Саудия саммити мусулмон дунёсининг Фаластин муаммоси бўйича бир овоз бўлиб гапириши учун имконият бўлди.
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда тўпланган Араб Лигасига аъзо ҳамда Исломий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 мамлакат раҳбарлари Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудларидан чиқиб кетишни талаб қилдилар.
Саммит якуний баёнотида шундай дейилди:
“1967 йил 4 июнигача бўлган барча босиб олинган Араб ҳудудларидаги Исроил оккупациясини тўхтатмасдан туриб минтақада адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришиб бўлмайди”.
Бу ҳудудлари Иордан дарёси Ғарбий Соҳили, Шарқий Қуддус, Ғазо ва Жўлон тепаликларини назарда тутади.
Ар-Риёд саммити баёнотида Исроилдан бу ҳудудлардан чиқиб кетиш талаб қилинган БМТ резолюцияси ва 2002 йилдаги Араб Сулҳ Ташаббуси эслатиб ўтилди, бу ташаббусда агар 1967 йилдаги чегараларда Фаластин билан икки давлат келишувига эришса, Араб мамлакатлари Исроил билан муносабатларини яхшилаши мумкинлиги айтилган.
Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев Ғазо урушида жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволаш таклифини илгари сурди.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Исроил парламентининг БМТнинг Фаластинга кўмак ташкилоти фаолиятини тақиқлаши халқаро қонунчиликка зид, деди, Тожикистон Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб қувватлайди, деди.
Туркия Президенти Эрдўған Исроилни Ғазода жойлашиб олиш ва Ғарбий Соҳилни вайрон этишни хоҳлаётганликда айблади.
Президент Эрдўған Ғазо бўлгасига инсонпарварлик ёрдамларини етказишнинг шошилинч чорасини топишга чақирди.
Саудия Валиаҳд Шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Исроилнинг Ғазодаги амалларини геноцид деб қоралади, бу Ғазо уруши бошланганидан буён Саудия Арабистонининг Исроилга нисбатан энг қаттиқ танқиди бўлди.
Валиаҳд Шаҳзода Муҳаммад Исроилни Эрон заминига ҳужум қилмасликка чақирди, бу Риёд билан Теҳрон муносабатлари яхшиланаётганининг аломати деб кўрилмоқда.
Ғазо уруши Ҳамаснинг Исроилга 2023 йил 7 октябр ҳужумлари туфайли бошланди, юзлаб қуролли жангарилар Исроил ҳудудига бостириб кирдилар, 1200 га яқин одамни ўлдирдилар, 251 киши гаровга олинди.
Исроил Ҳамасни йўқ қилиш мақсадида Ғазода ҳарбий амалиёт бошлади, оқибатда шу кунгача 43400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди.
БМТ ҳисоботига кўра, олти ой давомида Ғазода ўлдирилган ва шахси аниқланган қурбонларнинг 70 фоизини аёллар ва болалар ташкил этган.
АҚШ Исроил ҳукумати олдига Ғазо бўлгасига кунига 350 юк машинасига ортилган инсонпарварлик ёрдамларини ўтказиш талабини қўйган, агар 30 кун ичида ушбу талабини бажармаса, Исроилга ҳарбий ёрдамини камайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
30 кунлик муҳлат шу ҳафта ниҳоясига етади.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу раҳбарлигидаги Исроил ҳукумати Фаластин давлати барпо этилишига қарши эканини билдириб келади.