Ражъий талоқда шариат эрга ўзи чиқарган ҳукм(талоқ)ни қайтариб олиш ҳаққини берган. Чунки ражъий талоқ жуда заъиф талоқ бўлиб, у билан фақат никоҳ риштасида заъифлик пайдо бўлади. Лекин, у билан эр-хотинлик риштаси буткул узилиб кетмайди. Балки, сўнган дилни яна қайтадан улаш мумкин. Лекин, бу заъифлик ражъий талоқларда идда мабойнида бўлади. Идда тугагандан кейин ражъий талоқда шундай қувват пайдо бўладики, энди эр учун ихтиёр буткул тугайди. Зеро, идда тугагандан кейин ражъий талоқ боинга айланади. Боин талоқларда никоҳни янгилаш ва аёлнинг розилиги зарурдир. Ражъий талоқда эса, аёл рози бўлмаса ҳам эр унга ражъат қила олиши мумкин. Чунки шариат эргагина танглик ҳолатда талоқ қўйиш ҳаққини берди. Эр аёлга ражъий талоқ қўйгандан кейин фикр юритиб, яна ўртадаги риштани ражъий талоқда никоҳсиз қайта тиклаши мумкин. Бу жараён идда тугагунча бўлади. Идда тугагандан кейин эрда никоҳсиз ражъат қилиш ҳаққи буткул тугайди. Шу боис ҳам бир талоққа аҳсан талоқ дейилган.
Эслатма: Ражъий талоқда идда ичида эр аёлига никоҳсиз қайтиш имкони бўлсада, лекин бир ражъий талоқ қўйганда уч имкониятнинг биридан, икки ражъий талоқ қўйганда уч имкониятнинг иккитасидан маҳрум бўлган бўлади.