loader

IV. Қуръоннинг жамланиш жараёни ундаги оятларининг аслийлигига таъсир қилганми?

1. Пайғамбар (а.с.) нозил бўлган илоҳий ваҳийларни ёзиб бориш учун саҳобалари орасидан танлаб олганлар. Улар ёзиш мумкин бўлган ҳар қандай нарсаларга, жумладан пергамент, ёғоч, тери парчалари, тошлар ёки ясси суякларга ёзиб боришган. Ишончли ислом манбаларига кўра, ўша пайтда 29 та котиб бўлган. Уларнинг орасидан энг машҳурлари 4 халифа, Муовия, аз-Зубайр ибн ал-Аввом, Саид ибн ал-Ос, Амр ибн ал-Ос, Убай ибн Каъб ҳамда Зайд ибн Собитлардир.

2. Қуръон оятлари ваҳий бўлиши биланоқ ёзиб борган саҳобалардан ташқари ўша пайтда оятлар бошқалар томонидан ҳам ёдлаб борилган. Мазкур анъана то бугунга қадар давом этиб келмоқда. Ўша пайтларда юзлаб мусулмонлар Қуръонни ёдлаган эдилар ҳамда Пайғамбарнинг (а.с.) ҳаётлик чоғларида тиловат қилиб беришарди. Пайғамбарнинг (а.с.) ўзлари ҳар йили Рамазон ойида Жаброилга (а.с.) бир маротаба тиловат қилиб берардилар. Умрларининг сўнгги Рамазон ойида эса Жаброилга (а.с.) икки маротаба тиловат қилиб берганлар. Шундай қилиб  Қуръон ўзининг сўнгги кўринишида ҳар бир ояти Пайғамбарга (а.с.) буюрилганидек тартиб олган.

3. Пайғамбар (а.с.) вафотларидан бир йил ўтиб Қуръонни ёд олган саҳобалардан 70 таси Мусайлима ёлғончиларига қарши кечган Ал-Ямома жангида шаҳид кетдилар. Ўшанда ҳазрат Умар (р.а.) халифа Абу Бакр Сиддиқ билан маслаҳатлашиб, котиблардан бири бўлмиш Зайд ибн Собитга Қуръон ёзилган ҳужжатларни йиғишни ҳамда мукаммал битта нусха тайёрлашни тайинлашди. Шунга эътиборан, ҳақиқий деб ҳисобланган қўлёзмалар қабул қилинди, ишонарли эмас деб топилганлари рад қилинди. Ишонарли қўлёзма оятлар шулар эдики, Пайғамбар (а.с.) иккита одам гувоҳлигида айтиб берганлар. Табиийки, Қуръон ёдлаган саҳобалар бу масалада жуда муҳим ўрин эгаллаган. Зайд ибн Собит мазкур бурчни тамомига етказиб, битта ёзма нусха ҳолида жамлагач, Абу Бакрга берган. Бу зот вафотларидан олдин Умарга (р.а.), Умар (р.а.) эса вафотларидан олдин қизлари Ҳафсага (р.а.) бериб кетганлар.

4. Халифа Усмон (р.а.) даврида таркибидан Зайд ибн Собит ўрин олган 4 котибдан иборат қўмита тузилди. Ушбу котиблар гуруҳи “Ишонч онаси” бўлган Ҳафса (р.а.) сақлаб келган асл Қуръон қўлёзмадан 5 нусха кўчириб тайёрлашди. Битта нусхаси Маккага, бошқаси Мадинага ва учинчи нусхаси Басрага юборилди. Тўртинчи ҳамда бешинчи нусхалари Куфа ва Дамашққа жўнатилган эди. Тўрт котиб ўзлари кўчирган нусхаларни Расулуллоҳ (с.а.в.) даврида Қуръон ёдлаган ҳофизлар билан текширишган. Мана шу Мусҳафи Шариф нусхалари ўшандан бери мусулмон дунёсида айланиб юради.

Шу кунгача бирор инсон мана 14 асрдан ошибдики, Қуръоннинг аслийлигига шубҳа қилиб, хато чиқара олмаган. Бу нуқтаи назар ҳатто Мур, Лаблюс каби машҳур шарқшунослар томонидан маъқулланган. Замондошимиз олмон шарқшуноси Руди Парет Қуръон таржимаси муқаддимасида шундай ёзади: “Қуръондаги ҳар қандай оят Муҳаммаддан бошқа бир киши ижод қилган деб шубҳа қилишга ҳеч қандай асос ва сабаб йўқ”. Олмон олими   Муҳаммад (а.с.) вафотларидан сўнг бирор инсон Қуръоннинг бир оятидаги бир сўзни олиб ҳам ёки қўшиб ҳам қўйгани йўқ деган маънони берган.  
Халифа Усмон (р.а.) даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ёлғонга ёки хатога ёки уларни инкор қилишга ҳеч қандай исбот-далил тақдим қилинмаган бугунга қадар. Агар саҳобалардан бирортасининг қўлида бошқа қўлёзма бўлганида уни тақдим қилган бўлар эди. Бу каби ҳолатлар Ислом тарихида умуман бўлмаган.  Ҳатто замонамиз вакиллари Аҳмадийлар дея аталувчи секталар ҳам Қуръоннинг аслий нусхасини эътироф этишган.

Орқага Олдинга