loader

Иккинчи фасл. Масиҳ Дажжол

Дажжол – чиқиши кутилаётган ғайбий ёмонлик.
Дажжол ҳақидаги хабарлар.
Мўминлар учун энг катта фитна, бу – Масиҳи Дажжол фитнасидир. Расулуллоҳ (с.а.в) намозлари сўнгида (охирги) ташаҳҳуддан кейин, саломдан олдин Дажжол фитнасидан паноҳ тилаганлар ва шундай қилишга бизни буюрганлар. Бу ҳам Дажжол фитнасининг нақадар катта ва хатарли эканлигига далолат қилади.
29. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «(Қай) бирингиз (намоздаги) охирги ташаҳҳуддан фориғ бўлса, (ушбу) тўрт нарсадан Аллоҳдан паноҳ тиласин: Жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда Масиҳи Дажжол ёмонлигидан (паноҳ тиласин)».
30. Расулуллоҳ (с.а.в) Аллоҳ таъолодан қуйидагича паноҳ сўрардилар: «Парвардигоро! Мен Сендан дўзаҳ азобидан, дўзаҳ фитнасидан, қабр азобидан, қабр фитнасидан, бойлик фитнасининг ёмонлигидан, фақирлик фитнасининг ёмонлигидан ва Масиҳи Дажжол фитнасининг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Журму исён (йўқотиш ва гуноҳлар)дан паноҳ беришингни сўрайман».
Масиҳи Дажжол фитнасининг мўминларга етадиган фитналар орасида энг катта фитна эканини тасдиқловчи саҳиҳ ҳадис ривоят этилган.
31. Имрон ибн Ҳусайндан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Одам (алайҳис-салом)нинг яратилишидан то Қиёмат қойимга қадар (муддатда) Дажжол (фитнаси)дан каттароқ иншааллоҳ (фитна) йўқ».
32. Имрон ибн Ҳусайндан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжолнинг (хабарини, чиққанини) эшитган киши ундан узоқлашсин, Аллоҳга қасамки, ўзини (иймони бақувват) мўмин ҳисоблагувчи киши олдига (Дажжол) келганида, ҳалиги киши унга эргашиб кетади».
Яъни ўзини иймони бақувват, Дажжол фитнаси қаршисида собит тура оладиган деб билувчи кишилар ҳам уни кўрганда фитналаниб қоладилар. Аллоҳнинг ўзи сақласин!
33. Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Умми Шарийк менга Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитганман деб хабар берди:
-Одамлар Дажжолдан қочиб тоғларга чиқиб кетадилар.
Умми Шарийк айтади: «Мен «Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! У кунда араблар қаерда бўлишади»,- деб сўрадим. Расулуллоҳ (с.а.в) «Улар оздирлар!»- дедилар».
Дажжол ва унинг чиқиши ҳақида кўплаб ҳадислар бор. Аллоҳ мадади билан мазкур ҳадисларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз.
34. Абу Саид ал-Худрий (р.а)дан: «Расулуллоҳ (с.а.в) Дажжол ҳақида бизга узоқ гапирдилар. Пайғамбаримиз чунончи шундай деган эдилар:
-Дажжол чиқади. Унга Мадина ўрови (девори)га кириш ҳаром қилинган бўлади. Дажжол Мадинадаги баъзи ўт унмас (яйдоқ) ерларга етади. Ўша кунларда унга энг яхши киши ёки яхшилардан бўлган бир киши чиқиб айтади: «Гувоҳлик бераманки, албатта сен Расулуллоҳ (с.а.в) бизга таърифлаган Дажжолдирсан!».
Шунда (Масиҳ) Дажжол (атрофдаги кишиларга) «Агар мана шуни ўлдириб тирилтирсам, (кейин ҳам) ишда (яъни менинг ҳақлигимда) шубҳа қиласизларми?»- дейди. «Йўқ!»- дейишади (одамлар). Дажжол ҳалиги (яхши) кишини ўлдириб сўнг яна тирилтиради. (Ҳақ сўзни айтган ўша) киши тирилганидан сўнг шундай дейди:
-Аллоҳга қасамки, сени бугунгичалик яхши таниб олмаган эдим.
