loader

Биринчи боб. Биринчи фасл. Қиёмат яқин қолди

 

 

 

Аллоҳ таъоло айтади: «Улар (Макка кофирлари ўтмишдаги ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлар дучор бўлган ҳалокатлардан эслатма-ибрат олмадилар), энди фақат тўсатдан (Қиёмат) соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқе, унинг аломатлари келди. Бас, уларга (Қиёмат соати) келган вақтида уларнинг эслатма-ибрат олишлари (учун) қандай (имкон) бўлур?!».
Инсонларга ҳаёт муҳлатининг тугаётгани, Қиёмат қоимнинг тобора яқинлашаётгани ҳақида хабар берувчи оят-аломатларнинг бўлиши ҳам Аллоҳ раҳматидир. Ушбу оят-аломатларни кўриб, шояд инсонлар ўзларини ўнглаб олсалар. Гуноҳлардан тавба-тазарру этиб, Парвардигорлари тоат-ибодатига астойдил киришсалар.
Қиёматнинг яқин қолгани ҳақида хабар берувчи энг биринчи аломат Муҳаммад алайҳис-саломнинг юборилишлари эди. Расулуллоҳ (с.а.в) айтгандилар: «Мен пайғамбар этиб юборилганимда Қиёмат мана шундай эди». Пайғамбаримиз ўрта ва кўрсаткич бармоқларига ишора қилдилар.
Холид ибн Умайр (р.а)дан ривоят этилади: «Расулуллоҳ (с.а.в) бизга хутба ўқидилар. Аллоҳ таъолога ҳамду сано айтиб сўз бошладилар: -Аммо баъд:
«Дунё узулишини эълон қилди. Ковуш(и)ни орқага бурди. Ундан (дунёдан) фақатгина бир томчи қолди (холос). Бу худди соҳиби охирги томчисини ичаётган идиш (туби)даги (сўнгги) томчи кабидир».
Яъни дунё охир бўлмоқда. У узилишини эълон қилди, ортига бурилди. Идиш тубида қолган сўнгги томчичалик қолдиғи бор, холос.
Дунёнинг охирлаб, Қиёмат қоимнинг яқин қолганлиги мана шундай муболаға билан ифодаланган. Мазкур ҳадис айтилганига ҳам 14 аср бўлди. Бу муддат ичида Қиёматнинг шартлари бирин-кетин воқеликда кўринди. Уларнинг энг охиргисига биз ҳам гувоҳ бўлдик, илгари ялангоёқ, яланғоч чўпон-чўлиқ бўлган кишилар уй қуришда бир-бирлари билан мусобақага киришдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в) даврларида кўринган Қиёмат аломатларидан бири ойнинг бўлиниши эди. Бу воқеа пайғамбаримиз ҳали Маккада турганларида бўлган.
«(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди. Агар улар (қурайш кофирлари Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар эканликларига далолат қиладиган) бирон оят-мўжиза кўрсалар (ҳам у пайғамбарга иймон келтириш ўрнига) юз ўгирурлар ва «(Бу) ҳар доимги сеҳр-ку!»- дерлар».
Бухорий ва Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилади: «Макка аҳли Расулуллоҳ (с.а.в)дан оят-мўжиза кўрсатишни сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) уларга ойни икки бўлиб кўрсатдилар. Макка аҳли ҳиронинг ойнинг икки бўлаги ўртасида қолганини кўришди».
Байҳақий ва Ибн Жарирлар Абдуллоҳ ибн Масъуддан саҳиҳ санад билан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (с.а.в) даврларида ой бўлинди. Қурайш «Бу Абу Кабша ўғлининг сеҳри» дейишди. Сўнг айтдилар: «Сафарда юрган кишилар нима дейишига қаранглар. Чунки Муҳаммад ҳаммани баравар сеҳрлай олмайди». Сафардан қайтганлар ҳам шуни айтишди». Яъни ойнинг бўлинганига гувоҳлик беришди.
Ибн Касир айтади: «Бунга уламолар орасида иттифоқ қилинган: яъни ойнинг бўлиниши Расулуллоҳ (с.а.в) замонларида бўлган ва у энг катта мўъжизалардан ҳисобланади».
Худо хоҳласа, Қиёматнинг кичик шартлари баён қилинган ҳадисларни (кейинги фаслда) келтириб ўтамиз. Биз кичик аломатларнинг деярли барчаси воқеликда кўринганига гувоҳ бўламиз. Фақат битта аломат ҳозирча топилгани йўқ ва у катта шартлар жумласига киради. Баъзилар эса уни кичик шартлар қаторида санашган. Валлоҳу аълам!
«Илмнинг кўтарилиши, жаҳолатнинг ёйилиши, хамр (маст қилувчи ичимликлар) ичилиши, зинонинг кенг тарқалиши ва эркакларнинг камайиб аёлларнинг кўпайиб кетиши Қиёмат қойим шартларидандир (аёллар шу қадар кўп, эркаклар шунчалик оз эканлигидан) ҳатто 50та аёлга битта қаровчи (эркак) бўлади».
Юқоридаги ҳадисда зикр этилган аломатларнинг деярли барчаси бўлиб ўтди. Фақат 50та аёлга бир эркакнинг тўғри келиб қолиши ҳали кўрингани йўқ. Уламолар воқеъда кўринган мазкур оят-аломатларни Қиёматнинг кичик шартларидан санайдилар. Энди, охирги аломат эса (у катта шартлар қаторига киради. Валлоҳу аълам!) яна бир жаҳон уришидан сўнг кўринар.
Бу жаҳон уриши ҳаётни бутунлай издан чиқаради, эрларни ўлдириб, аёлларни тирик қолдиради. Шунинг учун ҳам у замонда аёл кўчага ташлаб қўйилади.
Бу фитналарнинг барчасидан Аллоҳнинг ўзи сақласин!
Аллоҳ таъоло агар бирон қавмни фитналамоқчи бўлса, бизни фитна домидан саломат ҳолда ўз домига олсин.
Ҳимоячимиз Аллоҳ! У нақадар ишончли ҳимоячи!

 

 

 

Орқага Олдинга