loader

Ибн Сайёд ҳақидаги ҳадислар. Ибн Сайёд Масиҳи Дажжолми?!

Ибн Сайёд Мадинаи Мунавварада туғилган. Ота-онаси яҳудий бўлган. Унда Дажжол аломат-белгилари топилган. Асҳоби киромлар унинг Дажжол ёки Дажжол эмаслигини била олмаганлар. Расулуллоҳ (с.а.в) бу ҳақда очиқ бир нарса демаганлар. Биз бу фаслда Ибн Сайёд ҳақидаги ҳадисларни ва масаланинг дақиқ ўринларини шарҳлаган уламолар сўзларини келтириб ўтамиз. Сўнг, худо хоҳласа, ўзимиз ҳақ деб топган хулосани баён қиламиз.
51. Абдуллоҳ ибн Умардан: «Умар ибн Хаттоб ва бир гуруҳ саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в) билан Ибн Сайёд томонга (уни излаб) чиқдилар. Ибн Сайёд Бани Муғоланинг баланд уйлари ёнида болалар билан ўйнаб юрган экан. Бу вақтга келиб у балоғат (ёши)га етай деб қолганди. Ибн Сайёд то Расулуллоҳ (с.а.в) унинг елкасига тутмагунларига қадар ҳеч нарса сезмади. «Менинг Аллоҳ пайғамбари эканимга гувоҳлик берасанми?»- деб сўрадилар. Ибн Сайёд Расулуллоҳ (с.а.в)га қаради-да «Сизнинг уммийлар пайғамбари эканингизга гувоҳлик бераман, сиз мени Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик берасизми?»- деди. Расулуллоҳ (с.а.в) уни(нг даъвосини) рад қилдилар.
-Аллоҳга ва унинг расулига иймон келтирдим,- дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) Ибн Сайёддан сўрадилар:
-Нима(лар) кўраяпсан?
-Менга ростгўй ҳам, ёлғончи ҳам келаяпти,- жавоб берди Ибн Сайёд.
-Иншааллоҳ сен учун чигал бўлибди (аралашиб кетибди)- дедилар Пайғамбаримиз.
Сўнг яна Ибн Сайёдга гапирдилар:
-Мен сенга (дан) бир нарсани яширдим.
Расулуллоҳ (с.а.в) «Духон» сурасининг қуйидаги оятини яширган эдилар:
«Осмон очиқ тутун (духон)ни келтирадиган кун».
Ибн Сайёд (турмоқчи бўлиб) «Дух» деди (яъни тўлиқ айта олмади).
-Тур йўқол!- дедилар Пайғамбаримиз (с.а.в),- ҳеч қачон ҳаддингдан ошма!
Шунда Умар ибн Хаттоб деди:
-Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! Рухсат беринг, унинг бўйнига урай!
Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар:
-Агар у (ҳақиқатан ҳам Дажжол) бўлса, ҳеч қачон унинг устида ҳукмингни ўтказа олмайсан. Агар у (Дажжол) бўлмаса, уни ўлдиришда сенинг учун бирон яхшилик (наф) йўқ».
Олим айтади: «Мен Ибн Умарнинг шундай деганини эшитганман: Шу (воқеа)дан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) Убай ибн Каъб ал-Ансорий билан Ибн Сайёд ётган хурмозорга келдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) хурмо шоҳларига тегиб кетмаслик учун эҳтиёт бўлиб хурмозорга кирдилар. Чунки пайғамбар (с.а.в) Ибн Сайёдга ўзларини кўрсатмай туриб унинг сўзларини эшитмоқчи эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) Ибн Сайёднинг ўз тўшагида бархат ёпинчиғи устида ётганини кўрдилар. У ерда бир ғўнғиллаган овоз бор эди. Баногоҳ Ибн Сайёднинг онаси хурмо шоҳларига тегиб кетмаслик учун эҳтиёт бўлиб келаётган Расулуллоҳ (с.а.в)ни кўриб қолди ва Ибн Сайёдга «Эй Соф, ана Муҳаммад»,- деди (Соф – Ибн Сайёднинг исми). (Онасининг сўзларини эшитган) Ибн Сайёд ўрнидан сакраб турди. Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
-Агар (онаси) индамаганида, (унинг) иши ойдинлашган бўларди.
 52. Абу Саид ал-Худрий (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в), Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумолар Мадина йўлларининг бирида Ибн Сайёдни учратиб қолишди.
-Менинг Аллоҳ расули эканимга гувоҳлик берасанми?- дедилар Пайғамбар.
-Сиз мени Аллоҳ расули деб гувоҳлик берасизми?- деди Ибн Сайёд.
-Аллоҳга, фаришталарига ва китобларига иймон келтирдим. (Эй Ибн Сайёд) Нима(лар)ни кўраяпсан?
-Сув устида турган аршни кўраяпман.
-Сен денгиз устида Иблис аршини кўргансан. (Яна) нима кўраяпсан?
-Икки ростгўй ва бир ёлғончини ёки икки ёлғончи ва бир ростгўйни кўраяпман.
-Унга иншааллоҳ чалкаш-чигал бўлиб кетибди. Қўйинглар уни,- дедилар Пайғамбар (с.а.в).
«Унга иншааллоҳ чалкаш-чигал бўлиб кетибди», яъни унга шайтон хабар олиб келар экан. Ҳаммаси аралаш бўлиб кетибди.
53. Абу Саид ал-Худрий (р.а)дан: «Мака йўлида Ибн Сайёдга ҳамроҳ бўлдим. Йўлда у менга шундай деди:
-Мени Дажжол деб гумон қиладиган кишиларни учратганмисан? Ахир Расулуллоҳ (с.а.в)нинг «Дажжол Мадигана ҳам, Маккага ҳам кирмайди»,- деган сўзларини эшитмаганмисан?
-Ҳа (эшитганман...)- дедим мен.
-Мен Мадинада туғилган бўлсам. ҳозир Маккага кетаяпман...
Сўнг сўз охирида яна шундай деди:
-Аллоҳга қасамки, унинг (Дажжолнинг) туғилган жойини, макон-манзилини ва қаерда эканлигини билмайманми?!
Абу Саид ал-Худрий айтади: У мени шубҳалантириб қўйди».
54. Абу Саид ал-Худрий (р.а)дан: «Ҳаж (ёки Умра) ниятида чиққанимизда орамизда Ибн Саид ҳам бор эди. Йўлда бир манзилга қўндик. Ҳамма ҳар ёққа тарқаб кетди. Мен ва Ибн Саиддан бошқа ҳеч ким қолмади. У ҳақда турли гаплар айтилгани боис ёлғиз қолганимдан жуда чўчидим. Ибн Саид нарсаларини олиб келиб менинг нарсаларим ёнига қўйди.
-Иссиқ қаттиқ (бўлаяпти),- дедим мен,- нарсаларингни анави дарахт тагига қўймайсанми?
У (айтганимдек) қилди.
Бизга қўйлар кўринди. Ибн Сайёд бориб катта коса(да сут) олиб келди.
-Эй Абу Саид, ич,- деди.
-Иссиқ қаттиқ бўлаяпти. Сут ҳам ҳозир иссиқ,- деб жавоб қайтардим. Мен фақат унинг қўлидан ичишни хоҳламаганим учунгина шундай деган эдим. Ибн Сайёд деди:
-Эй Абу Саид. Одамларнинг мен тўғримда айтаётган гапларидан (тўйганим учун) арқон олиб келиб, дарахтга боғлаб ўзимни осам дейман. Сизларга-ансорлар жамоасига махфий бўлмаган Расулуллоҳ (с.а.в)нинг (қайси бир) ҳадислари бирон кишидан маҳфий қолибди?! Сен Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадисларини энг яхши билувчилардан эмасмисан?! Ахир Расулуллоҳ (с.а.в) «У (Дажжол) кофир бўлади»,- демаганмидилар?! Мен мусулмонман-ку! Ёки «У бепушт бўлади. Ундан фарзанд туғилмайди»,- демаганмидилар?! Мен Мадинада фарзандларимни қолдириб келаяпман-ку! Яна Расулуллоҳ (с.а.в) «Дажжол Мадинага ҳам, Маккага ҳам кирмайди»,- деган эмасмилар? Ахир мен Мадинадан чиқиб Маккага кетмаяпманми?!
