loader

Бешинчи фасл. Яъжуж ва Маъжуж

«Ҳатто Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадилар».
Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши.
Улар Ийсо алайҳис-салом самодан тушиб Масиҳ Дажжолни ўлдирганидан сўнг чиқади. Сўнг Аллоҳ таъоло Ийсо алайҳис-саломга мўминларни Тур тоғига олиб чиқиб кетишни, чунки ҳеч ким бас кела олмайдиган махлуқлар чиқарилганини ваҳий этади. Яъжуж ва Маъжуж рожиҳ – кучли қавл (сўз)га кўра Ёфас ибн Нуҳ авлодидан бўлади.
77. Ҳоким Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) йўлидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Яъжуж ва Маъжуж (ҳам) Одам зурриёди. Уларнинг ҳар бири ўзидан мингта ва ундан кўп бола қолдирмагунича ўлмайди».
Абд ибн Ҳамид ҳам Абдуллоҳ ибн Салом (р.а)дан худди шундай ривоятни саҳиҳ санад билан келтириб ўтган. Агар мазкур ривоят саҳиҳ бўлиб чиқса, демак улар жуда узоқ умр кўрадилар. Ҳатто ҳар бири то бола-чақа, невара-чевараларининг сони 1000та ва ундан ошиб кетганича яшайди.
78. Ибн Абу Ҳотам ва Ҳоким Абу Жавзо йўлидан, Ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Нуҳ алайҳис-салом Сом, Ҳом ва Ёфас исмли фарзандлар кўрди. Сомдан Араб, Форс ва Рум, Ҳомдан эса Қибт, Барбар ва Судонлар дунёга келди. Ёфаснинг авлоди Яъжуж ва Маъжуж, Турк ҳамда Сақолибалар бўлди».
Ибн Ҳажар мазкур ҳадис санадида заифлик бор деган.
Лекин тарихдан айнан мана шу ҳадисга гувоҳликлар топиш мумкин. Валлоҳу аълам!
Ибн Ҳажар айтади: «Шайх Муҳиддиннинг фатволарида қуйидаги сўзлар учрайди: «Яъжуж ва Маъжуж Одамнинг болаларию, лекин улар Ҳавво (Одам алайҳис-салом жуфти ҳалоли)дан туғилмаган. Демак, Яъжуж ва Маъжужлар биз билан ўгай оға-инидирлар».
Биз ушбу маънодаги сўзни салафлардан фақат Каъб ул-Аҳборда учратишимиз мумкин. Лекин «Яъжуж ва Маъжужлар Нуҳ авлодидан» деган марфуъ ҳадис улар сўзини инкор қилади. Зеро Нуҳ алайҳис-саломнинг Одам ва Ҳавво зурриёти эканлигида ҳеч шак-шубҳа йўқ».
Биз юқорида Яъжуж ва Маъжужлар ҳақида Муслимнинг Нувос ибн Самъондан келтирган ривоятини ўрганиб чиққан эдик (Рисоладаги 73-ҳадисга қаранг).
79. Саҳиҳ ҳадисда Анас (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ер юзида «Аллоҳ, Аллоҳ» дейилмай қолгунига қадар Қиёмат қойим бўлмайди».
80. «Ер юзида «Ла илаҳа илла Аллоҳ» айтилмай қолгунига қадар Қиёмат қойим бўлмайди».
81. 82. Уммул мўминин Зайнаб разияллоҳу анҳодан: Расулуллоҳ (с.а.в) бир куни унинг олдига қўрққан-хавотирланган ҳолда кириб келдилар:
-Яқинлашиб қолган ёмонликдан арабларга вайл бўлсин. Бугун Яъжуж ва Маъжуж тўғонидан мана шунча очилди (Пайғамбаримиз икки бармоғини ҳалқа шаклига келтириб кўрсатдилар).
Зайнаб айтади: Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўрадим:
-Ё Расулуллоҳ! Орамизда солиҳ инсонлар бўлса ҳам, ҳаммамиз ҳалок бўламизми?
-Ҳа,- дедилар Пайғамбар (с.а.в), - агар ифлосликлар кўпайиб кетса».
Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ёзади:
«Олимлар «ифлосликлар» калимасини «зино, валади зинолар ва фисқу фужур» дея шарҳлаганлар».
Ибн Арабий айтади: «Демак, яхшилар ҳам ёмонлар билан бирга – агар уларни ўзгартирмасалар – ҳалок бўладилар. Шунингдек, ёмонлар яхшилар насиҳатига қулоқ солмасдан ўз фисқу фужурларида қайсарлик билан давом қилсалар ва бунинг натижасида фасод чор-атрофга тарқалиб кетса, ҳамма бирдек ҳалок бўлади. Сўнг ҳар ким ниятига қараб турғизилади. Зайнаб онамиз Расулуллоҳ (с.а.в) сўзларидан агар ўша кичкина туйнук каттаришда давом этса, бир кун Яъжуж ва Маъжужлар чиқадиган катта ёриққа айланишини тушунганлар. У Яъжуж ва Маъжужлар чиқиши инсоният учун умумий ҳалокат эканлигини билган».

Орқага Олдинга