loader

Тўртинчи фасл. Ийсо алайҳис-саломнинг тушиши

«Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат кунда эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур».
Ийсо алайҳис-салом ҳаёт
«Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўхтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни «бизлар ўлдирганмиз» деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, Ийсо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. Балки уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат кунда эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур».
«Эй аҳли китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир) холос. Бас, Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! «(Тангри) учта (яъни Аллоҳ, Марям ва Ийсо учалалари ҳам тангрилардир)» демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ якка-ягонадир. У фарзандлик бўлишдан пок бўлган зотдир. Осмонлардаги ва ердаги бор бўлган нарса Уникидир. Аллоҳнинг ўзи етарли вакилдир».
Ибн Жобир Табарий «Нисо» сурасининг 159-ояти тафсирида бир қанча саҳобий ва тобеъинлар сўзларини келтириб, сўз охирида шундай дейди.
«Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур».
-Мазкур сўзларнинг энг саҳиҳи – бирнчисидир. Яъни Ийсо алайҳис-салом ер юзига қайтиб тушганидан сўнг, албатта ҳар бир аҳли китоб Ийсо ўлмасидан илгари унга иймон келтиради. Унга иймон келтирмаган биронта аҳли китоб қолмайди».
Ибн Касир айтади: «Ибн Жарир сўзи шубҳасиз ҳақ. Чунки яҳудийларнинг Ийсони ўлдирдик, осдик деган даъволари ҳамда нодон насороларнинг бу бўхтонни қабул қилишлари ботил-нотўғри эканлигини таъкидлашдан мурод ҳам шу эди. Улар Ийсо алайҳис-саломни ўлдирмаганлар. Аллоҳ таъоло Ийсони самога кўтарди ва у соғ-омон ҳаётдир. Ийсони ўлдирмоқчи бўлган кимсалар кўзига бошқа биров Ийсо қилиб кўрсатилди. Улар ўша кишини Ийсо гумон қилиб ўлдирдилар. Ийсо алайҳис-салом ҳам Қиёмат олдидан ерга тушади. Мутавотир ҳадисларда таъкидланганидек, Масиҳи Дажжолни ўлдиради, хочни синдиради, хинзир (тўнғиз)ни ҳам ўлдириб, жизъяни тугатади. Яъни барча дин эгалари фақат исломни қабул қилади. Акс ҳолда (энди жизъя эмас!) қилич (масалани ечиб беради».
Ушбу ояти карима хабар беради:
-Барча аҳли китоб унга иймон келтиради. Уларнинг биронтаси ҳам Ийсони тасдиқламасдан қолмайди.
Аллоҳ таъоло айтади: «Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур».
Яъни Ийсо алайҳис-салом ўлими олдидан унга иймон келтиради. Яҳудийлар ва уларга ҳамфикр насоролар Ийсони ўлдирилган ва осилган деб юрибдилар.
«Қиёмат кунда эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур».
Яъни самога кўтарилишидан олдин ва ерга тушганидан кейин кўрган уларнинг ёмон ишларига гувоҳлик беради».
Анусий «Руҳул-маъноий»да ёзади: «Оятдаги ҳар иккала замир Ийсо алайҳис-саломга тегишли дейилган (Яъни (Ийсонинг) ўлими олдидан, унга (Ийсога) иймон келтиради). Ушбу маънодаги сўз-тафсир Ибн Аббос (р.а), Абу Молик, Ҳасан, Қатодалардан ҳам ривоят қилинган. Табарий ҳам шуни ихтиёр этган. Яъни Ийсо алайҳис-салом тушганида ер юзида мавжуд барча аҳли китоб ўлими олдидан унга иймон келтиради. Ўша кунга келиб динлар битта динга айланади».
Лекин баъзи муфассирлардан – улар орасида Ибн Аббос ҳам бор – саҳиҳ санад билан бошқачароқ тафсир ҳам ворид бўлган: Яъни Ийсо алайҳис-саломга иймон келтирмай туриб (биронта) яҳудий ўлмайди».
Ҳар иккала тафсир тўғри. Улар бир-бирини инкор қилмайди. Зеро, ҳақ аҳли қуйидаги ҳақиқат қаршисида бир хил фикрдалар:
-Ҳар бир бандага ўлими олдидан билмаган (тушунмаган) нарсаси ойдинлашади ва у шунда иймон келтиради. Лекин у вақтдаги иймон кишига ҳеч қандай фойда бермайди.
