loader

Ражъий талоқда қачонгача ражъат қилиш мумкин

Ражъий талоқ иддасида ўтирган аёлга идда мабойнида ражъат қилиш мумкин. Идда эътибори билан талоқ қилинган аёллар учга бўлинадилар. Биринчиси, ҳайз кўрувчи аёллар, уларни иддаси уч ҳайз бўлиб, шу давр оралигида уларга ражъат қилиш мумкин. Идда мабойнида ражъат амалга ошмаса, яъни уч ҳайз ўтгунча эр аёлига ражъат қилмаса, ражъат қилиш ихтиёри эрни қўлидан кетади.

Масалан: Учинчи ҳайз тўлиқ ўн кун келиб, аёл қондан пок бўлди. Ўн кундан кейин қон тўхтасин ёки тўхтамасин, ўн кун тўлиқ бўлгандан кейин ғусул қилсин ёки қилмасин, одатга мувофиқ ўн кун ўтгандан кейин идда тўлиқ бўлиб аёл никоҳдан чиқади ва боинага айланади. Агар учинчи ҳайз ўн кундан кам келиб тўхтаб қолса ва ҳали ҳануз аёл ювинмаган бўлса ва бирор намоз унинг зиммасига вожиб бўлмаса, эрнинг ражъат ихтиёри боқий туради. Аёл ювингунича ёки унинг зиммасига бирор намоз вожиб бўлгунича эр ражъат қила олади. Ҳа, агар қон тўхтагандан кейин аёл ғусул қилиб олса ёки бир намоз вақти ўтиб, уни зиммасига қазоси вожиб бўлса, икки суратда ҳам эрнинг ражъат ихтиёри тугайди. Энди, никоҳсиз аёлни ўзига қайтариб ололмайди.

وَتَنْقَطِعُ الرَّجْعَةُ إنْ حُكِمَ بِخُرُوجِهَا مِنْ الْحَيْضَةِ الثَّالِثَةِ إنْ كَانَتْ حُرَّةً وَالثَّانِيَةِ إنْ كَانَتْ أَمَةً لِتَمَامِ عَشَرَةِ أَيَّامٍ مُطْلَقًا وَإِنْ لَمْ يَنْقَطِعْ الدَّمُ كَذَا فِي الْبَحْرِ الرَّائِقِ وَإِنْ انْقَطَعَ لِأَقَلَّ مِنْ عَشَرَةِ أَيَّامٍ لَمْ تَنْقَطِعْ حَتَّى تَغْتَسِلَ أَوْ يَمْضِيَ عَلَيْهَا وَقْتُ صَلَاةٍ

“Аёл ҳур бўлса учинчи, чўри бўлса иккинчи ҳайздан покланганлигига ҳукм қилингач, мутлоқ ўн кун тамом бўлгани боис гарчи қон тўхтамасада (ражъат ихтиёри) кесилади. “Баҳрур роиқ”да шундай келтирилган. Агар ўн кундан камда қон тўхтаса, ғусул қилгунича ёки бир намоз вақти аёлга ўтгунича ражъат қилиш тугамайди”.

Орқага Олдинга