Ажаб савол.
Жавоб ҳам ажаб.
Саҳиҳ ҳадисларда Масиҳ Дажжолнинг Яман денгизи оролларидан бирида тутқин эканлиги ривоят қилинган.
Яна бошқа саҳиҳ ривоятларда эса Дажжол сифатларини ўзида жамлаган кимса ҳақида хабар берилган. Ҳадисларда айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в) замонларида яшаган бу кимсанинг исми Ибн Сайёд ёки Ибн Саид бўлган.
Мазкур ҳадисларнинг ҳаммаси ҳам ҳеч шак-шубҳасиз саҳиҳ, кучли санадли ҳадислар. Масаланинг ўта нозиклиги, ривоятларни жамлаш (келиштириш) ёки бирини бошқасидан оғир-кучли дейиш мушкуллиги боис уламолар турлича фикр айтганлар.
Аллоҳ таъоло изну иродаси билан қуйида мавзуга алоқадор ҳадисларни ва уламолар сўзини санаб ўтамиз. Сўнг Аллоҳ мадади ила, иншааллоҳ бир тўхтамга келамиз.
Тамим ад-Дорий ҳадиси.
50. Фотима бинти Қайс разияллоҳу анҳодан: «Жарчининг «Жамоат намози»(га) дея жар солаётганини эшитиб, масжидга чиқдим. Қавм (сафи)нинг энг охиридаги аёллар сафида туриб Расулуллоҳ (с.а.в) билан намоз ўқидим. Пайғамбар (с.а.в) намозларини тугатгач кулиб минбарга ўтирдилар.
«Ҳеч ким жойидан жилмасин. Сизларни нега тўплаганимни биласизларми?»- дедилар Набий алайҳис-салом.
-Аллоҳ ва расули билгувчироқдир!- жавоб қайтарди кишилар.
«Аллоҳга қасамки, мен сизларни қўрқув ёки қувонч сабабли жамлаганим йўқ. Сабаб шуки, Тамим ад-Дорий насроний (динида) эди. У келиб байъат берди ва мусулмон бўлди. Тамим ад-Дорий менга бир ҳадис (сўз) айтди. Унинг сўзлари мен сизларга айтган Дажжол ҳақидаги сўзларга мувофиқ келар экан. Тамим ад-Дорийнинг айтишича, у Лахм ва Жузомлик 30 киши билан бирга кемага ўтирибди. (Денгиз) тўлқини уларни(нг кемасини) бир ой ўйнабди. Сўнг кунботарда улар денгиздаги бир оролга яқинлашибдилар. Кичик-кичик қайиқларга тушиб, оролга келишибди. Уларга бир қалин сотли (жундор) ҳайвон (махлуқ) рўбарў бўлибди. Унинг (жуни кўплигидан) орқасидан олдидаги нарсани билмабдилар
-Вайл бўлсин сенга! Кимсан?- деб сўрабдилар.
-Мен Жассаса бўламан.
-Нима у Жассаса (деганинг)?
-Эй қавм! Сизлар (мана бу) дайр (черков, ғор!)даги одамнинг олдига киринглар! У хабарингизга муштоқ (бўлиб ўтирибди).
Махлуқ улар томон юра бошлаганини кўргач шайтон – жин бўлишидан (қўрқиб), ундан узоқлашибдилар. (Тамим ад-Дорийнинг ўзи) айтади: Биз тез юриб дайрга кирдик. У ерда биз кўрган инсонларнинг энг улкани турарди. (Бу улкан гавдали киши) жуда қаттиқ занжирланган эди.
-Вайл бўлсин, сен кимсан?- деб сўрадик.
-Дарҳақиқат, менинг хабаримни (билишга) қодир бўлдингиз. Айтинглар-чи, ўзларинг кимсизлар?
-Биз араблармиз. Кемага чиққан эдик, денгиз тўлқинланиб бизни бир ой (у ёқдан бу ёққа отиб) ўйнади. Сўнг сенинг оролингга яқин келиб қолибмиз. қайиқларга ўтириб, оролга тушдик. Бизга бир жундор – сочи кўп ҳайвон рўбарў бўлди. Сочи (жуни) кўплигидан орқасидан (туриб) олдида нима борлигини билмадик. Унга «Вайл бўлсин сенга, кимсан?» деб савол бердик. «Мен Жассаман»,- деди. «Нима у Жассаса» дедик. У айтдики «Дайрда ўтирган анави кимса олдига боринглар. У хабарингизга муштоқ». Сўнг сен томонга тез йўл олдик. Унинг шайтон бўлишидан қўрққан эдик.
(Ғордаги кимса) деди:
-Менга Байсон хурмолари ҳақида хабар берингиз.
-Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?- дедик биз.
-У ернинг хурмолари мева солаяптими?
-Ҳа (солаяпти)!
-Мева бермай қолай демаяптими? (А?) Энди Табария кўли ҳақида хабар берингиз.
-Унинг қайси нарсасидан хабар беришимизни сўраяпсан?
-Кўлда сув борми?
-Ҳа, ҳали кўлнинг суви кўп.
-У қурий-қурий деб қолмадими? (А?) (Энди) Зуғар булоғи ҳақида гапирингиз!
-Унинг қайси нарсасидан хабар тилаяпсиз?
-Булоқда сув борми? Аҳоли унинг суви билан экин экаяптими?
-Ҳа, булоқда сув кўп. Булоқ аҳли унинг сувидан фойдаланиб экин экишаяпти.
-Уммийлар пайғамбари ҳақида хабар берингиз! У нима қилди?
-Пайғамбар Маккадан чиқди. Мадинага тушди.
-Араблар билан урушдими?
-Ҳа!
-Уларга (пайғамбар) қандай муомала қилди?
Унга пайғамбарнинг атрофдаги араблар устидан ғолиб келганини ва уларнинг итоатга кирганини айтиб бердик.
-Шундай бўлдими?
-Ҳа (шундай бўлди).
-Унга итоат этишлари ўзларига яхши эмасмиди? (энди) сизларга ўзим ҳақимда хабар берай. Мен Масиҳ (Дажжолман). Чиқишга изн берилишига яқин қолди, деб турибман. 40 тун ичида Макка ва Тоййибадан бошқа барча қишлоқ (шаҳар)ни кезиб чиқаман. Макка билан Тоййиба(га кириш) менга ҳаром қилинган. қачонки уларга бирма-бир киришни ёки биттасига киришни мақсад қилсам, мени қўлида ялонғочланган қилич тутган фаришта қаршилаб, у ердан тўсади. (Чунки) унинг (шаҳарнинг) ҳар бир (кириш) йўлида фаришталар қўриқчилик қилади».
Расулуллоҳ (с.а.в) (сўнг) асолари билан минбарга уриб «Мана шу (ер) Тоййиба – яъни Мадина – Ахир мен сизларга мана шу (гап)ларни айтмаганмидим?!- дедилар.
-Ҳа (айтгансиз),- дейишди кишилар.
-Тамимнинг сўзлари менинг Дажжол ва Мадина-Макка ҳақида сизларга айтган сўзларимга мувофиқ келганидан ҳайратландим (мени ҳайратда қолдирди). Огоҳ бўлингизким, у (Дажжол) Шом ва Яман денгизида. Йўқ, балки у Машриқ томондан. У Машриқ томонидан. У Машриқ томондан, -дея Расулуллоҳ (с.а.в) қўллари билан Машриққа ишора қилдилар.
Фотима бинти Қайс айтади:
-Мен буларни Расулуллоҳ (с.а.в)дан (эшитиб) ёдлаб олганман».
Мазкур ҳадисни Фотима бинти Қайс билан биргаликда Абу Ҳурайра, Оиша ва Жобир разияллоҳу анҳумлар ҳам ривоят қилишган.
Юқоридаги саҳиҳ ҳадис Масиҳи Дажжолнинг Яман ва Шом денгизи оролларидан бирида занжирбанд эканлигига очиқ далолат қилмоқда. Бошқа (38 ва 39 рақамли) ҳадисларда шарҳланганидек, у Машриқ томондан, Хуросон ёки Исбаҳондан чиқади.
Савол: Бугунги кунга келиб барча катта-кичик ороллар кашф қилиб бўлинди. ҳали бирон ерда Дажжолга тегишли ҳеч нарса топилмади. Хўш, бунга нима дейилади?
Жавоб: Биз Аллоҳга ва унинг расулига иймон келтирганмиз. Иншааллоҳ, бу саволга мана шу жавоб кифоя. Энди яна бошқачароқ бир жавоб айтишга уриниб кўрамиз:
Аллоҳ таъоло Масиҳ Дажжолни инсонлар кўзидан яшириб қўйган. Биз агар бутун оролларни кезиб чиқсак ҳам, барибир уни ҳозир кўра олмаймиз. Тамим ад-Дорийнинг кўриши эса Аллоҳ томонидан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳақликларига қилинган қўшимча оят-аломат бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в) айтган сўзлар билан Тамим ад-Дорий келтирган хабар бир-бирига мувофиқ эди.
Набий алайҳис-салом унинг сўзларини кишиларга етказар эканлар, ўз қувончларини ҳеч кимдан яширмаган эдилар.