«На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолида ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас».
Демак, ояти каримани қуйидагича тушунмоғимиз жоиз экан: Барча аҳли китоб – хоҳ ўзларининг ўлимлари олдидан бўлсин, хоҳ Ийсо алайҳис салом тушганида унинг ўлими олдидан бўлсин, - албатта Ийсога иймон келтирдилар. Ўшанда барча динлар биттага – Ислом динига айланади. Бу аҳли суннат ўртасида иттифоқ қилинган тафсирдир. Аллоҳга беҳад ҳамдлар бўлсинким, Ийсо Алайҳис саломнинг тушиши ва унинг масиҳ Дажжолни ўлдириши мутовотир ҳадисларда ривоят қилинган.
Ийсо алайҳис-саломнинг тушиши ҳақидаги ҳадислар.
69. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: Жони қўлида бўлган зотга қасамки, сизларнинг орангизга Ибн  Марямнинг тушиши яқин қолди. У адолат билан ҳукм қилади, хочни синдиради, хинзир (чўчқа)ни ўлдиради, ва жизъяни қўяди. (бўшатади) Мол-дунё шу даражада кўпайиб кетади-ки, ҳатто уни ҳеч ким қабул қилмай қўяди. Кишига дунёю ундаги нарсадан битта сажда яхшироқ бўлиб қолади.      
Сўнг Абу Ҳурайра деди: Хоҳласангиз, (ушбу оятни) ўқингиз: «Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан унга (яъни) албатта иймон келтирур. Қиёмат кунида эса, у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур».
70. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: - Ийсо ибн Марям тушиб хинзирни ўлдиради, хочни йўқотади. Намоз унга (унинг имомлигига) жамланади. Мол-дунё берилса ҳам (киши) қабул қилмай қўяди. Хирожни қўяди. (тўхтатади). Равхога тушиб у ердан ҳаж ёки умра қилади. Ёки ҳар кишини жам қилади».
71. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Орангизда Ибн Марям тушса ва сизлардан (бўлган) имомингиз бўлса, қандай ҳолга тушасизлар..
Бошқа бир ривоятда:
- Сизлардан имомлик қилса,- дейилган.
Ибн Абу Зиъб сўради: -«Сизлардан имомлик қилай» нима дегани эканини биласизми?
- Ўзингиз мени хабардор қилинг дедим мен.
- Бу «Сизларга Парвардигорингиз китоби ва пайғамбарингизнинг суннати ила бошчилик қилса» деганидир!.  
72. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Пайғамбарларнинг отаси битта, оналари бошқа-бошқадир. (Яъни иймон бир, шароитлар хилма-хил). Динлари бир.
Мен Ийсо ибн Марямга энг ҳақли инсонман. Чунки, ўртамизда бошқа пайғамбар ўтмаган Албатта, у (ҳали) тушади. Уни кўрган чоғингизда,танингизлар, у ўрта бўйлик оқ-кизилга мойил инсон. Устида оқ сариқ кийим бош. (Икки Кийим). Гарчи сув тегмаган бўлсада бошидан (сув) томчиб турганга ўхшайди. Ийсо хочни парчалайди, чўчқани ўлдиради, жизъяни қўяди. (Яъни жизъя олинмайди) ва кишиларни исломга чақиради. Аллоҳ таъоло унинг замонида исломдан ўзга барча миллатларни ҳалок қилади, Масиҳ Дажжолни ўлдиради. Сўнг ер юзида тинчлик-омонлик ҳукм суради. Ҳатто, шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан бирга юради.
Болалар илонлар билан ўйнайди. Улар болаларга зиён-захмат етказмайди. Ийсо 40 йил яшаб, сўнг вафот этади. Унинг жанозасини мусулмонлар ўқиди.  
73. Нувос ибн Самъон (р.а)дан: - Бир куни эрталаб Расулуллоҳ (с.а.в) бизга Дажжол ҳақида гапирдилар. Уни ёмонладилар – ҳақир эканини айтдилар, фонасининг нақадар хатарли бўлишини ҳикоя қилдилар.
