳалокатга ташламангиз.
Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу бу оятни совуқ (шамоллаш) хавфи бўлганда таяммум қилишга таъвил этганлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга эътироз билдирмаганлари юқоридаги фикрни тасдиқлайди.
Ёки, қатл этилишга сабаб бўладиган жиноятни қилмангиз, деган маънода.
Айрим уламолар: «Ўзларингиз»дан мурод диндошлардир. Зеро, мўминлар битта жон кабидир, оят бир-бирингизни ўлдирмангиз, деган маънода», дейишган.

«Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир».
Яъни, сизларга бошқача меҳрибон бўлгани боис айрим ишларни буюрди ва айрим ишлардан қайтарди.
«Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса, Биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир» (Нисо сураси, 29–30).
Яъни, кимки Аллоҳ қайтарган ишларни қилса, жумладан ботил йўллар билан мол еса ёки ноҳақ қон тўкса, Аллоҳ уни дўзахга маҳкум қилади.
Жундаб ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўл(томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: «Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим», деди» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад у билан ўзини уради» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа, уни ўлдиргандек бўлибди. Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бир киши жароҳатининг оғриғига чидолмай, ўлимини тезлатиб, қиличининг тиғи билан ўзини ўлдирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда: «У дўзах аҳлидандир», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таолодан бизларни ҳидоятига йўллашини, нафсларимиз ёвузлиги ва амалларимиз ёмонлигидан сақлашини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, мағфиратли ва раҳмли зотдир.

Орқага Олдинга