loader

Ноҳақ ҳукм қилиш

Аллоҳ таоло айтади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида сураси, 44).
«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир» (Моида сураси, 45).
Яъни, Аллоҳнинг шариатига хилоф қилганлари учун улар ўтакетган золимлардир.
«Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмас экан, бас, улар фосиқдирлар» (Моида сураси, 47).
Яъни, улар иймондан ва Аллоҳ тоатидан чиқувчи, осий кимсалардир.
Бурайда розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки қози дўзахда ва бир қози жаннатда. Ҳақ билан ҳукм қилган қози жаннатда. Зулм билан (ноҳақ) ҳукм қилган ва билмай туриб ҳукм қилган қози дўзахда», дедилар». «Билмайдиган қозининг гуноҳи нима?» деб сўрашган эди, «Гуноҳи – билмай туриб қози бўлганлиги», дея жавоб бердилар» (Ҳоким ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда-ким қозиликка ёки одамлар орасида қози қилиб тайинланса, дарҳақиқат, у пичоқсиз сўйилибди», дедилар» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).
«Пичоқсиз сўйилибди» жумласининг маъноси шуки, пичоқ билан сўйилаётган жонлиққа роҳат бахш этилади. Борди-ю пичоқсиз сўйилса, бу унга азоб бериш бўлади.
Урфда, одатда пичоқ билан сўйилса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам урф-одатга хилоф равишда «пичоқсиз (бошқа нарса билан) сўйилибди», дедилар. Бу билан қозиларнинг бадани эмас, дини ҳалок бўлишидан хафвсираган бўлишлари мумкин.
Оиша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат кунида одил қози чақирилиб, шундай шиддатли ҳисоб-китобга дуч келадики, бундан у, бутун умрим давомида сира қозилик қилмаганимда эди, деб орзу қилади», деганларини эшитдим» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Ривоят қилишларича, Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқача ҳукм қилган раҳбарнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди.
Ривоят қилишларича, ким волий (ҳоким) ёки қози бўлса, у қиёмат кунида Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига олиб келинади-да, кўприкка турғазиб қўйилади. Сўнг сири (номаи аъмоли) фош қилиниб, бутун махлуқотлар гувоҳлигида ўқилади. Агар у одил бўлган бўлса, адолати сабабли Аллоҳ унга нажот беради. Борди-ю бошқача (яъни, золим) бўлган бўлса, кўприк шундай силкинадики, унинг аъзоларининг ораси фалон-фалон масофага кенгайиб кетади. Сўнг кўприк синиб, у жаҳаннамга қулайди.
Фузайл ибн Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ) айтган эканлар: «Қози бир кун қозилик қилиши, бир кун ўзи учун йиғлаши лозим».
Муҳаммад ибн Восеъ айтган эканлар: «Қиёмат куни ҳисоб-китоб учун биринчи бўлиб қозилар чақирилади».
Макҳул (раҳимаҳуллоҳ) айтганлар: «Агар қозиликни ёки бўйним чопилишини танлашим лозим бўлганида, қозиликни қўйиб, бўйним чопилишини танлаган бўлардим».
Аййуб Сахтиёний (раҳматуллоҳи алайҳ) айтган эканлар: «Энг илмли одамларнинг қозиликдан қаттиқ қочганларини кўрдим».
Суфён Саврийга: «Шурайх қозиликка тайинланди», дейишган эди, у зот: «Шундай ажойиб кишини бузишибди-да (расво қилишибди-да)» дедилар.
Молик ибн Мунзир Муҳаммад ибн Восеъни Басрага қози қилиш мақсадида чорлаган эди, у бош тортди. Уни қайта чорлаб: «Ў қози бўласан ёки дарраланасан», деган эди, у зот: «Сен ҳукмдорсан, бундай қилишинг мумкин. Бироқ охиратда хор бўлгандан кўра, дунёда хорланган хайрлироқ», деди.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: «Агар ҳукмдор жабр-зулм қилмоқчи бўлса ёки қилса, Аллоҳ унинг мамлакати аҳолисидан, уларнинг бозорлари-ю ризқларидан, экинлари-ю чорваларидан ва барча нарсалардан баракани кўтариб қўяди. У агар яхшилик ёки адолат қилмоқчи бўлса, Аллоҳ унинг мамлакати аҳолисига ва барча нарсаларга барака ато этади».
Ҳимс ҳокимларидан бири Умар ибн Абдулазиз розийаллоҳу анҳуга: «Ҳимс шаҳри вайрон бўлди. У ислоҳга муҳтож», деб хат ёзган эди, Умар розийаллоҳу анҳу унга: «Шаҳарни адолат билан мустаҳкамла (идора қил), кўчаларини жабр-зулмдан тозала. Вассалом», деб ёзиб юбордилар.
Қози ғазабланиб турганида ҳукм чиқариши ҳаромдир.
Агар қозининг илми кам, нияти ва хулқи ёмон, тақвоси оз бўлса, у аниқ зиёнкорлардан бўлибди. У қозиликдан бўшаши ва дўзахдан холос бўлиш учун шошилиши лозим. Аллоҳдан афв-офият ва Ўзи яхши кўрган, рози бўлган ишларга муваффақ этишини тилаймиз. У марҳаматли ва саховатли зотдир.

Орқага Олдинга