“Муғаллаза” сўзи “ғализа” сўзидан олинган бўлиб, “қаттиқ” деган маънони англатади. Шариати исломияда эр томонидан аёлига қўйилган уч талоққа “муғаллаза” талоқ дейилади. Чунки, бу талоқ сабабли никоҳ риштаси буткул узулиб, эр-хотинлик ришталарига катта таъсир ўтказади. Шу боис, уч талоқ қўйилгандан кейин никоҳни янгилаш билан эр-хотинлик ришталари қоим бўлмайди. Аввалги эр билан никоҳ риштасини қайтадан тиклаш учун уч талоқ қўйилган аёл бошқа эрга тегиб, у билан жинсий яқинлик қилади ва иккинчи эр у аёлни набодо талоқ қилса, иддадан сўнг аввалги эрига никоҳ воситаси ила қайтиш имкони юзага келади. Шунча тадбир ва босқичлардан кейин никоҳ риштаси юзага келганлиги учун ҳам бу талоқни “муғаллаза (оғир)” талоқ дейилади. Қуръони карим эрга аёлига қайтиш имконини икки талоқгача ихтиёр берган. Уч талоқдан сўнг эса, эрда буткул ражъат ихтиёри тугайди ва аёлни ўзига қайтара олмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
الطَّلَاقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ
“Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш” (Бақара 229-оят).
فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلَا تَحِلُّ لَهُ مِنْ بَعْدُ حَتَّى تَنْكِحَ زَوْجًا غَيْرَهُ
“Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунича унга ҳалол бўлмайди” (Бақара 230-оят).