Бир аёлнинг никоҳи никоҳ шартларига мувофиқ тарзда қилинмаса, фосид никоҳ бўлади. Масалан, бировнинг никоҳидаги аёлни талоқсиз никоҳлаб олиш ёки бирор маҳрамига уйланиб олиш ёки шаръий гувоҳсиз никоҳлаб олиш кабилар. Бундай ҳолатда эр аёл билан яқинлик қилган бўлса, тафрийқдан кейин аёлга идда ўтириш лозим бўлади. Агар яқинликдан олдин тафрийқ бўлса, хилвати саҳиҳа бўлган бўлса ҳам аёлга идда лозим бўлмайди. Лекин, фосид никоҳда яқинлик қилгандан кейин тафрийқ ёки эр вафот этса, бас ҳар суратда уч ҳайз миқдорда идда ўтириш лозим бўлади. Чунки, фосид никоҳда иддани жорий қилинишидан мақсад бачадонни соф ёки соф эмаслигини билишдир. Фосид никоҳ иддаси никоҳ риштаси тугатилгани учун жорий қилинмаган. Балки, пачадонни соф ёки соф эмаслигини билиш учун жорий қилинган. Буни билиш эса фақат ҳайз билан бўлади.
Аёл агр ҳайз кўрмаса, қамарий ҳисобда уч ой идда ўтиради. Агар фосид никоҳда яқинлик сабабли ҳомила бўлиб қолса, идда ҳомилани қўйгунча бўлади.
وَالْمَنْكُوحَةُ نِكَاحًا فَاسِدًا وَالْمَوْطُوءَةُ بِشُبْهَةٍ عِدَّتُهُمَا الْحَيْضُ فِي الْفُرْقَةِ وَالْمَوْتِ لِأَنَّهَا لِلتَّعَرُّفِ عَنْ بَرَاءَةِ الرَّحِمِ لَا لِقَضَاءِ حَقِّ النِّكَاحِ، وَالْحَيْضُ هُوَ الْمُعَرِّفُ.
“Фосид никоҳ билан никоҳланган ёки шубҳа билан яқинлик қилиб қўйилган аёлнинг ажрашган ва эри вафот топган ҳолатдаги иддаси ҳайз биландир. Чунки, бу идда бачадонни ҳомиладан холи эканини билиш учундир. Никоҳ ҳаққини адо қилиш учун эмас. Ҳайз эса, ҳомилани бор йўқлигини билдиргувчи нарсадир” (Ҳидоя).