Абу Саид айтади:
-Ҳатто уни кечириб юборишимга сал қолди.
Сўнг Ибн Сайёд деди:
-Аллоҳга қасамки, мен унинг ўзини (Дажжолни) дунёга келишини ва ҳозир қаерда эканини яхши билмайманми?!
Абу Саид айтади:
-То абад сенга ҳалокат-ҳасрат бўлсин!- дедим мен унга (юқоридаги сўзини эшитганимдан сўнг...).
55. Ибн Умарнинг мавлоси (озод қули) Нофеъдан: Ибн Умар (р.а) Мадина йўлларининг бирида Ибн Саидни учратиб унга ғазабини қўзғайдиган бир сўз айтди. (Ғазабланган) Ибн Саид шишиб-катталашиб, ҳатто кўчани тўлдирди. Сўнг Ибн Умар (р.а) Ҳафса разияллоҳу анҳонинг олдига кирди. У ҳам воқеадан хабардор бўлган эди. Ҳафса Ибн Умарга деди: Аллоҳ раҳматига йўлиққур, Ибн Сайёддан нимани хоҳлаган эдинг. Агар Расулуллоҳ (с.а.в)нинг «У (Ибн Саид) қиладиган ғазабдан чиқади»- деганларини билмайсанми?».
56. Яна Нофеъдан: Ибн Умар айтади: «Мен уни (яъни Ибн Саидни) икки марта учртадим. Бир гал уни қавм билан кўрдим. Қавмдагилардан бирига «Сизлар уни ўша (Дажжол) деб айтасизларми?» дедим. Улар қасам ичиб «Йўқ (ундай эмас) дедилар.
-Мени алдаяпсизлар,- дедим мен,- Сизлардан кимдир айтган эди. У то орангизда энг бадавлат ва серфарзанд киши бўлмагунча ўлмас эмиш.
...Биз бироз гаплашиб туриб сўнг ажралишдик. Бошқа сафар уни учратганимда (бир) кўзи чиққан экан. Мен ундан сўрадим.
-Мен кўраётган нарсани кўзинг қачон қилди?
-Билмайман,- деди у.
-Бошингда турган кўзингни ҳам билмайсанми?
-Агар Аллоҳ хоҳлаганида уни сенинг манави асоингда ҳам яратган бўларди.
Шундан сўнг у худди эшакдек жуда қаттиқ пишқириб, ҳирриллаб юборди.
Баъзи йўлдошларим ҳисоблашича, мен уни қўлимдаги асо билан урибман ва (қаттиқ урганимдан) ҳатто асоим синиб кетибди. Ўзим эса, Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса сезганим йўқ.
Ибн Умар кейин мўминлар онаси (Ҳафса разияллоҳу анҳо) олдига кириб, бўлган воқеани гапириб берди. Уммул мўминин (Ҳафса) деди:
-Ундан нима истайсан? Ахир у Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қуйидаги сўзларини билмайсанми: «Албатта, унинг инсонларга юборадиган энг биринчи нарсаси қиладиган ғазабидир».
«Ўзим эса, Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса сезганим йўқ». Бу жумла Ибн Умар (р.а)нинг Ибн Сайёдга нақадар қаттиқ ғазаб қилганига далил бўлади. Ҳатто Ибн Умар ўзининг нима қилганини сезмай қолди. Ғазаб, агар манна шу даражага чиқса, «иғлоқ» (ёпиш, беркитиб ташлаш, қоронғу қилиш) дейилади. Чунки у кишига ўз мақсадини қоронғу қилади. (Яъни одам ўзининг нима қилаётганини сезмайди). Шунинг учун ҳам мана шундай қаттиқ ғазаб ичида кимдир аёлини талоқ қилса, талоқ тушмайди (яъни аёл талоқ бўлмайди).
57. «Иғлоқ (ҳолати)да талоқ ҳам, итоқ (озод этиш) ҳам бўлмайди».
Ҳафса разияллоҳу анҳонинг Ибн Умарга айтган сўзидан, унинг ҳам отаси ва инисининг фикрида эканлиги, яъни Ибн Саидни Дажжол деб билиши кўринади. Умар (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларида Ибн Саидни Дажжол деб қасам ичган эди.
58. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а)дан: «Биз Ибн Саидни Ҳарра кунида йўқотиб қўйдик».
Ҳарра воқеаси таҳминан ҳижратнинг 63 йилида Язид ибн Муовия замонида бўлиб ўтган. Демак, Ибн Саид Мадинада мусулмонлар орасида 70 йилдан ортиқроқ яшаган. Ҳарра жанги кунида йўқолиб қолган ва ҳеч ким унинг қаёққа йўқолганини била олмаган. Ҳадисдан кўриниб турибдики, «Ибн Саид ўлди, одамлар унинг юзини очиб кўриб, Дажжол эмаслигига амин бўлдилар» каби гаплар саҳиҳ эмас экан.
59. Ибн Умар (р.а) айтади: «Аллоҳга қасамки, мен Масиҳи Дажжолнинг Ибн Саид эканлигига шубҳа қилмайман».
60. Муҳаммад ибн Мункадир (р.а)дан: «Мен Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а)ни Аллоҳ номига қасам ичиб «Ибн Саид Дажжол» деяётганини кўрдим.
-Сиз Аллоҳ номига қасам ичаяпсизми?- сўрадим ундан.
-Мен Умарнинг мана шундай деб Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларида қасам ичганларини эшитганман. Набий алайҳис-салом уни инкор қилмаган эдилар.
Дажжолнинг ота-онаси қандай кўринишда бўлади.
Термизий ривоят қилган бир ҳадисда Ибн Саиднинг Дажжол эканлиги деярли очиқ айтилган.
61. Абу Бакра (р.а)дан: «Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжолнинг ота-онаси 30 йил яшаб фарзанд кўрмайдилар. Сўнг бир кўзли бола туғилади. Уларнинг оиласида зарари кўп, фойдаси кам (бола бўлади). Кўзлари ухласа ҳам, қалби ухламайди».
Сўнг пайғамбар алайҳис-салом унинг ота-онасини таърифладилар.
-Отаси узун бўйли, камгўшт-ориқ, қушбурун киши, онаси эса улкан гавдали, қўллари узун одам бўлади.
Абу Бакра айтади:
-Мадина яҳудийлари орасида шундай сифат кўринишида туғилган бир боланинг дарагини эшитдик. Мен Зубайр ибн Аввом билан бирга унинг ота-онаси олдига бордим. Уларда пайғамбар алайҳис-салом айтган сифатлар бор эди.
-Фарзандингиз борми?- сўрадик улардан.
-Биз 30 йил бола кўрмадик. Сўнг оиламизда бир кўзи кўр, зарари кўп, фойдаси кам бир бола туғилди. Унинг кўзлари ухлайди, аммо қалби уйғоқ бўлади,- жавоб берди яҳудий ота-она.
Биз ташқарига чиқдик. Ҳалиги бола ёпинғичда ўраниб, ташқарида ётган экан. У томондан бир ғўлдираш эшитиларди. Бола бошини очди-да, «Нима дединглар?» деб сўради. Биз ҳам «Нима деганимизни эшитдингми?»- деб сўрадик.
-Ҳа,- деди у,- Менинг кўзларим ухласа-да, қалбим ухламайди».
62. Жобир (р.а)дан: «Бир яҳудий аёли бир кўзи мансух-кўр, бошқа кўзи эса бўртиб-туртиб чиққан бола туғди. Расулуллоҳ (с.а.в) унинг Дажжол бўлиб чиқишидан хавотир олдилар».
63. Абу Зар Ғифорий (р.а) дан: «Расулуллоҳ (с.а.в) мени унинг онаси олдига юбордилар.