Дажжол уни яна ўлдираман дейди. Лекин (бу гал) унга қодир қилинмайди».
35. Муслим Абу Саид ал-Худрий (р.а)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжол чиқади. Унинг қаршисида бир мўмин киши туради. Шунда (Дажжолнинг) сипоҳийлари унга қараб «Бизнинг парвардигоримизга иймон келтирмайсанми?»- дейишади.
-Парвардигоримизда маҳфийлик йўқ!- деб жавоб беради мўмин.
-Уни ўлдиринглар!- дейишади сипоҳийлар.
Шунда итларидан қай бири айтади:
-Парвардигорингиз у(нинг изни)сиз бирон кишини ўлдиришдан сизни қайтарганми?!
Кейин мўминни олиб Дажжол олдига олиб боришади. Мўмин киши уни (Дажжолни) кўриши билан шундай дейди:
-Эй одамлар! Бу Расулуллоҳ (с.а.в) айтган Дажжол (бўлади)!.
Дажжол уни ёриш-яралашга буюради:
-Уни ушланглар-да, ёриб-яраланглар!
Мўминнинг елкаси ва қорнини уриб кенгайтирадилар.
Кейин Дажжол сўрайди:
- (Энди ҳам) менга иймон келтирмайсанми?!
- Сен Масиҳ Дажжолдирсан!- дейди мўмин.
Сўнг Дажжол буйруғига биноан арра билан унинг бошидан оёғигача бўлиб ташлайдилар. Дажжол мўмин танасининг икки бўлаги ўртасидан юриб ўтади. Кейин «тур» деб амр қилади. Мўмин яна оёққа туради.
- (Энди ҳам) менга ишонмайсанми?
- Мен энди сени яна-да яхшироқ таниб олдим. Эй одамлар! Мендан сўнг у энди ҳеч кимга (ҳеч нарса) қила олмайди».
- Дажжол уни сўймоқчи бўлади. Бўйни билан ўмров суяги оралиғига (бўйнига) мис (пичоқ?) тирайди. Лекин ўлдиришга қурби етмайди.
Сўнг қўл-оёғидан ушлаб, мўминни улоқтириб юборади. Одамлар уни олов-дўзаҳга улоқтирилди деб ҳисоблайдилар. Лекин у жаннатга ташланган бўлади.
Бу одам Оламлар Парвардигори олдида энг улуғ гувоҳлик берган киши бўлади.
36. Хузайфа ибн Ямон (р.а)дан: «Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: -Мен Дажжолдаги нарсани унинг ўзидан ҳам яхшироқ билгувчиман. Дажжол билан бирга икки дарё бўлади. Бирин кўз оппоқ сув деб кўрса, бошқасини алангаланаб турган олов деб кўради. Агар бирон киши (Дажжолгача) етадиган бўлса, олов деб кўриб турган дарёга келсин. (Кўзини) юмсин. Сўнг бошини эгиб, ундан ичсин. У совуқ сув бўлади. Дажжолнинг бир кўзи масҳ этилган (юмуқ). Унинг (юмуқ кўзнинг) устида қалин-қупол тери бор. Икки кўз ўртасига «Кофир» деб ёзиб қўйилган. Бу ёзувни ёзишни билгану билмаган барча мўмин ўқий олади».
«Дажжолнинг чап кўзи кўр. Сочи қалин, бир-бирига буралиб-ёпишиб кетган. Унинг билан бирга жаннат ва дўзаҳ бўлади. Унинг дўзаҳи жаннат, жаннати эса дўзаҳдир».
37. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжол ҳақида ҳали ҳеч бир Набий қавмига айтмаган ҳадисни сизларга айтайинми?! У бир кўзли бўлади. Жаннат ва дўзаҳнинг мисли-мисоли билан келади. Унинг «жаннат» дегани дўзаҳ бўлади. Мен сизларни ҳудди Нуҳ ўз қавмини ундан огоҳлантирганидек огоҳлантираяпман».
