Талоққа вакил қилишни икки сурати мавжуд:
1. Вакил воситасида аёлга талоқни топшириш, яъни аёлни талоққа молик қилиш;
2. Вакилга талоқ ихтиёрини бериш.
Биринчи суратда вакил фақат хабар етказувчи, элчи вазифасини бажаради. Бу суратда гўё эр бевосита талоқ ихтиёрини аёлга топширгандай бўлади. Чунки, элчи вазифасини бажарувчи кишида хабарни етказишдан ўзга бирор ҳақ йўқ.
كَأَنْ يَقُولَ لِرَجُلٍ: اذْهَبْ إلَى فُلَانَةَ وَقُلْ لَهَا إنَّ زَوْجَكِ يَقُولُ لَك اخْتَارِي، فَهُوَ نَاقِلٌ لِكَلَامِ الْمُرْسِلِ لَا مُنْشِئٌ لِكَلَامِهِ.
"Эр бир кишига: "Фалончи аёл ҳузурига бориб: "Сенинг эринг: "Ихтиёр қил" деди" дегин". Бас, бу киши эрнинг хабарини етказувчи ҳисобланиб, ўз тарафидан сўз айтгувчи ҳисобланмайди" (Раддул муҳтор).
Иккинчи суратда, вакилга талоқ ихтиёри топширилади. Буни ҳам икки сурати мавжуд:
1. Эр вакилга ҳеч қандай қайдсиз, яъни хоҳласанг, истасанг демай: "Аёлимни талоқ қил" деб, вакил қилади. Аёлга талоқни топшириш билан вакилга топшириш ўртасида бироз фарқ мавжуд. Улар қуйидагилар:
Аёлга талоқ топширилганда ихтиёр мажлисга чегараланади. Вакилга топширилганда эса, ихтиёр мажлисга чегараланмайди, яъни талоқ қўйишга вакил қилинса, мажлисда ҳам, мажлис тугагандан кейин ҳам вакилда ихтиёр боқий қолади;
Талоқ ихтиёри аёлга топширилган суратда эр ўз сўзидан қайтиши мумкин эмас, яъни берилган талоқ ихтиёрини аёлдан қайтариб ололмайди. Унга хилоф ўлароқ вакилга талоқ ихтиёри топширилган ҳолатда, эр вакилдан ихтиёрни қайтариб олса бўлади. Чунки, эр томонидан аёлга: "Ўзингни талоқ қил" деган суратда, аёлга талоқ мулк қилиб берилмоқда, иккинчи суратда эса, яъни талоқ ихтиёри вакилга топширилганда бу нарса топилмайди. Бас, мулк қилиб берилган ҳолатда, эр мулкни ўзига қайтариб ололмайди ва у мажлисга чегараланади. Ихтиёрни вакилга берилган суратда, вакилни ихтиёри мажлисга чегараланмайди ва эр ундан ихтиёрни қайтариб олиш мумкин.
2. Эр мутлоқ вакил қилиш ўрнига қайд билан, яъни хоҳласанг, истасанг аёлимни талоқ қил деб, вакил қилади. Масалан, "Хоҳласанг аёлимни талоқ қил" каби. Бас, бунинг ҳукми аёлга талоқни топшириш ҳукми билан бир хилдир, яъни бу суратда ҳам вакилнинг ихтиёри мажлисга чегараланади ва эр ихтиёрни аёлдан қайтариб ололмагани каби бундай вакилдан ҳам ихтиёрни қайтариб оломайди. Манашу қавл рожиҳ ҳисобланади. Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ: "Талоққа вакилл қилишнинг икки сурати ҳам бир хилдир" деганлар, яъни "Аёлимни талоқ қил" билан "Хоҳласанг аёлимни талоқ қил" ўртасида фарқ йўқ. Лекин жумҳур наздида икки сурат ўртасида фарқ мавжуд. Жумҳурнинг далили шуки, "Хоҳласанг талоқ қил" дейиш билан таълиқ маъносини ўзида акс эттирган мулк қилиб бериш юзага келади. Мулк қилиб беришга кўра талоқ ихтиёрини вакилга топшириш мажлисга чекланади ва таълиқ эътибори билан "Хоҳласанг талоқ қил" деб, талоқ ихтиёрини топшириш қасамга ўхшаб лозим тасарруф бўлиб қолади ҳамда эр ўз сўзидан қайта олмай қолади.
وَإِذَا قَالَ لِرَجُلٍ: طَلِّقْ امْرَأَتِي فَلَهُ أَنْ يُطَلِّقَهَا فِي الْمَجْلِسِ وَبَعْدَهُ وَلَهُ أَنْ يَرْجِعَ عَنْهُ لِأَنَّهُ تَوْكِيلٌ وَأَنَّهُ اسْتِعَانَةٌ، فَلَا يَلْزَمُ وَلَا يَقْتَصِرُ عَلَى الْمَجْلِسِ، بِخِلَافِ قَوْلِهِ لِامْرَأَتِهِ: طَلِّقِي نَفْسَك لِأَنَّهَا عَامِلَةٌ لِنَفْسِهَا فَكَانَ تَمْلِيكًا لَا تَوْكِيلًا وَلَوْ قَالَ لِرَجُلٍ: طَلِّقْهَا إنْ شِئْت فَلَهُ أَنْ يُطَلِّقَهَا فِي الْمَجْلِسِ خَاصَّةً وَلَيْسَ لِلزَّوْجِ أَنْ يَرْجِعَ. وَقَالَ زُفَرُ رَحِمَهُ اللَّهُ: هَذَا وَالْأَوَّلُ سَوَاءٌ…وَلَنَا أَنَّهُ تَمْلِيكٌ لِأَنَّهُ عَلَّقَهُ بِالْمَشِيئَةِ وَالْمَالِكُ هُوَ الَّذِي يَتَصَرَّفُ عَنْ مَشِيئَتِهِ، وَالطَّلَاقُ يَحْتَمِلُ التَّعْلِيقَ.
"Агар эр бир кишига: "Аёлимни талоқ қил" деса, у мажлисда ҳам ва мажлисдан кейин ҳам талоқ қила олади. Лекин, эр вакилдан ўз сўзини қайтариб олса бўлади. Чунки, эрнинг унга бюриши вакил қилиш ва ёрдам сўрашдир. Вакилга берилган ваколат лозим бўлиб қолмайди ва унинг ихтиёри мажлисга чегараланмайди. Эрнинг аёли: "Ўзингни талоқ қил" деган сўзини хилофи ўлароқ, яъни бунда эр сўзидан қайта олмайди. Чунки, аёл ўзи ҳаққида иш юритувчи бўлади. Бас бу ўринда аёл вакил эмас балки талоқ қилиш ихтиёрини аёлга топширишдир. Агар эр бир кишига: "Аёлимни хоҳласанг талоқ қил" деса, бас у ўша мажлисда уни аёлини талоқ қилиши мумкин. Эр у кишига берган ихтиёрини қайтариб ола олмайди. Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ эса: "Бу билан аввалги масала ўртасида фарқ йўқ" деганлар... Биз учун бу мулк қилиб бериш ҳисобланади. Чунки, эр машиат (хоҳласанг) билан бир кишига аёлини талоқ қилишни топширди ва эгадор ўз машиатини хоҳлаганича тасарруф қилади. Талоқ эса, таълиқни эҳтимол қилади" (Ҳидоя).