Аллоҳ таоло айтади: «Улар ёлғон гувоҳлик бермаслар» (Фурқон сураси, 72).
Бу Раҳмонга суюкли бандаларнинг еттинчи сифатидир.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади», дедилар» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу: «Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган», дедилар-да, кейин: «Бут-санамлардан иборат нопокликдан узоқ бўлингиз, ёлғон сўз-гувоҳликдан узоқ бўлингиз», оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).
Мусанниф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ёлғон гувоҳлик берувчи одам бир қанча улкан гуноҳларни содир этади:
1) ёлғон ва уйдирма;
Аллоҳ таоло айтганки:
«Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас» (Fофир сураси, 28).
Ҳадиси шарифда эса: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти);
2) зулм. Кимнинг зарарига ёлғон гувоҳлик берса, унга зулм қилган бўлади. Чунки шу гувоҳлик сабабли ўша кишининг мол-мулки ёки обрўси ва ё жони кетади;
3) шунингдек, кимнинг фойдасини кўзлаб ёлғон гувоҳлик берса, унга ҳам зулм қилган бўлади. Зеро, унинг гувоҳлиги туфайли у киши ҳаром мол-мулкни эгаллайди ва дўзахга маҳкум бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Кимга биродарининг ҳаққини ҳукм қилиб берсам, батаҳқиқ, унга дўзахнинг бир парчасини бўлиб берган бўламан» (Мутафаққун алайҳ);
4) у Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва сақлаган ўзганинг мол-мулки, қони ва обрўсига тажовуз қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини хабар қилайми?» деб сўрадилар-да: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар-да, бу сўзни такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: «Қанийди, сукут қилсалар», дедик (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Аллоҳ таолодан барча балолардан омон сақлашини сўраймиз.