-Сўра-чи, онаси уни неча ой қорнида кўтариб юрибди,- дедилар.
-Мен уни 12 ой кўтариб юрдим,- деди унинг онаси,- туғилган вақтида у худди бир йиллик гўдакдек чинқирди».
Энди Аллоҳ изни ва мадади билан Ибн Саид ҳақидаги уламолар сўзини келтириб ўтамиз.
Хаттобийнинг райи (фикри).
Ибн Асир «Жомеъул усул»да Хаттобийнинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Ибн Саид хусусида кишилар жуда хилма-хил фикрлар билдиришган. Баъзан савол қилинади: «Қандай қилиб Расулуллоҳ (с.а.в) ёлғондан пайғамбарлик даъвосини қилувчи кимсани Мадинада соғ-омон қолдирдилар? Ўзларига ҳамшаҳар бўлиб туришига рухсат берганлар? Буни қандай тушунмоқ керак? Расулуллоҳ (с.а.в) нима учун «Духон» сурасидан бир оятни яширдилар? Сўнг унга «Тур йўқол, ҳеч қачон ҳаддингдан ошма!»- дедилар?
Менимча, бу воқеа мусулмонлар билан Мадина яҳудийлари ва унинг иттифоқчилар ўртасида сулҳ тузилган вақтларда бўлиб ўтган. Яъни Расулуллоҳ (с.а.в) Мадинага келганларида яҳудийлар билан қуйидаги шартлар асосида сулҳ тузган эдилар:
1. Яҳудийларнинг ҳеч қачон шаҳардан чиқиб кетмасликлари.
2. Уларнинг ўз ҳолларига ташлаб қўйилишлари.
Ибн Саид ҳам яҳудийлардан эди, ёки уларга тааллуқли ҳисобланарди. Расулуллоҳ (с.а.в) Ибн Саиднинг даъволарини, ўзига ғойибдан хабар берилишини эшитганларидан сўнг, унинг олдига бориб синаб кўрдилар. Суҳбат сўнггида маълум бўлдики, у ҳам сеҳргар ёки фолбин ёки жин хабар келтирувчи кимса ва ё шайтон билан «битим тузган»лардан экан.
«Духон» сурасини тополмасдан «Дух» деб қолгинидан кейин Пайғамбар (а.с) уни қувиб юбордилар:
-Тур йўқол! Ҳеч қачон ҳаддингдан ошма!».
Яъни бу самовий ваҳий эмас, балки шайтон унинг тилига солаётган васваса (чала хабар) эди. Чунки Ибн Саид ваҳий орқали хабар берадиган Набийлар мартабасидан ҳам, қалб нурлари ила ҳақни тўғри топадиган, баъзи нарсаларга илҳомланадиган авлиёлар даражасидан ҳам йироқ эди. У ўзича ғойибдан хабар бериб, гоҳ топиб, гоҳ адашиб юрарди.
«Менга ростгўй ҳам, ёлғончи ҳам келаяпти».
«Сенга иш чалкаш-чигал бўлиб кетибди»,- деган эдилар унга Расулуллоҳ (с.а.в).
Хуллас калом, Ибн Саид мўмин бандалар учун бир фитна-синов қилиб юборилган.
«Ҳалок бўлувчилар (яъни кофирлик йўлини тутгувчилар) очиқ ҳужжат билан (яъни Аллоҳнинг мўъжизасига гувоҳ бўлган ҳолларида) ҳалок бўлсинлар, тирик қолувчилар (яъни иймонга кирувчилар) ҳам очиқ ҳужжат билан тирик қолсинлар».
Аллоҳ таъоло Мусо алайҳис-салом қавмини бузоқ билан имтиҳон қилган эди. Қавм бузоқ сабабли фитналаниб ҳалок бўлди. Фақат Аллоҳ асраган ва ҳидоятга собит этган бандаларгина омон  қолдилар. Ибн Саиднинг кофирлиги ва улғайганидан кейин аҳвол-оқибати ҳақида хилма-хил ривоятлар бор. Баъзи ривоятларда унинг тавба қилганлиги ва Мадинада ваофт этганлиги ҳикоя қилинади. Айтишларича, Ибн Саидга жаноза номозини ўқимоқчи бўлган мусулмонлар унинг юзини очиб кўрдилар ва «(Унинг Дажжол эмаслигига) Гувоҳ бўлинглар!» дейилган. Яна бир ривоятда эса, ҳарро жанги кунида Ибн Саид йўқолиб қолгани ва ҳеч ким уни топа олмагани айтилган. Валлоҳу аълам!.
«Ибн Саид Мадинада ўлди» деган гап нотўғри, чунки Жобир (р.а)дан саҳиҳ санад билан ривоят қилинишича, у Ҳарро кунида йўқолган.
Хаттобий сўзларидан хулоса ясайдиган бўлсак, биз унинг Ибн Саидни Дажжол деб ҳисоблаганини кўрамиз. Хаттобий наздида Ибн Саид бир сеҳргар ёки фолбин эди. Барча фолбин ёки коҳинлар каби у ҳам жин-шайтонлари келтирган хабарни айтган. Унинг хабарлари баъзан рост, баъзан ёлғон бўлиб чиққан. Валлоҳу аълам.
Қуртубийнинг райи
Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ёзади: «Қуртубий айтади: -Ибн Саид коҳин-фолбинлар одатига кўра ўзича ғойибдан хабар беради ва унинг хабарлари баъзан рост, баъзан ёлғон чиқарди. Унинг хабари атрофга тарқалди (лекин) у ҳақда ваҳий нозил бўлмади.
Расулуллоҳ (с.а.в) Ибн Саиднинг айнан ким эканини текшириб кўрмоқчи бўлдилар.
Аҳмад Жобир (р.а)дан ривоят қилади: «Бир яҳудий аёли бир кўзи мансух-кўр, бошқа кўзи эса бўртиб-туртиб чиққан бола туғди. Расулуллоҳ (с.а.в) унинг Дажжол бўлиб чиқишидан хавотир олдилар».
Термизий Абу Бакра (р.а)дан қуйидаги марфуъ ҳадисни ривоят қилади: «Дажжолнинг ота-онаси 30 йил яшаб фарзанд кўрмайдилар... (61 рақамли ҳадис такрорланган)».
Яна Аҳмад ва Баззозлар Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ (с.а.в) мени унинг онаси олдига юбордилар.
-Сўра-чи, онаси уни неча ой қорнида кўтариб юрибди,- дедилар.
Мен:
-Уни 12 ой кўтариб юрдим,- деди унинг онаси,- туғилган вақтида у худди бир йиллик гўдакдек чинқирди».
Демак, Қуртубий ҳам худди Хаттобийдек Ибн Саидни Дажжол эмас, балки коҳин-фолбинларнинг бири деб билган. Валлоҳу аълам.
Байҳақийнинг райи.
«Фатҳул Борий»дан келтирамиз: «Байҳақий Абу Бакрадан Абу Довуд эшитган қуйидаги ҳадисни айтиб ўтгач, Ибн Саид қиссаси ҳақида гапирди:
Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Дажжолнинг ота-онаси 30 йил яшаб фарзанд кўрмайдилар. Сўнг (уларнинг оиласида) бир кўзли бола туғилади...». (61 рақамли ҳадис).
Байҳақий айтади: -Мазкур ҳадис фақат Али ибн Язид ибн Жудъан томонидан ривоят қилинган ва у кучли эмас.
Энди Жобир (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисга келсак. (Рисоламиздаги 60-ҳадис).
Унда ҳам уларнинг қасамига Расулуллоҳ (с.а.в)нинг жим туриб жавоб берганидан бошқа нарса йўқ. Эҳтимол ўша вақтда пайғамбар алайҳис-салом Ибн Саид ҳақида аниқ бир тўхтамга келмагандир. Аммо кейинчалик Аллоҳ тарафидан унинг Дажжол эмаслиги пайғамбар (с.а.в)га билдирилган бўлиши мумкин.
