Ҳарамда бир одамни кўриб сесканиб кетдим . Танамга симиллаб оғриқ югурди. У шундоққина орқа қаторда ўтирарди. Юзимни қанчалик тез ўгирмай, афт-ангори кўз ўнгимдан кетмасди. Тошкўмир унинг олдида оқлик қиларди. Қоралиги майли-ку-я, афти ҳам ниҳоятда хунук эди: пешонаси олдинга туртиб чиққан, бурун деярли йўқ, ияк томоққа ёпишган...
Чиройли нарсалар одамнинг кўзига қанчалик тез ўрнашса, хунугиям худди шундай бўларкан. “Худойим-эй”, деб юбораман беихтиёр. Кўз ўнгимдаги даҳшатни қувиш учунми, шу дам она юртимни, юртдошларимни эслайман. Улар қанчалик истарали, келишган, хушсурат. Аллоҳ бизларни хўб ярлақаган экан-да, дейман.
Ўрнимдан аста-секин тураман-да, “Нуқсонсиз қилиб яратганинг учун” дея икки ракат шукрона намозини ўқийман. Ичимдан унсиз бир ҳайқириқ гулдираб келади. Ҳарамда туриб юртдошларимга ғойибона бир нималар дегим келади: “Эй, менинг азизларим, қадрдонларим, ака-укалару опа-сингилларим, фарзандларим! Аллоҳ бизнинг диёрларни қанчалар гўзал қилиб яратганини билсангиз эди. Одамларимиз-чи, худди табиатимиздек гўзал, бетакрор! Буларнинг шукронасига Аллоҳга қанча ибодат қилсак ҳам оз”.
Айтганча, ибодат кўплар ўйлаганидек, жойнамоз устида ётиб-туришдангина иборат эмас. Аллоҳ қайтарган ишлардан қайтиш, буюрганларини адо этиш ҳам ибодат. Ҳалол еб, ҳалол ичиш, хиёнатдан, фитнадан ҳазар, нафс қулига айланмаслик, юртни ёмон кўзлардан, ёмон сўзлардан асраш, ҳимматли бўлиш, савоб ишларнинг этагини тутиш... Буларнинг бари ибодат. Жойнамоз устидаги ибодатимиз шуларсиз мукаммал бўлмайди! Яратган Эгам хушсурат қилиб, файзли маконларда яшатиб қўйибдими, дунёвий ишларимиз ҳам, ухравий ишларимиз ҳам шунга яраша бўлмоғи керак...
Шуларни кўнгилдан бир-бир ўтказиб турсам, жуда ёқимли қироат қулоғимга кирди. Овоз орқа тарафдан келарди. Оҳ, Аллоҳнинг Каломи қанчалар ҳузурбахш-а! У кимнинг, қайси миллатнинг тилидан чиқмасин, бирдек ёқимли, бирдек сеҳрли. Киройи қироат бўлса, шундай бўлса. Аста-секин кўзлар намлана бошлади.
Орқага қарашимга икки нарса тўсқинлик қиларди. Бири – бояги бадбашара қиёфага кўзим тушишидан ҳадик бўлса, иккинчиси – ҳофизи Қуръонни чўчитиб юборишдан андиша. Ҳа, у малол келяптимикан, деб ўйлаши мумкин.
Орқамга ўгирилсам, бояги аянчли оғриқ танамга югуришини, шундай роҳат-фароғатдан маҳрум бўлиб қолишим мумкинлигини ўйлаб ўзимни тияман. Аллоҳга ёлбораман: “Ё Аллоҳ! Мени ҳам шунақа ёқимли овоз соҳибларидан қил, нафасимни ширали қил!”
Эри-иб ўтириб, қорининг қиёфасини тасаввуримда чиза бошладим: кулча юзли, боши-оёғидан нур ёғилиб турган мўътабар бир зот. Қўлида Аллоҳнинг Китоби – Қуръон.
Қироат мени янаям забтига ола бошлади. Охири чидай олмадим. Шундай овоз эгасини кўрмаслик, миннатдор бир нигоҳ ила унга боқмаслик...
Аста чап тарафимга буриламан. Аксига олиб қори ўнг тарафда экан. Тахминан ҳалиги бадбашаранинг ёнида бўлиши керак. Балки у аллақачон ўрнидан туриб кетгандир? Шу далда билан ярқ этиб қарадим. Қарадиму... гавдам қотиб, кўзим шу тарафга битди-қолди. Ҳа, шундай бўлди. Каъбатуллоҳга қараб Қуръон тиловат қилиб ўтирган одам...
Аллоҳ гуноҳларимни кечирсин, ҳофизи Қуръон ўша бадбашара одамнинг ўзи экан! Ён-атрофдагилар унга томон кунгабоқардек эгилиб қолган эдилар.
Аллоҳга беадад шукрлар айтаман, ҳозиргина бир бандасидан юз ўгирган эдим. Зум ўтмай хатойимни ўнглаб, унга маҳлиё қилиб, юзимни ўша инсон томон буриб қўйди.
Орқага Олдинга