Убода ибн Сомит (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Мен сизларга Дажжол ҳақида гапирдим. ҳатто, ақл юргизмай қўясизларми, деб қўрқдим. Масиҳ Дажжол қисқа, маймоқ (қийшиқ оёқ), жингалак сочли, бир кўзли. Унинг бир кўзи юмуқ (қопланган). (Лекин бу юмуқ кўзи) туртиб ҳам чиқмаган, яширин ҳам эмас. Агар (Дажжолни яна) аниқ ажратолмай қолсангиз, билингларки, Парвардигорингиз бир кўзли эмас!».
38. Абу Бакр Сиддиқ (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) бизга ҳадис айтдилар: «Дажжол машриқ ерларидан чиқади. У ерни Хуросон дейишади. Дажжолга юзлари худди қалқон, болғадек бўлган қавмлар эргашади».
Юзлари қалқон, болға каби бўлган қавмдан мурод «туркманлар» дейишади.
39. Анас ибн Молик (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжолга Исбаҳон (Исфаҳон) яҳудийларининг 70.000таси эргашади. Улар устида тайласон (ридо, ўзларига хос плаш) бўлади».
40. Мужаммаъ ибн Жофия (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжолни Ибн Марям Луд дарвозаси олдида ўлдиради».
Луд – Шом (ёки Фаластин)даги жой номи.
41. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
«Мадинага кириш йўлларида фаришталар туради. У ерга (Мадинага) Дажжол ҳам, ўлат ҳам кирмайди».
42. Анас ибн Молик (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжол Мадина (ёни)га келиб у ерни қўриқлаб турган фаришталарни кўради. Худо хоҳласа, Мадинага Дажжол ҳам, тоъун (ўлат) ҳам яқинлашмайди».
43. Ансорий саҳобаларнинг биридан: Расулуллоҳ (с.а.в) орамизда туриб дедилар: «Сизларни Масиҳ (Дажжол)дан огоҳлантираман. У ер юзида 40 тонг (кун) туради. Салтанати барча булоқ бўйига етади. Фақат тўртта масжидга келмайди (кирмайди): Каъба, пайғамбар масжиди, Масжидул Ақсо ва Тур (масжиди)».
Ибн Ҳажар айтади: «Бу ҳадисни Аҳмад ривоят этган, ровийлари ишончли кишилар».
Абу Нуайм сиқот (ишончли) тобеъинлардан бири Ҳассон ибн Атийя таржимаи ҳолида саҳиҳ санад билан ривоят қилади: «Дажжол фитнасидан фақат 12.000 эркак ва 7.000 аёлгина омон қолади (холос)».
Ибн Ҳажар айтади: «Бу ўйлаб туриб айтиладиган гап эмас. Эҳтимол маъруф ҳадисдир. Эҳтимол уни баъзи бир аҳли китоб сўзидан олгандир».
44. Анас ибн Молик (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжол келиб Мадинанинг яқинига тушади. Сўнг Мадина уч марта силкинади. Шунда унинг (яъни Дажжолнинг) олдига барча кофир ва мунофиқ кимсалар чиқади».
45. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Уйқудалигимда Каъбани тавоф қилдим. Бир қорача, сочлари ёйилган киши бошидан сув томчиларди. Мен «Бу ким?»- деб сўрадим.
-Ибн Марям (Ийсо),- дейишди.
Сўнг яна айланишда давом этдим. Баногоҳ гавдали (улкан), қип-қизил, жингалак сочли бир кўзи кўр киши(га кўзим тушди). Унинг мисли узум донасидек нурсиз эди.
-Бу Дажжол,- дейишди.
Унга Хузоалик Ибн Қатон жуда ўхшаб кетади».
Ибн Қатон – Абдул Уззо Қатон. Хузоадан. Жоҳилиятда ҳаётдан кўз юмган.
- Дажжол Мадинага киришдан маҳрум қилинган-ку?! У қандай қилиб Каъбани тавоф этиши мумкин?!
Бу саволга Қози Иёз шундай жавоб беради: «Дажжолнинг Маккага киритилмаслиги охир замонда чиққан пайтида бўлади.
46. Ойша разияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ (с.а.в)нинг намозда Дажжол фитнасидан паноҳ тилаганларини эшитганман».