Тамим ад-Дорий ҳадиси (рисоламизда 50-рақамда) ҳам мана шу маънога далолат қилмоқда. «Дажжаол Ибн Сайёд эмас!» деб қатъий айтувчилар айнан шу ҳадисни ушлайдилар ва бу йўл тўғрироқ.
Демак, Ибн Сайёд фақат кўриниши сифатида Дажжолга ўхшаш бўлиб, қолган, холос».
Шундан сўнг Байҳақий Тамим ад-Дорий ҳадисини келтиради. Дажжолнинг Яман оролларидан бирида кишанлаб қўйилганлиги айтилади.
Расулуллоҳ (с.а.в)нинг 50 рақамли ҳадиси такрорланган.- Байҳақий ўз сўзини қуйидагича давом эттиради: «Тамим ад-Дорийнинг ҳадисида оҳир замонда чиқадиган Дажжол Ибн Сайёд эмаслигига далил бор. Ибн Сайёд Расулуллоҳ (с.а.в) чиқади деб хабар берган ёлғончи Дажжолнинг биттаси, холос. Бунақа кичик Дажжолларнинг кўпи чиққан. Қатъий равишда «Ибн Сайёд Дажжол» деганлар.
Тамим ад-Дорий қиссасини эшитмаганга ўхшайдилар. Илло Тамим ад-Дорий қиссаси билан улар сўзини сира бир-бирига боғлаб-жамлаб бўлмайди. Ахир, қайдай қилиб Расулуллоҳ (с.а.в) билан балоғатга етар ёшда савол-жавоб қилган бола – ваҳоланки бу нубувват ҳаёти ўрталарида бўлиб ўтганди - , набавий ҳаёт охирларига келиб қайси бир оролда кишанланиб ётган ҳолга айланиб қолади? «Пайғамбар чиқдими йўқми?»- деб мусофирлардан сўради? Уларни Тамим ад-Дорий қиссасидан бехабар қолган демаклик, энг афзал (ечимдир).
Байҳақий уларни деб Умар ва Жобир (р.а)ни кўзда тутмоқда.
Яъни улар «Ибн Сайёд Дажжол»- деб қасам ичганларида. Тамим ад-Дорий қиссасидан бехабар бўлганлар. Лекин бу тахмин нотўғри. Чунки Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а) Тамим ад-Дорий қиссасининг ривоятларидан бири ҳисобланади.
64. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а)дан Абу Довуд ҳасан санад билан ривоят қилади. Ривоятда жумладан шундай дейилади.
-Ибн Абу Салома айтади:
Жобир у (Дажжол) Ибн Сайёд деб гувоҳлик берди.
- У (яъни Ибн Сайёд) ўлган-ку дедим мен.
-Ўлган бўлса ҳам! – деди Жобир
-(Ибн Сайёд) Исломни қабул қилган?
-Исломни қабул қилган бўлса ҳам!
-У Мадинага кирган?
-Мадинага кирган бўлса ҳам!»
Жобир ибн Абдуллоҳ барибир ўз сўзида қатъий турган. Бунга юқоридаги ҳадис очиқ далил бўла олади. Бизнингча Жобир (р.а) Дажжолни жуда кўп нарсага қодир деб ўйлайди. Яъни иймони заифларни йўлдан ура оладиган даражада ғайри оддий имкониятлари бор. Масалан у бир мўминни одамлар кўз ўнгида ўлдириб, сўнг тирилтиради. Дажжолнинг узоқ оролларнинг бирида занжирбанд бўлиб ётиши ва кейинроқ яҳудий оиласидан гўдак бўлиб дунёга келиши эҳтимолдан узоқ эмас. Сўнг 83 йилда Ҳарро кунида бирдан ғойиб бўлади ва то охирзамонга қадар Асбаҳон яҳудийлари юртида яшириниб туради. Валлоҳу аълам!
Энди Байҳақий шубҳалари ҳақида гаплашамиз. Аллома Ибн Саиднинг болоғатга яқин ёшда Расулуллоҳ (с.а.в) билан учрашганидан сўнг қандай қилиб орадан унча узоқ вақт ўтмасдан қайси бир оролдаги занжирбанд қарияга айланиб қолишидан ажабланади. Яъни бу икки нарсани бир-бирига боғлаб бўлмаслигини айтади.
Агар биз Дажжолни ҳам башарий қонун-қоидаларга, инсоний чегараларга тушади, деб оладиган бўлсак, Байҳақий сўзини тасдиқлашдан ўзга иложимиз қолмайди. Лекин Дажжолга ғайри оддий имкониятлар ва у мана шу имкониятлар ёрдамида кишиларни фитналайди, деган фикрга қўшилсак, иншааллоҳ масала ўз-ўзидан ечилади. Шунда Умар ибн ҳаттоб ва унинг ўғли Абдуллоҳ Ибн Умарлар райи ҳақ бўлиб чиқади.
Байҳақий «Дажжол одамлардан «Пайғамбар чиқдими?» деб хабар сўради. Нега?» мазмунида савол беради. Яъни Ибн Саиднинг Дажжол эмаслигига мана шуни ҳам далил қилиб кўрсатади. Лекин қуруқ саволнинг ўзи унинг бехабар эканлигини англатмайди. Баъзан киши ўргатиб қўйиш ниятида (билиб олиш учун эмас) савол бериши мумкин. У ҳолда савол-жавоб ўргатиш учун бир восита ҳисобланади холос. Масалан Дажжол Тамим ад-Дорий ва унинг шерикларига «Ахир унга (Расулуллоҳ (с.а.в)га) итоат қилишлари (арабларнинг) ўзлари учун яхши эмасми?» деди. Аллоҳ ва расулини қаттиқ ёмон кўрадиган Дажжол нега энди пайғамбарга итоатга даъват қилаяпти?!
Ҳа! Аллоҳ таъоло баъзида энг ашаддий кофир тилидан ҳам ҳақ калимасини чиқартириши мумкин. Саҳиҳ ҳадисда шайтоннинг бир саҳобага қуйидаги нарсани ўргатгани ривоят қилинади:
(Шайтон саҳобага деди:) – «Оятал курсий»ни ўқисанг, Аллоҳ сени мен(инг ёмонлигим)дан сақлайди.
Сўнг саҳобий унинг сўзларини Расулуллоҳ (с.а.в)га етказди.
-У ўзи ёлғончию, (лекин) сенга рост сўзлабди, дедилар пайғамбар алайҳис-салом.
Тамим ад-Дорийнинг Маккага келиб исломни қабул қилишига Дажжол сўзларининг ҳам таъсири бўлди.
Биз юқорида Байҳақийнинг Али ибн Язид ибн Жудъанни – Абу Бакра ҳадисининг ровийларидан бирини кучли эмас (яъни заиф) деганини айтиб ўтган эдик. Лекин Термизий уни (яъни Али ибн Язидни) «ростгўй» деб сифатлаган. Маълумки, «журҳ» (бир кишига заиф, ишончсиз, деб таъриф бериш) очиқ бўлмаса, қабул қилинмайди. Яъни танқид қилувчи киши – жарих ўз сўзига ҳужжат келтирмоғи шарт. Акс ҳолда тавсиқ (ровийни ишончли, ростгўй каби сўзлар билан сифатлаш) (журҳдан) муқаддам қўйилади.
Нававийнинг райи
Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим» шарҳида ёзади: Ибн Саид ҳақидаги боб.
«Уни Ибн Саид ёки Ибн Сайёд дейишади. Асли исми Соф. Уламолар айтадилар: «Ибн Саиднинг Дажжол ёки Дажжол эмаслиги тортишувли масала. Бу қисса мушкил қисса. Лекин унинг кичик Дажжоллардан бири эканлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Ҳадислар зоҳирига кўра, Ибн Саиднинг Дажжол ёки Дажжол эмаслиги ҳақида ваҳий тушмаган. Расулуллоҳ (с.а.в)га фақат Дажжолнинг сифатлари туширилган ва баъзи ўхшашликлар Ибн Саидда топилган. Шунинг учун ҳам пайғамбар алайҳис-салом у ҳақда кескин бир сўз айтмганлар. Умар (р.а) уни ўлдирмоқчи бўлиб изн сўраганида ҳам «Агар у Дажжол бўлса, ҳеч қачон ўлдира олмайсан» дейиш билан кифояланган эдилар».
