Талоқ қилинган ёки эри вафот топган аёлнинг ҳомиласи ўз-ўзидан ёки бирор тадбир туфайли тушиб қолса ёки тушурилса, бундай ҳолатда бундай аёлларнинг иддаси қуйидаги фатвога кўра бўлади:
1. Мустабийнул хилқа: ҳамма аъзолари ёки соч, тирноқ, бармоқ, оёқ-қўл каби баъзи аъзолари зоҳир бўлган чақалоқ. Унинг ҳукми-тирик туғилган бола каби бўлиб, ундан кейин келган қон нифос бўлади. Ҳомила туфайли иддада ўтирган аёлнинг иддаси тугайди. “Агар бола туқсанг талоқсан”, деб бола туғишга таъаллуқли қилинган бўлса, талоқ воқеъ бўлади;
2. Ғойри Мустабийнул хилқа: бирорта ҳам аъзоси зоҳир бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми-ундан кейин келган қон нифос қони бўлмайди. Агар ўша қон ҳайз нисобича, яъни энг ками уч кечаю уч кундуз давом этса ва шу қон келишидан аввал аёл энг ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, ҳайздир. Агар бу шартлардан бирортаси топилмаса, истиҳоза қони ҳисобланади. Бундай ҳолатда иддадаги аёл уч ҳайз идда ўтиради;
3. Муштабиҳул хилқа: кучанганда таҳоратҳонага тушиб кетган ёки чиқариб олинаётганда сўриб олинган ёки бўлиб олинишига тўғри келган бўлиб, аъзоси зоҳир бўлган ёки бўлмаганлиги маълум бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми-агар ҳомила тўрт ой, яъни 120 кун ёки ундан кўпроқ муддатда тушиб қолса, ундан кейинги қонни нифосга ҳукм қилинади ва иддадаги аёлнинг иддаси тугайди. Агар энг ками тўрт ойдан камроғида тушиб қолган бўлса, юқоридаги каби ҳайзнинг шартлари топилса ҳайз, топилмаса истиҳозага ҳукм қилинади ва аёл уч ҳайз идда ўтириб сўнг иддадан чиқади.
وَسِقْطٌ ظَهَرَ بَعْضُ خَلْقِهِ كَيَدٍ أَوْ رِجْلٍ أَوْ أُصْبُعٍ أَوْ ظُفُرٍ أَوْ شَعْرٍ وَلَا يَسْتَبِينُ خَلْقُهُ إلَّا بَعْدَ مِائَةٍ وَعِشْرِينَ يَوْمًا وَلَدٌ حُكْمًا فَتَصِيرُ الْمَرْأَةُ بِهِ نُفَسَاءَ وَالْأَمَةُ أُمَّ وَلَدٍ وَيَحْنَثُ بِهِ فِي تَعْلِيقِهِ وَتَنْقَضِي بِهِ الْعِدَّةُ فَإِنْ لَمْ يَظْهَرْ لَهُ شَيْءٌ فَلَيْسَ بِشَيْءٍ وَالْمَرْئِيُّ حَيْضٌ إنْ دَامَ ثَلَاثًا وَتَقَدَّمَهُ طُهْرٌ تَامٌّ وَإِلَّا اسْتِحَاضَةٌ.
“Ҳомила тушиб қолганда қаралади агар унинг қўл, оёқ, бармоқ, тирноқ ёки соч каби бирор аъзоси одам аъзоси каби бўлса, бундай бўлиши бир юз йигирма кунда бўлади (баъзилар эса ундан аввалроқ ҳам бўлади дейишади) уни болага ҳукм қилиниб, онаси нифос қонини кўрувчига айланади. Чўри эса, умми валадга айланади. Унга бирор нарса таълиқ қилиниб қасам ичилган бўлса, қасамни бузган бўлади ва у билан идда ҳам тугайди. Агар унингдек аъзолари зоҳир бўлмаса, болага ҳукм қилинмайди ва унинг ортидан келган қон ками уч кун давом этса ва бу воқеа содир бўлишидан аввал ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, у ҳайз қонидир. Шунинг учун намоз соқит бўлиб, рўзани бошқа кунга кечиктиради. Агар юқоридаги аъзолари зоҳир бўлиш, ҳомила тушиб қолишдан аввал ўн беш кун пок бўлиш ва кейинги келган қон уч кунгача давом этиш шартларидан бирортаси топилмаса, истехоза қони бўлиб, намоз ҳам соқит бўлмайди, рўзани ҳам кечиктирмайди” (Раддул муҳтор).