47. Нувас ибн Самъан (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) Дажжол ҳақида гапириб шундай дедилар: «Агар у чиққанида мен орангизда бўлсам, қаршингизда ўзим унга ҳужжат келтирувчиман. Агар орангизда йўқлигимда чиқса, унга ҳар ким ўзига-ўзи ҳужжат келтирувчи (ҳимоячи) бўлади. Барча муслим устида (унда) Аллоҳ ўринбосарим (ҳужжат келтирувчи)дир. Сизлардан қай бирингиз Дажжол (замони)га етса, унга (қарши) «Каҳф» сурасининг аввалги (оятлари)ни ўқисин. Бу оятлар сизларга Дажжол фитнасидан сақловчи бўлади.
- У қанча туради?- сўрадик биз.
- Қирқ кун,- дедилар Расулуллоҳ (с.а.в),- бир куни йилдек, (иккинчи) кун ойдек, ва яна бир куни жумъа (ҳафта)дек, қолган кунлари (оддий) кунларингиздек бўлади.
- Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! Бир йилдек бўладиган кунда бир кеча-кундузлик намоз бизга кифоя қиладими?
- Йўқ. Унга ўз миқдорини белгилайсизлар. Сўнг Дамашқ шарқидаги оқ минора олдига Ийсо ибн Марям тушади. Луд дарвозаси ёнида Дажжолга етиб, уни ўлдиради».
«Бир куни йилдек, (иккинчи) кун ойдек, ва яна бир куни жумъа (ҳафта)дек».
Нававий «Шарҳи Саҳиҳи Муслим»да айтади: «Уламолар мазкур ҳадисни зоҳирига кўра олишган. Юқорида айтиб ўтилган 3 кун узунликда ҳақиқатан йил, ой ва ҳафтага тенг келади. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг «қолган кунлари (оддий) кунларингиздек бўлади» деганликлари ҳам мана шунга далолат қилади. Энди ўша узун кунларга ўз миқдор-ўлчовини беришга келсак, бу қуйидагича тушунилади: ўша куннинг тонгги отгач ҳар кунга ўлчов билан пешин кутилади. Одатдаги соатларга биноан пешин кирганлиги аниқланиб, намоз ўқилади. Пешиндан сўнг одатда аср кириши учун қанча кутилса, шунча турилиб аср ўқилади. Асрдан сўнг шом кириши учун илгари қанча вақт кутилган бўлса, яна шунча муддат кутилади-да, кейин шом ўқилади. Хуфтон ва бомдодлар ҳам худди шундай белгиланади».
Менимча, мазкур уч куннинг узунлигидан мурод – у кунларда Дажжол фитнаси сабабли қаттиқ қайғу остида қолишлар бўлса керак. Яъни кунлар қайғу-ғам кўплиги боис йилдек, ойдек узун туюлади.
Савол: Расулуллоҳ (с.а.в) асҳобларига «У кунларга ўз миқдорини белгилайсизлар» деб жавоб беришлари билан саҳобаларнинг у кунларни ҳақиқатан ҳам йил-ой каби узун деб тушунганларини тасдиқламадиларми?
Жавоб: Балки бу ерда шаръий ҳукм баён қилинаётгандир. Яъни Қутб ва шимол томонлардаги каби узун кунлар мусулмонлар бошига тушса, нима қилиш лозимлиги тушунтирилган. Яна Аллоҳнинг ўзи Билгувчироқлир!
Савол: Расулуллоҳ (с.а.в) қандай қилиб саҳобалари нотўғри тушунсалар ҳам уларни тасдиқлаб-индамай қўйдилар?
Жавоб: Бу тақрир-тасдиқ эмас. Балки ўта муҳим шаръий аҳкомларни баён қилиб беришдир. Чунки куннинг 24 соатдан ортиқ бўлиши ҳаётда учрайдиган ҳодиса ва айни мана шундай ҳолатда намоз ҳукмини баён қилиб бермоқлик, хусусан сўралган пайтда, вожибдир.
Савол: Агар Расулуллоҳ (с.а.в) Дажжол кунларининг узунлигини айтаётганларида ҳақиқий эмас, нисбий (маъжозий) узунликни назарда тутган бўлсалар, нега энди асҳобларига буни очиқ айтиб қўймадилар?