Аммо Ибн Саиднинг мусулмонлиги, Дажжолнинг эса кофир бўлиши, унинг боласи борлиги, Дажжолнинг эса фарзандсиз ўтиши, Ибн Саиднинг Мадинага киргани ва Макка томон сафар қилгани, Дажжолнинг Макка-Мадинага кирмаслиги... буларнинг барчаси Ибн Саиднинг Дажжол эмаслигига далил бўла олмайди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в) Дажжолнинг охир замондаги, яъни инсонларни фитнага солган вақтидаги сифатини айтганлар.
Ибн Саид қиссасининг иштибоҳлиги унинг ёлғончи-каззоб Дажжоллардан бири эканлигига Расулуллоҳ (с.а.в) «Менинг Расулуллоҳ эканимга гувоҳлик берасанми?» деб сўраши ва қуйидаги даъволари далилдир.
Ибн Саид қуйидаги даъволарни қиларди:
-Олдимга ростгўй ҳам, ёлғончи ҳам келади
-Сув устида турган аршни кўраяпман.
-Агар менга (Дажжол бўлиш) таклиф қилинса, ёмон кўрмасдим.
-Мен у (Дажжол)нинг ўзини ҳам, туғилишини ҳам ва ҳозир қаерда экнини ҳам яхши биламан.
Ибн Саид шишиб-катталашиб, ҳатто йўлни тўлдирди...
Ибн Саиднинг ўзини муслим кўрсатиши, ҳаж-жиҳод қилиши ва унга нисбатан билдирилаётган шабҳа-гумонлардан тониши – буларнинг барчаси унинг Дажжол эмаслигига очиқ далил бўла олмайди».
Нававийнинг охирги сўзидан ҳам кўриниб турибдики, у Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Умар ва Жобир ибн Абдуллоҳ райини маъқуллаган. Чунки Ибн Саидда кўринган баъзи нарсалар унинг катта Дажжол бўлишини ман қилмайди. Зеро Расулуллоҳ (с.а.в) айтган Дажжол сифатлари-ишлари фақат охир замонда – Дажжол чиққан вақтда зоҳир бўлади. Валлоҳу аълам!
Ибн Баттолнинг райи.
«Фатҳул Борий»да ёзади: «Ибн Баттол Жобир (р.а) далилини – яъни Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларида Умар ичган қасамга таяниб Жобирнинг ҳам қасам ичганлигини тасдиқлаб шундай дейди:
«Баъзилар айтиши мумкин: Умар (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) «Рухсат беринг, унинг бўйнига урай» дея мурожаат этганида пайғамбар алайҳис-салом қуйидаги жавобни берган эдилар.
-Агар у (ҳақиқатан ҳам) Дажжол бўлса, сен унга (уни ўлдиришга) ҳаргиз қодир қилинмассан!
Бу Расулуллоҳ (с.а.в)нинг иккиланганликларига очиқ далил. Яъни Умар (р.а) «Ибн Саид – Дажжол» деб қасам ичганида пайғамбар алайҳис-саломнинг сукут этганлари Умар қасамини тасдиқлаганлари бўлмайди.
Биз бу эътирозга қуйидаги икки жавобни беришимиз мумкин.
1. Расулуллоҳ (с.а.в) иккиланган вақтларида ҳам Аллоҳ таъоло у зотга Ибн Саиднинг Дажжол эканини билдирмагандир... Кейин, яъни Аллоҳ таъолодан илм келганидан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) Умар (р.а) қасамларига эътироз билдирмадилар.
2. Араблар баъзан очиқ-ойдин сўзларни ҳам худди шубҳаланаётган кишининг услуби билан гапирадилар. Демак Расулуллоҳ (с.а.в) Умар (р.а)ни Ибн Саид қонини тўкишдан лутф қилиб қайтарганлар».
Муаллиф сўзи: яъни Расулуллоҳ (с.а.в) Умарга «Агар у Дажжол бўлса, ҳаргиз (уни ўлдиришга) қодир қилинмассан» деганларида лутф қилган эдилар. Бу Расулуллоҳ (с.а.в) нинг иккиланганликларини англатмайди. Аксинча Расулуллоҳ (с.а.в) Ибн Саиднинг Дажжол эканини билиб туриб, бир ҳикмат сабабли очиқ айтмагандирлар. Зеро Аллоҳ таъоло пайғамбарига бу хабарни эълон этишни буюрмаган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в) Умарни қайтарар эканлар, очиқ гапирмасдан, лутф билан тўхтатиб қўя қолдилар.
Кўриниб турибдики, Ибн Баттол Ибн Саидни Дажжол деб билган. Лекин у кейин қатъий ўз фикрини баён қилмаган. Валлоҳу аълам!
Ибн Баттол Ибн Саиднинг Дажжол эканлигига далолат қилувчи ҳужжат келтирган:
65. Ибн Умар (р.а)дан Абдураззоқ саҳиҳ санад билан ривоят қилади:
«Ибн Саидни бир яҳудий кишиси билан бирга кўрдим. Унинг бир кўзи сўниб (кўр бўлиб) худди туянинг кўзидек ташқарига чиқиб турарди.
-Эй Ибн Саид, Аллоҳ ҳаққи айт-чи, қачон кўзинг сўнди (кўрмай қолди)?- деб сўрадим.
-Раҳмонга қасамки, билмайман,- жавоб берди Ибн Саид.
-Ёлғон гапираяпсан! Бошингдаги кўзингни билмайсанми?!
У кўзини силади-да, уч марта хириллаб юборди. (Ёнидаги) яҳудий мени қўли билан унинг кўкрагига урди, деб ўйлади. Мен унга дедим:
-Тур йўқол! Ҳаддингдан ошма!
(Кейин) бу воқеани Ҳафсага ҳикоя қилиб бердим. Ҳафса дедики:
-Сен ундан узоқ юр. Айтишларича, Дажжол у ғазаб қилган вақтда чиқар экан».
Муслим ҳам мазкур ҳадис маъносидаги ривоятни келтирган. У рисоламиздаги 56 рақамли ҳадис.
Ибн Баттол айтади: «Агар бу ҳам иккиланиш (тараддудга тушиш)га далолат қилади, дейишса, унда қуйидагича бўлади:
-Ибн Саиднинг Ийсо ибн Марям ўлдирадиган улкан Масиҳ Дажжол эканлиги шубҳали-ноаниқ бўлса ҳам, ҳар қалай унинг Қиёмат олдидан чиқадиган каззоб Дажжолларнинг бири эканлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Расулуллоҳ (с.а.в) бундай каззоблардан бизни огоҳлантириб «Қиёмат олдидан дажжоллар-каззоблар чиқади» деганлар..».
Лекин Ҳафса разияллоҳу анҳонинг иниси Абдуллоҳга айтган сўзи иккиланишга далолат қилмайди. Ҳафса разияллоҳу анҳо Ибн Саиднинг ғазабини келтирмаслик лозимлигини уқтирган. Чунки Дажжолнинг чиқишига мана шу ғазаб сабабчи бўларди. Ҳафса разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ (с.а.в) дан эшитгани учун шундай деди (56-рақамли ҳадисда келтирилган). Ибн Ҳажар Ибн Баттолнинг охирги сўзларини шундай шарҳлайди:
«Хулоса шуки, у (яъни Ибн Баттол) Ибн Саидни қатъий равишда Дажжол демаган. Натижада Умар, ундан кейин Жобир (р.а)лар ичган қасам жавоблари ҳақидаги савол яна ўз ўрнида қолади». Яъни мадомики Ибн Саиднинг Масиҳи Дажжол эканлиги ҳали аниқ эмас экан, нега Расулуллоҳ (с.а.в) Умар (р.а)ни қасам ичиб «Ибн Саид Дажжол» деяётганида тўхтатмадилар?