Биз (пайғамбар (с.а.в) гапларидан кейин) Дажжолни Нахл тоифасидан чиқса керак деб ўйлаб қолдик. Кечқурун Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига қайтганимизда пайғамбар алайҳис-салом юзимиздан мана шу маънони уқдилар.
-Сизларга нима бўлди,- сўрадилар Расулуллоҳ (с.а.в).
-Ё Расулуллоҳ (с.а.в),- дедик биз,- Сиз эрталаб Дажжол ҳақида гапирдингиз. Унинг ҳақирлигини ҳам, фитнасининг хатарли эканини ҳам айтдингиз. Биз уни Нахл тепасидан чиқса керак деб ўйлаб қолдик. Пайғамбар (с.а.в) дедилар:
-Сизларни ўйлаб (Дажжол эмас) бошқа нарса мени ҳавотирга солаяпти. Агар у (яъни Дажжол) мен орангизда эканимда чиқса, ўзим сизларнинг қаршингизда туриб, ҳужжат келтирувчи бўламан. Агар менинг йўқлигимда чиқса, унда хар ким ўзига ўзи ҳужжат келтирувчи бўлади. Барча мусулмон устида Аллоҳ халифадир! У (Дажжол) сочи жингалак, кўзи сўнук бир ёш. Мен уни Абдул Уззо ибн Қатонга ўхшатаман. Қай бирингизга Дажжол (замони, чиқиши)га етса, унга «Каҳф» сурасининг бошларидан ўқисин. Дажжол Шом билан Ироқ оралиғидаги бир жойдан чиқади. Ўнгу сўлга фасод тарқатишга киришади. Эй Аллоҳнинг бандалари, собитқадам бўлингиз!
-Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! У ер юзида қанча вақт туради,- сўрадик биз.
-Қирқ кун,- дедилар Расулуллоҳ (с.а.в),- Бир куни йилдек, яна бир куни ойдек, яна бир куни жумъа (ҳафта)дек бўлади. қолган кунлари одатдаги кунларингиз кабидир.
-Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! ўша йилдек бўладиган кунда бир кунлик намоз бизга кифоями?
-Йўқ Унинг ўз миқдорини белгилайсиз.
-Ё Расулуллоҳ (с.а.в)! Дажжолнинг ер юзида тезлиги қандай бўлади?
-У худди шамол ҳайдаётган (булут) ёмғирдек юради. Бир қавм олдига келиб, уларни даъват қилади. Қавм Дажжолга иймон келтириб, даъватига жавоб беради. Дажжол осмонга буюриб, ёмғир ёғдиради, ерга буюриб, ўсимлик ўстиради. қавмнинг мол-ҳоллари кечқурун қоринлари ўтга, елинлари сутга роса тўлиб қайтади. Сўнг Дажжол яна бошқа бир қавм олдига келади. Бу қавм унинг даъватини қабул қилмайди. Дажжол уларнинг олдидан кетади. Қавм бор будидан айрилган ҳолда тонг оттиради. Уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Дажжол бир ҳароба ёнидан ўтаётиб унга «ҳазиналарингни чиқар»,- дея буйруқ беради. Шунда ҳудди арилар ўз бошлиқларининг атрофига йиғилганидек, ҳароба ҳазиналари унинг олдига тўпланади. Сўнгра Дажжол бир ёш йигитни даъват қилади. Ҳалиги йигитни қилич билан уриб қоқ иккига бўлиб ташлайди. Кейин уни (бўлакланган йигитни) чақиради. Йигит унга юзланади. Юзи ёришиб кулиб юборади. Мана шу пайтда Аллоҳ таъоло Масиҳ ибн Марямни юборади. Ибн Марям икки сариқ либосда шарқий Дамашқнинг оқ минораси ёнига иккала кафтини икки малак қанотига қўйиб тушади. У бошини эгса, (сув томчилари) томчилайди. Бошини кўтарганида эса ундан мисли кумушдек қатралар сочилади. Ийсонинг нафасини сезган кофир ўлмай қолмайди. Унинг нафаси, нигоҳи қаерда тўхтаса, шу ерда тугалланади (Яъни кўзи