loader

Муқаддима

Қалбларимизни иймон нури ила кенг-очиқ қилиб қўйган, Ўз нури ҳидояти ила комил ишончга бизни муяссар этган ва бизга эҳсону офиятлар билан фазлу марҳаматлар кўрсатган Зотга – яккаю ёлғиз Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У бизга билмаган нарсамизни ўргатди. Бизни ислом неъмати воситаси билан ҳақ йўлга ҳидоят этди.
Аллоҳ таъолога Юзининг улуғлигию салтанатининг азаматига муносиб кўпдан-кўп, риёдан ҳоли-покиза, муборак ҳамду санолар бўлсин.
Куч-қудрат ҳам, яхшилигу ёмонлик ҳам ёлғиз Аллоҳ қўлида деб билгувчи киши сифатида Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Нафъ-зиён етказгувчи ҳам, адаштиргувчи-ю ҳаққа йўллаб қўйгувчи ҳам яккаю ягона Аллоҳдир.
«Аллоҳ хоҳлаган кишисини адаштирур, хоҳлаган кишисини Тўғри йўлда (барқарор) қилди».
Буларнинг барчаси айни ҳақиқат. Бу ерда ҳеч қандай табдил ва таъвил йўқ! Ҳукм қилгувчиларнинг энг яхшиси бўлган Аллоҳ барча айбу нуқсондан покдир!
«У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар».
Жавомеул калим (қисқа лафзларда улкан маъноларни ифодалаш имконияти) соҳиби, мақтовли мақом ва ширин мувли ҳавз эгаси бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга Аллоҳнинг салоти саломлари ёғилсин.
У Зот бутун оламларга раҳмат, расулларга пешво-имом ва инсонлар учун Қиёматда шафоатчи қилиб юборилганлар.
Аллоҳ таъоло Муҳаммад алайҳис-саломни гўзал мукофотлар ила мукофотласин.
Кўпчилик борлиқ ўзининг энг сўнгги нафасларини олаётганини, Расулуллоҳ (с.а.в) юборилган вақтлар «ниҳоянинг аввали» эканини ақлларига сиғдира олмаяпти. Чунки инсон табиий ўлимни узоқ деб ўйлайди. Орзу-умидлари жуда узун бўлади. Унга охирги қадамларини ташлаётганини тан олиш осон эмас, албатта. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, аксарият кавний оят-аломатлар ҳамда яқиний далиллар Қиёматнинг яқин қолганини тасдиқламоқда. Сўнг ҳисоб бошланади.
Ким бунга иймон келтирса, иншааллоҳ, ҳақни тасдиқ этган бўлади.
Кимдир тан олмаса, биз нима ҳам қила олардик. Зеро куч ҳам, қудрат ҳам ёлғиз Аллоҳ таъоло биландир.
«(Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) соатининг қачон воқеъ бўлишини сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, (яъни Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб эслаш (қаерда)? (Яъни сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз) Уни билиш ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар. Сиз фақат ўша (Қиёмат)дан қўрқадиган кишиларни огоҳлантирувчисиз, холос. (Аммо у куннинг қачон воқеъ бўлишини айтиб бериш сизнинг вазифангиз эмасдир. Улар у (Қиёмат соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар)».
Баъзи бир худодан қўрқмайдиган кимсалар Қиёмат ҳижратдан кейинги 1709 (бир минг етти юз тўққизинчи) санада бўлади, деб даъво қиладилар. Бу ботил ҳисоб гўёки қуръон сураларининг аввалига асосан қилинган эмас. Сураларнинг бошида келувчи ҳарфлар остига яширилган бу «сир»ни гўё ўша «доно» кимсалардан бўлак ҳеч ким пайқамаганмиш!?
Китоб сўнггида биз бу ҳақда иншааллоҳ батафсил тўхталамиз.
Бизни ҳақ йўлга йўллаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Зеро, Аллоҳ ҳидоятисиз биз ҳеч қачон бунга қодир бўлмас эдик. Парвардигоримиз расуллари фақат ҳақ билан келганлар!

Олдинга