Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қироатини эшитганингизда, у Аллоҳдан қўрқяпти, деб ўйлаган одам Қуръонни энг чиройли овозда ўқувчидир ”.
Ким Аллоҳдан қўрқса, гарчи овози жуда-а чиройли бўлмаса-да, энг гўзал овоз соҳибидир. Қайси бандада риё, хўжакўрсинлик, манманлик белгилари кўзга ташланса, овози қанчалик ёқимли бўлмасин, Аллоҳ наздида чиройли ўқувчи ҳисобланмайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Одамлар ичида Қуръонни энг чиройли ўқувчи ким?” деб сўралди. Шунда у зот: “Қироатини эшитганингизда, у Аллоҳ азза ва жалладан қўрқяпти, деб ўйлаган одам”, дедилар .
Амаллар кўрки тақводир. Айнан тақво тиловатга кўрк бағишлайди. Кимнинг қўрқуви кўп бўлса, қироати янаям чиройли бўлади.
Қуръон ўқилаётганда аҳамият берсангиз, кимнинг ихлоси бор, ким Аллоҳ розилиги учун, ким риё учун ўқиётгани шундоқ овозидан билиниб туради. Қалбида тақво бор инсон Қуръон ўқиса, эшитиб маза қиласиз, дилингиз яйрайди, ҳеч тўймайсиз, яна ўқисайди, деб қироатига илҳақ бўласиз.
Демак, қироат чиройли бўлиши учун тажвид қоидаларига мос ҳолда ўқиш билан ширали овознинг ўзи камлик қилади. Қироат ростмана гўзал чиқиши учун қалбда тақво бўлиши керак. Зеро, Аллоҳдан қўрқадиган инсоннинг қироати ёқимли, таъсирчан бўлади.
Орқага Олдинга