loader

Порахўрлик

Аллоҳ таоло айтади: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ – ҳаром йўллар билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!» (Бақара сураси, 188).
Яъни, бошқаларнинг ҳаққини сизларга ўзлаштириб беришлари учун ҳокимларга пора берманглар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Яна бир ривоятда: «Ўртадаги кишини ҳам», дейилган.
Умму Салама розийаллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Биронта ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин» (Табароний ривояти).
Уламолар айтганларки: «Пора берувчининг мақсади мусулмонга озор етказиш ёки ҳақи бўлмаган нарсани қўлга киритиш бўлса, у малъундир. Борди-ю, ўзининг ҳаққини қўлга киритиши ёки ўзидан зулмни даф қилиш учун пора берса, у малъун бўлмайди. Ҳоким эса бирон бир ҳақни бекор қиладими ёки зулмни даф қиладими фарқи йўқ, унинг пора олиши ҳаромдир. Ўртасидаги киши эса пора берувчи каби мақсадига қараб баҳоланади. Агар нияти яхши бўлса, малъун бўлмайди. Борди-ю нияти ёмон бўлса, у малъундир».
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Ҳукмдаги пора куфрдир. Одамлар орасидаги эса ҳаромдир» (Табароний ривояти).

Фасл

Абу Умома Боҳилий розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир биродари учун воситачилик қилса-ю, бунинг эвазига унга ҳадя берганда ҳадяни қабул қилса, батаҳқиқ, у судхўрликнинг катта эшикларидан бирига яқинлашибди», дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Биродарингнинг ҳожатини билиб, уни раво қилсанг-у, (бунинг эвазига) сенга ҳадя берганда, қабул қилсанг, бу ишинг ҳаромдир».
Масруқ (раҳматуллоҳи алайҳ) Ибн Зиёд билан гаплашиб, уни зулмдан қайтардилар. Шунда зулмдан халос бўлган киши у зотга хизматкор ҳадя қилган эди, қабул этмадилар ва: «Ибн Масъуднинг: «Кимки мусулмондан зулмни даф этса-ю, бунинг эвазига унга оз ёки кўп нарса берса, у нарса ҳаромдир», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Абу Абдураҳмон, фақат ҳукмдаги порани             ҳаром, деб ўйлардик», деган эди, у зот розийаллоҳу анҳу: «У куфрдир», дея жавоб бергандилар», дедилар.
Аллоҳдан барча бало-офатлардан соғ-саломат сақлашини сўраймиз.
Имом Абу Амр Авзоъий (раҳматуллоҳи алайҳ) Байрутда яшаётган чоғларида ҳузурларига бир насроний келди-да: «Баълабакка (шаҳрининг) ҳокими менга зулм қилди. Унга бир мактуб ёзиб берсангиз», деб бир кўза асал узатди. Авзоъий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Хоҳласанг асални қайтариб, мактуб ёзиб бераман, хоҳласанг асални оламан», дедилар. Сўнгра ҳокимга: «Бу насронийнинг ер солиғини камайтир», деб мактуб ёзиб бердилар. У асал билан мактубни олиб, ҳокимга учрашди ва унга мактубни берди. Имомнинг шарофати сабабли ҳоким ундан ўттиз дирҳамни олиб ташлади.

Орқага Олдинга