қанчалик узоқни кўрса, нафаси ҳам шунчалик масофага етади). Ийсо ибн Марям Дажжолни Лудд дарвозаси ёнида қувиб етиб ўлдиради. Сўнг Ийсо алайҳис-салом (Масиҳ фитнасидан) Аллоҳ маъсум сақлаган қавм олдига келади. Улар юзини масҳ этади ва жаннатда эришажак даражалари ҳақида сўзлаб беради. Шунда Аллоҳ таъоло Ийсо алайҳис-саломга қуйидагича ваҳий қилади: «Дарҳақиқат, мен шундай бир бандаларни чиқардимки, ҳеч ким уларни ўлдиришга қодир эмас. Бандаларимни Тур тоғига олиб чиқиб кет». Аллоҳ таъоло Яъжуж ва Маъжужларни юборади. Улар ҳар бир тепаликдан бош кўтарадилар. Яъжуж ва Маъжужларнинг аввали Табария кўли ёнидан ўтаётиб унинг сувини ичиб қўяди. Охири кўл олдига келиб, «Шу гал (ҳозир) мана бу кўлда сув бор эди»,- дейишади. Улар Ийсо алайҳис-салом ва унинг асҳобларини ўраб олишади. Шунда Ийсо асҳобларига ҳатто ҳўкизнинг боши бугун сизлардаги 100 динордан ҳам яхшироқ бўлиб қолади. Ийсо ва асҳоблари Аллоҳга илтижолар қилишади. Аллоҳ таъоло Яъжуж ва Маъжужларнинг бўйниларига қурт туширади. Тонггача ҳаммалари ҳудди бир кишининг ўлимидек ўладилар. Сўнг Ийсо алайҳис-салом ва асҳоблари пастга тушишади. Пастликдаги ҳар бир қарич ер уларнинг бадбўй ҳидлари билан тўлган бўлади. Ийсо алайҳис-салом ва асҳоблари яна Аллоҳга ёлворадилар. Аллоҳ таъоло туя бўйниларидек (катта) қуш(лар)ни юборади. Қушлар Яъжуж ва Маъжужлар жасадини кўтариб, Аллоҳ хоҳлаган жойга ташлаб қайтадилар. Сўнг Аллоҳ таъоло бир ёмғирни юборади. Ундан на шаҳар ва на қишлоқдаги уй омон қолади. Бу ёмғир ерни ойнадек қилиб ювиб кетади. Сўнг ерга амр қилинади:
-Меваларингни чиқар! Барактоларингни қайтар!
Ўша куни бир жамоат анор еб, унинг пўстлоғида сояланади. Аллоҳ таъоло сутга баракот ато этади. Ҳатто битта туянинг сути бир жамоатга кифоя қилади. Худди мана шу ҳолатда Аллоҳ таъоло хуш бўйли шамол юборади. Бу шамол уларни ўз бағрига олади ва Аллоҳ таъоло барча мўмин-мусулмонларнинг жонини олади. Ер юзида фақат энг ёмон кишилар қолади. Улар одамлар кўз ўнгида худди эшаклардек аёлларига сакрайдилар (яқинлик қиладилар). Ана ўшалар устига Қиёмат қойим бўлади».
74. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Умматимда Дажжол чиқиб 40 туради. 40 кун, 40 ой ёки 40 йиллигини билмайман. Аллоҳ таъоло Ийсо ибн Марямни юборади. У Урва ибн Масъудга ўхшаб кетади. Ийсо Дажжолни излаб топиб ўлдиради. Сўнг кишилар етти йил яшайдилар. Мана шу муддатда икки киши ўртасида (ҳам асло) адоват бўлмайди. Кейин Аллоҳ таъоло Шом томондан совуқ бир шамолни юборади. Бу шамол ер юзида қалбида зарра мисқолча яхшилиги – ёки иймони – бор биронта ҳам кишини қолдирмасдан жонини олади. Ҳатто биронтангиз тоғнинг ўртасига кириб олса, унинг олдига ҳам кириб жонини олади. Ерда яхшиликни билмайдиган, ёмонликдан қайтармайдиган ёмон кимсалар қолади».
40 кун, 40 ой ёки 40 йиллигини билмадим.
Мазкур иккиланиш Абдуллоҳ ибн Амр тарафидан бўлса керак. Чунки бошқа саҳиҳ хадисларда Дажжолнинг қирқ кун туриши аниқ айтилган.