Аммо Ҳафса ва Ибн Умар қиссасида Ибн Баттол кўзда тутган шак-иккиланиш аслида ҳеч қандай асосга эга эмас. Аксинча, далил унинг зиддига далолат қилади. Аниқки, Ҳафса ҳам, Ибн Умар ҳам (охир замонда чиқиши кутилаётган) катта Дажжолни назарда тутишган. Бу ҳақда Ибн Ҳажар шундай дейди:
«(Абдуллоҳ) Ибн Умар ва Ҳафса разияллоҳу анҳумолар қиссасида уларнинг катта Дажжолни назарда тутганлигига далил бор. Мазкур қиссадаги «лом» калимаси жинс учун эмас, балки «аҳд» учун келтирилган. Абу Довуд саҳиҳ санад билан Мусо ибн Ақабадан, Нофеъдан ривоят қилади:
«Ибн Умар айтар эди:
-Аллоҳга қасамки, мен масиҳи Дажжол мана шу Ибн Саид эканига ҳеч шубҳа қилмайман».

Ибн Ҳажарнинг райи.
Бухорий ўзининг «ал-Иътисому бил китаби вал суннати» китобида ривоят қилган Жобир (р.а)нинг ҳадисини шарҳлар экан, ҳофиз Ибн Ҳажар «Ибн Саид Яман оролларидан бирида занжирбанд қилинган ўша катта Масиҳ Дажжолдир» деган фикрга ён босган.
Ибн Ҳажар айтади: «Тамим ад-Дорий ҳадисининг маъноси билан Ибн Саиднинг Дажжоллигини бир-бирига боғлайдиган энг яқин фикр шуки, Тамим оролда айнан Масиҳ Дажжолни кўрган...
(50-рақамли ҳадисда Тамим ад-Дорий қиссаси ҳикоя қилинган).
Ибн Саид то Асбаҳонга юзлангунига қадар ўзини Дажжол суратида кўрсатувчи шайтон. У Асбаҳонга келиб Аллоҳ  белгилаб қўйган муҳлат битмагунича ўз қарини (қиёфадош, дўст) билан яшириниб юради. Инсонларни чалғитмоқ ниятида охир замонида чиққунига қадар шундай ишлар қилади...
Бухорий таржеҳ йўлини тутган ва фақат Жобирнинг Умардан қилган ривоятини келтириш билан кифояланган.
(Рисоламиздаги 60 рақамли ҳадис).
Сўнг Ибн Ҳажар қуйидаги ҳадисни келтиради:
-Умар ибн Абу Салама Жобирдан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (с.а.в) минбар устида туриб айтдилар: «Кишилар денгизда (сузиб) юрганларида егуликлари тугаб қолди. Уларга бир орол кўринган эди, егулик топмоқ илинжида оролга тушдилар...
(Рисоламиздаги 64 рақамли ҳадис).
... Жобир уни (яъни Дажжолни) Ибн Саид деб гувоҳлик берди.
-Ахир у ўлган-ку дедим мен.
-Ўлган бўлса ҳам!- деди Жобир
-(Ибн Сайёд) Исломни қабул қилган?
-Исломни қабул қилган бўлса ҳам!
-У Мадинага кирган?
-Мадинага кирган бўлса ҳам!».
Жобир (р.а) Масиҳ Дажжолнинг иши чалкаш-ноаниқ эканига ишора қилган. Яъни Дажжол томонидан қилинаётган баъзи ишлар охир замонда қиладиган ишларига зид эмас. У буларнинг барини қилиши – кўрсатиши мумкин.
66. Аҳмад Абу Зар (р.а)нинг қуйидаги сўзларини ривоят этади:
«Ибн Саидни Дажжол деб ўн марта қасам ичмоқлик мен учун уни Дажжол эмас деб қасам ичмоқдан яхшироқдир!».
67. Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳам шундай деган эди. У фақат «10 марта» ўрнига «7 марта» сўзини ишлатган.
Ҳадисда кишининг ғолибу зон (ўзи тўғри деб гумон қилган нарсаси) билан қасам ичиши мумкинлигига далил бор.
Аввал айтганимиздек, Ибн Ҳажар сўзларида Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Ҳафса бинти Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Зарр Ғифорий ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар райига мойиллик сезилиб турибди.
Саҳобалар улуғи ҳамда олимлари саналмиш ушбу зотлар райига таяниб Ибн Саидни ўша Масиҳ Дажжол десак бўлаверар... фақат ҳали Дажжол чиқиши учун рухсат берилмаган эди, холос. Валлоҳу аълам!
Шавконийнинг райи.
Шавконий «Найлул автор»да шундай ёзади: «Кишилар Ибн Сайёднинг Дажжол ёки Дажжол эмаслиги хусусида жуда хилма-хил фикр билдирганлар. Бу ҳақда ҳатто деярли ҳамма гап айтилди. (Рисолада келтирилган 51 рақамли) ҳадис зоҳирига кўра Расулуллоҳ  (с.а.в) ҳам бу масалада аниқ бир нарса демаганлар, яъни иккиланганлар.
Бухорий, Муслим ва Абу Довуд Муҳаммад Ибн Мункадирдан ривоят қилинган ҳадис Ибн Сайёднинг Дажжол эканлигига далолат қилади:
«Муҳаммад Ибн Мункадир айтади: Мен Исобир Ибн Абдуллоҳни Аллоҳ номига қасам ичиб «Ибн Сайёд Дажжол» деяётганини кўрдим.
-Сиз Аллоҳ номига қасам ичяпсизми?! -сўрадим ундан.
-Мен Уларнинг мана шундай деб Расулуллоҳ (с.а.в) олдиларида қасам ичганини эшитганман- деди Жобир, -Набий алайҳис салом уни инкор қилмаган эдилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган Ибн Умарнинг ҳадисида (рисоламиздаги 51 ҳадис) Расулуллоҳ (с.а.в)нинг Ибн Сайёд хусусида тараддудга тушганлари – яъни очиқ бир сўз айтмаганлари – зикр қилинган. Бу иккиланишни икки хил шарҳлайдилар:
Расулуллоҳ (с.а.в) иккиланганларида ҳам Аллоҳ таъоло Ибн Сайёднинг Дажжоллигини у зотга билдрмаган эди. Аллоҳ томонидан Ибн Сайёднинг Дажжол эканлиги маълум қилингандан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) Умарни қасам ичишдан қайтармадилар.
Араблар гарчи ҳабарда хеч қандай шак-шубха бўлмаса ҳам, баъзан ҳудди шак-шубҳалидек гапирадилар.
Абу Нуайм Асбаҳоний.
«Ибн Ҳажар айтади:» Абу Нуайм Асбоҳоний  «Асбаҳон тарихида Ибн Сайёднинг Дажжол эканини қувватлайдиган бир ривоятни келтирган.
У Шубайлдан, Ҳассан ибн Абдураҳмондан ва отасидан ривоят қилади.
-Асбаҳоний фақат қилганимизда бизнинг қароргоҳ билан яҳудийлар ораси бир фарсаҳ (4 мил) эди.
Ўзимизга зарур нарсаларни сотиб олардик. Бир куни яҳудийлар қишлоғида доиралар чалиб хурсандчилик қилаётган экан. Мен ўша ердаги танишимдан нима гаплигини суриштирдим.
-Шоҳимиз ташриф буюрди.
Биз унинг етакчилигида араблар устига юриш қиламиз – уларни фатҳ этамиз.
Сўнг танишимнинг айвонида тунаб қолдим. Тонгда туриб бомдот ўқидим. Қуёш энди чиққан ҳам эдики, улар томонда яна чанг тўзон кўтарилди. Қарасам, боши устида райхон қуббаси ўрнатилган бир киши атрофида яҳудийлар дофлар чалиб ўйинга тушишяпти. Мен ҳалиги одамнинг Ибн Сайёд эканини кўриб қолдим. У Мадина (шаҳар)га кирди ва қайтиб чиқмади (у Қиёматгача қайтиб чиқмайди).
