loader

Эрликка ярамайдиган (иннийн) эрдан ажрашиш ҳукми

Фақиҳлар истилоҳида иннийн деб, жинсий аъзоси бор, лекин яқинлик қилишга қодир бўлмаган кишига айтилади. Бундай ҳолат хоҳ касаллик, жинсий заъифлик, қарилик ва сеҳр туфайли бўлсин барчасининг ҳукми бирдир. Бир киши баъзи аёлига яқинлик қилишга қодир бўлса-ю, лекин баъзисига қодир бўлмаса, жинсий яқинликка қодир бўлмаган аёли ҳаққида бу киши иннийн ҳисобланади. Нима бўлганда ҳам иннийннинг аёли бир неча шартлар билан эридан ажрашишга ҳаққи бор.

Ажрашишнинг сурати бундай бўлади. Аёл қозига ҳолат ҳақида ёзма равишда ариза тақдим қилади. Қози аввало воқеани эрдан сўраб-суриштиради. Эр аёлига яқинлик қила олмаётганига иқрор бўлса, қози даволаниш учун эрга бир йил муддат беради. Агар эр иқрор бўлмай: “Мен аёлим билан яқинлик қиламан” деб даъво қилса, бундай ҳолатда аёлнинг икки кўриниши бор:

1. Аёлнинг саййиба бўлиши. Аёлнинг саййибалиги уч кўриниш билан аниқланади:

 Аёлнинг бева бўлиши, яъни аввалги эридан фарзанд кўрган бўлиши;
 Аёлнинг ўзи саййибалигини иқрор қилиши;
 Аёл саййибалигини инкор қилиб: “Бокираман” деб даъво қилса, қози тажрибали икки аёл ёрдамида даъвогарни текширтиради. Аслида текширишга бир адолатли аёл ҳам кифоя қилади. Лекин иҳтиёт тариқасида икки аёлга текширтирилади. Юқоридаги уч суратнинг бири билан аёлнинг саййибалиги аниқланса, эрнинг “Аёлимга яқинлик қилганман” деган даъвоси қасам билан эътиборга олиниб, аёлга ажрим ҳаққи берилмайди. Агар эр қасам ичишдан бош тортса, аёлнинг: “Эрим яқинлик қилишга қодир эмас” деган даъвосига эътибор берилиб, даволаниш учун эрга бир йил муҳлат берилади;

2. Аёлнинг бокира бўлиши. Аёлнинг саййибалиги текширув асосида аниқланмаса, эр томонидан қилинган даъвога эътибор берилмай, қози томонидан даволаниш учун унга бир йил муҳлат берилади. Бир йил муддат қози муҳлат берган вақтдан бошланади. Ундан олдин ўтган муддатларга эътибор берилмайди. Эр бир йил ичида даволаниб яқинлик қилишга қодир бўлса ва қози томонидан белгиланган муддат ичида аёл билан бир маротаба бўлса ҳам яқинлик қилганлиги аниқланса, аёл киши учун ажрашиш ҳаққи қолмайди ва бу ҳақ абадий ботил бўлади ҳамда қайтадан аёл қозига бу борада ариза тақдим қила олмайди. Агар белгиланган муддат ичида эр аёлига бир марта бўлса ҳам яқинлик қила олмаса, аёл иккинчи марта қозига ариза беради ва аризага мувофиқ қози қайтадан текширув ўтказади. Ушбу текширувдан кейин икки сурат намоён бўлади:

1. Эр белгиланган муддат ичида аёлга яқинлик қилмаганига иқрор бўлади. Ушбу ҳолатда аёлнинг сўзи шаксиз тўғри деб эътиборга олинади ва қози аёлга эридан ажрашиш ихтиёрини бериб: “Эрингдан ажрашишни хоҳласанг талаб қил. Агар у билан яшамоқчи бўлсанг у билан қол” дейди. Аёл ўша мажлисда: “Ажрашаман” деса, қози эрга: “Талоқ қўй” дейди. Эр талоқ қўйишдан бош тортса, қози эр-хотин ўртасини ажратади;
2. Эр иқрор қилмай: “Жимо қилдим” деб, даъво қилса, бас буни икки сурати бор:
 муҳлат берилган вақтда аёлнинг саййибалиги аниқланса ёки муҳлат беришдан олдин аёл бокира эди. Муҳлат берилгандан кейин бир йил ўтиб, аёлнинг саййибалиги собит бўлса ва аёл: “Яқинлик сабабли бокиралигим кетмади. Балки, фалон сабабга кўра кетди” деб, сабабни кўрсатса, эрга қасам ичтирилади. Агар эр қасам ичиб: “Мен у билан яқинлик қилганман” деса, эрнинг сўзи эътиборга олинади ва аёлнинг ажрашиш ҳақидаги талаби бекор бўлади. Агар эр қасам ичишдан бош тортса, аёлнинг ажрашиш ҳақидаги талаби инобатга олинади ва унга ихтиёр берилади;
 муҳлат берилишидан олдин текширув асосида аёлнинг бокиралиги аниқланса ва муҳлат берилгандан кейин ҳам иккинчи текширув асосида яна аёлнинг бокиралиги тасдиқ топса, қози эрга қасам ичтирмасдан аёлга эрнинг никоҳида қолиш ёки қолмасликка ихтиёр беради. Агар аёл қози ихтиёр берган мажлисда ажрашишини ихтиёр қилса, ўртаси ажрим қилинади.
Агар аёл мажлисда: “Мен ажрашишни хоҳлайман” деса, қози эрга: “Аёлингни талоқ қил” дейди. Агар эр аёлга талоқ берса, боин талоқ воқе бўлади. Агар талоқ қўйишдан бош тортса, қозини ўзи эр-хотинни ажраштиради. Масалан, қози аёлга: “Никоҳингни бекор қилдим” дейди. Бу тафрийқ билан боин талоқ воқе бўлади.

Орқага Олдинга