Ражъий талоқ бобида баъзи сариҳ лафзлар билан боин талоқ тушиши юқорида баён қилинди. Унинг турли суратлари мавжуд. Улар қуйидагилар:
1. Аёлга сариҳ лафз билан бир ёки икки талоқ қўйиб, унга “боин” ёки “боина” лафзларни қўшиб қўйиш. Масалан, сен бир боин ёки икки боина талоқсан каби;
2. Сариҳ лафзларни бошқа лафзлар билан таъкидлаб қўйиш. Масалан, қаттиқ талоқ, узун талоқ, фаҳш талоқ, нажосат талоқ каби лафзлар билан талоқ қўйиш. Бу каби лафзлар билан ниятсиз ҳам боин талоқ воқе бўлаверади. Ҳа, агар бу лафзларни айтиб, бир ёки икки ёки учни ният қилса, ният қилган талоғи воқе бўлади;
وَبِأَنْتِ طَالِقٌ بَائِنٌ أَوْ أَشَدُّ الطَّلَاقِ أَوْ أَفْحَشُهُ أَوْ أَخْبَثُهُ أَوْ طَلَاقُ الشَّيْطَانِ أَوْ الْبِدْعَةِ أَوْ كَالْجَبَلِ أَوْ كَأَلْفٍ أَوْ مِلْءَ الْبَيْتِ أَوْ تَطْلِيقَةٌ شَدِيدَةٌ أَوْ طَوِيلَةٌ أَوْ عَرِيضَةٌ بِلَا نِيَّةِ ثَلَاثٍ وَاحِدَةٌ بَائِنَةٌ وَ معهَا ثَلَاثٌ قوله بلا نية ثلاث يَشْمَلُ مَا إذَا لَمْ يَنْوِ عَدَدًا أَوْ نَوَى وَاحِدَةً أَوْ ثِنْتَيْنِ
“Сен боин талоқсан ёки талоқнинг қаттиғи бўлган талоқсан ёки ниҳоятда ҳунук талоқсан ёки жирканч талоқсан ёки шайтоний талоқсан ёки бидъий талоқсан ёки тоғдек талоқсан ёки мингтадек талоқсан (минг талоқсаннинг ҳукми бошқадир) ёки уй тўла талоқсан ёки қаттиқ талоқсан ёки узун талоқсан ёки кенг талоқсан дейиш билан уч талоқни ният қилмаса, бир талоқ боин тушади. Учтани ният қилса, уч талоқ тушади. Учтани ният қилмаслик остига умуман ададни ният қилмаслик ёки бир, икки талоқни ният қилиш киради” (Шарҳул виқоя. Ж. II. Б. 74-75).
3. Бир киши аёлига бир ёки икки ражъий талоқ қўйди, сўнг идда пайтида эр: “Бошқа бирор эрга турмушга чиқишинг мумкин. Мен сенга ражъат қилмайман” деса ёки шунга ўхшаш лафзлар билан ражъий талоқни таъкидлаб қўйса, уни ҳукми шундай бўлади. Агар идда мабойнида айтган жумласи билан мустақил талоқни ният қилмаса, аввалги қўйилган ражъий талоқ боин талоқ бўлади ва эрнинг ражъат ҳаққи тугайди. Агар иккинчи айтган сўзи билан яна бир талоқни ният қилган бўлса, аввалги бир ражъий талоқ билан қўшилиб икки боин талоқ воқе бўлади. Бундай ҳолатда эр аёлига никоҳсиз ражъат қилиши мумкин эмас. Ҳа, агар аввалги қўйилган талоқ икки талоқ бўлса, кейинги идда пайтида қўйилган талоқ билан уч талоқ воқе бўлади ва эр шаръий ҳалоласиз аёли билан бирга бўла олмайди.
لو قال لامرأته انت طالق ثم قال للناس زن من برمن حرام است وعني به الاول او لا نية له فقد جعل الرجعي بائنا وان عني به الابتداء فهي طالق اخر بائن
“Агар эр аёлига: “Сен талоқсан” деб, ортидан одамларга: “Менинг аёлим менга ҳаромдир” деса ва бу билан янги талоқни қасд қилмаса ёки ҳеч қандай нияти бўлмаса, аввалги сўз билан тушган ражъий талоқни боинга айлантирган бўлади. Агар иккинчи сўз билан янги талоқни ният қилса, бошқа бир боин талоқ тушади” (Хулосатул фатаво. Ж. II. Б. 86).