Ибн Ҳажар айтади: Абдураҳмон ибн Ҳассонни билмайман, қолган ровийлар ишончли кишилар.  
Нуайм ибн Ҳаммод.
Ибн Ҳажар айтади: «Бухорийнинг шайхи Нуайм ибн Ҳаммод «Фитналар» китобида Дажжолга ва унинг чиқишига таалуқли ҳадисларни ривоят қилган.
Китобдан Жубайр ибн Нозир, Шурай ибн Убайд, Амр ибн Асвод ва Касир ибн Мурраларнинг қуйидаги сўзи келтирилган:
«Дажжол инсон эмас. У Яман оролларидан бирида 70 халқа билан кишанбанд қилинган шайтондир. Дажжол чиққанида олдига урғочи эшаги келади. Униг (эшакнинг) икки қулоғи ораси 40 зираъ (тахминан 64-70 см бир зирога тенг) бўлади. Эшаги устига мисдан ясалган минбар ўрнатади. Сўнг уни миниб олади. Дажжолга жин қабилалари эргашади. Унга ер хазиналарини чиқариб беришади».
Улар сўзига биноан Ибн Сайёднинг Дажжол бўлиши мумкин эмас. Бу ишончли кишилар – гарчи сиқат – яъни ростгўй-ишончли бўлсаларда,- юқоридаги гапни бирон аҳли китобдан олишган бўлиши эҳтимол».
Ибн Ҳажар мазкур 4 ишончли кишининг «Дажжол инсон эмас, У шайтон» деган сўзини инкор қилаяпти. Ибн Ҳажарнинг ҳужжати шуки, агар улар гапи тасдиқланадиган бўлса, Ибн Сайёднинг Дажжол эканлиги тасаввурга сиғмай қолади. (Яъни Ибн Сайёд Дажжол бўлмайди). Лекин бу инкор ғайри мақбулдир.
Чунки, Дажжол инсон эмас, у шайтон деган сўз Дажжолнинг мутлоқо инсон эсамлигини ва унинг тўла тўкис жинларга мансублигини англатмайди. Эҳтимол улар худди Ибн Васиф шарҳлагани каби Дажжолни инс ва жин ўртасидан аралаш махлуқ демоқчидирлар..
Тарихчи Ибн Васиф айтади: «Дажжол Шақ (машҳур фолбин)нинг ўзи. Онаси жинлардан бўлган. (Шақнинг) отасини яхши кўриб қолиб, ундан фарзанд кўрган..
(Бу ерда Ибн Ҳажарнинг юқоридаги гаплари такрорланган).
Ҳар нима бўлганда ҳам, менимча – яна тағин Аллоҳнинг ўзи билгувчироқ –Дажжол инсу-жин ўртасидаги бир махлкуқ ёки аниқ жин-шайтонми, билмадиму, лекин униг инсон (тоза, жинга алоқасиз инсон) эмаслиги аниқ. Дажжол сифатлари, фитналари, ҳатто ўзига ишонган мўминни ҳам алдаб-фитналаб қўйиши – ва ҳоланки у қабиҳ кўринишли, бир кўзли махлуқ эди,-ва бошқа шу каби инсонга таъсир қилиш кучлари фақат жин-шайтонда ёки шайтон билан ашаддий кофир қўшилувчи ҳосил бўлган. Аралаш махлуқда бўлиши мумкин, холос.
Аллоҳ таъоло Ўз фотиҳ карами ила бизни дунё фитналаридан, қабр ва охират азобидан омон сақласин. Амийн.
Дажжолнинг жин шайтон  ёки инсу жин ҳосиласи эканига далиллар:
а) Бухорий ва Муслим Ибн Умар (р.а)дан ривоят қилади:
68. «Расулуллоҳ (с.а.в) ҳаётининг охирги кунларида биз билан хуфтон намозини ўқидилар. Салом берганларидан сўнг  шундай дедилар: «Мана шу кечангизни кўряпсизми? Шу кечадан бошлаб 100 йил ўтгач, бугун ер юзида бўлган бирон киши (тирик) қолмайди».
Яман оролларидан бирида кишанланиб ётган Дажжолнинг инсон эмас, жин-шайтон ёки инс-жин ҳосиласи экенлигига мазкур муттофақун алайҳ ҳадис очиқ далилдир. Агар у инсон бўлганида, 110 йилгача ўлган бўлар эди. Бир қанча ҳадисларда  унинг то охир замонгача – чиққунича тирик туриши ривоят этилган. Бу ҳам Дажжол хақидаги юқорида айтилган фикрларни тасдиқлайди.
б) Дажжолнинг бир оролда Расулуллоҳ (с.а.в) замонларидан бери то бугунги асримизгача ҳеч нарса емай – ичмай тутқунликда яшаши ҳам унинг инсон эмаслигини кўрсатади. Унинг таъомлангани ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Ваҳоланки, у ҳаёт. Ахир бу инсон хусусиятларидан эмас. Энди Дажжолнинг кўзлардан махфий бўлишини олинг. Уни Тамим ад-Дорийдан сўнг хали ҳеч ким кўргани – кўра олгани йўқ. Қизил денгиз бўйидаги барча ороллар кашф қилинган бўлса-да, ҳануз Дажжолнинг кўзга кўринмаслиги ҳам Нуайм ибн Ҳаммод ривоят этган ишончли кишилар сўзини қўллаб-қувватловчи далилдир. Валлоҳу аълам.
в) Ибн Сайёднинг Абу Саъид ал-Худрийга айтган қуйидаги сўзлари Дажжолнинг соф инсон боласи эмаслигига энг катта гувоҳ ҳисобланади:
-Аллоҳга қасамки –деди Ибн Сайёд – Мен унинг (яъни Дажжолнинг) ўзини ҳам, туғилишини ҳам ва ҳозир қаерда экенлигини ҳам биламан».
Ибн Сайёднинг бу сўзи ўзининг  Дажжоллигига иқрори десак ҳам бўлади.
Чунки у катта-катта саҳобалар бехабар бўлган Дажжолга танишли хабарларни билишни айтаяпти. Унга жин-шайтонни ўргатган дейиш нотўғри. Ибн Сайёднинг Аллоҳ номига қасам ичиши Дажжол сифатларини ғайбий-эшитиб билишга эмас, айнан кўриб – шоҳиди бўлиб билишга далолат қилади. Аслида саҳобалар ҳам Дажжолнинг сифатлари орқали яхши билар эдилар. Лекин, Ибн Сайёд бундан юқори даражадаги дахлдорликни даъво қилди.
«Унинг туғилишини биламан!».
Ибн Сайёднинг бу сўзини икки хил тушиниш мумкин: Ибн Сайёд Масиҳи Дажжолнинг биринчи – яъни оролга занжирбанд қилинишидан олдинги – туғилишини назарда тутган.
Сўнги туғилажак жойини айтган. Бу охир замонда бўлади. Унинг охир замонда туғиладиган ўрни Миср юртидаги Қавс деган макон:
Бухорийнинг шайхи Нуайм ибн Ҳаммод Каъбул Аҳбордан ривоят қилади: «Дажжолни, онаси мисрдаги қавс деган жойда туғади».
«Унинг туғилиши билан чиқиши ораси 30 йил бўлади. Дажжол ҳақида на таврот ва на инжилда ҳеч қандай хабар нозил қилинмаган. Фақат баъзи пайғамбарлар китобида бор».
Имом Ибн Ҳажар мазкур асар (саҳобий сўзи)ни саҳиҳ ҳадисга зид деган ҳужжат билан инкор қилган. Ҳадисда ҳамма пайғамбарларнинг ўз қавмини Дажжолдан огоҳлантириши айтилган. Яна унинг (Дажжолнинг) чиқишидан (Фақат) 30 йил илгари дунёга келиши ҳам «Ибн Сайёд Дажжол» деган фикрга, Дажжолнинг қайси бир оролда занжирбанд эканига тўғри келмайди».