75. Мужма ибн Жориядан (р.а): Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитганман: «Ийсо ибн Марям Дажжолни Луд дарвозаси ёнида ўлдиради».
76. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Умматимдан бир тоифа ҳақ ҳимоясида жанг қилиб, то Қиёмат кунига қадар зоҳир бўлиб туради. Сўнг Ийсо алайҳис-салом тушади. Шунда мусулмон тоифанинг амири унга «Келинг, бизга (имом бўлиб) намоз ўқиб беринг»,- дейди. Ийсо айтади: «Йўқ, Сизлар ўзларингиз бир-бирингизга амирдирсиз».
Бу Аллоҳнинг мана шу умматга кўрсатган фазлу карамидир».
Олимлар айтадилар: Бу Ийсонинг энди тушган вақтига тааллуқли. Кейин эса мусулмонларга албатта Ийсонинг ўзи имомлик қилади. Ибн Можаҳ ривоят этган бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: «Ўзинг олдинга чиқиб намозни бошлайвер,- дейди Ийсо мусулмонлар амирига,- ҳозир сен учун қомат айтилди (намозга турилди)». Рожиҳ (тўғрироқ) гап шуки, айнан ўша куни мусулмонларга Маҳдий – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ имом бўлади. Валлоҳу аълам.
Ҳадис зоҳиридан кўриниб турибдики, ер Қиёматга қадар солиҳ бандалардан ҳоли бўлмас экан. Улар ўзлари аниқ ишонадиган ҳақ-ҳақиқатнинг ҳимояси учун жанг қиладилар.
Ийсо алайҳис-салом сифатлари:
Юқорида келтирилган ҳадисларда Ийсо алайҳис-саломнинг ушбу сифатлари санаб ўтилди:
-Уни кўрган чоғингизда танингизлар. У ўрта бўйли, оқ-қизилга мойил инсон. Устида оч сариқ кийим бош (икки либос). Гарчи сув тегмаган бўлса-да, бошидан (сув) томчилаб турганга ўхшайди.
-Ибн Марям икки сариқ либосда шарқий Дамашқнинг оқ минораси ёнига иккала кафтини икки малак қанотига қўйиб тушади. У бошини эгса, (сув томчилари) томчилайди. Бошини кўтарганида эса ундан мисли кумушдек қатралар сочилади. Ийсонинг нафасини сезган кофир ўлмай қолмайди. Унинг нафаси, нигоҳи қаерда тўхтаса, шу ерда тугалланади.
Нававий айтади: қози Иёз бу жумлани ҳақиқати-зоҳирига кўра олган. Яъни Ийсо алайҳис-салом нафасини сезган кофир тил тортмай ўлади. Унинг (Ийсонинг) нафаси эса нигоҳи қанчалик узоқни кўра олса, шунча масофага етади..
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Исро кечасида Мусо алайҳис-саломни учратдим.
Пайғамбар алайҳис-салом Мусонинг сочи жингалакроқ эканини айтиб, уни Шануа қабиласининг кишиларига ўхшатдилар.
-Сўнг Ийсони учратдим. У ўрта бўйли, ҳудди (ҳозиргина) ҳаммомдан чиққан кишидек қип-қизил... Ва Иброҳим алайҳис-саломни кўрдим. Унга болаларининг ичида энг кўп ўхшайдигани менман».
Демак, Ийсо алайҳис-салом юқорида тавсифланган кўринишдан бўлган. Худо хоҳласа, рисоламизнинг тўртинчи фаслида яна шу мавзуга қайтамиз.
«Мусулмонлар жангга ҳозирлик кўриб сафларини тиклаётган пайтларида намоз вақти бўлиб қолади. Шунда Ийсо алайҳис-салом тушади ва мусулмонларга имомлик қилади. Ийсо алайҳис-саломни кўрган Аллоҳнинг душмани – яъни Дажжол худди сувга ташланган туздек эрийди. Агар унга (Ийсо) тушмаганида, эриб ҳалок бўларди. Лекин Аллоҳ таъоло уни Ийсо алайҳис-салом қўли билан ўлдиради. (Ибн Марям) мусулмонларга Дажжолнинг қонини найзасида олиб кўрсатади».
«Агар унга (Ийсо) тушмаганида, эриб ҳалок бўларди».