Жавоб: Бу таърифлаш, очиқ-ойдин баён қилишдан кўра балоғатлироқ. Биз бунга бошқа бир мисолни ҳам келтиришимиз мумкин:
Ойша разияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ (с.а.в)нинг аёлларидан бири у кишидан «қай биримиз сизга энг тез етишамиз?»- деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) «Энг узун қўллигингиз»,- дедилар. Улар бир қамишни олиб, ўлчашга киришдилар. Савданинг қўли ҳамманикидан узун чиқди. Кейин билсак, унинг узун қўллилиги садақа қилиши (очиққўллиги) экан. Бизнинг ичимизда у энг биринчи Расулуллоҳ (с.а.в)га етишди. У садақа қилишни яхши кўрар эди».
Демак, сомеълар нотўғри тушунсалар ҳам, баён-изоҳ бермаслик, сукут қилиш мумкин экан. Яъни кишилар кейинроқ қарина-ишоралар орқали сўзда нима мақсад кўзда тутилганини билиб олишади.
Расулуллоҳ (с.а.в) «Энг узун қўллигингиз» деганларида фақир-мискинларга кўп садақа қилувчи маъносини мақсад қилган эдилар. Лекин оналаримиз сўзни зоҳирига кўра тушундилар ва кимнинг қўли узунроқ эканини билиш учун қўл ўлчашга тутинишди. Аммо кейинроқ ўзларининг хато тушунганликларини англаб етдилар.
Фикримизга далил сифатида яна бир мисол келтирамиз:
Намруд «Мен ҳам кишиларга (хоҳласам) ҳаёт бераман, (хоҳласам) ўлдираман», деб ёлғон даъво қилганида, Иброҳим алайҳис-салом уни ёлғончига чиқармаган эдилар. Яъни бу ёлғон даъвога сукут қилганлар. Лекин сукут тасдиқлаш эмасди. Иброҳим алайҳис-салом уни қуйидаги сўзлар билан мот қилди:
«Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? қайсики Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб ўлдирадиган зотдир», - деганида у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман»,- деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?» шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди».
Намруд ўзича ўлдириш ва ҳаёт беришни хато тушунган эди. Иброҳим унинг бу нотўғри тушуниши ҳақида ҳеч нарса демади-да, бошқа бир рад қилиб бўлмайдиган далил келтирди. Кофир кимса лом-лим дея олмай қолди. Барча оламлар Парврдигори Аллоҳ таъолога ҳамдлар бўлсин.
Мен ўз сўзимни қатъий равишда ҳақ деб айтаётганим йўқ. Бу бир эҳтимол – тахмин холос. Фақат бизнинг фикримизни ёки яна бошқа бир таъвилни кескин ман қиладиган монеъ кўрилмаяпти. Зеро Аллоҳ таъоло барча нарсага қодирдир!
Энди Дажжол фитнасига қарши «Каҳф» сурасининг аввалги оятларини ўқишга келсак, уни қуйидаги ҳадис шарҳлаб беради:
48. Абу Дардо  (р.а) дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ким «Каҳф» сурасининг аввалидан ўн оятни ёд олса, Дажжол фитнасидан маъсум қолади».
Ҳадисларда Дажжол фитнаси бошимизга ёғилмасдан илгари яхши амалларни кўпроқ қилиб қолишга буюрилган.
49. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «(Қуйидаги) етти (нарса келишидан олдин яхши) амалларга шошилингиз. Нимани кутаяпсизлар? (1) (ҳамма нарсани) униттиргувчи фақирликними, (2) (инсонни) ҳаддидан ошириб туғёнга солувчи бойликними, (3) (соғлик-саломатликни) бузувчи-издан чиқарувчи касалликними, (4) ақлни заиф қилиб қўювчи қариликними, (5) (ҳамма нарсага хотима ясаб) тугатувчи ўлимними, (6) кутилаётган ғайбий ёмонлик – Дажжолними ёки (7) Қиёмат қойимними (кутаяпсизлар!)? дарҳақиқат, Қиёмат даҳшатли ва ўта аччиқдир».

 

 

 

Орқага Олдинга