Лекин, Ибн Ҳажар кўрсатган сабаблар Каъбул  Аҳбор ривоятини заифга чиқармайди. Чунки, Дажжол ҳақида Тавроту Инжилда ҳеч нарса нозил қилинмаган бўлса, бу Мусо ва Ийсо алайҳис-саломларнинг қавмини Дажжолдан огоҳлантирмаганини англатмайди.
Шунингдек, Дажжолнинг Миср қишлоқларидан бирида туғулиши ҳам, Ибн Сайёднинг Мадинада туғулганлигига, унинг яман денгизи оролларидан бирида занжирбанд қилинганига зид эмас. Чунки, биз Дажжолнинг жин-шайтон ёки инсу жинс ҳосиласи эканлигини тасдиқлайди. Демак, унинг ҳолати ҳатто ҳукмлари инсонлар аҳвол-аҳкомидан тўла фарқ қилади.
Аллоҳ таъоло Дажжолга шундай имкониятларни берган бўлиши мумкин. Шу боис, узоқ бир оролда занжирбанд ҳолда яҳудий оиласида яна қайтадан туғила олади.
Демак, унинг яҳудий отаси номигагина ота. Ибн Сайёд (9 ой эмас!) 12 ой она қорнида ётди ва туғилганида худди бир ойлик гўдакдек чинқириб йиғлади. Сўнг Ҳарро кунида бирдан ғоиб бўлиб қолди-да, Асбаҳон яҳудийлари орасида пайдо бўлди. Яҳудийлар уни танидилар (!). Атрофида даф-доиралар чалиб рақсга тушишди. Кейин, бу ердан ҳам йўқолиб қолди. Бирон киши ҳам «кўрдим» демади.
Агар юқоридаги гаплар саҳиҳ деб топилса, Дажжолнинг яна бир бор  қавсдаги яҳудий оиласида дунёга келиши унчалик нотабий бўлмайди. Туғилганидан сўнг 30 йил ўтгач дунёга Дажжол бўлиб чиқади. Валлоҳу алам!
г) Биз ушбу Сайёднинг шайтонлигига унинг қуйидаги сўзларини ҳам далил қилиб кўрсатишимиз мумкин.
«Ибн Сайёд Абу Саид ал-Худрий (р.а)га деди:
- Аллоҳга қасамки, мен унинг (яъни Дажжолнинг) ҳозир қайердалигини ҳам, ота-онасини ҳам биламан».
Аниқки, Ибн Сайёд «Дажжолнинг ҳозир қаердалигини биламан» деганда унинг узоқ бир оролда кишанланиб ётганини айтаётгани йўқ.
Чунки, буни саҳобаларнинг ўзлари ҳам яхши билади.
Шунинг учун «бундай даъво» дан ҳеч қандай маъно чиқмабди. Бу ерда, Ибн Сайёд кўпроқ ўзини назарда тутган ва ушбу тахминимизга Абу Саиднинг қуйидаги сўзлари ҳам далолат қилади:
- У мени шубҳалантириб қуйди. Яъни «У ҳақда шубҳага тушиб қолдим».
Яна бир далил:
Ибн Сайёддан сўрашди: - Ўша киши (яъни Дажжол) бўлиб қолишини хоҳлармидинг?
-Агар менга таклиф қилинса, ёмон кўрмасдим (йўқ демасдим),- жавоб берди Ибн Сайёд.
«Мен унинг ота-онасини ҳам биламан!».
Сўз зоҳирига кўра Ибн Сайёд ўзининг ҳақиқий жин-шайтон ота-онасини назарда тутган дейиш мумкин. Биз бу ҳақда аввалроқ ҳам гапириб ўтган эдик.
Савол: Дажжол Асбаҳондан чиқади ва унга 70000 яҳудий эргашади (рисоладаги 39-рақамли ҳадисга қаралсин). Каъбул Аҳбор ривоятида эса унинг Мисрдаги қавс деган жойда туғилиши айталган. Бу икки ривоят бир-бирига зид эмасми?
Жавоб: Биз Каъб ривоятини саҳиҳ деб топадиган бўлсак, унда Дажжол Мисрда туғилиб, Асбаҳондан чиқади ва унга шу ерлик 70000 яҳудий эргашади. Ахир Ибн Сайёд ҳам Мадинада туғилиб, Асбаҳонга қочмаганмиди?! Унинг Асбаҳонда қаерга яширинганини ҳеч ким билмай қолган эди-ку!
Савол: Дажжолнинг пайғамбар замонида Ибн Сайёд бўлиб гавдаланишини қандай тушинмоқ керак? Бу ерда қандай ҳикмат бор?
Жавоб: Биз Муҳаммад (с.а.в)нинг фақат очиқ бир етказгувчи эканликларига, ҳеч кимни ўз ихтиёрларича ҳидоятга йўллай олмасликларини яхши биламиз ва бунга иймон келтирамиз. Шунингдек, шайтон ҳам гарчи ҳеч кимни ўзича залолатга ботириб юбора олмаса-да, инсонларга гуноҳ-маъсиятларни имкон қадар чиройли қилиб, зийнатлаб кўрсатувчи холос. Аллоҳ таъоло Муҳаммад алайҳис-салом асҳобларини мана шу Дажжол билан имтихонга солди. Токи иймони кучли зотлар ўз иймонларида яна-да кучли ўрнашсинлар! қалбларида мунофиқлик касали бор кимсалар имтихондан йиқилиб ҳалокатга юз тутсин!
Агар сиз Ибн Сайёд ҳақидаги ҳадисларни диққат эътибор билан ўрганиб чиқсангиз, унинг туғилиши пайғамбарлик замонига жуда яқин бўлганини кўрасиз. Ибн Сайёднинг яширин тарихи эса мусулмонлар бошига энг катта синов-бало тушган кунларга тўғри келди. Ўша куни ҳижрат ховлиси – ансорлар юрти – Мадинага Шом қўшини бостириб кирди ва у ерда турли хунук ишларга қўл уришди.
Ибн Сайёд мана шу куни – Ҳарро кунида ғойиб бўлган.
Гуё Ибн Сайёд бу кунни атайлаб кутганга ўхшайди. Мусулмонлар бошига фитна балоси ағдарилганини кўриб, қалби бироз ором олди ва шу билан кифояланиб, кўздан йўқолди Валлоҳу аълам!
Мен ҳадисларни кўздан кечирар эканман, яна бир бор Умар (р.а) қасамларини кўнглимда тасдиқлайман. Дарвоқе, Абдуллоҳ ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Зарр Ғифорий ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар ҳам Умар (р.а) билан бир хил фикрда бўлишган.
Дажжол қизил денгиз бўйидаги ороллардан бирида кишанлар «қучоғи»га солинган. Дажжол Ибн Сайёд қиёфасида Мадинага «ташриф буюрган». Расулуллоҳ (с.а.в) юборилган ўша вақтларда у ҳам пайғамбарлик даъвоси билан чиқди. Асҳоби киромларни фитна домига тортишга уринди. Лекин Аллоҳ таъоло мўминларни унинг ёмонлигидан омон сақлади. Дажжол ислом ғолиб бўлгач бошқа яҳудийлар каби шаҳардан қувилмаслик учун ўзини мусулмон қилиб кўрсатди. Мусулмонлар орасига фитна уруғини сочишда унинг қанчалик ҳизмат кўрсатгани ёлғиз Аллоҳга аён! Усмон (р.а)нинг ўлдирилишидан бошлаб Ҳарро кунига қадар. Сўнг у Ҳарра кунида изсиз йўқолди.
Мазкур далилларга суяниб мен мана шундай хулосага келдим. Яна Аллоҳнинг Ўзи билувчироқдир!
Бутун оламлар парвардигорига ҳамдлар бўлсин.

Орқага Олдинга