Бу жумла юқорида айтилган маънони яна-да таъкидлироқ суратда ифодалаган. Яъни Ийсо нафаси етган кофир асло тирик қолмайди.
Энди Ийсо алайҳис-саломнинг имомлик қилишлари масаласига келсак. Юқорида Ийсо имомликка ўтмасдан «Сиз ўтаверинг» деб мусулмонлар амирини олдинга чиқаргани айтилган эди. Демак, Ийсо мана шу намоздан сўнг имомликка ўта бошлайди. Ёки имомлик «бошлиқлик, амирлик» маъносида тушунилиши лозим. Умуман, ҳар икки маъно ҳам саҳиҳ. Зеро мусулмонлар амири уларнинг намоздаги имоми ҳамдир. Исломнинг аввалги йилларида халифалар жамоатга имомлик қилишарди.

Ийсо алайҳис-салом ерда қанча муддат туради ва сўнг қаерга дафн этилади?
Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Абдураҳмон ибн Одам Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Ийсо алайҳис-саломнинг самодан тушиб ерда 40 йил яшаши, сўнг вафот этиши ва унга мусулмонлар жаноза ўқиши ҳикоя қилинган. Муслим келтирган Абдуллоҳ ибн Умар ривоятида эса Ийсонинг ерда етти йил бўлиши айтилган. Эҳтимол, Ийсонинг ер юзида 40 йил туришида унинг самога кўтарилишидан олдинги ва ерга қайтиб тушишидан кейинги умри қўшиб ҳисоблангандир. Валлоҳу аълам!
Яъни саҳиҳ қавлга кўра, у 33 ёшида самога кўтарилган. Жаннат аҳли ҳақидаги ҳадисда жаннатга кирган мўминларнинг оталари Одам алайҳис-салом суратида бўлишлари ва ёшлари эса Ийсо ёшида – 33да бўлиши хабар қилинган. Аммо Ибн Асокирнинг «Ийсо 150 ёшида осмонга кўтарилган» деган ривояти ҳақиқатдан йироқ ҳамда саҳиҳ нақлларга зиддир.
Ҳофиз ибн Асокир Ийсо алайҳис-салом ҳақида гапираётиб, баъзи салафлардан «У Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ёнларига қўйилади» деган сўзни келтирган. Валлоҳу аълам!».
Ибн Асокир келтирган ривоятни Термизий Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилади: «Тавротда Муҳаммад алайҳис-салом сифатлари ва Ийсо аслнинг у зот ёнларига қўйилиши ёзилган».
Абу Мавдуд ал-Маданий айтади: «(Расулуллоҳ (с.а.в) қўйилган) ҳужрада бир қарич жой қолган».
Ибн Касирнинг юқоридаги икки ривоятни (40 йил билан 7 йил. Ибн Касир 33га 7ни қўшиб, 40 йил қилган эди...) жамлаши, яъни бир-бирига боғлаши тўғри, кучли қовл. Чунки мазкур иккала ривоят ҳам саҳиҳ. Шу боис, мадомики уларни бир-бирига боғлаш мумкин экан, ҳеч қайси ривоятни рад этишнинг ҳожати йўқ. Валлоҳу аълам. Мен Ийсо алайҳис-саломнинг Расулуллоҳ (с.а.в) ҳужраларига дафн қилиниши ҳақидаги ривоятни ҳам тўғри деб биламан. Валлоҳу аълам. Чунки ривоят ровийси (яъни Абдуллоҳ ибн Салом) яҳудийларнинг улкан уламоларидан бўлган. У Расулуллоҳ (с.а.в) сифатларини тавротда топганидан сўнг Аллоҳ ҳидояти ила исломни қабул қилган эди. Пайғамбар алайҳис-салом даврларига қадар Тавротда таҳриф – бузилган ўринлар унчалик кўп эмасди. Демак, Абдуллоҳ ибн Салом айтган юқоридаги хабар ҳам Тавротнинг аслидан олинган. Чунки тахриф Тавротга илгарироқ киритилганида эди, яҳудийлар ундаги Расулуллоҳ (с.а.в) сифатлари зикрини ҳам, мазкур ривоятни ҳам олиб ташлаган бўлардилар. Валлоҳу аълам.

Орқага Олдинга