Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга буюради: “(Эй Муҳаммад,) Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда) ҳам, ўта махфий ҳам қилиб юборманг! Шуларнинг ўртасидаги йўлни тутинг!” (Исро сураси, 110-оят).
Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом Каъба олдида овозларини баланд кўтариб Қуръон ўқиганларида мушриклар у зотга озор беришган. Шунда “Сиз намозингизни жуда жаҳрий ҳам қилиб юборманг...” ояти нозил бўлган .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қуръонни овоз чиқариб ўқувчи ошкора садақа қилувчи кабидир. Қуръонни овоз чиқармай ўқувчи махфий садақа қилувчига ўхшайди ”.
Уламолар айтишича, махфий садақа ошкора берилганидан афзал. Чунки, одамларга кўз-кўз қилмасдан берилган садақа риёдан холи, ихлосга яқин бўлади. Бундай ҳолатда садақа олаётган одамга ҳам ноқулайлик туғилмайди.
Пастроқ овозда қилинган тиловат махфий садақа каби афзалдир. Қуръонни паст овозда ўқиган банда риёдан узоқ бўлади. Қолаверса, ён-атрофдагиларга халал бермайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси баъзан овозларини кўтариб, баъзида паст овозда қироат қилардилар ”.
Бу ривоят шарҳида айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёлғиз бўлганларида овозларини баланд кўтариб қироат қилардилар. Агар ёнларида ухлаётган одам бўлса, паст овозда ўқирдилар.
Абдуллоҳ ибн Абу Қайсдан ривоят қилинади: “Мен Оишадан: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги қироатлари қандай эди: паст овозда ўқирмидилар ёки овоз чиқарибми?” деб сўрадим. Шунда Оиша: “Буларнинг ҳаммасини қилардилар. Гоҳида овозларини пасайтириб, гоҳида баланд овозда (Қуръон) ўқирдилар”, деди. Мен: “Ҳамду сано ишларда енгиллик (жорий) этган Аллоҳга хосдир!” деб айтдим ”.
Тунларнинг бирида Пайғамбар алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ ҳамда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо олдидан ўтдилар. Иккиси намоз ўқишаётганди. Абу Бакр паст овозда, Умар овозини сал кўтариб тиловат қиларди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришганида, у зот Абу Бакрдан нима учун жуда паст овозда қироат қилаётганини сўрадилар. Абу Бакр:
– Мен муножот қилаётган Аллоҳ қироатимни эшитади. Овозимни баланд кўтаришга ҳожат йўқ, – деди.
Шунда Расулуллоҳ Абу Бакрга овозини бироз кўтаришни тавсия этдилар. Умар розияллоҳу анҳудан баланд овозда қироат қилиш сабаби сўралганида шундай деди:
– Бу билан мудраб қоладиган одамларни уйғотаман, шайтонни ҳайдайман.
Шунда муаллим Пайғамбаримиз алайҳиссалом Умарга бироз пастроқ овозда ўқишни тайинладилар. Сабаби жуда баланд овозда қироат қилинса, яқин атрофда намоз ўқиётган ёки дам олаётганларга халақит бериши мумкин. Шунинг учун ўртача йўл тутилади .
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эътикоф ўтирганларида одамлар овоз чиқариб қироат қилаётганини эшитдилар. Пардани очиб: “Огоҳ бўлинглар! Ҳар бирингиз Парвардигорига муножот қилади. Шундай экан, бир-бирингизга озор берманглар! Қироатда (ёки намозда ) овозингизни (баланд) кўтарманг!” деб таъкидладилар .
Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу намоз ўқишга турди. Овозини чиқариб қироат қила бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Ибн Ҳузофа! (Қироатингни) менга эмас, Парвардигорингга эшиттир!” дедилар .
Тийбий айтади: “Риё хавфи бўлганида махфий тиловат ошкорасидан афзал. Намоз ўқиётган, дам олаётганларга азият етказмаслик шарти билан Қуръонни овоз чиқариб ўқиган яхши. Чунки овоз чиқариб тиловат қилинса, ўзгаларга фойдаси тегади. Улар эшитишлари, таълим олишлари ёки завқланишлари мумкин. Ошкора тиловат Диннинг шиоридир. У қалбни уйғотади, фикрни бир ерга жамлайди, уйқуни қочиради, ибодатга ғайратни оширади. Шундай мақсад ила овоз чиқариб қилинган тиловат афзал”.
Шу ерда бир муҳим нарсани эслатиб ўтамиз: ҳар бир инсон Қуръони каримни бехато ўқиши, ҳарфларни дона-дона талаффуз қилиши керак. Қуръонни паст овозда ёки овоз чиқармай ўқиш пичирлаб ўқишдир. Биз “китобни ичида ўқиш” деганда, лабимизни қимирлатмасдан, нутқ аъзоларини ҳаракатлантирмай ўқишни тушунамиз. Бироқ Қуръонни бундай ўқиб бўлмайди. Нега десангиз, араб тилида тўрт хил “з”, уч хил “с”, икки хил “т” ҳарфи бор. Уларни алоҳида-алоҳида талаффуз қилмаса бўлмайди. Бунинг учун камида пичирлаб ўқиш лозим. Бундан ози қироат ҳисобланмайди.
Орқага Олдинга