loader

Инсон – борлиқ руҳи

Инсон мана шу борлиқ жонидир. Аслида бутун дунё инсон сабабли ва инсон учун яратилган эди. Шунинг учун ҳам башарият тўла кофир бўлиб, Унинг оятларини инкор қилганида дунёнинг умри тугайди.
«Ҳадис» «Аллоҳ, Аллоҳ!» дегувчи инсон устида Қиёмат қойим бўлмас!».
Инсоният иймон неъматидан бутунлай маҳрум қилинганида, ер юзида «Ла илаҳа илла Аллоҳ» калимасини айтадиган биронта одам топилмайдиган замонлар келганида борлиқ ҳам руҳи жонидан жудо бўлади. Зеро борлиқ мана шу руҳ билан тирик туради. У айнан ушбу руҳ сабабли яратилган эди. Худди руҳ яшаши учун инсон яратилганидек.
Чунки инсон фақат гўшту қондан таркиб топган эмас. Унда яшаётган руҳ инсоният ҳақиқати, унинг моҳиятидир. Инсон – Аллоҳнинг ердаги халифаси! Бу олий мартабага у нафха соҳиби бўлгани боис эришди.
«Бас қачон уни тиклаб, ичига ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!».
Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, ҳомила 120 кунлик бўлганидан сўнг унга руҳ киритилади.
Борлиқда Одам алайҳис-саломнинг яратилиши ҳам мана шунга ўхшайди. Яъни нутфа (бир томчи сув!) инсон руҳини қабул қилиб олишга тайёр бўлгач, Аллоҳ таъоло унга бир фариштани юборади ва Аллоҳ изни билан ҳомилага жон-руҳ киргизилади.
Худди шундай борлиқ ҳам халифанинг истиқболига тайёр бўлгач, Аллоҳ таъоло фаришталарга деди: «Мен ерда (одамни) халифа қилмоқчиман».
Ер халифаси Одам ва унинг зурриёти борлиқ учун руҳ-жон мақомида туради. То Аллоҳ таъоло ердаги барча нарсани яна ўзига қайтариб олгунига қадар борлиқ мана шу инсон билан тирик бўлади, яшайди. Худди инсон вафот этгунига қадар руҳи билан ерда яшагани каби.
Оқибат эса турлича Кимдир халифаликни тўғри адо этиб, роҳат-фароғатга ва яна кимдир нотўғри хатти-ҳаракатлари боис азоб уқубатга дучор қилинади.
Иброҳим алайҳис-салом замонигача башарият ўспирин болалардек енгилтаклик ва қулоқсизлик билан яшади. Улар панд-насиҳатларни тинглашмади, ҳикматга эса эътибор ҳам қаратишмади. Натижада, мана шу енгилтакликлари, қулоқсизликлари туфайли ҳалок бўлдилар.
Нуҳ алайҳис-салом қавми орасида 950 йил туриб даъват қилди. Улар эса: «Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам. Улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар».
Нуҳ алайҳис-салом мана шунчалик узоқ муддатли даъватдан сўнг қавмининг иймонга келишидан умид узди ва уларни дуои бад қилди. Зеро бу қавм ерда халифалик маъно-моҳиятини амалга оширувчи мўминлар учун яратилган ҳаётга лойиқ эмасди!
«Нуҳ айтди: «Парвардигорим, ер кофирларидан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар».
Баъзи ривоятларда айтилишича, Нуҳ алайҳис-саломга иймон келтирган, унинг кемасида жон сақлаб қолган мўмин ва мўминалар сони бор-йўғи 80та бўлган. 950 йиллик даъват ҳосиласи эди бу!
Кейинги қавмлар ҳам Нух алайҳис-салом қавмидан деярли фарқ қилмайди. Биз Од, Самуд, Туббаъ ва бошқа қавмлар қиссасидан бохабармиз. Уларнинг барчалари ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқарди ва натижада Аллоҳ азобига мустаҳиқ бўлдилар. Чунки улардан ҳам, зурриётларидан ҳам бир яхшилик-хайрият чиқиши умид қилинмади.
Нуҳ алайҳис-салом айтган эди: «Чунки Сен агар уларни (ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар».
Мўминлар авлодига ер кенг-мўл бўлиши учун илоҳий ҳикмат тақозосига кўра кофир қавмларнинг ҳаёт томирлари юлиб ташланди.
Энди башариятнинг ёши бироз улғайганди. Инсонлар ўспиринлик ёшидан ўтиб, кўп нарсани ақл тарозусида тортиб кўрадиган бўлишди. Бу даврда – яъни Иброҳим алайҳис-саломдан кейин то Муҳаммад (с.а.в)гача бўлган муддат – расуллар даъватини қабул қиладиган кишилар сони ортиб борди. Ҳатто ашаддий кофирлар авлодидан ҳам мўмин фарзандлар чиқиши умидли ҳодисага айланди ва шу сабали бутун қавмни ер юзидан йўқотиб ташлаш жазоси тўхтатилди. Энди фақат ўлим ва асирлик жазолари қолган эди.
Ниҳоят башарият Муҳаммад (с.а.в) замонларига келиб, ақлий комилликка етишди. Яъни ақли тўлди. Бу инсон ҳаётидаги 40 ёшга тўғри келади.
Агар бутун ўтган умр бор-йўқ ҳаётнинг бешдан тўрт қисмини ташкил этадиган бўлса, бугун инсоният – агар киши умри билан ҳисоблайдиган бўлсак – эллик ёшга кирди ва буёғи бизнинг ҳисобимизда жуда-жуда оз қолди.
Одамлар турли маъсиятлар, фисқу фужурлар, маст қилувчи ичимликлар билан ўзларини-ўзлари ўлимга ҳукм этар эканлар, йигитлик ёшида ҳам ҳаёт билан видолашишлари мумкин!
Бугун биз айни шу ҳолатнинг тирик гувоҳларимиз. Бутун башарият тарихи мана шундай ўз-ўзини ўлдириш билан тўлиб-тошган. Бу зулматдек қоп-қора, зулм, куфр ва фисқу фужур билан тўлган қора кунлар, қора тарих.
Нопок кимсалар оламга ҳукмрон. Барча-барча имкониятлар, қулайликлар фасод тарқатувчи «зот»лар қўлида. Исоният бугун оламни ҳатто тўрт марта издан чиқариб юбориши мумкин. У ана шундай ҳароб қилувчи қуролларга эга.
Энди мана шу тарзда ҳаёт кечираётган қавмни ер юзида узоқ ҳаёт кечиради, деб ўйлайсизми?!
Менимча – Валлоҳу аълам – Аллоҳ таъоло бандаларини бу зулм-зулмат орасига ташлаб қўймайди. У жуда меҳрибон Зот!
Ҳаёт охирламоқда, башарият умри жуда оз қолди. Қиёмат аломатлари аста-секин кўринаяпти.
Бандалар ўз Парвардигорлари ҳузурида ҳисоб-китоб қилинадилар Аллоҳ бизга кифоядир ва У нақадар яхши кифоя этгувчи!

Орқага Олдинга