loader

Иккинчи фасл. Қиёматнинг улкан шартлари замиридаги сир-асрорлар

Биз юқорида инсоннинг кичик бир олам эканлиги, унга 120 кунлик ҳомила эканлигида руҳ пуфлангани ва бу руҳ инсонга ҳайвон ҳаётини кечириш учун эмас, балки инсон бўлиб яшамоғи учун берилгани ҳақида суҳбатлашдик. Инсон айнан мана шу руҳи сабабли ҳам илоҳий маърифат ва ердаги халифаликка муносиб кўрилди. Аллоҳ изну иродаси билан бутун борлиқ унга бўйсундирилди. Инсон ерда халифа бўлди. Лекин одам туғёнга тушиб, ўзгаларга жабр-зулм ўтказса, яратган Улуғ парвардигорини унутиб, фисқу фужур ишларга шўнғиса, ўзича кибру ҳаво қилиб ҳақ йўлдан юз ўгирса, Аллоҳ таъоло уни парча-парча қилиб ташлайди. Шунингдек, оламда ҳам фасод, қирғинлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетса, дунё охирги соатларига тобора яқинлашади. Агар мана шундай бузуқ дунёда Қиёмат аломатлари кўринаётган бўлса, бунга сира-сира ажабланманг.
Қиёматнинг улкан шартларининг энг аввали Маҳдий – Муҳаммад ибн Абдуллоҳдир. Аллоҳ таъоло унинг воситасида уммат ҳолини ўнглайди, уларни ҳидоятга йўллайди. Бу худди ўлим тўшагида ётган касал ҳолатига ўхшайди. Яъни рамзий қилиб айтадиган бўлсак, ўлим тўшагида ётган кишининг ҳайвоний ҳислари заифлашиб, руҳоният нурлари юксалади. У Парвардигор раҳматига талпинади.
Демак, Маҳдийнинг чиқишини рамзий маънода ўлим тўшагидаги киши ҳолатига ўхшатсак бўлар экан.
Энди Маҳдийнинг айнан Муҳаммад (с.а.в) авлодидан чиқиши ҳақида баҳс юритамиз. Маълумки, сўнгги дақиқаларини кечираётган инсонга ҳидоят чорловчиси ташқаридан эмас, ўзининг ичкарисидан келади. Муҳаммад (с.а.в) ҳам биздандир! Биз унинг умматиданмиз!
Қиёмат шартларининг энг аввали ўлим тўшагидаги инсонда кўриладиган биринчи аломат-белгига ўхшаши ўзаро муносабатли ҳолатлардир. Ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини яшаётган киши учун ёлғиз битта даво бор – ўлим!
Бугунги кунда оламнинг бир эмас бир нечта бедаво касаллик билан оғриётгани оқил киши учун сир эмас. Бу «касалликлар» барча «табиб»ларни ожиз қолдирди. Энди оламга ҳам битта даво бор –Қиёмат қойим! Аллоҳ таъоло ер ва ундаги бор мавжудотни мерос қилиб олгач, бандаларини амалларига кўра сўроқ қилади. Ўшанда:
«Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!».

Орқага Олдинга