Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ уларга гапирмайди, уларга (раҳмат назари билан) боқмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир» (Оли Имрон сураси, 77).
Воҳидий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Мазкур оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ер талашиб келган икки киши хусусида нозил бўлган. Даъвогарлардан бири қасам ичмоқчи бўлганида, Аллоҳ бу оятни нозил қилган ва у қасам ичишдан бош тортиб, шеригининг ҳаққи борлигига иқрор бўлган эди».
Ашъас розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳга қасамки, бу оят мен хусусимда нозил бўлган. Бир яҳудий билан орамизда ер бор эди. У менинг еримни ўзиники деб даъво қилди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бошлаб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: «Далилинг борми?» деб сўраган эдилар, «Йўқ», дедим. Яҳудийга: «Қасам ич», деган эдилар, мен: «Ў Расулуллоҳ, у агар қасам ичса, менинг молим кетади-ку», дедим. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар...» деб бошланувчи оятни нозил қилди» (Аҳмад, Бухорий, Муслим ривояти).
Бухорий ва Муслимлар ривоят қилишган ҳадисда: «Кимки мусулмон кишининг моли хусусида ноҳақ қасам ичса, Аллоҳга йўлиққанида У зот ундан дарғазаб бўлади», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки (ёлғон) қасам ичиб мусулмон кишининг ҳақини ўзиники қилиб олса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни ҳаром қилади», дедилар. «Ё Аллоҳ, арзимаган нарса бўлса ҳамми?» деб сўрашган эди, «Бутанинг бир новдаси бўлса ҳам», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Ҳафс ибн Майсарага: «Бу ҳадис нақадар шиддатли бўлмаса?!» дейишган эди, у киши: «Аллоҳ таолонинг китобида: «Аллоҳ берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар...» деган оят бор эмасми?» дедилар.
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа одамга қиёмат куни Аллоҳ гапирмас, (раҳмат) назари билан боқмас, уларни (гуноҳларидан) покламас ва улар учун аламли азоб бўлур», дедилар. «Ў Расулуллоҳ, ким улар – зиёнкор бечоралар?» деган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни уч бора такрорладилар-да: «Кийимини узунлигидан ерга судраб юрувчи кимса, ёлғон қасам билан молини ўтқазувчи, миннат қилувчи киши», дея жавоб бердилар» (Аҳмад, Муслим ва бошқалар ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабиралар – Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон қасам ичиш», дедилар» (Бухорий, Насоий, Термизий ривояти).
Ўлғон қасам ўз соҳибини бу дунёда гуноҳга, у дунёда эса дўзахга ботиради.
Фасл
Аллоҳ азза ва жалладан бошқа нарса билан қасам ичиш ҳам гуноҳи кабира ҳисобланади. Масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, фаришталар, Каъба, осмон, сув, ҳаёт, омонат, жон, бош ва шу каби нарсалар билан қасам ичиш мумкин эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сизларни оталарингиз билан қасам ичишдан қайтаради. Кимки қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин», деган (Бухорий, Муслим ривояти).
Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда эса: «Бас, кимки қасам ичмоқчи бўлса, фақат Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки сукут сақласин», дейилган.
Абдураҳмон ибн Самура розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тоғутлар билан ҳам, ота-боболарингиз билан ҳам қасам ичманглар», дедилар» (Муслим ривояти).
Тоғутлар – шайтон ва бут-санамлар.
Бурайда розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда-ким омонат билан қасам ичса, у биздан эмас», дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки қасам ичиб: «Мен Исломдан бегонаман», деса ва у агар ёлғон гапирган бўлса ҳам, рост гапирган бўлса ҳам, айтганидекдир. Агар гапи рост бўлса, у Исломга сира саломат ҳолида қайтмайди», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу бир кишининг: «Каъбага қасамки», деганини эшитиб қолиб: «Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичса, куфр ёки ширк келтирибди», деганларини эшитганман», дедилар.
Айрим уламолар мазкур ҳадисдаги: «Куфр ёки ширк келтирибди» жумласини муболаға деб тафсир қилишган. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир» ҳадиси шарифларига монанддир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки қасам ичиб туриб: «Лот ва Уззога қасамки» деб юборса, у дарҳол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» десин», деганлар. (Бухорий, Муслим ривояти).
Айрим саҳобалар Исломга энди кирган вақтларида, тиллари ўрганиб қолгани учун шундай қасам ичиб юборар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ўзлари билмаган ҳолда айтиб юборган сўзларига каффорат бўлиши учун дарҳол: «Ла илаҳа иллалоҳ», дейишни буюрар эдилар. Тафвиқ Аллоҳдан.